суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ЎН ОЛТИНЧИ БОБ. ЕРТЎЛАДАГИ ОМБОР

Вақт ўтиб, имтиҳонлар мавсумини эслаган Гарри, бугун бўлмаса эртага хонанинг эшигини шартта очиб кирган Вольдеморт, уни нобуд қилишини ўйлаб яшаш баробарида, назарий билим ва амалий кўникмалар синовидан қай тарзда муваффақиятли ўтиб олганлигини ҳеч англай олмади. Бироқ кунлар кетидан кунлар ўтар, Момиқвой эса ишончли ёпилган эшик ортидаги ўз жойида, ҳамон ҳеч кимни киритмай, соғ-саломат ўтирар эди.

Нафасни қайтарадиган иссиқ кунлар бошланди. Айниқса, биринчи синф ўқувчилари ёзма имтиҳон топшираётган синф хонасининг ҳавоси кишини димиқтириб юборади. Имтиҳон муносабати билан ўқувчиларга бировнинг жавобини кўчириб олишга қарши афсун қўлланилган пат-қаламлар тарқатилди.
Болалар ёзма ва оғзаки имтиҳон топширишдан ташқари, амалий кўникмалар синовидан ҳам ўтишди. Профессор Флитвик ўқувчиларни синф хонасига битта-биттадан чақириб, имтиҳон олди. Бу ерда ҳар бир ўқувчи ананасни столнинг нариги бошидан бу бошига қадар рақс тушиб келишига мажбур қилди. Профессор Макгонагалл ўқувчиларнинг сичқонни тамакидонга айлантиришини кузатиб ўтирди. Айни вақтда, ушбу тамакидоннинг чиройли ва бежирим чиққанлиги учун қўшимча балл қўшиб борди. Агар тамакидоннинг, айтайлик мўйлови кўриниб қолган бўлса, аксинча, имтиҳон топшираётган ўқувчи балларнинг маълум миқдоридан маҳрум бўлди. Дам синфнинг у бошидан бу бошига тинмай юриб, дам имтиҳон топшираётган ўқувчининг орқасида пишқириб туриб олган Снегг эса имтиҳон давомида ҳамманинг асабига тегди. Сунъий равишда қарор топтирилган бундай асабий вазиятда унуттириш дамламасининг таркибини ёдга олиб бўладими.
Гарри, ўша кунлари Вольдемортдан қўрқиб юрганига қарамай, бор кучи ва диққат-эътиборини имтиҳонларга сафарбар этишга уринди. Имтиҳон ташвишларидан ташқари, жазо тариқасида Ман этилган ўрмонга уюштирилган сафардан қайтгандан буён пешонасидаги, тинимсиз безовта қилаётган оғриққа бардош беришига тўғри келди. Невиллнинг фикрича, Гарри яхши ухламаётгани сабабли оғир даражадаги «имтиҳон неврози[1]» касали билан қийналмоқда эмиш. Аслида бунинг асосий сабаби кечалари яна босинқираётгани, тушида кўзни қамаштирадиган ўша яшил чақмоқ ота-онасини ҳалок қилаётганини кўргани, кимнингдир кучли, этни жунжитадиган тарзда янграётган иблисона кулгисини эшитаётганига қўшимча, энди қайтарма қалпоқли плаш кийиб олган, оғзидан қон томаётган махлуқни кўра бошлаганидир.
Эҳтимол алоғ-чалоғ тушлар кўришмаётгани, пешоналарида ловуллаб оғрийдиган чандиқлари бўлмагани сабаблидир, ҳар қалай Фалсафий тош энди Рон билан Гермионани Гаррига нисбатан камроқ ташвишга соладиган бўлиб қолди. Вольдеморт ҳақидаги ўй уларни даҳшатга солиши шубҳасиз, албатта. Бироқ ўша махлуқ дўстларининг тушига кирмайди-да. Бундан ташқари, улар шу қадар қунт-ғайрат билан шуғулланмоқда-ки, Снегг ёки шунга ўхшаш бирор-бир аблаҳнинг режалари ҳақида маънисиз ўй суришга вақт топа олмай қолишди.
Ниҳоят энг сўнгги, сеҳргарлик тарихи бўйича топшириладиган имтиҳон санаси етиб келди. Турли даврларда яшаб ўтиб, миясини еб қўйган, ўзи аралаштирадиган қозонга ўхшаш маъни-бемаъни нарсаларни ихтиро қилиб, ўтиб кетган ҳар хил сеҳргар-у, афсунгарлар тўғрисидаги саволларга жавоб бериладиган арзимас бир соат ўтгач, озодлик! Бутун бир ҳафта давомида ҳеч қандай машғулотлар ўтказилмайдиган қойил-мақом эркинлик! Шундан сўнг, имтиҳон натижалари эълон қилинади. Сеҳргарлик тарихи ўқитувчиси профессор Биннзнинг арвоҳи ниҳоят, ўқувчилар анчадан буён орзиқиб кутган: «Пат-қаламларни қўйиб, пергаментни ўранг» сўзларини талаффуз этганида, Гарри, бошқа болаларга қўшилиб, айюҳаннос солиб юборди.
- Имтиҳонлар мен ўйлагандан ҳам содда экан, - деди Гермиона, учовлон ўртоқ қаср рўпарасидаги қуёш нурларига ботган майсазордаги шод-хуррам ўқувчилар тўдасига қўшилиб кетгач, - Айтгандай мен «Афсун билан бошқа тусга кирган ёш махлуқнинг 1637 йил ор-номус кодекси»ни ҳам, «Серғайрат Эльфрик қўзғолони»ни ҳам ўқишим шарт эмас экан.
Гермиона ўтган ҳар бир имтиҳондан сўнг, болаларни сўроқ қилиб, уларнинг берган жавобларини текшириб кўришни жуда хуш кўради. Бироқ бу гал, Рон имтиҳонда қўйилган саволлар-у, уларга тайёрлаган жавобларини айтиб беришдан бош тортди. Учовлон кўл соҳилига бориб, ўзини дарахт соясига ташлади. У ерда эгизак Уэслилар Ли Жордан билан биргаликда илиққина саёзликда чайқалиб ётган баҳайбат кальмарнинг жиғига тегиб, пайпаслагичларини тортқилашганча, жонивор билан ўйнашаётган экан.
- Бўлди, энди ҳеч қандай машғулотлар бўлмайди, - деди майсага чўзилиб ётаётган бахтиёр Рон, - Ҳой, Гарри, бадқовоқ бўлмасанг-чи. Жавобларнинг барини нотўғри ёзганимизни эълон қилишларига ҳали бир ҳафта бор! Ҳозирча эса ҳеч нарсани ўйламасдан ётишинг мумкин.
- Ниманинг аломати экан бу, а?! - юракдан эзилиб сўради Гарри, пешонасини уқалаб, - Чандиғим ўлгудай оғрияпти. Илгари ҳам оғриб турар эди-ю, бунчалик тез хуруж қилмас эди.
- Помфри хоним қабулига бориб келсанг-чи, - маслаҳат берган бўлди Гермиона.
- Мен касал эмасман, - тушунтиришга уринди Гарри, - Назаримда бу аллақандай аломатга ўхшайди... Қандайдир даҳшатли ҳодиса бўлиб ўтади чамаси.
Бироқ кун жуда қизиб кетганлиги боис, ўхшаш гаплар билан Ронни ташвишга солиб бўлмайди чоғи.
- Гарри, тинчлан. Гермиона ҳақ: Дамблдор шу ерда экан, тошга ҳеч нарса қилмайди. Бундан ташқари, Снегг Момиқвой ёнидан бешикаст ўтиш усулини билиб олган дейишга ҳеч қандай асосимиз йўқ. У бир марта оёғидан маҳрум бўлишига сал қолди. Бас, шундай экан, яна ўша хонага бурун тиқишига шубҳа қиламан. Хагриднинг Дамблдорга хиёнат қилиши эса Невиллнинг Квидиш бўйича Англия терма жамоаси таркибида ўйнашидек гап.
Гарри ўртоғининг гапини маъқуллаб бош ирғиди. Лекин негадир уни, қандайдир муҳим иш бажарилмай, унут бўлиб кетгани ҳақидаги фикр тинч қўймаётгани билан ўртоқлашди.
