суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ЕТТИНЧИ БОБ. САРАЛОВЧИ ШЛЯПА

Шу заҳоти дарвоза очилиб, остонада зумрад-зангори ридо кийган, баланд бўйли қора сочли афсунгар аёл кўринди. Унинг ниҳоятда жиддий қиёфасини кўрган Гаррининг ҳаёлига негадир, ушбу аёлга гап қайтармаган маъқул деган ўй келди.
- Профессор Макгонагалл, биринчи синф ўқувчилари етказиб келтирилди, - билдирув берди Хагрид.
- Миннатдорман, Хагрид. Раҳмат. Уларни ўзим бошлаб кираман.

Аёл дарвозани катта очди. Болалар кирган вестибюль шу қадар катта эдики, унга Дурслларнинг уйи бут-бутунлигича сиғиб кетишига шубҳа йўқ. Вестибюлнинг тош деворлари «Гринготтс» деворлари каби машъалалар воситасида ёритилган, шифти, бемалол томоша қиладиган даражада баланд, юқорига олиб чиқадиган ҳашаматли мармар зинапоя эса муҳташам ялтираб турибди.
Болалар, тош ётқизилган полга тантанавор қадам қўйганча, вестибюль орқали юриб профессор Макгонагалл ортидан эргашиб боришди. Ўнг томондаги эшик ортида юзлаб бўғиқ овозлар эшитилди. Юқори синф ўқувчилари йиғилиб бўлишган чамаси, хаёлдан ўтказди Гарри. Бироқ профессор Макгонагалл болаларни марказий залдан наридаги бўш хонага етаклади. Болалар бир-бирига, оддий вазиятдан кўра янада жипслашиб олганча, ғуж тўпланиб олиб, теварак-атрофга эсанкираб назар солиб, аланглашди.
- «Хогварц»га хуш келибсиз, - қутлади профессор Макгонагалл, - Ҳозир, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан расмий зиёфат бошланади. Бироқ Катта Залда ёзилган байрам дастурхони атрофига ўтиришингиздан олдин сизларни коллежларга тақсимлаб чиқмоқ даркор. Ўтказиладиган саралаш таомили – мактабимиздаги энг муҳим маросимлардан бири саналади. Негаки, мактаб даргоҳида экансиз, сизнинг коллежингиз – сизнинг оилангиз демакдир. Сиз ўз коллежингиз биносида таҳсил кўрасиз, ўз коллежингиз ётоқхонасида ухлайсиз, бўш вақтингизни ҳам ўз коллежингизнинг умумий меҳмонхонасида ўтказасиз.
Профессор Макгонагалл болаларга диққат билан назар солиб чиқди.
- Мактабимизда, - давом этди у, - тўртта коллеж бўлиб, улар «Гриффиндор», «Хуффльпуфф», «Равенкло» ва «Слизерин» деб номланади. Ҳар бир коллеж ўзининг жуда қизиқарли ва улуғвор тарихига эга. Уларнинг ҳар бирини машҳур сеҳргарлар, атоқли афсунгарлар, ўз даврида таҳсил кўриб, тамомлашган. «Хогварц»да экансиз эришган ҳар қандай ютуғингиз учун сизнинг коллежингизга балларнинг муайян миқдори қўшиб борилади, жорий этилган қоидаларни ҳар қандай тарзда бузганлигингиз учун эса баллар тегишлича айириб борилади. Ўқув йили ниҳоясида энг кўп балл тўплашга эришган коллеж алоҳида кубок билан мукофотланади. Ёдингизда бўлсин бу ниҳоятда нуфузли мукофот саналади. Ишончим комилки, ҳозир саралаб олинадиган ҳар бир ўқувчи ўз коллежининг фахрига айланажак.
Айтилган гап маъноси болаларнинг онгига етиб бориши учун бўлса керак, у яна бир оз танаффус қилди.
- Саралаш таомили, - давом этди профессор Макгонагалл, - Бир неча дақиқадан сўнг, барча ўқувчи ва ўқитувчилар гувоҳлигида бошланади. Вақтни зое ўтказмай, маросим бошлангунга қадар ташқи кўринишингизни тартибга келтириб олишингизни таклиф қиламан.
Аёлнинг нигоҳи Невиллнинг илгаги чап қулоғи остига қадар тортилиб қолган ридоси ва Роннинг кир бурнида бир дақиқа ушланиб қолди. Гарри шоша-пиша соч тўғрилашга киришиб кетди.
- Ҳамма нарса тайёр бўлгач, қайтаман, - деди профессор Макгонагалл, - Фақат илтимос, шовқин солманг.
Афсунгар аёл чиқиб кетгач, Гарри ютиниб қўйди.
- Факультетларга қай тарзда тақсимлашади? - сўради у, ёнида турган Рондан.
- Қандайдир синовдан ўтказишса керак. Фреднинг айтишича, ушбу синов жуда қаттиқ оғриқ билан ўтар эмиш. Мен унинг сўзларига ишонмайман, у доимо мазах қилиб, ҳазиллашгани-ҳазиллашган.
Гаррининг юраги товонига тушиб кетди. Синов?! Бутун мактабнинг кўз ўнгида-я? Ахир у ҳали бирон-бир сеҳр усулини билмайди-ку, энди нима бўлади? Мактабга етиб келишлари билан синовдан ўтказишларини умуман кутмаган. Боши қотиб, атрофга қаради. Қолганларни ҳам шундай ваҳима босган. Ёд олган афсунлари ҳақида алланарса пичирлаб, қайси бирини сўраб қолишлари мумкинлигини тахмин қилиб турган Гермиона Грэнжердан бошқа, ҳамма жим. Ҳали ҳеч қачон бу қадар асабийлашмаган Гарри унга қулоқ тутмасликка уринди. Ҳатто ўқитувчисининг ясама сочини номаълум усул ила кўк рангга бўяб қўйганлиги ҳақида мактаб директори номидан ёзилган шикоятни Дурслларга олиб келаётганида ҳам, бу қадар асабийлашмаган. Гарри полга тикилиб қолди. Ҳозир профессор Макгонагалл чиқиб келади-да, уни шарманда қилгани олиб киради.
