суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ЎН БЕШИНЧИ БОБ. МАН ЭТИЛГАН ЎРМОН

Бундан баттар бўлиши мумкин эмас.
Филч қоидабузар болаларни профессор Макгонагаллнинг биринчи қаватда жойлашган хизмат хонасига бошлаб борди. Бу ерда улар бирон оғиз сўз айтмай, қисматларига битилган жазони кутиб ўтиришди. Гермиона сезилар-сезилмас қалтираб қолди. Гаррининг миясига қандайдир узрлар, важ-баҳоналар, ўзини оқлаш учун рўкач қиладиган сабаблар келар эди-ю, бири иккинчисидан тутуриқсиз чиқди. Бу гал у кўнгилсизликдан қутулиш йўлини кўрмади. Болалар жуда эзилган. Бундай эҳтиётсизликка улар қандай йўл қўйишди? Нима учун кўринмас плашни минорада унутиб қолдиришди? Профессор Макгонагалл олдида ўзларини оқлайдиган, тунги соатларда мактаб ҳудуди ва айниқса, астрономия дарси ўтказилаётган вақтдан ташқари пайтда чиқиш ман этилган минорада сандироқлаб юриш сабабига ойдинлик киритадиган бирон-бир важ-корсон йўқ. Буларнинг барига Норберт билан кўринмас плаш қўшиладиган бўлса, бор бисотларини йиғиштириб, уйга равона бўлса бўлаверади.

Бундан баттар бўлиши мумкин эмас деган хаёлга борган Гарри бир оз адашибди. Негаки, сал ўтиб, хонага ўзи билан Невиллни ҳам қўлга туширганча, профессор Макгонагалл кириб келди.
- Гарри! Мен сени қидириб топиб, огоҳлантирмоқчи бўлган эдим, - деди Невилль синфдошларига кўзи тушиши билан, - Малфой сени тутиб олишга уринаётганини эшитиб қолдим. Унинг гапига қараганда сенда ажда...
Гарри Невиллни мулоҳаза юритмай гапириб қўйишига йўл қўймаслик учун умидсизларча бошини силтаб қўйди. Бироқ унинг ҳаракатини сезиб қолган профессор Макгонагалл болалар қаршисига келиб, уларга шундай қараб қўйди-ки, афтидан ҳозир у Норбертдан ҳам кўра кўпроқ олов пуркаб юборадиган одамга ўхшаб кетди.
- Сизлардан бирортангиз бундай ножўя ишга қодир дейишса, ҳеч қачон бовар қилмаган бўлар эдим. Мистер Филчнинг сўзларига қараганда, сизлар ҳозир, тунги соат бирда, астрономия минорасида юрган экансиз. Хатти-ҳаракатларингиз сабабини тушунтириб беринг, - важоҳат-ла талаб қилди профессор.
Гермиона ҳаётида биринчи бор ўқитувчининг саволига жавоб бера олмайдиган ўқувчи ҳолатига тушиб қолган. У ўз шиппакларига термилганча, ҳайкалдай қотиб қолди.
- Фикримча, бўлган ҳодисани ўзим шарҳлаб беришим мумкин, - деди профессор Макгонагалл, - Бунинг учун даҳо бўлиш шарт эмас. Сизлар тунги вақтда ётоғидан чиқариб, кўнгилсиз ҳодисага рўбару қилиш мақсадида Драко Малфойни аждар билан боғлиқ аҳмоқона гапга лаққа тушишга мажбур қилгансизлар. Бунга эришгансизлар ҳам, негаки у қўлга тушди. Бироқ иш шу даражага бориб етдики, ҳатто бу гапни эшитган дўстингиз Лонгботтом ҳам тузоққа тушиб қолди. Шундайми?
Гарри руҳан тушкунликка тушган Невиллнинг кўзига қараб, ҳозир айтилган уйдирма ҳақиқатдан анча йироқ эканлигига ишора қилишга уринди. Бечора Невилль ҳеч иши юришмайдиган, хатти-ҳаракатлари ҳам доимо қўпол, ножўя бола. Дўстларини рақиб чангалидан қутқариб қолиш учун тунги соатда нималарни бошидан кечирганини Гарри жуда яхши тасаввур қилади.
- Жаҳлимни чиқардингиз, - давом этди профессор Макгонагалл, - Тунда, бир эмас, икки эмас тўрт нафар ўқувчи ухламай сандироқлаб юрса-я! Мисли кўрилмаган ҳолат! Сиз ҳақингизда, мисс Грэнжер, мен ижобий фикрда эдим. Сизга келсак, мистер Поттер, «Гриффиндор»га нисбатан ҳурматингиз баланд деб ўйлаган эканман. Учовингиз қаттиқ жазоланасиз. Ҳа-ҳа, мистер Лонгботтом, шу жумладан сиз ҳам. Бундан ташқари, мен «Гриффиндор»дан эллик балл айираман.
- Эллик балл? - нафаси бўғилиб сўради Гарри.
Квидиш ўйинида қозонилган ғалаба шарофати билан «Гриффиндор» ўзининг етакчилик мавқеидан айрилиб қоладиган бўлди.
- Ҳар бирингиз учун эллик баллдан, - кескин жавоб қайтарди баджаҳл профессор узун бурнининг катакларини ишириб.
- Профессор... илтимос...
- Сиз бундай қила олмайсиз...
- Нима қила оламан-у, нима қила олмаслигимни ўргатяпсиз-ми Поттер. Жойингизга бориб ётинг, ҳаммангиз. Гриффиндорчилар айби билан ҳеч қачон бунчалик уятда қолиб, қизармаган эдим.
Бирданига бир юз эллик очко йўқотган «Гриффиндор» энг охирги ўринга тушиб қолди. Коллежнинг мактаб кубогини қўлга киритиш умиди бир кечада пучга чиқди. Гарри худди ҳаёти хотимага етгандай ҳис этди ўзини. Энди нима қилиш керак? Гуноҳини қандай қилиб ювса бўлади?
Гарри туни билан мижжа қоқмай чиқди. Невиллнинг ёстиққа юзини босиб узоқ ҳўнграганини эшитиб ётди-ю, қандай юпатишни билмади. Невилль ҳам Гарри сингари эртага нима бўлишини ўйлаб, даҳшатдан йиғлаётган бўлса керак. Уларнинг қилмишидан хабардор бўлган гриффиндорчилар нима дейишади?