- Бу имтиҳон асорати, - тинчлантирди уни Гермиона, - Ўтган кеча уйғониб кетиб, айланиш ва айлантириш курсининг ярмини такрорлаб чиққанимдан сўнггина, бу фандан имтиҳон топшириб бўлганимиз ёдимга тушди.
Аммо Гарри, уни қийнаётган ўйнинг имтиҳонга дахли йўқлигига шубҳа қилмайди. Мовий осмонда тумшуғига хат қисиб олган бойқуш кимгадир хабар олиб келаётганини кузатиб ётди. Унга эса фақат Хагрид хат ёзади. Хагрид ҳеч қачон Дамблдорга хиёнат қилмайди, ўйланиб ётди у. Хагрид Момиқвойнинг ёнидан бешикаст ўтиш йўлини ҳеч қачон, ҳеч кимга айтиб бермайди... ҳеч қачон... аммо...
Дафъатан Гарри ирғиб оёққа турди.
- Қаёққа отландинг? - уйқусираб сўради Рон.
- Хаёлимга бир ўй келди, - ғудуллади ранги оқариб кетган Гарри, - Хагрид билан ҳозироқ учрашишим керак
- Нега? - сўради ҳансираб қолган Гермиона, унинг ортидан етиб юришга ҳаракат қилганча.
- Айтсам, сенга ҳам сал ғалати туюлса керак? - деди Гарри, майса қоплаган қиялик устига чиқар экан, - Хагрид аждарли бўлишни орзу қилса-ю, бирданига унга, чўнтагида аждар тухумини бемалол олиб юрган нотаниш киши учраб қолса. Қани, ёнида аждар тухуми билан беташвиш юрган одамни кўрсатинг-чи менга?! Агар аждар билан боғлиқ ўхшаш хатти-ҳаракатлар сеҳргарлар дунёсида ғайриқонуний эканлигини инобатга олсак, осон кечармикан бундай кишининг топилиши? Ўша одам айнан Хагридга рўбару бўлгани дўстимиз учун соф омаднинг ўзгинаси эмасми? Нима учун буни олдин тушуниб етмаган эканман?!
- Бу билан нима демоқчисан? - сўради Рон.
Ҳар қандай спринтердан[2] қолишмайдиган Гарри, ўртоғининг саволини жавобсиз қолдирди.
Иштони билан енгларини шимариб олган Хагрид кулбаси ёнидаги креслода ўтириб, катта тоғорага нўхат оқлаб ўтирибди.
- Салом, - деди у болаларга табассум қилиб, - Имтиҳонлардан эсон-омон қутулиб олдиларингми? Ширин чой кетадими?
- Йўқ демайман, - деди Рон.
Бироқ Гарри Хагридни тўхтатиб қолди.
- Йўқ, Хагрид. Биз шошиб турибмиз. Бир нарсани сўраб билмоқчи эдим сендан. Норбертни қартага ютиб олган кечани эслай оласан-ми? Ўша нотаниш кишининг қиёфасини тавсифлаб бера оласанми?
- Эслай олармиканман? У ҳатто эгнидаги қайтарма қалпоқли плашини ҳам ечмаган эди-ку.
Унинг рўпарасига юзлари жиддий тус олган уч нафар чурвақа тик туриб олди.
- Тинчликми? Нега бунчалик хавотирланасиз? Майхўрлик қиладиган ундай каслар «Ахта чўчқа калласи» қовоқхонасига жуда кўп келади. Ахир бу қишлоқ майхонаси-ку. Хўп, ноқонуний аждар сотувчиси экан нима қилибди энди? Ўша одамнинг башарасини, бошига қайтарма қалпоқ ташлаб олгани учун ҳам кўрганим йўқ. Энди осмон узилиб, ерга тушиб кетадими?
Тинкаси қуриган Гарри нўхат солинган тоғора ёнига ўтириб қолди.
- Хагрид, суҳбат мавзусини эслаб кўр-чи, нималар ҳақида гаплашиб ўтиргансизлар? «Хогварц» ҳақида бирор гап бўлганми?
- Эҳтимол бўлиб ўтгандир ҳам...
Хагрид ўша киши билан ўтган суҳбатни эслаш учун қош чимирди.
- Ҳа, у нима иш қилишимни сўради. «Хогварц» қоровули эканлигимни айтдим... Умрим давомида қанақанги ҳайвон боққаним билан қизиқди... Мен унга боққан ҳайвонларимнинг барини санаб бердим... Аждар боқиш орзуим ҳақида ҳам айтдишни унутмадим... кейин... Яхши эслай олмайман, ахир у менга май қуйиб, меҳмон қилиб ўтирган эди-да. Хўш, яна нима... Ҳа, эсимга тушди... Ёнида аждар тухуми борлиги, уни картага тикиши мумкинлиги, фақат аждарни нобуд қилишларини хоҳламаслиги ва мен уни уддалай олиш-олмаслигимга ишонч ҳосил қилмоқчи бўлганлигини айтди. Шунда мен Момиқвойдай итни эплаган аждарни ҳам уддалай олишимни айтдим...
- У Момиқвойга қизиқиш билдирди-ми? - имкон қадар тинчланиб сўради Гарри.
- Ҳа-да... Уч бошли ҳайвон ҳатто «Хогварц»дай жойда ҳам кўп учрамаслиги ҳаммага маълум-ку? Мен унга Момиқвой беозор қалдирғочнинг ўзгинаси эканлиги, унга куй чалиб ёки қўшиқ айтиб берсанг бас, тарашадек қотиб ухлаб қолишини айтиб бердим...
Хагрид бирданига даҳшатга тушиб кетди.
- Мен буни сизларга айтишим керак эмас эди! - ёрилиб кетди у, - Гапимни ҳозироқ унутинглар! Эй, чурвақалар, қаёққа? Тўхтанглар!
Гарри, Рон ва Гермиона қуёшли ҳовлига нисбатан анча совуқ вестибюлга етиб бориб, михлаб қўйилгандай туриб қолгунга қадар бирон оғиз сўз айтишмади.
- Дамблдорнинг ҳузурига боришимиз даркор, - қарор қилди Гарри, - Хагрид нотаниш одамга Момиқвой ёнидан бешикаст ўтиш йўлини айтиб берган. Ўша киши Снегг ҳам, Вольдеморт ҳам бўлиши мумкин. Хагридни ичирган экан, демак, керакли маълумотга эга бўлиш учун зўр беришга ҳожат бўлмаган унга. Ягона бир нарсага, у ҳам бўлса, Дамблдор сўзларимизга ишонишига умид қиламан. Кентавр Фиренце гапимизни тасдиқлаши мумкин. Агар унга Бейн ижозат берса, албатта. Дамблдорнинг хонаси қаерда?
Улар, ўқув йили тамом бўлишига қарамай, Дамблдор хонаси қаерда эканини ҳанузгача билмасликларини илк бор идрок этишди. Мактаб директорининг хонасига ишора қилувчи кўрсаткич топмоқчи бўлиб, атрофга қарашди. Дамблдор қаерда яшашини ҳеч ким, ҳеч қачон айтмаган. Ўқувчиларнинг бирортаси мактаб директорининг ҳузурига олиб кирилган ҳолат ҳақида ҳам гап тарқамаган.
- Биз, - деб гап бошлаган Гаррининг гапини даҳлизда акс садо билан эшитилган овоз бўлди.
 - Нима қиляпсиз бу ерда?
 Зинада қўлига бир даста китоб ушлаб олган профессор Макгонагалл кўринди.
- Профессор Дамблдорга учрамоқчимиз, - деди Гермиона.
Рон билан Гаррига Гермионанинг овози етарлича мардонавор эшитилгандай бўлди.
- Профессор Дамблдорга? - сўради профессор Макгонагалл.
Профессор берган савол оҳанги Дамблдор билан учрашиш гўё уят ишдек эшитилди.
- Нима ишингиз бор эди унда? - яна сўради профессор Макгонагалл.
- Бу сир... - деди Гарри нима деб жавоб бериш кераклигини билмай, ютиниб қўйиб.
Аммо, профессор Макгонагаллнинг бурун катаги ишиб кетганини кўриб, шу заҳоти жавобидан афсус қилди.
- Профессор Дамблдор ўн дақиқа олдин жўнаб кетди, - деди профессор Макгонагалл совуқ оҳангда, - Унга Сеҳргарлик вазирлигидан шошилинч йўлланган бойқуш келди. Табиийки, у дарҳол Лондонга учиб кетди.