Айни шу фурсатда шундай бир ҳодиса рўй бердики, Гарри, қўрқиб кетганидан ердан сал кам бир метр тепага сакраб тушди. Унинг орқасида турган болалардан бир нечтаси эса юракни эзиб юборадиган даражада дод солишди.
- Нима бу?!
Хонанинг орқа девори ичидан кам деганда йигирмата арвоҳ кетма-кет чиқиб қолса бўладими. Гарри, қолган болалар каби, даҳшатга тушганидан бўғилиб, овози чиқмай қолди. Садафдек оппоқ, ярим шаффоф арвоҳлар бир-бири билан суҳбат қуриб боришганча, болаларга эътибор ҳам қаратмай ўтишди. Афтидан, арвоҳлар қандайдир масала юзасидан баҳс қилишмоқда.
- Унутиш ва узр айлаш даркор, - таъкидлади тўладан келган, паст бўйли роҳиб арвоҳи, - Биз унга яна бир карра имкон беришимиз керак...
- Қадрли роҳиб, ахир биз Дрюзгга бор имконларни тўла-тўкис ҳавола этмадик-ми? У барчамизга иснод келтирмоқда. Бунинг устига, хабарингиз бор, у тамомила арвоҳ ҳам эмас...
- Ие, сизлар нима қиляпсизлар бу ерда? - сўраб қолди панталон кийиб, ёқасининг четига жабо[1] тақиб олган арвоҳ болаларга дафъатан эътибор қаратиб.
Ҳеч ким унга жавоб қайтармади.
- Янгилар! - хитоб қилди Семиз Роҳиб, ҳаммага баравар кулиб қарар экан, - Саралаш таомили бошланишини кутиб турибсизлар-ми?
Бир неча болалар бош ирғишди.
- Умид қиламан-ки, сизлар «Хуффльпуфф»га тушасизлар! - тилак билдирди Роҳиб, яқинида турган болаларга қараб, - Мен ўша факультетни тамомлаганман, тушундингиз-ми?
- Сафлан! - янгради хонага қайтиб келган профессор Макгонагаллнинг қатъий овози, - Саралаш таомили бошланди!
Арвоҳлар ҳам олд девор орқали ғойиб бўлиб, хонани тарк этишди.
- Сафланинг, саф тортинг, - илдамлатди профессор Макгонагалл, - Ортимдан, олға.
Қўрқиб кетганидан оёғи қўрғошин қуйгандай оғирлашиб кетган Гарри, сочи сарғиш-қум тусли бола ортига турди, Рон эса Гаррининг орқасидан эргашди. Саф тортган болалар қўшалоқ эшик орқали Катта Залга бўшашиб кириб боришди.
Дунёда бундай ғаройиб ва гўзал жой бўлишини Гарри тасаввур ҳам қила олмаган. Катта Зал, атрофида юқори синф ўқувчилари ўтиришган тўртта узун стол устида муаллақ осилиб турган минглаб шамлар воситасида ёритилган. Столларга ёзилган дастурхонлар эса олтин идиш ва қадаҳлар билан безатилган. Катта Залнинг нариги томонида яна битта, ўқитувчилар учун алоҳида стол ўрнатилган. Профессор Макгонагалл биринчи синф ўқувчиларини айни ўша стол томон эргаштириб бориб, ўқитувчилар столига орқа ўгириб, ўқувчиларга юзлантириб қўйди. Янги келганларга Катта Залдаги юзлаб ўқувчиларнинг юзлари қоронғиликда аранг кўринаётган фонусларга ўхшаб қараб турибди. Ҳар жой-ҳар жойда болаларни ўлгудай қўрқитиб юборган арвоҳларнинг хира кумушга ўхшаш шарпалари кўринмоқда. Гарри ўзига қаратилган нигоҳлардан кўзини олиб қочиш учун юқорига юзланиб, юлдузлар сочиб юборилган қора бахмалга ўхшаш шифтни кўрди. Унинг қулоғига Гермионанинг пичирлаб айтган сўзлари эшитилди:
- Шифт шундай сеҳрланганки, гўё юлдузларга тўла ҳақиқий самога ўхшаб кетади. Мен бу ҳақда «Хогварц» тарихи»да ўқиган эдим.
Бу чиндан ҳам шифт ёки осмон эканлиги, «Хогварц» тўғридан-тўғри космосга қараб йўл олган-олмаганлигини текшириб кўришнинг иложи йўқ.
Профессор Макгонагалл индамай келиб, биринчи синф ўқувчиларининг қаршисига тўрт оёқли курси, курси устига эса ҳаддан ташқари кир, аъзойи-бадани ямоқ бўлиб, роса эскириб кетган чўққидор шляпани қўйди. Петунья хола бундай шляпани уйда сақлашга ҳеч ҳам розилик бермаган бўлар эди, хаёлдан ўтказди Гарри.
Кўзбойлоқчилик ҳунарини намоён қилиб, шляпа остидан қуёнга ўхшаш бирон-бир нарса чиқариб бериш керакмикан, даҳшатли фикр келди Гаррининг ҳаёлига. Катта Залдагилар диққат билан шляпага қараб турганини кўриб, у ҳам шляпага юзланди. Бир неча сония давомида Катта Залга мутлақ сукунат чўкди. Кутилмаганда шляпа жойидан қўзғалиб, четида оғизга ўхшаш тешик ҳосил бўлгач, қўшиқ айтишга киришиб кетди:

Хунукдирман, эҳтимол,
Қиёфамни айбситманг,
Мендай доно шляпа йўқ,
Қидириб, сарсон бўлманг.