Коллеж эришган балларнинг умумий миқдорини кўрсатиб турадиган катта қум соат ёнидан эртасига эрталаб ўтган гриффиндорчилар, дастлаб, қандайдир хатолик деган фикрга боришди. Ахир бир кечанинг ўзида бир юз эллик балл йўқотиб бўладими? Ақлга сиғмайди-ку! Сал ўтиб янгилик тарқалди. Маълум бўлишича, бу ҳеч қандай хато эмас, балки квидиш ўйинининг икки карра қаҳрамони Гарри Поттер ва яна икки нафар биринчи синф ўқувчиларининг қилмиши экан.
Шу тариқа Гарри бир онда ҳамма сидқидилдан ёқтирадиган ёқимтой боладан ҳамма нафратланадиган ёмон болага айланди қолди. Ҳаттоки, равенклочилар билан хуффльпуффчилар ҳам ундан аччиқланиб юришди. Негаки, кубокнинг «Слизерин»дан тортиб олинишини жамики мактаб истайди. Қаёққа бормасин ўқувчилар Гаррига бармоқ ўқтаб, очиқдан-очиқ ҳақорат қила бошлашди. Слизеринчилар эса аксинча, уни гулдурос қарсаклар билан қарши олишадиган ва «Раҳмат, Поттер, яхшилигингизни унутмаймиз!» деб айюҳаннос солишадиган бўлди.
Фақат Ронгина унинг тарафини олди.
- Сабр қил Гарри, икки ҳафта ўтсин ҳаммаси унут бўлиб кетади. Фред билан Жорж дастидан коллеж кўп балл йўқотган, бироқ шундай бўлишига қарамай, уларни ҳамма яхши кўради.
- Аммо акаларинг дастидан факультет бирданига бир юз эллик балл йўқотгани йўқ-ку, шундай эмасми? - маъюс жавоб берди Гарри.
- М-м-м... Ҳа, шундайликка шундай, - рози бўлди Рон.
Юзага келган ишлар ҳолатини тавба қилиш йўли билан тузатишга киришишдан маъни бўлмаса-да, Гарри ўзига ўзи, энди ҳеч қачон бировнинг ишига бурун тиқмасликка сўз берди. Ҳаваскор изқувар фаолиятига чек қўйди. У шундай уятда қолдики, ҳатто Древнинг ёнига бориб, жамоани тарк этиш ниятини маълум қилди.
- Тарк этасан? - гумбурлаб жавоб қайтарди у, - Хўш, бу ишингни нимаси яхши бўлади? Ўйин ўйнаб оз бўлса ҳам балл ишлаб олишимиз мумкин. Квидишни ҳам йиғиштириб қўядиган бўлсанг, ботқоқдан қандай чиқамиз?
Бироқ квидиш ҳам таскин бермади. Жамоа аъзолари Гарри билан гаплашмай қўйишган. Агар у ҳақда гапириш керак бўлса, исмини айтмай «Сайёд» дейишмоқда.
Гермиона билан Невиллни ҳам жабр четлаб ўтмади. Гарри сингари машҳур бўлишмагани учун ҳам, улар кўп қийналишмади, албатта. Бироқ иккови билан ҳам ҳеч ким гаплашмай қўйган. Гермиона машғулотларда ўзининг фаоллигини кўрсатмай, бошини ҳам қилиб олганча ўтирадиган, амалий ишларни эса ёлғиз ўзи бажарадиган бўлиб қолди.
Имтиҳонлар мавсуми яқинлашаётгани Гаррини қувонтирди. Ушбу синовларга тайёргарлик жараёни бошларидан ташвиш кечираётган болаларга ўз муаммоларини оз бўлса ҳам унутишга омил бўлди. Рон, Гарри ва Гермиона фақат ўзаро мулоқот қилишиб, алламаҳалгача шуғулланишди. Учовлон мураккаб дамламаларнинг таркибини эслаб қолишга ҳаракат қилиб, афсунлар-у, қарғишлар, энг муҳим сеҳргарлик кашфиётлари ва гоблинлар қўзғолонларининг саналарини ёд олишди.
Имтиҳонларга бир ҳафта қолганида, Гаррининг ўзига ўзи берган сўзи, ҳеч қачон бировнинг ишига бурун тиқмаслик ваъдаси кутилмаганда синовдан ўтди. Якка ўзи кутубхонадан қайтаётган маҳалда йўлакнинг нариги бошидаги хоналардан бирида кимнинг минғирлаётгани қулоғига чалинди. Хонага яқинроқ бориб, негадир дудуқланмай гапираётган профессор Белканинг овозини таниб қолди.
- Йўқ-йўқ, кераги йўқ, илтимос...
Профессорга кимдир дўқ-пўписа қилди. Гарри аста-секин хонага яқинроқ борди.
- Яхши, яхши... - эшитилди профессор Белканинг йиғламсираб гапирган сўзлари.
Шундан сўнг, юзининг ранги оппоқ, ҳўнграб юборишга сал қолган ҳолатдаги Белка бошидаги салласини тўғрилаганча, шиддат билан хонадан чиқиб, шошилганча нари кетди. У шундай аянчли аҳволда эдики, ҳатто Гаррини кўрмай ўтди. Бола, профессор Белканинг қадамлари эшитилмай қолгач, хонага бош суқиб қаради. У ерда ҳеч ким йўқ, аммо хонанинг нариги томонидаги эшик қия очиқ қолган. Хона ўртасига етиб борган Гаррининг энди ҳеч қачон бировнинг ишига бурун тиқмаслик аҳди эсига тушди.
Гарри, иккинчи эшикдан Снегг чиқиб кетгани, аҳволига қараганда Белка таслим бўлгани ёки яна бир боргина тазйиқ ўтказилса бас, руҳан синишга тайёр бўлиб қолганига анави Фалсафий тошларнинг ўн иккитасини ўртага қўйиб гаров боғлаши мумкин. Бунга шубҳа йўқ.
Бола кутубхонага қайтиб борди. У ерда Гермиона Роннинг астрономияга оид билимларини синовдан ўтказиб ўтирибди. Гарри ҳозиргина кўрган-эшитганларини дўстларига айтиб берди.
- Демак Снегг қабиҳ мақсадига эришибди-да! - хулоса чиқарди Рон, - Агар Белка ёвузлик кучларига қарши қаратилган афсунга барҳам беришни Северусга айтиб берган бўлса...
- Бироқ ҳали Момиқвой бор-ку, - эслатиб ўтди Гермиона.
- Эҳтимол Снегг, Момиқвойни алдаб ўтиш йўлини Хагридсиз ҳам билиб олгандир, - деди Рон, китоблар билан тўлиб-тошган токчаларга имо қилиб, - Уч бошли улкан ит ёнидан безарар ўтиш йўллари батафсил баён этилган бирор-бир рисола бўлса керак бу ерда. Нима қилдик энди, Гермиона?