- Кетди? - умидсиз хитоб қилиб юборди Гарри, - Шундай пайтда-я?
- Профессор Дамблдор буюк сеҳргар, Поттер. Унинг муҳим ва шошилинч ишлари жуда кўп.
- Бироқ бу, ниҳоятда муҳим хабар!
- Сиз етказмоқчи бўлган хабар, Сеҳргарлик вазирлигининг ишларидан ҳам муҳимми, Поттер?
- Тушунасизми... - гап бошлади Гарри ва ҳар қандай огоҳликни йиғиштириб қўйди-да, - Профессор, гап Фалсафий тош ҳақида боради...
Қўлидан тушиб кетган китобларни териб олишни хаёлига ҳам келтирмаганлигидан, профессор Макгонагалл ўқувчилардан ҳар нарса кутган бўлса ҳам, бундай гапни кутмагани аён бўлди.
- Сизлар қаердан биласизлар? - мубҳам сўради у.
- Профессор, ўйлайман-ки... йўқ, аниқ биламан-ки, Сне... аллаким тош пайига тушган. Мен профессор Дамблдор билан гаплашишим керак.
Профессорнинг нигоҳида ҳайрат ила шубҳа уйғунлашиб кетди.
- Профессор Дамблдор эртага қайтади, - деди у ниҳоят, - Тош ҳақида қандай хабардор бўлиб қолганингиз менга қоронғи-ю, уни ҳеч бир зот ўғирлай олмаслигини аниқ биламан. Сизларни ишонтириб айтишим мумкинки, тош жуда пухта ташкиллаштирилган муҳофаза остида сақланади. Бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлаверади.
- Бироқ профессор...
- Поттер, мен нима деганимни жуда яхши биламан, - боланинг гапини шартта бўлди профессор ва эгилиб, китоб теришга киришиб кетди, - Яхшиси ҳовлига чиқиб, қуёшда тобланинг.
Болалар профессорнинг айтганини қилишмади.
- Бу иш бугун содир бўлиши аниқ, - деди Гарри, овозини профессор Макгонагалл эшитмаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, - Снегг омборга бугун тунда киради. У барча зарурий маълумотларни қўлга киритиб бўлди. Дамблдор унга халал бера олмайди. Бойқуш йўллаган ҳам ўша, бунга ишончим комил! Сеҳргарлик вазирлигидагилар Дамблдорни кўриб ҳайрон бўлишса керак.
- Хўп, қўлимиздан нима келади...
Гермиона баланд овоз чиқариб ҳайратланиб кетганини эшитган болалар кескин ўгирилиб, орқа томонда турган Снеггни кўришди.
- Салом болалар, - деди у текис овозда.
Болалар алик қайтармай ўқитувчига тик қараб туришди.
- Куннинг ажойиблигини қаранг! Сизлар эса совуқ қасрга кириб олибсиз, - давом этди у ғалати тиржайиб.
- Сабаби... - жавоб бошлади Гарри, нимани важ қилиш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмай.
- Эҳтиётлик билан иш тутишингизни тавсия этаман, - огоҳлантирди Снегг, - Сирли қиёфа ила у ёқ, бу ёққа юрганингизни кўрган ҳар қандай киши хаёлида яна бирон-бир иш бошлаганингиз тўғрисида фикр туғилиши мумкин. «Гриффиндор»нинг эса балл йўқотишига ортиқ йўл қўйиб бўлмайди. Шундай эмасми?
Гаррининг жаҳли чиқди. Болалар ўқитувчига орқа ўгириб, ташқарига равона бўлишди.
- Эсингизда бўлсин, Поттер, - қичқириб қолди Северус, ўқувчилар орқасидан - Тунги сайрларингиз ҳақида яна бир бор эшитиб қоладиган бўлсам, сизни мактабдан ҳайдаш масаласи билан шахсан ўзим шуғулланаман. Омон бўлинг, - деди-да, ўқитувчилар хонаси томон йўл олди.
Қасрнинг соябонли пиллапоясига чиққач, Гарри дўстларига юзланди.
- Алқисса, биз қуйидагича иш тутишимиз керак, - ишонч-ла пичирлай кетди у, - Бирортамиз ўқитувчилар хонаси яқинида туриб, Снеггнинг у ердан чиқиши ва келгуси хатти-ҳаракатларини мунтазам кузатиб боришимиз лозим. Бу ишни Гермиона қилгани маъқул деб ўйлайман.
- Нега энди мен?
- Бунинг сабаби аён-ку, - тушунтира кетди Рон, - Сен ҳар қандай вақтда ўзингни профессор Флитвикни кутаётган кўйга солиб олишинг мумкин, - деди-да, чийилдоқ овоз билан Гермионанинг овозига тақлид қилиб, гапини давом этди: - Оҳ, профессор Флитвик, мен шундай ҳаяжондаман-ки, шундай ҳаяжондаман-ки назаримда имтиҳон саволларининг ҳаммасига ҳам тўғри жавоб бермадим, айниқса 146-...
- Бас қил, - деди Гермиона, жаҳли чиқиб.
Бир оз ўйлаб кўргач, Гаррининг таклифига рози бўлди.
- Биз эса учинчи қаватдаги ман этилган йўлакда навбатчилик қилиб турамиз, - деди Гарри Ронга, - Кетдик.
Бироқ режанинг ушбу қисмини ҳаётга татбиқ этишнинг имкони бўлмади. Икковлон Момиқвойни қасрнинг бошқа хоналаридан ажратиб турган эшик ёнига яқинлашган эди ҳам-ки, аллақаердан профессор Макгонагалл пайдо бўлиб қолди.
- Бу ерда қўлланилган бир олам афсунга нисбатан сизни четлаб ўтиш ўғрига қийин кечади деб ўйлайсиз-ми, - дарғазаб қичқирди у, - Бемаъни иш билан шуғулланишни бас қилинг! Агар бирортангиз яна шу ерга келганингиз тўғрисида эшитиб қолгудай бўлсам «Гриффиндор»дан яна эллик балл айириб юбораман! Ҳа-ҳа, Уэсли, ўз коллежимдан айираман балларни!
Гарри билан Рон факультетнинг умумий меҳмонхонаси томон аста одимлаб кетишди.
- Жилла бўлмаса, Гермиона Снеггнинг қаердалигидан бохабар бўлиб туради-ку, - деди Гарри, меҳмонхонага етиб келгач.
У гапини тугатиши ҳамоно Семиз Холанинг портрети кўтарилиб, туйнук остонасида Гермиона кўринди.
- Узр, Гарри, - ҳиқиллади у, - Эсанкираб қолганимдан, қўлимдан ҳеч нарса келмади! Мени кўрган Северус ўқитувчилар хонаси ёнида нима қилиб юрганимни сўради. Профессор Флитвикни кутиб турганимни эшитгач, уни чақириб берди. Мен ҳозир профессорнинг ҳузуридан қайтяпман. Снегг қайси томонга равона бўлганидан эса хабарим йўқ.
- Нима ҳам дердим, ишлар пачавага бориб тақалди, шундайми? - деди паришон ҳолатда Гарри.
Ўртоқлари сукут сақлаб, унга қараб қолишди. Гаррининг ранги оқариб, кўзи талвасалаганча ялтиради.
 - Тошни ўғирлашга уриниб кўраман.
- Бутунлай ақлдан озиб қолибсан! - бақириб юборди Рон.
- Снегг билан Макгонагаллнинг гапидан сўнг ҳам, шу ишга қўл урмоқ бўляпсан-ми? - чийиллаб юборди Гермиона, - Асло ундай қила кўрма! Сени мактабдан аямай ҳайдаб юборишади.