Қозон шляпа юмалоқ,
Цилиндрлар узунчоқ,
Саралашдек маҳорат
Уларда йўқ, гапим ҳақ.
Мен билмаган сирлар йўқ,
Бўлсин ёш кўнглингиз тўқ,
Кийинг мени кўрамиз,
Факультетни биламиз.
«Гриффиндор»нинг йўлида
Фақат мардлар борарлар,
Асрлар бўйи улар
Шон-шуҳрат қозонарлар.
Нодон, аҳмоқ бўлсангиз
«Хуффльпуфф»га бормайсиз,
Унда таҳсил кўрганлар
Нопоклигин билмайсиз.
Кекса, доно «Равенкло»
Ақли тезни олади,
Ким ўқишни ёқтирса,
Ўз йўлини топади.
«Слизерин»ни хоҳларсиз
Унда кўп дўст топасиз,
Айёрлик-ла барчангиз
Мақсадга эришасиз.
Келинг, кийинг, ҳеч қўрқманг!
Ҳаяжонланманг, қўйинг,
Қўлларим бўлмаса-да,
Ишончлиман мен, билинг,
Сиз курсига ўтиринг,
Ўйлашни менга қўйинг!

Шляпа қўшиғини тамомлаши ҳамоно Катта Зал қарсаклардан портлаб кетгудай бўлди. Шляпа тўртта столнинг ҳар бирига алоҳидадан таъзим айлаб, қимир этмай туриб қолди.
- Демак, биз бор-йўғи шляпани кийиб кўришимиз керак холос эканда! - шивирлаганча хитоб қилди Рон, - Фредни ўлдираман. Синов давомида аллақандай мудҳиш тролль[2] билан яккама-якка кураш тушасан, деб ёлғон гапирган экан менга!
Гарри аста кулиб қўйди. Шляпа кийиб кўриш, аллақандай, ўзинг билиб-билмайдиган, тушуниб-тушунмайдиган афсун ўқиб беришга нисбатан осон кечади, албатта, хаёлдан ўтказди у, бироқ ҳар қалай, бу иш бутун мактабнинг кўз ўнгида бўлмагани афзалроқ эди. Қўшиқ мазмунига кўра, Шляпа етарлича қатъий талаб қўядиган кўринади. Гарри ўзини мард деб ҳам, ақли тез деб ҳам билмайди, яна нима эди, ишқилиб қолган талабларга ҳам тўла-тўкис жавоб беришига ишонмайди. Агар Шляпа, қўрққанидан кўнгли айниб кетадиган ўқувчилар ўқийдиган коллеж ҳақида куйлаганда, айни муддао бўлиши мумкин.
- Диққат! - эълон қилди, қўлига узун пергамент ўрамини олиб қайтган профессор Макгонагалл олдинга чиқиб, - Мен номларингни бирма-бир ўқиб бораман, сизлар эса сараланишларинг учун бошларингга шляпани кийиб, курсига ўтиришларинг даркор, - тушунтирди у, - Аббот, Ханна!
Оқ сариқ сочларини майда қилиб ўриб олган қизил юзли қизалоқ қоқилганча, сафдан чиқди-да, бошига шляпани кийиб, курсига ўтириб олди. Бир дақиқали танаффусдан сўнг шляпанинг:
- «Хуффльпуфф!» - деган эълони эшитилди.
Ўнг томондаги стол атрофида ўтирганлар қарсак чалиб, қичқириб юборишди. Ханна ўша стол томон бориб, кўрсатилган жойга ўтирди. Гарри Семиз Роҳибнинг арвоҳи қизалоққа қўл силтаганини кўриб қолди.
- Боунс, Сьюзен!
- «Хуффльпуфф!» - яна бақирди шляпа.
Қизалоқ Сьюзен чопқилаганча бориб, Ханнанинг ёнига ўтирди.
- Бут, Терри!
- «Равенкло!»
Бу сафар чап томондаги стол атрофидагилар қарсак чалиб юборишди. Терри уларга яқин борганида бир неча равенклоликлар ўринларидан туриб, боланинг қўлини сиқишди.
Мэнди Брокльхёрст ҳам «Равенкло»га равона бўлди. Бироқ Лаванда Браун исмли қизча чап томондаги девор ёнида турган, қарсаклардан кўтарилиб кетишига сал қолган «Гриффиндор» столига биринчи бўлиб қўшилган янги ўқувчи қиз бўлди. Гарри Роннинг эгизак акалари мушукларга ўхшаб айюҳаннос солишганини эшитди.
Миллисент Бичешейдер исмли қизча эса «Слизерин»га қабул қилинди. Эҳтимол Гарри ўз тасаввурларига ҳаддан ортиқ эрк бериб юборгандир, бироқ «Слизерин» ҳақида эшитишга улгурган шунча гап-сўзлардан кейин ўша коллежда таҳсил кўрадиганлар ёқимсиз кишилар, деган хулосага борди.
Унинг кўнгли кучли айниб, мактабда ўқиб юрган кезларини, хусусан, жисмоний тарбия дарсида ҳар хил ўйин жамоалари қай тарзда тузилганлигини эслади. Уни маълум бир жамоага, одатда, энг охирида қабул қилишар эди. Бунга Гаррининг ёмон ўйнаши эмас безори Дудли Гаррининг ўйинини ҳамма ёқтирар экан, деган хаёлга бормаслиги асосий сабаб бўлган эди.
- Финч-Флетчи, Жастин!
- «Хуффльпуфф!»
Шляпа коллеж номини, баъзан курсига навбатдаги ўқувчи ўтириши ҳамоно эълон қилаётгани, баъзан эса маълум вақт ўйлаб кўргач, қарор қабул қилаётгани кузатилди. Сафда, Гаррининг олдида турган Симус Финниган исмли сочи сарғиш-қум ранг бола курсида қарийб бир дақиқа ўтиргандан сўнггина, шляпа уни «Гриффиндор»га тайинлади.
