суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ОЛТИНЧИ БОБ. ТЎҚҚИЗ БУТУН ТЎРТДАН УЧИНЧИ ПЛАТФОРМАДАН ЖЎНАЙДИГАН ПОЕЗД

Дурсллар хонадонида ўтган сўнгги ой ҳам кўнгилдагидай кечмади. Бироқ адолат юзасидан таъкидлаб ўтиш жоизки, Дудли Гарридан қўрқиб, бир хонада бўлишдан ҳайиқмоқда. Петунья хола билан Вернон амаки эса нафақат Гаррига бақиришни бас қилиб, буфетга қамамай қўйишди, ҳатто иш буюриш одатларини ҳам йиғиштириб қўйишди. Мухтасар айтганда, Дурсллар Гарри билан умуман мулоқот қилишмайди. Эҳтимол қўрқишганидан, балки нафратдан бўлса керак, ўзларини гўё Гарри уйда йўқдай тутишмоқда. Гарчи, қарор топган бундай вазият Гарри учун ушбу оилада муқаддам ўтган ҳаёт тарзига нисбатан анча яхши туйилса-да, қандайдир мазлум кечди.

Гарри аксарият вақтини ўз хонасида, бойқуши билан ўтказди. Қушга Батильда Бэгшотнинг «Сеҳргарлик тарихи» китобидан топиб, Хедвиг деган лақаб қўйди. Дарсликлар жуда қизиқ экан. Гарри уларни каравотига ёнбошлаб олиб, алламаҳалгача мутолаа қилиб ётди, Хедвиг эса очиқ дераза орқали хоҳлаган пайтда учиб чиқиб, истаган вақтда қайтиб юрди. Яхши ҳам-ки Петунья хола Гаррининг хонасини ўз чангюткичи билан тозаламай қўйди. Акс ҳолда Хедвиг атрофдан йиғиб келтирган ўлик сичқонларни кўриб, ранги-қути ўчиб, жаҳли чиққан бўлар эди. Ҳар куни кечқурун, уйқуга ётишдан олдин, Гарри, биринчи сентябргача қолган кунларни деворга ёпиштириб қўйган қўлбола календардан ўчириб борди.
Ниҳоят, августнинг сўнгги куни Гарри, Кингс-Кросс вокзалига етиб бориш борасида холаси билан амакисининг маслаҳатини олишга аҳд қилиб, пастга, Дурсллар телевизор кўриб ўтирган меҳмонхонага тушди. У томоқ қириб қўйиши билан Дудли дод солганича хонадан ўқдай учиб чиқди.
- Э-э-э... Вернон амаки...
Амаки гўё эшитаман дегандай тўнғиллаб қўйди.
- М-м-м... эртага Кингс-Кросс вокзалига етиб боришим керак, мен «Хогварц»га кетяпман.
Вернон амаки яна тўнғиллаб қўйди.
- Мени элтиб қўя олмайсизми?
Яна тўнғиллаган овоз эшитилди. Гарри буни розилик аломати сифатида қабул қилди-да:
- Раҳмат, - дея, хонасига қайтиб кетиш учун эндигина зинапоядан юқорига кўтарила бошлади ҳам-ки, Вернон амаки тилга кириб қолди.
- Бу қанақаси, сеҳргарлар мактабига ҳам поездда борилар эканми?! Учар гилам қани? Кимёвий усулда тозалаш хизматига топшириб юборишибди-ми?
Гарри, Вернон амакининг пичингини жавобсиз қолдирди.
- Мактаб қаерда ўзи?
- Билмайман, - иқрор бўлди Гарри, ҳақиқатни илк бор идрок этганча, киссасидан Хагрид берган чиптани чиқариб, - Бу ерда ёзилишича, мен, тўққиз бутун тўртдан учинчи платформадан эрталабки соат ўн бирда жўнайдиган поездга чиқишим керак.
Бу гапни эшитган амаки билан хола ўтирган ўринларидан туришганча, лом-мим демай Гаррига бақрайиб қолишди.
- Нечанчи платформадан дединг?
- Тўққиз бутун тўртдан учинчи.
- Тутуриқсиз гапларингни йиғиштир, - жаҳл қилди Вернон амаки, - Тўққиз бутун тўртдан учинчи платформа бўлмайди.
- Ахир чиптада шундай ёзилган.