Роннинг шўх кўзида, янги саргузаштларга ташналикни яққол намоён қилган учқун кўринди. Гарри эндигина оғиз жуфтлаган эди ҳам-ки, қўйилган саволга Гермиона қатъий жавоб қайтарди.
- Дамблдорнинг ҳузурига боришимиз даркор. Бу ишни аллақачон қилишимиз керак эди. Агар ўзимиз мустақил чора кўрадиган бўлсак, энди мактабдан қувиб юборишлари муқаррар.
- Бироқ қўлимизда ҳеч қандай исбот-далил йўқ, - деди Гарри, - Сўзларимизни тасдиқлашга эса қуён юрак Белканинг журъати етмайди. Снегг ўлиб қолса ҳам, Хэллоуин куни троллни қасрга киритиб юборгани, ҳамма ўқитувчилар ертўлага, у эса учинчи қаватга равона бўлганини тан олмайди. Хўш, шундан сўнг, кимга кўпроқ бовар қилишади? Северусга-ми, бизгами? Уни кўргани кўзимиз, отгани ўқимиз йўқлиги эса ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, Дамблдорнинг миясига келадиган энг биринчи ўй: «Снеггнинг ишдан ҳайдалиши учун болалар роса чиранишяпти» деган фикр бўлади. Филч бизга тарафдор бўлмайди. Мактабда ўқувчи сони қанчалик кам бўлса, у шунчалик ўзини бахтиёр ҳис этади. Снегг билан Филч ўртасидан қил ўтмаслиги ўзингизга маълум. Бундан ташқари, ўқитувчилар доирасида биз Фалсафий тошдан ҳам, Момиқвойдан ҳам бехабар эканлигимиз тахмин қилинади. Шундай экан, ҳар бир сўзимизни узоқ тушунтириб, батафсил изоҳлаб беришга тўғри келишини унутманг.
Бу сўзлар Гермионани тўла-тўкис қаноатлантирди, бироқ Роннинг кўнгли тўлмади.
- Агар вазиятни бир оз истиҳборот қилиб кўрсак-чи...
- Йўқ, - ифодасиз жавоб қайтарди Гарри, - Бундай разведка амалларини етарлидан ортиқ бажариб юбордик.
У Юпитер сайёрасининг харитасини ўзига тортиб, гўё уни диққат билан ўрганишга киришиб кетди.
Эртасига, нонушта вақтида, Гарри, Гермиона ва Невилль бир хил мазмунда хат олишди:

Сизга нисбатан қўлланиладиган жазо бугун кечки соат ўн бирда ижро этилади. Мистер Филч сизларни шу вақтда вестибюлда қарши олади.
Профессор Макгонагалл.

Бир юз эллик балл йўқотилганидан ҳали ўзига келмай юрган Гарри, алоҳида меҳнат жазоси ҳам қўлланилишини унутиб қўйган экан. Гермиона аллақандай бемаъни жазо туфайли имтиҳонга тайёргарлик кўриш учун қимматли вақтни йўқотиши ҳақида ҳозир шикоят қила бошлайди деб ўйлади Гарри. Бироқ ўзини мардларча тутган қизалоқ бир оғиз ҳам сўз айтмади. Гермиона ҳам, Гарри каби ушбу жазони мутлақо адолатли деб топди.
Кечки соат ўн бир. Болалар «Гриффиндор» меҳмонхонасида Рон билан хайрлашиб, Невиллнинг қўлидан ушлаб олганча, вестибюлга тушишди. Филчнинг ёнида турган Малфойни кўрган Гарри Дракога нисбатан ҳам жазо қўлланилганлигини эсга олди.
- Ортимдан юрларинг, - ириллади Филч, қўлидаги фонусни ёқиб, кўча томон йўл олганча, - Ана энди мактабда жорий этилган қоидаларни бузишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрадиган бўлишасан. Шундайми? - у хусумат ила кўзини ғилайтлади, - Ҳа-ҳа... оғир меҳнат ва қаттиқ оғриқ энг яхши тарбиячидир, агар фикримни билмоқчи бўлсангиз. Муқаддам амал қилинган жазо тизими бекор қилингани яхши бўлмади-да. Минг афсус. Айбдор деб топилган ўқувчининг қўлига кишан солиниб, бир-икки кунга шифтга осиб қўйилар эди. Башарти ўша тизим яна жорий этилиб қолса асқатади, деб занжирларни сақлаб қўйганман. Уларни асраб-авайлаб, зиён етмаслиги учун вақти-вақти билан мойлаб ҳам турибман. Ҳа, хўп ажиб замонлар бўлган эди-я. Қани, ортимдан юрларинг. Қочиб қолишни хаёлларингга ҳам келтиришма. Акс ҳолда беш баттар жазоланасан.
Улар қоронғи ҳовлига чиқишди. Невилль ҳиқиллаб, Гарри эса қўлланиладиган жазо тури ҳақида ўйлаб борди. Анча қаттиқ жазога ўхшайди, акс ҳолда Филч ўзини бу қадар бахтиёр ҳис этмаган бўлар эди, хаёлдан ўтказди Гарри.
Ой тўлин бўлгани билан булутлар тўсиб қўйган. Шу боис болалар зулмат ичра боришмоқда. Гарри Хагриднинг деразалари ёришиб турган кулбасини кўрди.
- Келаётган сен-ми, Филч? - узоқдан эшитилди унинг овози, - Бўл тез, вақт бўлди.
Хагриднинг овозини эшитган Гаррининг кўнглига ёруғлик киргандай бўлди. Филч, ўз табиати ва кечираётган ҳаёт тарзи туфайли кўзи қоронғиликда яхши кўриши боис, боланинг кайфияти кўтарилиб кетганини пайқаб қолди.
- Анави қўриқчи билан маза қилиб сайр қиламан деб ўйласанг, адашасан бола. Гапимнинг маъносини ўрмонга кириб чиққанингдан сўнг тушунасан. Агар умуман у ердан соғ-саломат чиқсанг, албатта.
Бу гапни эшитган Невилль инграб юборди.
- Ўрмонга? - турган жойида серрайиб қолди Малфой, - Ўрмонга кириш мумкин эмас. У ерда ҳар хил махлуқ тусига кирадиганлар бор.
Бу сафар Малфойнинг овозида одатий димоғдорлик оҳанги ҳам, лоқайдлик ҳам сезилмади. Драконинг гапини эшитган Невилль Гаррининг коржомасини маҳкам ушлаб, бўғилаётган одамдай овоз чиқарди.