- Грэнжер, Гермиона!
Гермиона курси томон деярли югурганча ошиқиб, шляпани иштиёқ билан чаккасига қадар тушириб, кийиб олди.
- «Гриффиндор!» - қичқирди шляпа.
Эълонни эшитган Рон инграб юборди.
Кутилмаганда Гаррининг хаёлига келган ўй, асабийлашган кишининг хаёли каби саросимага солиб қўйди. Агар мана бу Сараловчи шляпа уни «Хогварц»га номуносиб деб топса нима бўлади? Агар профессор Макгонагалл келиб, унинг бошидаги шляпани шартта ечиб, қандайдир англашилмовчилик рўй берибди, станцияга қайтиб кетганинг маъқул дегунга қадар бошидаги шляпа билан курсида ўтираверса, нима бўлади?
Қурбақасини доимо йўқотиб юрган Невилль Лонгботтом курси томон юриб, ерга қулаб тушди. Шляпа Невиллни қаёққа тайинлашни узоқ ўйлаб қолди. Ниҳоят у, «Гриффиндор!» коллежини эълон қилди. Невилль ўрнидан туриб, бошидаги шляпа билан курсидан нари кетиб қолди ва залда ўтирганларнинг баланд қаҳҳаҳалари остида ёнбош юриб, шляпани Мораг Мак Дугалга узатишига тўғри келди.
Ўз исмини эшитган Малфой ғурур-ла олдинга чиқди. Унинг истаги шу заҳоти вожиб бўлди. Бошига ҳали етиб бормаган бечора шляпа «Слизерин!» деганча қичқириб юборди.
Ўзидан ўзи чексиз миннатдор Малфой, «тана қўриқчилари» Краббе билан Гойл ёнига қайтди.
Сафдаги болалар сони тобора камайиб бормоқда.
«Мун»... «Нотт»... «Паркинсон»... эгизак қизалоқлар «Патил» ва «Пэтил»... улардан кейин «Салли-Энн Перкс» ва ниҳоят:
- Поттер, Гарри!
Унинг номи талаффуз этилиб, сафдан чиқиши ҳамоно:
- Исмини нима деди? - баралла сўради Катта Залда ўтирган ўқувчиларнинг деярли барчаси, - Поттер деди-ми? Бу ўша Гарри Поттер-ми?
Бошига кийдирилган шляпа кўзини бекитиб қўйишидан олдин Гарри, Катта Залда ўтирган жамики одамлар ўрнидан қалқиб тик туриб олишгани, арвоҳлар эса атрофини ўраб олишганини кўриб қолди. Навбатдаги фурсатда шляпанинг қора астари кўзини тўсгач, тақдирини ҳал этадиган эълонни кутди. Катта Залга сув қуйган каби сукунат чўкди.
- Ҳмм, - эшитилди Гаррининг қулоғига паст овоз, - Қийин ҳолат. Ниҳоятда мураккаб вазифа. Жуда мард эканлиги яққол билиниб турибди. Зеҳни ҳам ўткир, истеъдоднинг ўзгинаси-я. Э Худойим, ўзини намоён этишга бўлган иштиёғини айтмайсиз-ми, айнан шуниси қизиқда. Қаёққа йўлласам экан сени?
- Фақат «Слизерин»га эмас, «Слизерин»га эмас, - ичида илтижо қила бошлади Гарри, курси четини маҳкам ушлаб олганча.
- «Слизерин»га эмас дегин? - сўради паст эшитилаётган овоз, - Ишончинг комилми? Сен у ерда буюк сеҳргар бўлиб етишишинг мумкин. Бунинг учун табиатингда етарлича қобилият бор. «Слизерин» эса сени шуҳрат чўққисига олиб чиқади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Истамайсан? Йўқ? Нима ҳам дердим, ишончинг комил экан – «Гриффиндор»га борасан!
Шляпа сўнгги сўзларни бутун Катта Зални бошига кўтариб қичқирди. Гарри шляпани ечиб, оёғи қалтираганча, ўзини гўё елкасидан тоғ ағанагандай ҳис этиб, «Гриффиндор» столи томон йўл олди. Ҳар қалай мактабга қабул қилишди, бунинг устига «Слизерин»га юборишмади. Ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳис этганидан, уни бутун Катта Зал бор кучи билан олқишлаётганини пайқамай қолибди. Синфбоши Перси ўрнидан туриб, Гаррини қарши олганча, қўлини сиқди. Эгизак Уэслилар эса чираниб:
- Поттер биз билан! Поттер биз билан! - деганча, жон-жаҳд билан айюҳаннос солишди.
Гарри жабо тақиб олган арвоҳнинг қаршисига келиб ўтирди. Арвоҳ Гаррининг қўлига енгил уриб қўйди. Бола қўлини бир челак муздай сувга ботириб олгандай бўлди.
Ана энди Мўътабар Столга разм солиб қараш мумкин. Столнинг Гаррига яқин четида Хагрид ўтирибди. Хагрид Гаррининг нигоҳини тутиб олгач, икка қўлининг бош бармоқларини кўтариб кўрсатди. Гарри табассум-ла жавоб қайтарди. Мўътабар Стол марказидаги олтиндан тайёрланган катта тахтда эса Альбус Дамблдор ўтирибди. Поезддаги шокобақа дастаси ичидан чиққан суратни эслаган Гарри Дамблдорни дарҳол таниди. Дамблдорнинг бутун Залда ягона кумуш боши арвоҳларнинг таналари каби ялтираб кўринмоқда. Гарри «Тешик қозон»да учратган асабий профессор Белкани ҳам таниди. Тўқ қизил салласи уни ғалати, жўясиз кўрсатмоқда.