- НИМА БЎЛСА, БЎЛСИН! - бақириб юборди Гарри, - Наҳотки тушунмаётган бўлсаларинг?! Снегг тошни қўлга киритадиган бўлса, Вольдеморт қайтиб келади! Ҳукмини қўлига деярли батамом қўлга киритиб олганида нималар бўлгани ҳақидаги гапларни унутдингиз-ми? Қоидабузар ўқувчи ҳайдаб юборилиши мумкин бўлган «Хогварц»дан эса асар ҳам қолмайди! Мактабимизни аяб ўтирмай, кунпаякун қилиб ташлайди у ёки ёвуз кучлар мактабига айлантиради. Шундай экан, бугунги кундаги «балл йўқотиш» деган тушунчаларнинг зиғирдай маъниси қоладими?! Ёки сизлар, агар «Гриффиндор» бу йил мактаб кубогини қўлга киритса Вольдеморт сиз-у, биз ва оилаларимизни аяб ўтиради деб ўйлайсиз-ми? Агар тошни қўлимга киритганга қадар мени тутиб олишса, нима ҳам қилар эдим, анави мудҳиш Дурслларникига қайтиб, Вольдеморт келишини ўша ерда кутиб ўтираман. Демак, кўзланган вақтга нисбатан сал кечроқ ўламан, фарқи шу холос... Негаки, мен ЁВУЗ КУЧЛАР ТОМОНИГА ҲЕЧ ҚАЧОН ЎТМАЙМАН! Гапим қатъий, бугун тунда ертўладаги омборга тушаман. Мени ҳеч ким ва ҳеч нарса, эшитдингиз-ми, ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтатиб қолмайди! Вольдеморт менинг ота-онамни ҳалок қилган, буни унутмасликни сўрайман!
Унинг кўзи янада ярақлаб кетди.
- Гапинг ҳақ, Гарри, - рози бўлди Гермиона ингичка овоз билан.
- Кўринмас плашимни ташлаб оламан, - аҳд қилди Гарри, - Уни қайтариб беришгани айни муддао бўлди.
- Учаламиз сиғамизми плашингга, ишқилиб? - шубҳаланди Рон.
- Учаламиз?
- Қўйсанг-чи, Гарри, наҳотки биз сени ёлғиз юборсак?
- Йўқ, албатта, - зудлик билан овоз берди Гермиона, - Бизнинг ёрдамимизсиз қандай қилиб тошга етиб олмоқчисан? Хўп, майли. Яхшиси хонамга бориб, уйқудан олдин ўқиладиган енгил мавзулар дарслигини варақлаб чиқай-чи, ажаб эмас тунги тадбиримиз учун бирор-бир керакли маълумот топсам...
- Аммо дўстларим... қўлга тушиб қолсак, сизларни ҳам аяб ўтирмай, ҳайдаб юборишади.
- Мени ҳайдашмаса керак, - деди Гермиона, маъюс оҳангда, - Флитвик менга, унинг фанидан топширилган имтиҳонда бир юз ўн икки фоизга эришганимни сир сақлаш шарти билан маълум қилди. Мендай қобилиятли ўқувчини йўқотишга журъат этиша олмайди.
- Сир сақлашни қотирар экансан. Камтаринликдан эса тиқилиб қолмайсан, чоғи - деди Рон, одатдагидек киноя билан.
Кечки овқатдан сўнг, учовлон коллежнинг умумий меҳмонхонасида игна устида ўтиргандай ўтирди. Хайриятки, уларга ҳеч ким тегмади. Умуман айтганда, гриффиндорчиларнинг Гарри билан гаплашадиган гапи ҳам йўқ. Бугун эса Гарри, ўша тундан сўнг, Норберт ва Малфой туфайли юзага келган бундай ҳолатни биринчи бор нохуш деб топмади.
Гермиона дафтарларини варақлаб, бир оздан сўнг, куч-қудратини барҳам топтириш керак бўладиган бирор-бир афсун топишга уриниб ўтирди.
Рон билан Гарри деярли чурқ этмади. Икковлон бўлғуси хавфли саргузаштни хаёлан чуқур мулоҳаза қилиб ўтирди. Аста-секин ҳамма ўз хонасига тарқалди.
- Кўринмас плашингни олиб чиқадиган вақт бўлди, - деди Рон, керишиб, эснаб олганча, хонасига кириб кетаётган Ли Жорданни нигоҳи ила кузатиб.
Гарри қоронғи ётоқхона томон югурганча, айланма зина бўйлаб кўтарилди. Плашни қўлига олгач, Хагрид Рождество байрами муносабати билан совға қилган ёғоч флейтага кўзи тушиб қолди. Айни муддао. Гарри дағал ясалган мусиқа асбобини олиб, киссасига солди. Ҳозир уч бошли Момиқвойни ухлатиш учун алла айтишга кайфият йўқ.
У шошилганча меҳмонхонага қайтиб тушди.
- Келинглар, уни устимизга ташлаб учаламиз сиғиш-сиғмаслигимизни билайлик. Тағин йўлакда юрган уч жуфт оёқни кўрган бечора Филчнинг юраги ёрилиб, мушуги етим қолмасин...
Кутилмаганда хонанинг нариги бурчагидан овоз эшитилди.
- Сизлар нима қиляпсиз бу ерда?
Катта креслонинг ортидан эрксевар қурбақаси Треворни қўлига ушлаб олган Невилль кўринди.
- Ҳеч нарса, Невилль. Айтарли ҳеч нарса қилаётганимиз йўқ, - жавоб қайтарди Гарри, плашини шоша-пиша орқасига яшириб.
Невилль синфдошларига диққат билан разм солиб, айбдор қиёфаларини ўрганиб чиқди.
- Яна-ми! - ниҳоят хулоса қилди у, ниманидир фаҳмига етгандай бўлиб.
- Йўқ-йўқ-йўқ, - ишонтиришга уринди уни Гермиона, - Ўзинг нега ухламаяпсан, Невилль?
Гарри эшик олдидаги полда турадиган баланд соатга қараб қўйди. Ҳар дақиқа ғанимат. Ҳозир эса уларни зое ўтказиб бўлмайди. Эҳтимол айни дамда Снегг Момиқвойни ухлатишга киришгандир.
- Ташқарига чиқиш мумкин эмас, - деди Невилль, қатъий оҳангда, - Сизларни яна тутиб олишади ва яна сизларнинг дастингиздан «Гриффиндор» жабр кўради.
- Сен билмайсан, Невилль, - таъсирли овоз билан гапирди Гарри, - Бу фавқулодда муҳим масала.
Бироқ Невилль, қоида бузилишига йўл қўймаслик учун сўнгги чора кўришга шай бўлиб турибди.
- Мен сизларни чиқармайман, - баёнот қилди у ва қўпол танасига хос бўлмаган ғайриоддий абжирлик билан Семиз Хола портретининг орқа томонига ўтиб, ўртоқларининг йўлига тўғоноқ бўлиб олди, - Мен, мен сизлар билан муштлашаман!
- Невилль, - дарғазаб бўлди Рон, - Йўлдан қоч, аҳмоқлик қилма...
- Мени аҳмоқ дема! - бақириб берди Невилль, - Фикримча, қоидаларни етарлидан ортиқ буздиларинг, бас! Бунинг устига, ўзингиз ўргатгансиз курашишим кераклигини!
- Тўғри, фақат бизга қарши курашгин деб ўргатмаганмиз-ку! - деди тишини тишига қўйган Рон, тушунтиришга уриниб, - Невилль, нима қилаётганингни ўзинг идрок этмаяпсан чоғи.
У ўртоғи томон қадам босди. Невиллнинг қўлидан чиқиб кетган Тревор вақтни йўқотмай яна қоронғиликка кириб кетди.
- Хўш, қани яқинроқ кел бўлмаса, ур мени, қани урчи - Невилль маҳкам сиқиб олган муштчаларини кўтариб олди, - Кел, мен тайёрман!
Гарри Гермионага юзланди.
- Ўзинг бирор чора кўрмасанг бўлмайди, шекилли, - иложсиз илтимос қилди у.
Гермиона бир қадам олдинга чиқди.
- Невилль, дўстим, - деди у, - Ушбу ишни қилишга мажбур эканлигимга дилсиёҳлик-ла иқрор бўламан. Мени кечир.
 Қизалоқ сеҳрли таёқча ушлаган қўлини баланд кўтарди-да:
- Петрификус Тоталус! - деганча, ўртоғига ўқтади.
Бирдан Невиллнинг қўли танасининг ён бошларига, қайчи сингари ёпилган оёғи эса бир-бирига ёпишиб қолди. Вужуди суяк бўлиб қотган бола турган жойида бир оз тебраниб турди-да, ерга юзи билан тахтадай тушди.
Тез яқинлашган Гермиона уни белига ағдарди. Невиллнинг жағи маҳкам сиқилган бўлиб, фақат жавдираган кўзигина ўз чаноғида гир айланди.