- Буниси энди сени муаммонг, - жавоб қайтарди Филч, ўзининг ёвуз қувончини охиригача тўкиб-сочиб, - Ўша махлуқ ҳақида қилғиликни қилишга киришишдан олдин ўйлаш керак эди.
Қоронғилик қаъридан Хагрид, унинг кетидан эса Сўйлоқтиш чиқиб келди. Хагриднинг қўлида арбалет, елкасида ўққа тўла садоқ кўринди.
- Ниҳоят, - деди у, - Ярим соатдан буён кутаман-а. Гарри, Гермиона, ишлар жойидами?
- Уларнинг кўнглига қарашни бас қил, Хагрид, - совуқ муомала қилди Филч, - Улар бу ерга, пировардида, дўстона суҳбат учун эмас, жазо ўташ учун юборилган.
- Шунинг учун ҳам кеч олиб келяпсан-ми уларни, а? Панд-насиҳат ўқибсан-да? - деди Хагрид қовоғини уйиб, - Ишингни бажардинг-ми, туёғингни шиқиллат. Бу ёғи билан ишинг бўлмасин. Ўзим амаллайман.
- Тонг саҳар қайтаман, - деди Филч, - Улардан қолган парчаларни олиб кетгани, - қўшиб қўйди у, разилона оҳангда.
Филч ўгирилиб, қаср томон йўл олди. Унинг қўлида силтаниб бораётган фонус узоқ вақт кўриниб турди.
- Мен ўрмонга кирмайман, - баёнот қилди Малфой, Хагридга юзланиб.
Драконинг овозида ваҳима оҳанги эшитилди.
- Агар «Хогварц»даги ўқишингни давом эттирмоқчи бўлсанг, киришингга тўғри келади, - дарғазаб жавоб қайтарди Хагрид, - У ёғини булғатиб қўйишни эплаганингдан кейин, бу ёғига жавоб беришни ҳам эплай билгин-да.
- Ўрмонга бориш малайлар иши! Ўқувчилар зиммасига бундай мажбурият юкланмаган! Бизга бирор-бир матнни кўчиришга мажбур қилишса керак деб ўйлаган эдим! Агар дадам билиб қолса борми бизни нималарга мажбур қилишаётганини...
- «Хогварц»да жорий этилган тартиб шунақа, билсанг агар, - бақириб берди Хагрид, - Қаранг-а, матн кўчириш эмиш! Маъниси нима унақанги жазонинг?! Фойдали иш қилиш ёки «Хогварц»дан туёқни шиқиллатишга тўғри келади, танла. Дадажонинг сени мактабдан ҳайдаб юборишларини маъқул деб топса, марҳамат, бор, лаш-лушингни йиғиштириб, тайёр бўлиб тур. Гапимни тушундинг-ми? Жўна!
Малфой ўрнидан қилт этмади. У Хагриднинг юзига нафрат билан тикилиб турди-да, бир оздан сўнг ерга қаради.
- Шундоқ бўлсин, - деди Хагрид, - Энди қулоқ солинг, гап мундай. Бугун қиладиган ишимиз ниҳоятда хавфли. Шахсан мен ҳаётингизни хавф остида қолдиришни мутлақо истамайман. Қани бир дақиқага бу ёққа келинг-чи.
Хагрид болаларни ўрмон четига бошлаб келиб, қўлидаги фонусни баланд кўтарди. Фонуснинг хира нури дарахтларнинг қоп-қора, йирик таналари орасидан ўтиб, кўринмай кетган илон-изи йўлакни базўр ёритди. Ўрмон ичкарисига қараган болаларнинг сочлари енгил эсган шамолдан тўзғиб кетди.
- Диққат билан қаранг, - гапини давом этди Хагрид, - Ердаги ҳў анави кумуш ранг доғни кўрдингиз-ми? Бу яккашоҳ нарвал қони. Уни кимдир яралаган... Шу ҳафтанинг ўзида бу иккинчи яраланган нарвал. Ўтган чоршанба куни биттасининг жасадини топиб олган эдим. Олдимизда турган вазифа, ушбу ярадор жониворни қидириб топиш. Топсак, эҳтимол муқаррар ўлимдан қутқариб қолишга улгурармиз.
- Агар нарвалнинг қотили биринчи бўлиб бизни топиб олса-чи, унда нима бўлади? - сўради Малфой, қўрқувини идора қила олмай.
- Агар менга ёки Сўйлоқтишга яқин юрсангиз, бу ўрмонда сизга зиён етказадиган ҳеч нарса йўқ, - тинчлантирди уни Хагрид, - Энг асосийси, йўлакда чиқиб кетмай юринг. Хўш. Биз иккита гуруҳга бўлинишимиз ва жонивор изидан ҳар томон боришимиз керак. Қонли из ҳамма жойда бор. Нарвал кечадан буён шу яқин атрофда айланиб юрибди.
- Мен Сўйлоқтиш билан бораман, - тез баёнот қилди Малфой, итнинг ўткир тишларига қараб.
- Яхши, - рози бўла қолди Хагрид, - Фақат огоҳлантириб қўйишим керак. Сўлоқтишнинг гавдаси молдай келгани билан ўзи мушукдан ҳам баттар қўрқоқ. Демак, Гарри билан Гермиона мен билан боришади, Драко билан Невилль эса Сўйлоқтишга шерик бўлишади. Энди энг муҳим гап. Нарвал кимга учраса, ўша киши яшил учқун сачратади, келишдик-ми? Қани, сеҳрли таёқчаларингни чиқариб машқ қилинглар-чи. Мана шундай. Баракалла. Агар кимга ёрдам керак бўлиб қолса, қизил учқун сачратади. Биз уни дарҳол излаб топамиз. Қисқаси эҳтиёт бўлинг. Қани, олға!
Ўрмонда зулмат ва сукунат қарор топган. Ҳеч қанча юрмай, улар йўл айрилишига етиб келишди. Гарри, Гермиона ва Хагрид чап томон, Малфой, Невилль ва Сўйлоқтиш эса ўнг томонга, оёқ остига қараб жим кетишди. Дам у ёқ, дам бу ёқда дарахт шохлари аро сингиб ўтган Ой нури хазон устидаги нарвал қонини кумуш-мовий тусда ялтиратиб кўрсатмоқда.
Гарри Хагриднинг хавотир олаётганини сезди.
- Эҳтимол яккашоҳ нарвалларни афсун билан бошқа тусга кирган махлуқ ўлдираётгандир?
- Ундай махлуқ нарвалларни бу қадар тез ўлдира олмайди. Яккашоҳ тутиш осон иш эмас. Нарвал табиатида ниҳоятда қудратли сеҳр кучи бўлади. Мен ҳаётимда ҳали яраланган яккашоҳ нарвални кўрмаганман.