Бу вақтга келиб, сафда бор-йўқ тўрт нафар сараланмаган бола қолди. Бўйи Рондан ҳам новча Томас Дин «Гриффиндор»га қабул қилиниб, Гаррининг ёнига келиб ўтирди. Тюрпин Лиза исмли қизалоқ «Равенкло»га йўлланди ва шундан сўнг, навбат Ронга етди. Бечоранинг юзи аллақачон оч яшил бўлиб қолган. Гарри стол остидаги бармоқларини насроний иримга амал қилганча, чалиштириб олди. Сония ўтгач, шляпа: «Гриффиндор!» деб, бақириб юборди.
Гарри ўртоғи ёнидаги курсига келиб, ўзини курсига ташланганига қадар унинг шарафига қарсак чалиб турди.
- Жуда яхши, Рон, баракалла, - деди ҳашаматлилик билан Перси Уэсли, Цабини Блейз «Слизерин»га тайинлангани эълон қилинганида.
Ниҳоят профессор Макгонагалл пергаментни ўраб, Сараловчи шляпани қўлига олганча, нари кетди.
Гарри стол устида турган бўш тилла ликопга қараб, қорни очганлигини ҳис этди. Поездда еган қовоқ печеньелар, унинг ҳаётида юз йил бурун бўлган эди гўё.
Севинчдан порлаб тургани сезилаётган Альбус Дамблдор ўрнидан туриб, ўқувчиларга юзланганча қўлларини кенг очди. Ушбу Катта Залда бола тўплангани, унинг ҳаётидаги энг бахтиёр кундай эди, чамаси.
- Хуш келибсиз! - хитоб қилди у, - «Хогварц»нинг янги ўқув йилига келганингиз билан барчангизни қутлайман! Зиёфат бошлашдан олдин бир оғиз сўз айтмоқчиман сизга. У ҳам бўлса: Тютя! Рева! Рвакля! Цап! Раҳмат!
Дамблдор жойига ўтирди. Катта Залда ўтирганлар шодиёна қичқириб, қарсак чалди. Бироқ Дамблдордан кўзини узмаган Гарри нимадан хурсанд бўлиш кераклигини тушунмади.
- Томи жойидами? - гумонсираб мурожаат қилди Персига қараб.
- Томи жойидами, дейсанми? - ҳайрон бўлиб сўради Перси, - У авлиё! Жаҳоннинг энг зўр сеҳргари! Бироқ сен қайсидир маънода ҳақсан, томи ҳақиқатан ҳам батамом жойида эмас. Картошка солиб берай-ми?!
Нигоҳини столга қаратган Гаррининг оғзи ҳайратдан ланг очилиб қолди. Ҳозиргина бўм-бўш турган тилла идишлар Дамблдорнинг тушунарсиз сўзлари ила турли-туман таомлар билан тўлиб-тошганидан стол синиб кетгудай бўлиб қолибди. Бола ҳаёти давомида бу қадар мазали таомларнинг бир столда, бир вақтда бўлишини муқаддам кўрмаган: ростбиф[3], қовурилган жўжа, чўчқа билан бузоқнинг тўқмоқлаб юмшатилган гўшти, сосискалар, бекон[4], стейк[5], қовурилган картошка, қайнатиб пиширилган картошка, фри усулида қовурилган картошка, Йоркшир пудингги[6], нўхат, сабзи, қайла, кетчуп ва нима учун дастурхонга қўйилганлигини идрок этиш қийин бўлган ялпизтаъм обакидандон. Буларнинг бари унинг ихтиёрига ҳавола этилган.
Умуман айтганда, Дурсллар Гаррини оч қолдириб, силласини қуритишмаган, албатта. Бироқ бола, ўша хонадонда бирор маротаба бўлсин, қорни тўйиб овқатланмаган. Бундан ташқари, дастурхонда Гаррини қизиқтирган ҳар қандай нарсани Дудли, гарчи егиси келмай, бўкиб қолганидан кўнгли айниб турган бўлса ҳам, чангаллаб олади. Гарри, обакидандондан ташқари, столдаги таомларнинг ҳаммасидан оз-оздан солиб, ликопини симига қадар тўлдириб олди. Таомлар жуда мазали экан.
- Кўриниши ёмон эмас, - деди стейкни ғажишга киришган Гаррига қараб турган жаболи арвоҳ маъюс оҳангда.
- Сиз-чи, емайсизми ёки ман этилганми?...
- Мен сўнгги бор тўрт юз йил муқаддам овқатланганман, - жавоб қайтарди арвоҳ, - Овқатланишимга ҳожат йўқ, бироқ очиғини айтганда, бусиз зерикарли бўлар экан. Чамаси, ўзимни таништирмадим, а? Сэр Николас де Мимси-Порпиньон, хизматингизга мунтазирман. Қароргоҳим «Гриффиндор» минорасида.
- Сизнинг кимлигингизни биламан! - кутилмаганда фикр билдирди Рон, - Акаларим сиз ҳақингизда айтиб беришган. Сиз Деярли Бошсиз Никсиз, шундайми?!
- Мени, - совуқ оҳангда жавоб қайтарди арвоҳ, - Ўз исмим билан чақиришингизни, яъни Сэр Николас де Мимси...
- Деярли Бошсиз? Қандай қилиб деярли бошсиз бўлиш мумкин? - гапга аралашди Симус Финниган.
- Қандай бўлиш мумкин? - деди суҳбат ўзи тахмин қилган йўсинда бормаганидан эсанкираб қолган Сэр Николас, - Мана бундай бўлиши мумкин!
Жаҳли чиққан арвоҳ чап қулоғини маҳкам ушлаб, қаттиқ тортди. Унинг боши бўйнидан шартта ажралиб, худди ошиқ-мошиқда тутиб турилгандай чап елкасига оғиб қолди. Афтидан кимдир Сэр Николаснинг бошини танасидан жудо қилишга уринган-у, ишни охиригача етказмаган кўринади. Деярли Бошсиз Никнинг ушбу қилиғини кўрган болалар эси-ҳушини йўқотиб қўйди.