- Нима қилиб қўйдинг уни? - пичирлаб сўради Гарри.
- Тўлиқ Тана-бинт, - маъюс жавоб қайтарди Гермиона, - Эҳ Невилль, виждон азоби мени қанчалик қийнаётганини билсанг эди.
- Биз ўз ишимизни қилишимиз керак Невилль. Бироқ қанақанги иш-у, унинг сабабларини сенга тушунтириб ўтиришга вақт йўқ, узр - деди Рон ва ўртоғининг танаси устидан хатлаб ўтиб, кўринмас плаш остига яширинди.
Ерда хода сингари ётганча қолган Невилль иш бошидаги яхши аломат бўлмади. Асабий ҳолатда юрган болалар кўзига йўлда дуч келган ҳайкал Филч, ҳар бир эсган енгил шабада эса юқоридан учиб ташланаётган полтергейст Дрюзг бўлиб кўринди.
Илк зинапоянинг биринчи поғонасига етиб келишлари билан юқоридаги зина майдончасида сайр қилиб, ўз патруллик хизматини виждонан ўтаб юрган миссис Норрисга рўбару бўлишди.
- Бир бор бўлса ҳам яхшилаб тепай уни! Хумордан чиқай! - пичирлади Рон Гаррининг қулоғига.
Розилик бермаган Гарри бош силтади. Мушук ёнидан аста ўтишаётганда миссис Норрис фонусдай келадиган кўзини болалар томонга бир оз бақрайтириб турди-да, ҳеч нарса қилмай, нари кетди.
Учовлон учинчи қаватдаги зинапояга етиб келгунга қадар бошқа ҳеч кимга рўбару бўлмади. Бу ерда эса зинапоя ўртасидаги поғоналар узра чайқалиб турган Дрюзг шолчани, унинг устида юрган одам сирпаниб тушадиган қилиб тортиб қўйиш билан машғул экан.
- Ким юрибди бу ерда? - сўради сержаҳл майда кўзини қисиб олиб, атрофга олазарак қараб чиққан полтергейст, болалар яқин келишлари ҳамоно, - Ҳой, сени кўрмаётган бўлсам-да, шу ерда эканлигингни сезиб турибман. Қон сўрар арвоҳмисан ёки ўқувчимисан?
У янада баланд кўтарилиб, болалар турган жойга диққат билан қараганча, бошлари узра гир айлана бошлади.
- Филчни чақирмасам бўлмайди шекилли, - хулоса қилди полтергейст, - Тек қўйиб берсанг, ҳар хил кўринмаслар кўпайиб кетадиганга ўхшайди...
Шу тоб Гаррининг хаёлига кутилмаган фикр келиб қолди.
- Дрюзг, - деди у ясама хирилдоқ овоз билан, - Қонхўр Барон кўринмас бўлиши учун сабаб бор.
Қўрқиб кетган Дрюзг полга қулаб тушишига сал қолди.
- Маъзур сананг, мистер Барон Қонхўр жаноблари, - деди ерга бир метрча қолгандагина ўзини идора қилиб олган Дрюзг, тилёғламалик қилиб, - Танимабман, танимай қолибман, пайқамай қолибман, сезмай қолибман, қария Дрюзгни аҳмоқона ҳазили учун кечиринг, сэр.
- Шу яқин атрофда ишим бор, - давом этди Гарри, - Бугунги тунни бу ерлардан нарида ўтказганинг маъқул. Акс ҳолда...
- Тушунарли, сэр, албатта, сэр, - ваъда берди Дрюзг, юқорига боз кўтарилиб, - Ишингиз бароридан келади деган умиддаман. Ортиқ безовта қилишга журъат этмайман, сэр...
Дрюзг ғизиллаганча гум бўлди.
- Қойил қилдинг, Гарри! - пичирлади Рон.
Яна бир неча сониядан сўнг, учовлон учинчи қаватдаги йўлакка кириш эшигига етиб келишди. Эшикнинг қулфи очиқ.
- Хўш, кутгандай бўлди, - аста гапирди Гарри, - Снегг Момиқвой ёнидан ўтиб бўлибди.
Қулфи очиқ эшикни кўрган болалар уларни қандай жиддий хавф кутаётганини илк бор идрок этишди. Гарри, плаш остида турганча, дўстларига юзланди.
- Қайтишни истасангиз, қарорингизни айбга буюрмайман, - деди у, - Плашни ҳам ола кетишингиз мумкин. У энди менга керак бўлмайди.
- Бемаъни гапни қўй, гарр, - деди Рон.
- Биз сен билан, - тасдиқлади Гермиона.
Гарри туртган эшик ғирчиллаб очилди. Уларнинг қулоғига йўғон, бўғиқ ангиллаш эшитилди. Ит болаларни кўрмаётган бўлса-да, учала баҳайбат бурни эшик томон бурилиб, зўр берганча ҳидлай бошлади.
- Оёғи олдида нима турибди? - пичирлади Гермиона.
- Арфага[3] ўхшайди, - жавоб қайтарди Рон, - Снегг қолдириб кетган бўлса керак.
- Чамаси, куй тўхтаса ит уйғонади, - деди Гарри, - Хўш, бошладик бўлмаса...
У Хагриднинг флейтасини оғзига солиб пуфлашга киришди. Эшитилган товушни куй деб айтиш қийин кечса-да, илк нотани эшитган итнинг кўзи киртайиб, юмила бошлади. Гарри флейтани деярли нафас олмай, зўр бериб пуфлади. Итнинг ириллаши аста-секин тўхтаб, баҳайбат оёғини ҳаракатлантирганча, тиззаларини букди ва ниҳоят ёнбошлаб, тарашадек қотиб қолди.
- Мафтункор куйингни тўхтатма, - огоҳлантирди Рон.
Улар плашни аста ечиб, ертўла қопқоғига яқинлаша бошлашди. Ухлаб қолган учта каллага яқин боришар экан, итнинг хушбўй деб бўлмайдиган қайноқ нафасини ҳис этишди.
- Қопқоқни очиш имкони бор, назаримда, - деди Рон, ит каллаларидан бири узра қараб, - Тарбия кўрган жентлмен, одатда, аёл кишини олдин ўтказади. Гермиона, биринчи бўлиб ўтишни хоҳлайсан-ми?
- Йўқ, истамайман!
- Ундай бўлса, мен ўтаман.
Рон тишларини маҳкам сиқиб олиб, итнинг оёғи устидан ҳатлаб ўтди-да, эгилганча, туйнук қопқоғига маҳкамланган ҳалқани ушлаб тортди. Туйнук очилди.
- Бирон нима кўрдинг-ми? - хавфсираб сўради Гермиона.
- Ҳеч нарса кўринмайди, ичкари қоп-қоронғи, нарвон ҳам йўқ, сакрашга тўғри келади.
Тиришиб флейта пуфлаётган Гарри Роннинг эътиборини ўзига жалб этиш учун қўлини силтаб, ўзи сакрашини имо қилган бўлди.
- Биринчи бўлиб ўзинг сакрамоқчимисан? Ишончинг комилми? - сўради Рон Гарридан, - Қанчалик чуқур эканлиги номаълум. Хўп, яхши, ундай бўлса, флейтани Гермионага бер. Кучукчанинг уйқуси бузилмасин, тағин.
Гарри флейтани Гермионага узатди. Атиги бир-икки сония давом этган танаффус давомида ит қайрилиб, ангиллаб олишга улгурди. Гермиона куй чала бошлаши ҳамоно яна ухлаб қолди.
Гарри ит устидан ҳатлаб ўтиб, туйнукка қаради. Чуқурлик тубининг бирор-бир аломати кўринмайди.
Туйнук четларини ушлаб олган Гарри, бармоқлари учида осилиб қолгунга қадар эҳтиётлик билан пастга тушди-да, Ронга қараб:
- Агар менга бирор кор-ҳол бўлса, ортимдан тушманглар. Тўғри бойқушхонага бориб, Дамблдорга хабар йўлланглар.
- Кўнглинг тўқ бўлсин, - ваъда берди Рон.
- Ундай бўлса, умид қиламанки, бир дақиқадан сўнг учрашамиз.
Гарри қўлини бўшатди. У пастга, совуқ ва нам зулмат қаърига тўхтовсиз туша бошлади. Ниҳоят...