Улар йўсин қоплаган катта тўнка ёнидан ўтишаётганида сув овози эшитилди. Чамаси шу яқин орада жилға оқиб ўтади, хаёлдан ўтказди Гарри. Илон изи кетган йўлакнинг ҳар ер, ҳар ерида нарвал қони кўринади.
- Ишлар қалай, Гермиона? - пичирлаб ҳол сўради Хагрид, - Жонивор шу даражада оғир яраланган экан, ўрмон ичига узоқ бора олмаган. Бу дегани, биз уни яқин орада... ДАРАХТ ОРТИГА БЕКИНИНГ!
 Хагрид дафъатан иккала болани катта қўли билан шартта чангаллаб кўтарди-да, тезлик билан йўлакдан олиб чиқиб, ниҳоятда улкан эман ортига яшириб қўйди. Шундан сўнг, садоқдан ўқ олиб, арбалетни ўқлади-да, қуролни кўтарганча, ҳар қандай фурсатда отишга ҳозирланди. Учовлон нафас ютиб, атрофга қулоқ тутди. Кимдир ёки нимадир яқин орада қуруқ хазон тепалаб ўтмоқда. Товуш тавсифидан худди кимнингдир эгнидаги узун кийим этаги хазонни енгил супуриб бораётгандай эшитилди. Хагрид кўзини қисиб олиб, йўлак кетган қоронғиликка зўр бериб қаради. Бир неча сония ўтгач, овоз тинди.
- Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим, - ғудуллади Хагрид, - Бу ўрмонда аслида бўлмаслиги керак алланима бор.
- Афсун билан бошқа тусга кирган махлуқ ўтди-ми? - сўради Гарри.
- Йўқ, бу махлуқ ҳам эмас, яккашоҳ нарвал ҳам эмас, - жавоб берди Хагрид, ғамгин овоз билан, - Хўш, ортимдан юринг. Фақат бу сафар янада ҳушёрроқ бўлинг.
Улар секин, атрофда сал бўлса ҳам эшитилган товушга диққат билан қулоқ солиб боришди. Бирдан олдинда, торгина ялангликда ниманидир шарпаси кўринди. Жонли шарпа эканлиги аниқ.
- Ким у? - қичқирди Хагрид, - Кўриниш бер. Мен қуролланганман!
Ялангликка чиққан одамми у ёки отми, тушуниб бўлмади. Белига қадар узун малла соч-соқол қўйган одам танаси, белидан нари эса малла думи ерга тегишига сал қолган тўриқ отнинг ялтираб турган танаси кўринди. Унга бақрайиб, ҳайрон қолган Гарри билан Гермионанинг оғзи ланг очилиб қолди.
- Ҳа, сенмисан, Ронан, ишлар қалай? - енгил тортиб сўради Хагрид, қўл бериб саломлашганча.
- Хайрли тун, Хагрид, - алик қайтарди Ронан, маъюс оҳангда, - Мени отмоқчимидинг?
- Авваламбор огоҳлик, Ронан, - деди кулиб Хагрид, арбалетни уриб-силаб, - Маконингиз бўлмиш ушбу ўрмонда аллақандай жирканч нарса пайдо бўлиб қолибди. Ҳа, айтгандай, танишинглар, Гарри Поттер ва Гермиона Грэнжер. Мактабимиз ўқувчилари. Болалар, бу Ронан. Кентавр[1].
- Фаҳмладик, - жавоб қайтарди Гермиона, оҳистагина.
- Хайрли тун, - салом берди Ронан, - Ўқувчи денг. Хўш, нимани ўргандингиз, мактабда?
- Эм-м-м...
- Ҳар соҳадан бир шингил, - камтаринлик-ла жавоб қайтарди Гермиона.
- Бир шингил? Ҳар қалай, йўқдан кўра бори яхши, - хўрсинди Ронан, осмонга қараганча бошини орқага ташлаб, - Миррих бугун ўзгача ярқираяпти.
- Рост айтасан, - жавоб қайтарди Хагрид осмонга қараб қўйиб, - Сени учратганимиз яхши бўлди, Ронан. Шу атрофда яраланган нарвал юрибди, кўрмадинг-ми уни?
Ронан жавоб қайтаришга шошилмади. У кўзини бир бор бўлсин, пирпиратмай узоқ вақт осмонга қараб турди-да, яна хўрсиниб қўйди.
- Энг биринчи қурбонлар доимо бегуноҳлар бўлган, - деди у, - Илгаридан шундай бўлиб келган ва бу қонуният шундайлигича, ўзгармас қолади.
- Ҳа, шундай, - эътироз билдирмади Хагрид, - Сен бирон-бир нарсани кўрмадинг-ми? Ғайриоддий ҳолатни пайқамадинг-ми?
- Миррих бугун ўзгача ярқираяпти, - такрорлади Ронан, Хагриднинг бетоқат нигоҳига аҳамият бермай, - Ғайриоддий тарзда ярқираяпти.
- Тўғри айтяпсан. Бироқ мен, ерга яқинроқ ғайриоддий нарса ҳақида сўраяпман, - тушунтириш берди Хагрид, - Демак сен ҳеч нарса сезмадинг.
Ронан бу сафар ҳам жавоб қайтаришга шошилмади.
- Ўрмонда сирли нарсалар жуда кўп, - деди у, ниҳоят.
Дарахтлар ортида эшитилган товуш Хагридни яна қурол кўтаришга мажбур қилди. Қоронғилик қаъридан яна битта, Ронанга нисбатан янада ёввойи қиёфага эга, қора танли қора соч кентавр кўринди.
- Салом, Бейн, - деди Хагрид, - Ишларинг жойидами?
- Хайрли тун, Хагрид, соғлигинг яши бўлса керак деган умиддаман.
- Соппа-соғман. Қулоқ сол, Бейн. Ҳозиргина Ронандан сўраб турган эдим. Сўнгги кунларда бирор-бир ғайриоддий нарсани кўрмадинг-ми? Кимдир яккашоҳ нарвални ярадор қилибди, эшитмадинг-ми?
- Миррих бугун ўзгача ярқираяпти, - деди Бейн осмонга қараганча, Ронаннинг ёнига яқинроқ келиб.
- Хабарим бор, - деди Хагрид, бир оз аччиқ оҳангда, - Хўп, майли. Агар бирортангиз бирор нарса кўриб қолсангиз, менга хабар беринг, яхшими? Биз эса йўлимизни давом этамиз.
Гарри билан Гермиона Хагриднинг ортидан эргашиб, иккала кентавр дарахтлар орасида кўринмай қолгунга қадар елка орқали ортга қараб-қараб боришди.