Кўрсатган таъсиридан ўзи мамнун бўлган Деярли Бошсиз Ник бошини абжирлик билан жойига ўрнатиб, йўталиб олдида:
- Хўш, янги гриффиндорчилар! Умид қиламан-ки, лоақал сизлар кубокни қўлга кирита оларсизлар? «Гриффиндор» ғалаба қозонмаганига анча йил бўлди. Слизеринчилар кетма-кет олти йилдан буён мактаб кубогини қўлда сақлаб келишмоқда! Қонхўр Барон мутлақо бадҳазм бўлиб кетди. Унинг қароргоҳи «Слизерин»да.
Гарри ортга ўгирилиб қаради. «Слизерин» столида кўз чаноғи бўм-бўш, юзи мудҳиш, эгнидаги кийими кумуш тусли қонга беланган даҳшатли арвоҳ ўтирибди. Арвоҳ Малфойнинг ўнг томонида ўтирганлиги, Драко эса ўз навбатида, бундай қўшничиликдан хурсанд бўлмаганлиги Гаррига кулгили кўринди.
- Нима сабабдан, унинг эгни қонга беланган? - қизиқсиниб сўради Симус.
- Сабабини сўраганим йўқ, - одоб-ла жавоб қайтарди Деярли Бошсиз Ник.
Қорин тўйганидан сўнг, тарелкалардаги овқат қолдиқлари йўқ бўлиб, идишлар боз ярқираб қолди. Фурсат ўтгач, десерт, хусусан: бир дунё, тасаввур этса бўладиган барча турдаги музқаймоқлар, олмали пироглар, қуюқ шиннили тортлар, шоколадли эклерлар[7], кўпчитиб пиширилган мурабболи кулчалар, трюфеллар[8], қулупнай, желе[9], гуруч пудинг кабилар пайдо бўлди.
Гарри қуюқ шиннили торт еб ўтирар экан, суҳбат қариндош-уруғлар мавзусига бурилиб кетди.
- Мен чала зот сеҳргарларга мансубман, - маълум қилди Симус, - Дадам магл. Ойим турмушга чиққунга қадар афсунгар эканлигини дадамга айтмаган. Бу дадам учун чинакам кутилмаган совға бўлган.
Ҳамма кулиб юборди.
- Сен-чи, Невилль? - қизиқди Рон.
- Мени афсунгар бувим тарбиялаган, - гап бошлади Невилль, - Умуман айтганда, оиламизнинг барча аъзолари мени магл эканлигимга юз фоиз кафолат беришган. Бувамнинг Алги исмли акаси менда сеҳргарлик аломати бор-йўқлигини текшириш учун кутилмаган синовлардан ўтказиб борди. Бироқ саккиз ёшга тўлгунимга қадар унинг қўлидан ҳеч нарса келмади. У ҳатто Блэкпул сув ҳавзасидаги бурундан ҳам итариб ҳам юборди мени. Чўкиб, ўлиб кетишимга бир бахя қолди. Кунлардан бир куни Алги бувам уйимизга меҳмонга келиб, оёғимдан тутиб олганча, иккинчи қаватдан бошимни осилтириб ушлаб турди. Худди ўчакишгандек, айни шу фурсатда бувимнинг Энид исмли синглиси хонага кириб, Алги бувамга, унинг қилиғини билмаган ҳолда, албатта, меренга[10] таклиф қилиб қолса бўладими. Ширинликни ўлгудай яхши кўрадиган очкўз бувам мени бехосдан қўйиб юбориб, қўлини меренгага узатди. Аммо мен ерга тушмадим. Бутун боғ узра сакраб ўтиб, катта йўлга қўндим. Қариндошларим шундай мамнун бўлишдики, таърифлашга сўз ожиз. Бувам юракдан йиғлаб олди. Бахтиёрлигидан ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Хоналарига кириб келганимда юзларидаги хурсандчиликни кўриш керак эди. Ортга қайтишга сеҳргарлик иродам етмайди, деб ўйлашган экан. Алги бувам шу қадар мамнун бўлдики, ҳатто менга қурбақа олиб берди.
Гаррининг бошқа ёнида Перси билан Гермиона мактабдаги таълим жараёни ҳақида суҳбат қуриб ўтиришибди.
- Умид қиламан-ки, машғулотлар тез орада бошланади. Мени кўпроқ бир нарсани бошқа нарсага айлантириш амаллари қизиқтиради. Бу осон бўлмаса керак, албатта...
- Сизлар дастлаб содда амаллардан бошлайсизлар. Мисол учун гугурт донасини игнага айлантирасизлар...
Анча исиниб олган Гарри уйқусираб Мўътабар Стол томон қаради. Хагрид ичкилик ичиб, профессор Макгонагалл Дамблдор билан суҳбат қуриб ўтиришибди. Беўхшов салла ўраб олган профессор Белка аллақандай сочи ёғли, қийғирбурун, юзи касалманд ўқитувчи билан ниманидир муҳокама қиляпти.
Бирдан Гарри учун кутилмаган ҳолат юз берди. Қийғирбурун ўқитувчи профессор Белканинг салласи узра тикка Гаррининг кўзига қараб қўйиши ҳамоно, боланинг пешонасидаги чандиқ ўрни қизиб, кучли оғриқ ҳис этди.
- Вой! - кафтини пешонасига босди Гарри.
- Нима қилди? - хавотирланди Перси.
- Ҳ-ҳеч нима.
Оғриқ қандай пайдо бўлган бўлса, шундай тез тарқади. Ўқитувчининг нигоҳи туфайли пайдо бўлган нохуш таассуротдан эса халос бўлиш қийин кечди. Гарри унга ёқмаганлиги яққол билинмоқда.
- Профессор Белка билан гаплашиб ўтирган анави ўқитувчи ким? - сўради Гарри Персидан.