ШАЛП. У ғалати, бўғиқ, юмшоқ ғарчиллаган товуш чиқариб қулади. Қандайдир мулойим нарса устида ётибди. Гарри ўтириб олди-да, атрофини пайпаслади. Кўзи қоронғиликка ҳали кўникмаган.
- Ишлар жойида! - қичқирди у, юқорида, почта маркасидай кичкина кўринаётган туйнук оғзига қараб, - Қандайдир юмшоқ ўсимлик бор экан, сакранг.
Рон шу заҳоти сакради-да, Гаррининг ёнида чўзилиб ётиб олди.
- Қанақанги ҳазил бу? - сўради у.
- Билмадим, қандайдир ўсимлик. Сакраб тушиш учун атайин тўшалган таглик бўлса керак.
Юқорида эшитилаётган мусиқа товуши тинди. Хаёл ўтмай итнинг акиллагани эшитилди. Пастга сакрашга улгурган Гермиона Гарридан сал нарига тушди.
- Биз мактаб остига, бир неча миля чуқурликка тушиб олдик шекилли.
- Хайриятки, мана бу ўсимлик бор экан, - деди Рон.
- Хайрият дейсанми?! - чийиллаб юборди Гермиона, - Аҳволларингга қаранглар!
Қизалоқ сапчиб ўрнидан турди-да, зах девор томон талпинди. У пастга тушиши билан ўсимликнинг ўрмаловчи поялари тўпиғига чирмашиб олгани боис зўр бериб ҳаракатланишига тўғри келди. Гарри билан Рон эса оёқлари маҳкам ўралганини сезмай қолишган. Ўсимлик чангалидан қутулиб қолишга улгурган Гермиона ўз таналаридан лиана[4] пояларини узиб, ўсимлик билан курашаётган болаларга даҳшат билан қараб қолди. Болалар қанчалик жадал тўлғанса ўсимлик поялари уларни шу қадар тез ва маҳкам қамраб олмоқда.
- Қимирламанг! - буюрди Гермиона, - Бу қандай ўсимлик эканлигини биламан. Бу Иблис тўри!
- Нақадар бахтиёрмиз, ўсимлик номини билиб олдик, ана энди бемалол асфаласофилинга равона бўлишимиз мумкин, - деди Рон, ғазаби қайнаб.
Бўйнини ажал келтирадиган поядан четга олган Рон хириллаган овоз чиқарди.
- Жим! Халал берма, уни қандай ўлдиришни эслашга уриняпман! - бақирди Гермиона.
- Тезроқ эсла, нафас олишим қийинлашиб қолди! - деди кўкрагидаги пояларни узаётган Гарри, бўғиқ овоз чиқариб.
- Иблис тўри, Иблис тўри... нима деган эди-я, профессор Сарсабил хоним? Унга қоронғи ва зах жой ёқади...
- Демак, гулхан ёқишинг керак экан! - хириллади Гарри.
- Ҳа, албатта. Лекин ўтин йўқ-ку бу ерда?!
- МИЯНГНИ ЕБ ҚЎЙДИНГ-МИ, ГЕРМИОНА? СЕҲРГАРМИСАН ЎЗИ ЁКИ МАСХАРАБОЗ МАГЛМИСАН?
- Ҳа-я, - қувониб кетди Гермиона.
Қизалоқ сеҳрли таёқчасини силтаб, алланарса деб пичирлади-да, бир вақтлар, квидиш ўйини пайтида Снеггнинг эгнидаги ридонинг этагини ўт олдирган каби ёрқин мовий оловнинг қудратли дастасини ўсимликка йўналтирди. Икки сония ўтгач, болалар лиана пояларининг кучи бўшашиб, олов тафти ва ёруғликдан чекинишганини ҳис этишди. Иблис тўри уларни аста-секин халос этди.
- Хайриятки гербология фанини пухта ўзлаштириб олган экансан, - деди Гарри, девор олдидаги Гермионанинг ёнига турганча, пешонасидаги терни артиб.
- Хайриятки Гарри мураккаб вазиятда ўзини идора қила олади, - деди Рон, - Топган гапини қаранг-а, «ўтин йўқ» эмиш.
- Бу томон юрамиз, - деди Гарри ягона йўл бўлмиш тош туннель томон кўрсатиб.
Ўз қадам товушларидан ташқари, болалар, ўта зах девордан ерга оқиб тушаётган сув томчиларининг товушини эшитиб боришди. Туннель ер қарига қараб кетгани боис Гарри беихтиёр «Гринготтс»ни эсга олди. Сеҳрли банкни аждарлар қўриқлаши ёдига тушгач, юраги орқага тортиб кетди. Агар ҳозир катта аждар дуч келиб қолса-чи. Гарчи, Норбертнинг ўзи ҳам кичиклик қилмайди ҳозир.
- Эшитдинг-ми? - пичирлади Рон.
Гарри қулоғига зўр берди. Юқоридан шитир-шитир ва қурқур товуш эшитилди.
- Нима деб ўйлайсан, арвоҳми?
- Билмадим... Кўпроқ қанот товушига ўхшаб кетяпти.
Болалар туннелдан чиқиб, шифти гумбазсимон, ёрқин ёритилган залга кириб қолишди. Зал олмос сингари ялтираётган митти қушларга тўлган. Улар у ёқ, бу ёққа тартибсиз, париллаб учиб юришибди. Рўпарада эса эмандан ясалган қалин эшик кўринди.
- Залдан юриб ўтсак, ташланиб қолишармикан? - сўради Рон.
- Эҳтимол, - жавоб қайтарди Гарри, - Кўринишидан хавфлига ўхшашмайди-ю, агар ҳаммаси бирданига ташланиб қолишса... нима ҳам қила олар эдик, бошқа йўл йўқ... мен югурдим бўлмаса.
Гарри чуқур нафас олди-да, юзини қўли билан бекитиб, эшик томон югурди. Ҳозир унинг баданига ўткир тумшуқчалар-у, пўлатдай тирноқчалар санчилишини кутди. Бироқ ҳеч нарса рўй бермай, нариги томонга эсон-омон етиб олиб, дастани тортгач, эшик қулфланганлигига ишонч ҳосил қилди.
Ҳамроҳлари келиб, эшикни итариб ҳам, тортиб ҳам кўришди. Эшик очилмади. Ҳатто Гермионанинг «Аллоомору»си ҳам кор бермади.
- Хўш, энди нима қилдик? - қизиқиб сўради Рон.
- Мана бу қушчалар... бежиз учиб юришмагандир. Бу ерда бир гап бўлиши керак... - ўйланиб қолди Гермиона.
Болалар бош узра ялтираб учиб юрган қушчаларни томоша қилиб туришди... Ялтираб?
- Булар қуш эмас, - дафъатан хитоб қилди Гарри, - Калитлар-ку! Қанотли калитлар! Разм солиб қаранг! Бинобарин...
Дўстлари эътибор қаратгунга қадар, у атрофга кўз югуртириб чиқди.
- Тўппа-тўғри! Қаранг, супургилар! Демак, мана бу эшикка тушадиган калитни тутиб олишимиз керак экан-да!
- Ахир бу ерда юзлаб калитлар учиб юрибди-ку! Улардан қайси бирини тутиш керак? - ҳайратланди Гермиона.
- Бу қулфга катта, эски бичимда тайёрланган ва эшик дастасига ўхшаш кумуш калит тушади, чамаси, - фикр билдирди Рон, қулфни диққат билан ўрганиб чиқиб.
Учовлон биттадан супурги эгарлаб, ўзларини калитлар галасининг қоқ ўртасига уришди. Калитлар шу қадар тез изғишар эдики, болалар қанчалик уринишмасин, бирорта ҳам калит тутиб олишмади.
Ҳар қалай Гарри, сўнгги юз йилликнинг энг ёш Сайёди этиб бежиз тайинланмаган. Бошқалар кўрмаган нарсани кўриб, кузатиш қобилияти бор унда. Ранг-баранг қанотлар гирдобида бир оз қўл силтаб учиб юргач, яқиндагина тутиб олиниб, дағаллик билан қулфга суқилганлигидан қаноти ён бошига эзилиб қолган йирик кумуш калитни кўриб қолди.
- Топдим, ана у! - бақирди Гарри, - Ана, йўқ у томонга эмас, бу томонга қаранглар, оч мовий қаноти ён бошига эгилган. Кўрдингиз-ми?