- Бемаънилик, - деди Вернон амаки ғазаби қайнаб, - Валдирваса гап. Ҳаммангиз савдойисизлар. Ҳеч қиси йўқ, вақт ўтиб ўзинг иқрор бўласан бунга. Яхши, хижолат чекма, элтиб қўйганимиз бўлсин ўша Кингс-Кроссга. Шундоқ ҳам эртага Лондонга бормоқчи эдик, - кесатиб якунлади Вернон амаки.
- Лондонга нима юмуш билан бормоқчисиз? - сўради Гарри, гўё суҳбат дафъатан узилиб қолишини истамай, давом эттирмоқчи бўлгандай.
- Дудлини касалхонага олиб борамиз, - истар-истамас жавоб қайтарди Вернон амаки, - «Смелтинг»га боргунига қадар анави мудҳиш думини кесиб ташлаш керак-ку, ахир.
Эртасига эрталаб соат бешда уйғониб олган Гарри қаттиқ ҳаяжонланганидан қайта ухлай олмади. Ўрнидан туриб, вокзалга сеҳргарлар кийимида боргиси келмай, жинси шимини кийиб олди. Кийимни поездда алмаштиришни маъқул топди. Яна бир бор рўйхатга қараб, зарурий нарсаларни ҳозирлаб қўйганлигига ишонч ҳосил қилди, Хедвигнинг қафаси маҳкам ёпилганини текширгач, хонанинг у бурчагидан бу бурчагига юриб, Дурслларнинг уйғонишини кутди. Икки соатдан сўнг, Гаррининг каттакон сандиғи машинанинг юк бўлмасига жойланди. Петунья хола Дудлини Гаррининг ёнида ўтириб кетишга базўр кўндира олди.
Кингс-Кросс вокзалига соат ўн яримда етиб келишгач, Вернон амаки Гаррининг сандиғини аравачага ортиб, олға илгарилади. Гарри амакининг ушбу ҳаракатини муқаддам кўрсатилмаган ҳаддан ортиқ илтифот сифатида қабул қилди, бироқ юзи қандайдир разил қиёфа касб этган Вернон амаки платформаларга чиқиш жойида мурдор иршайганча дафъатан тўхтаб:
- Хўш оғайни, қара. Мана бу тўққизинчи платформа бўлади, мана буниси эса ўнинчи, - йўғон бармоқлари билан рақамларни кўрсатди у, - Тўққиз бутун тўртдан учинчи платформа эса шу иккала платформанинг ўртасида бўлиши керак. Шундайми? Бироқ ҳали уни қуриб битказишмаган чамаси, а?
Амаки ҳақ, албатта. Платформалардан бирининг устинида тўққиз рақами ёзилган пластик тахтача, иккинчисининг устунида эса ўн рақамли тахтача маҳкамланганлиги кўриниб турибди. Мантиққа кўра, ушбу иккала платформа ўртасида бўлиши лозим бўлган тўққиз бутун тўртдан уч рақами эса йўқ.
- Аъло баҳоларга ўқигин, - тилак билдирди Вернон амаки.
У аблаҳона иршайганча, бошқа бирор сўз айтмай, шартта тескари ўгирилди-да, нари кетди.
Гарри вокзални тарк этиб кетаётган Дурслларни кузатиб турди. Учаласи ҳам ичаклари узилиб кетгудай қаҳқаҳлашмоқда. Гаррининг томоғи қуриб қолди. Нима қилишини билмай боши қотди. Атрофдаги одамлар бир Гаррига, бир унинг Хедвигига таҳайюр қараб ўтишмоқда.
- Кимдандир сўраб билишга тўғри келади шекилли, - хаёлдан ўтказди Гарри.
У ёнидан ўтаётган вокзал ходимига мурожаат қилди-ю, ундан тўққиз бутун тўртдан учинчи платформа ҳақида сўрашга ботина олмай, «Хогварц»га борадиган поезд ҳақида сўради. Вокзал ходими бундай жойни билмаслигини айтиб, «Хогварц»нинг қаердалигини сўради. «Хогварц» дунёнинг қайси томонида жойлашгани ҳақидаги саволига жавоб олмаган ходим, бола атайин ўзини аҳмоқликка солаётган деб билиб, асабийлаша бошлади. Ниҳоят, умидсизликка тушган Гарри соат ўн бир-у ноль-нолда жўнайдиган поезд ҳақида сўради. Аммо вокзал ходими бу вақтда жўнайдиган поезд ҳам йўқлигини маълум қилди ва унинг қимматли вақтини олиб, ишлашига халал берадиган бемаъни йўловчилар кўпайб кетгани ҳақида вайсаганча, нари кетди. Гарри имкон қадар саросимага тушмасликка уринди. Табло устига маҳкамланган катта соат «Хогварц»га жўнайдиган поездни қидириб топиш учун ҳали ўн дақиқа борлигини кўрсатиб турибди. Бироқ у, платформани қандай қилиб, қаердан қидиришни билмайди. У базўр кўтара оладиган сандиқ, ҳамёни тўла сеҳргарлар пули ва қафасга қамалган бойқуш билан платформа ўртасида телбанамо туриб қолди.