- Қара-я, Белкани танийсанми? Айтдим, нега у бунчалик асабийлашиб қолди деб. Сен сўраган ўқитувчи Северус Снегг, сеҳрли дамламалар тайёрлаш фанидан дарс ўтади. Бироқ профессор Белканинг ўрнини эгалламоқчи эканлиги ҳаммага маълум. Негаки у ёвуз кучлар ҳақида ҳамма гапдан бохабар.
Гарри маълум вақт Снеггни кузатиб ўтирди. Бироқ Снегг, Гарри томонга қайта қарамади.
Ниҳоят десерт ҳам, қандай пайдо бўлган бўлса, шундай йўқ бўлгач, Дамблдор ўрнидан турди. Катта Залга сукунат чўкди.
- Хўш, қорнингизни тўйдириб, чанқовингизни босган экансиз, сизларга яна бир оғиз сўз айтиб қўйишим керак. Семестр бошланишидан олдин айрим қоидаларни ёдингизга солиб қўймоқчиман.
- Биринчи синф ўқувчилари шуни билиши лозимки, қаср атрофидаги ўрмон жамики ўқувчилар учун ташриф буюриш ман этилган ҳудуд саналади. - Айрим юқори синф ўқувчилари, ушбу қоидани яна бир бор ёдга олишса фойдадан холи бўлмайди, - қўшиб қўйди у, милтиллаган нигоҳини эгизак Уэслилар томон қаратиб, - Бундан ташқари, назоратчимиз мистер Филч, машғулотлар орасидаги танаффуслар давомида сеҳр-жоду билан шуғулланиш ман этилганлигини яна бир бор эслатиб ўтишимни мендан илтимос қилди. Квидиш жамоаларига ўйинчиларни саралаш тадбирлари семестрнинг иккинчи ҳафтасида ташкиллаштирилади. Ўз коллежининг шарафини ҳимоя қилмоқчи бўлганлар хоним Роланда Трюкка мурожаат этишлари лозим. Ва ниҳоят, огоҳлантириб қўйишим даркорки, ким даҳшатли ва мудҳиш ажал топишни истамаса, ушбу ўқув йили давомида учинчи қаватнинг ўнг томонидаги йўлакка кирмасин.
Гарри кулиб юборди. Бироқ у, бутун Катта Залда ўтирганлар орасида ягона кулган киши бўлди.
- Бу жиддий гап эмас эди шекилли? - ўз қилиғидан хижолат чекканча паст овоз билан сўради у Персидан.
- Аксинча, жиддийга ўхшайди, - жавоб қайтарди қовоғини солган Перси, нигоҳини Дамблдордан узмай, - Қизиқ, одатда, Дамблдор, бирор-бир жойга нима учун бориш мумкин эмаслиги, мисол учун, ўрмонда хавфли махлуқлар борлигини тушунтирар эди... Мана бу тақиқ сабабини лоақал биз синфбошиларга айтиб қўйса бўлар эди-ку...
- Ана энди, уйқуга кетишдан олдин, мактабимиз мадҳиясини куйлаймиз! - қичқирди Дамблдор.
Гарри ўқитувчиларнинг юзларидаги табассум қандайдир карахт эканлигига эътибор қаратди.
Дамблдор сеҳрли таёқчасини, худди учига қўнган пашшани ҳайдаб юборгандай енгил силтаб қўйди. Шу онда таёқча учидан узун тилла ранг тасма отилиб чиқиб, столлар узра баланд кўтарилди ва илонга ўхшаб тўлғанганча, қўшиқ сатрларига айланди.
- Ҳамма ўзи ёқтирган куйга солиб айтаверсин, - деди Дамблдор, - Бошладик!
Мактаб куйлай бошлади:

Хогварц, Хогварц, Хогги-Вогги-Хогварц сен,
Ўргат бизга, ўқитгин, ақл, илм бергин сен,
Қари, бола аралаш, бордир кал, бордир пахмоқ,
Мақсадимиз муштарак – ўқимоқ, таҳсил кўрмоқ.
Ақлимиз ошмас-тошмас, лек дакки ҳам емасмиз,
Тўғри йўл кўрсат бизга, дарслардан ҳеч қолмасмиз.
Уриниб кўр биз учун, биз ҳам қараб турмаймиз,
Мияга зўр беришни бир он бўлсин қўймасмиз.

Ҳамма ўз қўшиғини ҳар хил вақтда ниҳоясига етказди. Охирида фақат мадҳияни мотам маршига солиб айтаётган эгизак Уэслиларгина қолди. Дамблдор сўнгги овоз ўчгунга қадар дирижёрлик қилиб турди. Мотам марши ниҳоясига етгач, ҳаммадан қаттиқ қарсак чалди.
- Оҳ, мусиқа! - паст овозда хитоб қилди у, - Сиз билан бизнинг маҳоратларимиздан ҳам қудратли афсун! Хўш, энди уйқуга! Қадам бос!
Гриффиндорчиларнинг биринчи синф ўқувчилари жонланиб вайсаётган халойиқ орасидан ўтиб, синфбоши Персининг орқасидан эргашганча, мармар зинапоядан кўтарилиб, Катта Зални тарк этди. Гаррининг оёғи бу сафар қорни тўйиб, толиққанидан яна қўрғошин қуйгандай оғирлашиб кетди. Бола шундай толиққан-ки, йўлак деворларига осилган портретлардаги одамлар тасвири ўзаро шивирлашиб, ёнларидан ўтаётган болаларга бармоқ ўқтаганга ҳам, Перси синфни икки маротаба деворлардаги ўзидан ўзи очилаётган ёғоч-тахта қоплама ва гиламлар ортига ўрнатилган эшиклар орқали олиб ўтганига ҳам ҳайрон бўлмади. Болалар зинапоядан эснаб, оёқ судраб кўтарилаётган, Гарри эса ҳали узоқ юриш керакмикан деган хаёлга борган фурсатда ҳаракат бирдан тақа-тақ тўхтаб қолди.