Рон ўзини, Гарри кўрсатган томонга ташлади ва шифтга урилиб, супургидан қулаб тушишига сал қолди.
- Қуршанг уни! - қичқирди Гарри, қаноти эзилган калитдан кўзини узмай, - Рон, сен юқоридан кел, Гермиона, сен пастда қолиб, йўлини тўс. Мен эса уни тутиб олишга уриниб кўраман. Хўш, бошладик, БОШЛАДИК!
Рон пастга шўнғиди, Гермиона ракета сингари юқорига кўтарилди. Калит иккаласига ҳам чап бериб, қочди. Бироқ Гаррининг таъқиби остида қолгач, девор томон учди. Гарри олдинга энгашди-да, ўлжани деворга қарсиллатганча уриб, ёпиштириб қўйди. Залда Гермиона билан Роннинг баралла хитоби янгради.
Учовлон зудлик билан ерга қўнгач, Гарри, қўлидан силтаниб чиқишга уринаётган калит билан эшик томон югурди. Эшик қулфи очилиши билан шу бугуннинг ўзида иккинчи маротаба тутиб олинган калит қулф тешигидан отилиб чиқиб, эзилиб кетган аҳволда нари учиб кетди.
- Хўш, тайёрмисиз? - сўради Гарри, кафтини эшик дастасига қўйиб.
Дўстлар бош ирғигач, Гарри эшикни очди.
Навбатдаги зал жуда қоронғи, болаларга деярли ҳеч нарса кўринмади. Лекин ичкарига қадам қўйишлари билан хона ёришиб кетиб, уларнинг кўз ўнгида ғаройиб манзара очилди.
Болалар ниҳоятда катта шахмат тахтасининг четига чиқиб олишганча, қора тошдан ўйиб ясалган, баланд қора доналар ортида туришганини кўришди. Тахтанинг нариги томонига оқ доналар терилган. Бўйи миноралардай кўтарилиб турган оқ доналарнинг юзлари тасвирланмаган. Учовлон ўртоқ бир оз қўрқиб кетишгандай бўлди.
- Энди нима қилишимиз керак? - пичирлади Гарри.
- Аён-ку, - деди Рон, - Тахтанинг нариги томонига ўтиш учун шахмат ўйнаш керак.
Оқ доналар ортида навбатдаги эшик кўриниб турибди.
- Ҳозир шахмат ўйнашимиз керакми?! - ҳайрон бўлиб сўради Гермиона.
- Фаҳмимча, ҳар биримиз, ушбу ўйинда, шахмат донаси сифатида иштирок этишимиз лозим, - ғудуллади Рон.
У қора отга яқин бориб, узатган қўлини отга теккизди. От шу заҳоти жонланиб, тепсина бошлади. От устидаги дубулға кийган рицарь эгилиб, Ронга қаради.
- Нариги томонга ўтиб олиш учун биз... м-м-м... сизларга қўшилишимиз керакми?
Қора рицарь бош ирғигач, Рон дўстларига юзланди.
- Ана, айтдим-ку. Ҳозир. Ўйлаб олай... - деди у, - Қора пиёдалар ўрнини эгаллашимиз керак чоғи...
Гарри билан Гермиона Ронга халақит бермай, жим туришди. Ниҳоят Рон ўйига етгандай бўлди.
- Болалар, фақат хафа бўлманглар-у, иккалангиз шахматни ниҳоятда ёмон ўйнайсиз...
- Йўқ, биз хафа эмасмиз, - Роннинг гапини бўлди Гарри, - Энг асосийси, нима қилишимиз кераклигини айтсанг бўлди.
- Гарри, сен фил ўрнини эгаллайсан, Гермиона эса ўнг томондаги рух ўрнида ўйнайди.
- Ўзинг-чи?
- Мен от бўламан, - қарор қилди Рон.
Шахмат доналари Роннинг сўзларини диққат билан эшитганга ўхшайди. Негаки, Рон гапини тугатгач, қора от, рух ва фил оқ доналарга орқа ўгиришди-да, ўз ўринларини болаларга бўшатиб беришганча, шахмат тахтасини тарк этишди.
- Одатдагидек, оқлар бошлашади, - деди Рон, рақибнинг бир текис сафига разм солиб, қараб чиққач, - Дарҳақиқат... қаранг...
Оқ пиёдалардан бири икки катак олдинга чиқди.
Рон қора доналарга раҳбарлик қилишга киришиб кетди. Улар болага сўзсиз бўйсуниб, тайинланган катакка кўчиб ўта бошлашди. Хавотирланган Гаррининг тиззалари қалтирай бошлади. Ютқазиб қўйишса нима бўлади?
- Гарри, диагональ бўйлаб, тўрт катак ўнгга юр.
Қораларнинг иккинчи оти бой берилганида, болалар серрайиб қолишди. Гап шундаки, оқ фарзин чавандозни ерга қулатиб, судраганча, шахмат тахтасидан ташқарига улоқтириб юборди. Бечора рицарь юзи билан ерга тушиб, қилт этмай қолди.
- Шундай қилишга мажбур бўлдим, - оқлай кетди ўзини, қилмишидан изтироб чекаётган Рон, - Энди, Гермиона, ҳў анави оқ филни уришинг мумкин, олға.
Ҳар сафар, қора доналар бой берилганида, оқ доналар ўз шафқатсизлигини очиқдан-очиқ намоён қилишди. Кўп ўтмай, девор ёнида қора доналарнинг жонсиз уюми ҳосил бўлди. Гарри билан Гермиона хавфли вазиятга тушиб қолган ҳолатларни Рон икки маротаба ўтказиб юборишига сал қолди. Ўзи эса тахта бўйлаб яшин тезлигида югуриб-елиб, оқлар нечта қора дона уришган бўлса, ёлғиз ўзи шунча оқ дона уриб борди.
- Деярли етиб келдик, - кутилмаганда ғудуллади Рон, - Шошмай туринг, ўйлаб олай...
Оқ фарзин ўзининг бўш юзини Ронга қаратди.
- Ҳа... - деди Рон, - Ягона йўл шу... Мен ўзимни қурбон қилишим керак.
- ЙЎҚ! - баралла қичқириб юборишди Гарри билан Гермиона.
- Шахмат-ку бу, ахир! - кескин бўлди уларни Рон, - Бу ўйинда доимо ниманидир қурбон қилиш керак! Агар мен навбатдаги юришимни бажарсам, оқ фарзин мени уриб, ўрнимга туриб олишга мажбур бўлади. Бунинг эвазига сен, Гарри, бориб шоҳни мот қиласан!
- Аммо...
- Северусни тўхтатиш ниятинг борми ёки аҳдингдан қайтдинг-ми?
- Рон...
- Қулоқ сол, агар тезроқ қимирламас экансан, ҳозир Снегг тошга эга бўлиб олади!
Бошқа муқобил йўл топилмади.
- Тайёрмисиз? - қичқирди Рон, оқариб кетган қатъий юзи билан, - Мен кетдим. Мот қилишингиз билан имилламай, дадил ҳаракатланинг!
У ўз юришини бажариши билан оқ фарзин болага ташланиб, тош қўли билан бошига солди. Даҳшатга тушган Гермиона қичқириб юбориб, ўзини базўр тўхтатиб қолди. Оқ фарзин ерга қулаган болани шахмат тахтасидан судраб чиқиб, четга улоқтирди. Ҳушини йўқотган Рон қилт этмай ётди.
Тиззаси тўхтовсиз қалтираётган Гарри диагональ бўйича чап томонга уч катак олға босди.
Ниҳоят оқ шоҳ бошидаги тожини ечиб, Гаррининг оёғи остига ташлади. Қоралар ютди. Омон қолган оқ доналар таъзим бажо айлаганча, эшик томон йўл беришди. Ронга сўнгги бор умидсиз қараб қўйган болалар эшикдан кириб, навбатдаги йўлакка чиқишди.
- Агар Рон...
- У тирик, - деди Гарри, ўзини ўзи ишонтиришга уриниб, - Нима деб ўйлайсан олдинда бизни яна қандай синов кутяпти?
- Биз профессор Сарсабил хонимнинг Иблис тўрини енгиб ўтдик. Калитлар профессор Флитвикнинг қилиғи бўлса керак. Профессор Макгонагалл эса шахмат доналарига жон ато этган. Олдинда профессор Белка билан Снегг тузоқлари қолди...