- Ҳеч қачон, - деди Хагрид энди очиқчасига ғазабланиб, - Ҳеч қачон бу аҳмоқ кентаврлардан тўғри жавоб олиб бўлмайди. Тентак мунажжимлар. Ойдан яқинроқ ишлар уларни мутлақо қизиқтирмайди.
- Улар кўпчилик-ми? - сўради Гермиона.
- Ҳа, оз эмас... Умуман айтганда, бундай махлуқлар ўзларини одамлардан четга тортиб юришади. Бироқ мен билан бир оз лақиллаб олиш учун ҳузуримга келиб туришади. Кентавр, мен сизга айтсам... жуда доно... ҳамма нарсадан бохабар махлуқ бўлади... фақат билганларини айтмайди.
- Муқаддам эшитилган товуш-чи, у ҳам кентаврмиди, нима деб ўйлайсан, Хагрид? - сўради Гарри.
- Туёқ товушига ўхшатдинг-ми, ўша товушни? Йўқ. У товуш нарвал қотилининг товуши эканлиги аниқ. Мен бундай товушни муқаддам эшитмаганман.
Улар зич ўсган қора дарахтлар орасидан базўр ўтиб боришди. Гарри юрган йўлида елка узра орқага қараб борди. Назарида уларни кимдир кузатганча, таъқиб қилиб келмоқда. Ёнида арбалет билан қуролланган Хагрид борлигини ўйлаган боланинг кўнгли бир оз таскин топди. Улар навбатдаги муюлишдан ўтишлари билан кутилмаганда Гермиона Хагриднинг қўлидан ушлаб, ўрмоннинг нариги томонига имо қилди.
- Хагрид! Анави томонга қара! Қизил учқун! Болалар бирон-бир фалокатга йўлиққанга ўхшайди!
- Сиз иккалангиз шу ерда кутинг! - югурганча бақирди Хагрид, - Йўлакдан чиқиб кетманг, мен тез қайтаман!
Хагриднинг ёш қарағайларни синдириб, пайҳон қилиб кетаётгани эшитилиб турди. Қўрқиб кетган болалар эса бир-бирига мўлтиллаб тикилганча қолишди. Ниҳоят тўполон тиниб, қоронғилик қаърида сукунат чўкди. Фақат дарахт баргларининг бош узра шилдираши эшитилмоқда.
- Улар ярадор бўлишмагандир, нима деб ўйлайсан? - сўради Гермиона.
- Агар Малфой яраланган бўлса, тупурдим унга. Ишқилиб Невиллга бирор кор-ҳол бўлмасин... Ахир бу ишга уни биз тортганмиз.
Дақиқалар жуда узоқ чўзилди. Икковлон қулоққа зўр бериб, шамолнинг сал бўлса ҳам кўтарилиши, бирор-бир новданинг тирсиллашига эътибор бериб турди. Нима гап ўзи? Қани қолганлар?
Ниҳоят, баланд эшитилган қарс-қурс Хагрид яқинлашаётганидан, унинг кетидан эса тўрт мучали бут-бутун Малфой, Невилль ва Сўйлоқтиш судралиб келишаётганидан далолат берди. Хагриднинг жаҳли чиққан. Букур одам ўлганда тузалади, деган нақл яна бир бор ўз тасдиғини топибди. Маълум бўлишича, Малфой, ўзининг жирканч табиатига хос тарзда ҳазиллашиб, Невиллни қўрқитиш мақсадида, унинг орқасига кутилмаганда ҳамла қилибди. Табиийки, Невилль, қўрқиб кетганидан сийиб қўйишига сал қолиб, қизил учқун сачратиб юборибди.
- Ўрмонни бошларингга кўтариб, тўполонини чиқариб юбордингиз. Бунақада ов бароридан келармиди? Хўш. Энди алмашамиз. Невилль билан Гермиона мен билан қолади. Гарри, сен Сўйлоқтиш билан мана бу аҳмоққа бошчилик қиласан. Мени маъзур сана, - қўшимча қилди Хагрид, Гаррининг қулоғига шивирлаб, - У сени қўрқитишга журъат эта олмайди. Вазифани эса бажармоқ даркор.
Шу тариқа, Гарри, ўзи, Малфой ва Сўйлоқтишдан иборат кичик гуруҳга бош бўлганча, зулмат қаърига кириб кетди. Улар деярли ярим соат ўрмон ичига, йўлак торайиб, ўтиб бўлмас бўлиб қолгунга қадар кириб боришди. Гаррининг назарида бу ерлардаги қон доғлари, худди челакдан сепилгандай, нисбатан кўп кўринди. Чамаси, жонивор жони оғриганидан ўзини ҳар жойга урганча, анча типирчилаган кўринади. Қадимий эманнинг бир-бирига қалин чирмашиб кетган шохлари орасидан сал наридаги кичик бир сайҳонликни кўриб қолган Гарри, Малфойни тўхтатиш учун қўлини ёнига узатди.
- Тўхта, анави томонга қара.
Ерда қандайдир оппоқ нарса ялтираб кўринди. Болалар аста яқин боришди.
Бу ҳақиқатан ҳам яккашоҳ нарвал жасади экан. Гарри ҳали ҳеч қачон бундай гўзал ва айни пайтда жуда ғамгин манзарани кўрмаган. Жонивор ерга қандай йиқилган бўлса, шундай қотиб қолган. Унинг узун, хушбичим оёқлари ён томонга ғалати узатилган. Чиройли боши эса қора хазон устида ярқираб турибди.
Гарри яна бир қадам ташлаши билан нам ерда сирпанганда чиқадиган товуш турган жойида қотиб қолишга мажбур қилди. Яланглик четидаги буталар қимирлади... Бир оздан сўнг, зулмат ичидан устига қайтарма қалпоқ ташлаб олган шарпа пайт пойлаб чиққан ҳайвон каби намоён бўлди. Уни кўрган Гарри, Малфой ва Сўйлоқтиш турган жойларида тошдай қотиб қолишди. Эгнига плаш ташлаб олган махлуқ яккашоҳ нарвал жасадига яқин келиб, жониворнинг биқинидаги яра устига энгашди-да, қон ялай бошлади.
- ААААААААА!
Малфой жон-жаҳди билан қичқирганча, қочиб қолди. Сўйлоқтиш ҳам ундан қолишмади. Қайтарма қалпоқ ташлаб олган махлуқ эса бошини кўтариб, Гаррининг кўзига тик қаради. Нарвал қони унинг жағидан томиб тургани яққол кўринди. Шундан сўнг, шартта ўрнидан турди-да, шиддат билан бола томон қадам босди. Болакай қўрқиб кетганидан ўрнидан қилт эта олмади.