Бир тўп ҳассалар ҳавода муаллақ осилиб турибди. Перси олға қадам босиши ҳамоно, таёқчалар ҳамла қила бошлади.
- Бу полтергейст Дрюзг, - шивирлаб тушунтирди Перси болаларга ва овозини кўтарди, - Дрюзг, қани намоён бўл-чи!
Бунга жавобан ҳавоси чиқиб кетаётган шардан эшитиладиган овозга ўхшаш баланд, беҳурмат овоз эшитилди.
- Хўш Дрюзг, Қонхўр Баронга бориб арз қилишим керакми?
Қарсак товушига ўхшаш товуш эшитилиб, ҳавода муаллақ осилганча, чордана қуриб ўтирган, таёқчаларни қорнига сиқиб олган, қора кўзи ила баджаҳл қараб турган, оғзи катта, танаси митти одам кўринди.
- Оооооо! - деди у, бадхоҳ қаҳқаҳлаб, - Биринчи синф ўқувчиларими? Роса қизиқ бўлар эканда энди!
У кутилмаганда қаттиқ ҳуштак чалди. Қўрқиб кетган болалар тўдаси пастга тисарилди.
- Йўлдан қоч, Дрюзг. Йўқса барча қилиқларингни Баронга айтиб бераман, - ўшқирди Перси.
Дрюзг тилини узун чиқариб масхара қилди-да, қўлидаги ҳассаларнинг ҳаммасини Невиллнинг бошига тўкиб, кўздан ғойиб бўлди. Полтергейст йўлакдаги рицарларнинг яроғ-аслаҳаларини тақир-туқур қилиб парвоз этганча, нари кетгани эшитилди.
 - Дрюзгдан нари юрган маъқул, - огоҳлантирди Перси, ҳаракатни давом эттириб, - Унга фақат Қонхўр Бароннинг сўзи ўтади. Барон эса ҳатто биз синфбошиларнинг ҳам сўзига кирмайди. Мана, ниҳоят етиб келдик.
Йўлакнинг охирида пушти шойи кўйлак кийган ўта семиз аёлнинг портрети осилиб турибди.
- Пароль? - сўради аёл тасвири.
- Аждарнинг ажали, - жавоб қайтарди Перси.
Портрет ўзидан ўзи юқорига кўтарилгач, деворда юмалоқ туйнук кўринди. Болалар бирин-кетин ичкарига қадам босди. Невиллга кўмаклашиб юборишга тўғри келди. Улар «Гриффиндор»нинг жуда шинам, юмшоққина креслолар билан жиҳозланган доира шаклидаги умумий меҳмонхонасига кириб келишди.
Перси қизалоқларни бир эшикка, ўғил болаларни бошқа эшикка йўллади. Айланма зинадан юқорига, чамаси минорага кўтарилган болалар ниҳоят тўқ-қизил рангли бахмалдан тайёрланган гулдор чодирлар остига ўрнатилган бешта каравотга етиб боришди. Ўринлар тайёр. Кўп гапиришга мадори қолмаган болалар уст кийимларини пижамаларга базўр алиштириб, ўзларини кўрпага ташлашди.
- Овқат зўр экан-а? - пўнғиллади Рон парда ортидан, - Нари қоч, Қасмоқ! Буни қаранг, чойшаб чайнаяпти-я!
Гарри Рондан қуюқ шиннили тортдан татиб кўрди-ми-йўқми сўрамоқчи бўлди-ю, бироқ ўрнига ётиши билан ухлаб қолди.
Афтидан Гарри меъёридан ортиқ овқатланиб қўйди шекилли, ғалати туш кўрди. Унинг бошига профессор Белканинг салласи ўралган эмиш. Салла тилга кириб, зудлик билан «Слизерин» факультетига ўтиши лозимлигини уқтирди. Унинг сўзларига кўра, «Слизерин» Гаррининг тақдирига ёзилган порлоқ келажак эмиш. Гарри эса «Слизерин»га ўтишни истамаслигини айтиб, салла билан тортишди. Рад жавобдан норози салла тобора оғирлашиб борди. Гарри уни ечиб ташлашга уринди. Салла эса қаршилик кўрсатиб, борган сари торайганча, боланинг бошини қаттиқ сиқди. Бу орада Малфой пайдо бўлиб, салла билан курашаётган Гаррининг устидан роса кулди. Вақт ўтиб Малфой қийғирбурун ўқитувчи Снеггка айланди. Снеггнинг кулгиси баланд ва жуда хунук эшитилди. Бирдан кўзни қамаштириб юборгудай яшил чақмоқ чақнади. Терга ботиб, қалтираган Гарри уйғониб кетди.
У бошқа ёнбошига ағанаб, ухлаб қолди. Эртасига эрталаб эса кўрган тушини эслай олмади.





[1] Жабо – тўрдан қилинган бурма ҳошия
[2] Тролль – Скандинавия афсоналарида тилга олинган, кўп эртакларда учрайдиган махлуқ. Троллар, ушбу афсона ва эртакларда, одатда, инсон душмани сифатида, тошга ўхшаш тоғ руҳлари кўринишида тасвирланади.
[3] Ростбиф – молнинг биқин гўштидан тайёрланган қовурма
[4] Бекон – ёш чўчқанинг тузланган (дудланган) нимтаси
[5] Стейк – кўндаланг кесилиб, қовурилган йирик гўшт бўлаги
[6] Йоркшир пудингги – гуруч ва бошқа ёрмалардан творог ва мевалар қўшиб товада пиширилган овқат
[7] Эклер – пирожнийнинг бир тури
[8] Трюфель – қўзиқорин шаклидаги шоколад қандининг бир тури
[9] Желе мева суви, шакар ва желатиндан тайёрланадиган ширин дирилдоқ овқат

Комментариев нет:

Отправить комментарий