Улар навбатдаги эшикка яқинлашди.
- Хўш? - пичирлади Гарри.
- Оч.
Гарри эшикни туртди.
Хонага жирканч ҳид уриб кетган. Коржомалари билан бурунларини бекитиб олишган болаларнинг кўзларини аччиқ бадбўй ҳид ёшлантириб юборди. Улар кўз ёшлари аро, ерда чалқанча тушиб ётган троллнинг жасадини кўришди. Бу тролль, Хэллоуин куни «қизлар хонаси»да курашган троллга нисбатан анча йирик экан. Бошида қонли жароҳат кўриниб турган тролль қотиб қолибди.
- Хайрият, у билан курашишга тўғри келмади, - пичирлади Гарри, троллнинг йирик оёғи устидан ҳатлаб ўтиб, - Юр тезроқ, нафасим қайтиб кетяпти.
Улар навбатдаги эшикни очишди. Юраги бетламай қолган болалар ичкарига қарашга ўзларини мажбур қилишди. Бироқ бирон-бир хавфли вазият юз бермади. Хона ўртасидаги кичик стол устига турли шаклда ясалган етти дона шиша идиш бир қатор терилган.
- Северус қўйган тузоқ, - фаҳмлади Гарри, - Хўш, нима қилиш керак?
Улар остона ҳатлаб ичкарига киришлари билан орқа томонда ғайриоддий қирмизи олов гувиллаб кетди. Шу фурсатнинг ўзида рўпарадаги эшик остонасидан қора олов кўринди. Болалар икки олов исканжасида, тузоққа тушиб қолишди.
- Қара!
Гермиона шиша идишлар ёнида ётган пергамент ўрамини чангаллаб олди-да, унда битилган ёзувни Гарри билан бирга ўқишга киришди.

Қаршингизда хавф бўлар, хавфсизлик ортингизда,
Заковатни ишлатинг – ҳаётингиз ақлингизда.
Иккиси ёрдам берар, уларни топмоқ даркор,
Еттимиздан биримиз – олға юринг берар кор,
Биримизни ичсангиз ортга олиб қайтармиз,
Ҳаммамиздан иккимиз қичитқи ўт шарбатмиз,
Сафимизда учовлон қотиллар, ичинг – ўлинг,
Қамоқда қолган кундан шу йўлни маъқул билинг,
Ёрдам берайлик майли, тўртта йўл кўрсатайлик:
Мана бири,
Заҳар ҳарчанд уринсин, яширинсин, бекинсин,
Шарбатдан чапда турар, ёдингиздан чиқмасин;
Иккинчиси,
Турли томон турганлар турлича фарқ қиларлар,
Олға юрсангиз-да бас, душманга айланарлар;
Учинчиси,
Ўлчами турли бўлиб, кўзни унча алдамас,
Баҳайбат ҳам, митти ҳам сизга ажал келтирмас;
Тўртинчиси,
Чапдан икки, ўнгдан икки қиёфаси ўхшамас,
Мазасини татиб кўринг бир-биридан фарқ қилмас.

Гермиона кулиб, оҳ урди. Унинг бундай мураккаб дақиқалардаги табассуми Гаррини таажжублантирди.
- Жуда соз, - хитоб қилди Гермиона, - Бу афсун эмас, мантиқий топишмоқ. Аксарият буюк афсунгарларда зиғирдай бўлса ҳам, мантиқий фикр юритиш қобилияти бўлмаган. Улар чиндан ҳам бу ерда бир умр қолиб кетган бўлишар эди. Снегг буни яхши билади.
- Демак биз ҳам қолиб кетамиз ёки ундай эмасми?
- Йўқ, албатта, - деди Гермиона, - Бизга керак бўлган жамики ахборот шу сатрларнинг ўзига яширилган. Еттита шиша идиш, улардан: учтасида заҳар бор, иккита идишга шарбат қуйилган, биттаси қора оловдан ўтказса, яна бири қирмизи оловни енгиб ўтишга имкон беради.
- Қайси идишда нима борлигини қандай биламиз?
- Бир дақиқа ўйлаб олай.
Гермиона шеърни бир неча бор такрор ўқиб чиқди-да, шиша идишлар қатори ёнидан алланима пичирлаб, бармоқчасини идишларга ўқтаганча бир оз у ёқ, бу ёққа юриб чиқди. Ниҳоят у, қарс урди.
- Тушундим, - баёнот қилди у, - Энг кичкина идишча бизни қора оловдан ўтказиб, тошга олиб боради.
Гарри миттигина идишга қараб қўйди.
- Унинг ичидаги дамлама бир кишига етса ҳам катта гап, - деди у, - Қара, базўр бир ҳўплам чиқади.
Улар бир-бирига қараб қўйишди.
- Қайси бири қирмизи оловдан ўтишга ёрдам беради?
Гермиона ўнг томондан биринчи турган юмалоқ шиша идишни кўрсатди.
- Ич уни, - буюрди Гарри, - Гапларимга диққат билан қулоқ сол. Орқага қайтгин-да, Ронни ҳушига келтир. Иккалаларинг калитлар учиб юрган хонадаги супургиларни эгарланг. Супургиларда лиана узра учиб ўтиб, чуқурликдан юқорига чиқинг-да, Момиқвой ёнидан тез ўтиб олинг. Шундан сўнг, тўғри бойқушхонага бориб, Хедвигни Дамблдор кетидан учиринг. Профессор бизга керак. Мен эҳтимол Северусни бир мунча вақт ушлаб қоларман-у, лекин мен унга бас келадиган рақиб эмасман.
- Бироқ Гарри, агар у ерда Ўзинг-Биласан-Ким бўлса-чи?
- Нима ҳам қилар эдим, қачонлардир мен ундан қутулганман-ку, шундай эмасми? - деди Гарри пешонасидаги чандиғини кўрсатиб, - Эҳтимол, бу сафар ҳам омадим чопиб қолар.
Гермионанинг лаблари титраб кетди. У кутилмаганда Гаррига ташланиб, бўйнини қучиб олди.
- Гермиона!
- Гарри, биласанми, сен буюк сеҳргарсан!
- Сенга етиб олишимга ҳали анча бор, - деди у, Гермиона қўлини туширгач.
- Менга! - хитоб қилди Гермиона, - Мен китоб ўқиганман холос! Эҳтимол зеҳним нисбатан ўткирдир! Лекин бундан-да муҳимроқ – садоқат ва жасорат каби тушунчалар бор. Оҳ, Гарри! Ўзингни эҳтиёт қил!
- Олдин сен ич, - деди Гарри, - Қайси идишда нима борлигига ишончинг мутлақо комилми?
- Мутлақо, - деди Гермиона.
У юмалоқ идишни қўлига олдида, яхшигина ҳўплаб олгач, бир сесканиб олди.
- Заҳар эмасми? - хавотирланди Гарри.
- Йўқ, музлатар экан.
- Бор, дори таъсири барҳам топишидан олдин оловдан ўтиб ол.
- Омад сенга, Гарри. Ўзингни эҳтиёт қил.
- БОР!
Гермиона ўгирилиб тикка қирмизи оловга кириб кетди.
Гарри чуқур нафас олдида, энг кичкина идишни қўлига олиб, қора олов томон юзланди.
- Ҳозир етиб оламан, - деди у ва бир кўтариб, идишни бўшатди.
Ҳақиқатан ҳам бутун вужуди музга айланиб қолганини ҳис этди. Гарри идишни жойига қўйиб, олға одимлади. Бола ўзини қучиб олди. Олов бутун танасини қамраб олган бўлса ҳам, ҳарорати сезилмади. Қандайдир фурсат давомида боланинг кўзи оловдан бошқа ҳеч нарсани кўрмай қолди. Яна бир неча қадам юргач, оловнинг ортига, сўнгги залга кириб борди.
У ерда яна бир киши турибди. Бироқ у, Снегг ҳам, Вольдеморт ҳам эмас.




[1] Невроз – марказий асаб тизимининг бузилиши натижасида юзага келадиган ва ички органлар фаолиятини сусайтирадиган касаллик
[2] Спринтер – яқин масофага югурувчи ёки сузувчи спортчи
[3] Арфа – чертиб чалинадиган катта мусиқа асбоби

Комментариев нет:

Отправить комментарий