Бирдан Гаррининг бошига ниҳоятда қаттиқ оғриқ кирди. У ҳали ҳеч қачон бундай оғриқ сезмаган. Пешонасидаги чандиқ гўё ўт олгандай қизиб кетди. Оғриқ ва ҳароратдан кўзи деярли кўрмай қолган Гарри четга тисарилди. Бир пайт орқа томондан туёқ товуши эшитилиб, нимадир елиб келди-да, боланинг устидан сакраб ўтиб, махлуққа ҳамла қилди.
Пешонасидаги оғриқ шу қадар кучайиб кетган эдики, Гарри тиззаси билан ерга чўккалаб қолди. Хуруж тахминан бир ёки икки дақиқа давом этгач, барҳам топди. Гарри бошини кўтара олганида, махлуқ кўринмади. Унинг рўпарасида кентавр турибди. Бироқ бу кентавр Ронан ҳам, Бейн ҳам эмас. Нисбатан ёш, сариқ сочли, танаси оқ кентавр.
- Ҳеч қаерингга шикаст етмади-ми? - сўради у, оёққа туришга уринган Гаррига кўмаклашиб.
- Йўқ, шикаст етмади, раҳмат. У нима эди?
Кўзи хира ёқутдай мовий кентавр Гаррини диққат билан кўздан кечириб чиқиб, нигоҳи боланинг пешонасидаги қизариб кетган чандиқда тўхталиб қолди.
- Сен Поттермисан? - сўради кентавр, - Яхшиси Хагриднинг ёнига борганинг маъқул. Сутканинг тунги соатларида бу ўрмон хавфсиз эмас. Айниқса сен учун. От минганмисан? Устимга миниб ол. Шундай қилсак, иш тезроқ битади. Менинг исмим Фиренце.
Фиренце олдинги оёғига тиз чўкди-да, устига чиқаётган болага кўмаклашиб юборди. Сайҳонликнинг нариги томонидан туёқ товуши эшитилиб, буталар узра сакраб ўтган, терлаган биқинлари ялтираётган Ронан билан Бейн кўринди.
- Фиренце! - қичқириб юборди Бейн, - Кўзимга ишонмайман! Устингда одам ўтирибди-ми?! Шу қадар тубанлашиб кетдинг-ми? Хачирдан фарқинг қолмабди-ку!
- Сен бу боланинг кимлигини биласанми? - сўради Фиренце, - Бу Гарри Поттер. У ўрмонни қанчалик тез тарк этса, шунчалик яхши бўлади.
- Унга нималарни айтиб бердинг? - ўшқириб сўради Бейн, - Ёдингда бўлсин, Фиренце, биз Тангри иродасига аралашмасликка онт ичганмиз. Сайёралар ҳаракатидан яқин орада нималар содир бўлишини уқмадинг-ми?
- Ишончим комилки, Фиренце фақат яхшилик тилайди, - деди асабий ер тепсиниб турган Ронан, маъюс оҳангда.
- Яхшилик тилайди?! - орқа туёқлари блан шатта отди ғазаби қайнаган Бейн, - Бу ишларнинг бизга нима дахли бор? Кентаврларга фақат башорат қилинган ишлар дахл қилади! Эгарланган эшак каби яшаш бизга буюрилмаган!
Фиренце кутилмаганда олд оёғини баланд кўтариб юборди. Гарри, қулаб тушмаслиги учун унинг елкасини маҳкам ушлаб қолишга базўр улгурди.
- Бейн, сен анави яккашоҳ нарвал қисматини кўрмаяпсан-ми? - ғазаб-ла қичқирди у, - Нима мақсадда ўлдирилганини тушунмадинг-ми? Ёхуд бу гапни сайёралар сендан сир тутди-ми? Ўрмонимизга яшириниб олган душманга қарши мен, керак бўлса, одамлар билан елкама-елка туриб курашаман.
Фиренце шартта бурилди-да, шерикларини тарк этиб, нари сакраб кетди. Гарри бор кучи билан унинг елкасини ушлаб олди. Улар Ронан билан Бейнни ортда қолдириб, чакалакзорлар орасидан ўқдай елиб кетишди.
Гарри кентаврлар суҳбатининг маъно-мазмунини мутлақо тушунмади.
- Нима сабабдан Бейн бунчалик аччиқланди, - сўради у, - Сиз нимадан қутқаряпсиз мени?
 Фиренце югуришдан тўхтаб, аста одимлай кетди-да, болага паст осилган шохларга рўбару келмаслик учун бош эгиб боришни тайинлади. Лекин, Гаррининг саволига жавоб бермади. Йўл юриб боришар экан, иккаласининг орасидаги сукунат узоқ чўзилди. Фиренце гаплашишни истамаётган бўлса керак, хаёлдан ўтказди Гарри. Қалин чакалакзорлар орасига киргач, Фиренце таққа тўхтади.
- Гарри Поттер, яккашоҳ нарвал қони нима мақсадда қўлланилишини биласанми?
- Йўқ, - жавоб қайтарди Гарри, ғалати саволдан ҳайрон бўлиб, - Сеҳрли дамламалар тайёрлаш дарсида биз фақат унинг шоҳи ва дум тукларидан фойдаланиш ҳақида ўқиганмиз холос.
- Негаки, яккашоҳ нарвални ўлдириш ниҳоятда оғир жиноят саналади, - деди Фиренце, - Бундай ёвузликка фақат бу дунёда йўқотадиган ҳеч нарсаси бўлмаган, аммо ҳамма нарсага эга бўлишни истаган кишигина қўл уриши мумкин. Яккашоҳ нарвал қони ҳалокат ёқасига келиб қолган ҳолатда ҳам, омон қолишга имкон беради...Лекин бундай мавқе ниҳоятда қиммат туради. Киши ўзини шу тариқа асраб қолиши учун нарвал каби покдомон, ожиз ҳайвонни шафқатсиз ўлдириб, қонини ичиши даркор. Лекин, нарвал қони киши лабига тегиши ҳамоно, у кечирадиган ҳаётни ҳаёт деб бўлмайди. Негаки энди у, умрининг қолган қисмини қарғиш ва лаънатлар теккан махлуқ каби ўтказади.
Бола Фиренценинг сўзларини, ойдин тунда кумуш тус касб этган бошининг орқасига қараганча, диққат билан тинглаб ўтирди.
- Ким ҳам бундай ҳаётга рози бўлиб, мудҳиш жиноятга қўл уриши мумкин. Бир умр қарғиш ва лаънатлар остида яшаб юргандан кўра муносиб ўлим афзал эмасми? - фикр билдирди у.
- Мутлақо ҳақ гап гапирдинг, Гарри, - деди Фиренце, - Фақат куч-қудрат ва чексиз ҳукм суриш имконини ато этиб, боқий умр ҳадя этадиган яна бир ичимлик истеъмол қилишнинг имкони бўлмаса, бу гап ҳақ саналади. Болакай, мактабинг деворлари айни дамда нимани яшириб турганидан хабаринг борми?
- Фалсафий тошни! Гапингизни тушундим, Оби-Ҳаёт ҳақида айтдингиз! Аммо ким бўлиши мумкин ўша киши, ҳеч идрок эта олмаяпман.
- Наҳотки сен узоқ йиллардан буён ўз қудрати ва ҳукмини қайтариб олишни, бунинг учун вақти-соати келишини сабрсиз кутиб юрган ҳеч кимни билмайсан?
Шу тоб боланинг юрагини аллақандай кўринмас темир панжа сиқиб олгандай бўлди. Дарахт баргларининг шитирлаши Хагриднинг, Гаррини қидириб келган куни, денгиз қояси устидаги кулбада биринчи бор учрашган пайтда айтган сўзларини ёдга солди: «Баъзилар уни ўлганга чиқаришган. Бўлмағур гап! Киши ўлиши учун кам деганда одам бўлиши керак. У эса одам-подам эмас эди. Айримлар уни шу атрофда кезиб, қандайдир пайт пойлаб юрибди дейишади».
- Айтмоқчисиз-ки, - деди Гарри, ўз фикрини даҳшат-ла гапиришга ўзини базўр мажбур қилиб, - Айтмоқчисиз-ки, бу Вольде...
- Гарри! Гарри! Омонмисан, Гарри?
Уларнинг ёнига Гермиона югуриб келди. Кетидан эса ҳаллослаганча Хагрид яқинлашди.
- Ишлар жойида, - беихтиёр жавоб қайтарди Гарри, гапирган гапининг маъносини ўзи тушунмай, - Хагрид, яккашоҳ нарвал ўлибди. Жасади ҳў анави ерда, сайҳонликда ётибди.
Хагрид яккашоҳ нарвал жасади ётган сайҳонлик томон йўл олди.
- Шу ерда мен сени тарк этаман, - деди Фиренце, - Сен энди хавфсиз жойдасан.
Гарри унинг белидан сирпаниб тушди.
- Омад сенга Гарри Поттер, - тилак билдирди Фиренце, - Сайёралар ҳаракатидаги маъно-мазмун ҳатто кентаврлар томонидан ҳам янглиш талқин қилинган ҳолатлар бўлиб турган. Умид қиламанки, ҳозир айни шундай ҳолат такрорланмоқда.
У ўгирилиб, титраб турган Гаррини ортда қолдирганча, вазмин йўртиб кетди.
Дўстларининг қайтишини кутиб ўтирган Рон коллежнинг умумий меҳмонхонасида ухлаб қолган экан. Гарри уни туртганида квидиш қоидаси бузилганлиги тўғрисида алланарса деб бақириб юборди.
Уйғонгач, Гермиона билан биргаликда Гаррининг ўрмонда бўлиб ўтган ҳодисалар тўғрисидаги ҳикоясини диққат билан тинглаб ўтирди.
Кўрган-билганини камин қаршисида у ёқ, бу ёқ юриб сўзлаб бераётган Гарри ҳалигача титраб, бир жойда ўтира олмади.
- Снегг тошни Вольдемортнинг манфаатини кўзлаб ўғирламоқчи... Вольдеморт эса ўрмонда, ўз вақти-соатини кутиб юрибди. Биз эса Северуснинг бойиб кетиш пайига тушганлиги ҳақида янглиш хулоса чиқарган эканмиз...
- Унинг номини талаффуз этишни бас қил! - деди Рон, Вольдеморт эшитиб қолишидан қўрқиб кетганча, пичирлаб.
- Фиренце мени қутқариб қолди лекин у, бундай қилмаслиги керак экан... - деди Гарри дўстининг гапига аҳамият бермай, - Бундан хабар топган Бейннинг дарғазаб бўлиб кетганини кўрсангиз эди... Гапига қараганда, сайёралар ҳаракатидан уқиб олинадиган башоратларнинг вожиб бўлишига аралашиш мумкин эмас эмиш... Бейннинг танқидий фикрича, мен Вольдемортнинг қўлидан ўлим топишим, Фиренце эса бунга халал бермаслиги керак экан. Ўйлайман-ки, буни ҳам уларга ситоралар кўрсатиб берган.
- Унинг номини талаффуз этишни бас қиласанми-йўқми! - вишиллади Рон.
- Энди мен Снеггнинг Фалсафий тошни ўғирлаб чиқишини кутиб ўтиришим қолди, - изтироб чекиб давом этди Гарри, - Шундан сўнг, Вольдеморт ўрмондан чиқиб, мени асфаласофилинга равона эта олади... Хўш, бундан лоақал Бейннинг кўнгли таскин топади-ку, ҳар қалай.
Гермиона Гаррининг сўзларидан даҳшатга тушиб кетаётган бўлса-да, уни тинчлантиришга уриниб кўрди.
- Гарри, атрофдаги одамлар Дамблдорга ишонади. Ўзинг-Биласан-Ким фақат Дамблдордан ҳайиқади. Дамблдор ёнимизда экан Ўзинг-Биласан-Ким сенга тегишга журъат эта олмайди. Кентаврларнинг башорати ҳар доим ҳам тўғри эканлигига ким кафолат бера олади? Бу ахир фол очиш ёки астрологиядан[2] бошқа нарса эмас-ку. Профессор Макгонагаллнинг айтишича, булар афсунгарлик фанларининг жуда ноаниқ соҳалари экан.
Осмон ёриша бошлади. Болалар эса ҳанузгача суҳбат қуриб ўтиришибди. Шаштлари батамом барҳам топиб, овозлари хириллаб қолгач, ухлагани равона бўлишди. Бироқ тунги совғалар охирига етмаган экан.
Гарри адёлини очиб, батартиб тахлаб қўйилган кўринмас плаши ва унга қистириб қўйилган ёзувни топди:

Ҳар эҳтимолга қарши. Омон бўл, Гарри!





[1] Кентавр – юнон афсоналарида: ярми одам, ярми от махлуқ
[2] Астрология – илми нужум. Инсон тақдири ва тарихий ҳодисалар осмон жисмларининг вазиятига боғлиқ деб билган ва юлдузларга қараб фол очиш билан шуғулланган таълимот.


МУНДАРИЖА


Комментариев нет:

Отправить комментарий