- Диагон хиёбонига кириш учун учинчи ғиштни тақиллатиш керак эди, - хаёлдан ўтказди Гарри, - Чамаси Хагрид шунга ўхшаш бирор-бир муҳим гапни айтиб қўйишни унутган.
У сеҳрли таёқчани қўлга олиб, тўққизинчи ва ўнинчи платформа ўртасидаги, чипта текширувчи ходимнинг будкаси ёнида турган устунга уриб кўриш ҳақида ўйлади. Айни шу фурсатда орқа томонда ўтаётган қандайдир аёлнинг узуқ-юлуқ гаплари қулоғига чалиниб қолди.
- Албатта ҳамма ёқ магллар билан тўлиб-тошган...
- Магллар?... - деди Гарри, кескин ўгирилиб.
Бу овоз, кўзни қамаштириб юборадиган даражада малла соч тўрт нафар бола орасида ҳаллослаб келаётган тўладан келган аёл овози экан. Болаларнинг ҳар бири биттадан, худди Гаррининг сандиғига ўхшаш сандиқ жойланган арава суриб келишмоқда. Ёши каттароқ боланинг аравасида эса қафасга қамалган бойқуш ҳам бор.
Юраги талвасаланиб ура бошлаган Гарри, ушбу оила изидан эргашди. Бирдан она-болалар таққа тўхташди. Гарри ҳам, уларнинг суҳбатлари эшитиладиган масофага яқин бориб, тўхтади.
- Хўш, нечанчи платформа экан? - сўради она болаларидан.
- Тўққиз бутун тўртдан учинчи! - чийиллади онасининг қўлини ушлаб турган малла сочли қизалоқ, - Ойи мен бошлай...
- Сен ҳали ёшсан Жинна, илтимос бир пас тек тур. Хўш, Перси, сен бошла.
Кўринишидан қолган болаларга нисбатан ёши каттароқ бола тўққизинчи ва ўнинчи платформалар томон илдам қадам босди. Гарри, бирор-бир муҳим нарсани ўтказиб юбормасликка уринганча, имкон қадар кўзини юммасдан бола ҳаракатини кузатиб турди. Бироқ бола иккита платформани бўлиб турган тўсиқ олдига яқин келган эди ҳам-ки, дафъатан пайдо бўлган сайёҳлар тўдаси Гарри кузатиб турган майдонни тўсиб қўйди. Юк халта осиб олган сўнгги сайёҳ нари кетган фурсатда эса бола кўздан ғойиб бўлибди.
- Фред, сенинг галинг, - деди тўладан келган аёл.
- Мен Фред эмас, Жоржман, - деди бола ўпка қилиб. - Аҳволингиз шу экан-у, хоним, онангман дейишга қандай журъат этасиз, а?! Жоржлигимни кўрмаяпсиз-ми?
- Узр, Жоржи, болагинам.
- Ҳазиллашдим ойижон, мен Фредман.
Унинг эгизи ҳаракатни жадаллаштириш кераклигини эслатиб, бақириб берди. Фред шундай қилди ҳам чамаси, хаёл ўтмай кўздан ғойиб бўлди. Бироқ у қаёққа ва қандай қилиб гум бўлганини Гарри сезмай қолди. Тўсиққа яқин келган учинчи бола ҳам, фурсат ўтмай, кўз илғамаган тарзда ғойиб бўлди.
Бўлди, томоша тугади.
- Маъзур сананг, - мурожаат қилди Гарри тўладан келган аёлга.
- Салом, ёқимтой, - самимий алик қайтарди аёл, - «Хогварц»га биринчи бор кетишинг-ми, дейман? Рон ҳам энди кетяпти, - деди у, сўнгги ўғил болага имо қилиб.
Гарри қаршисида турган новча бўйли, озғин, юзига сепкил босган, оёқ-қўли узун, бурни катта бесўнақай болага бош ирғиб қўйди.
- Ҳа, - жавоб қайтарди у, - Биласизми, мен... Қандай қилиб...
- Платформага қай тарзда чиқиш керак? - хайрихоҳлик билан саволни ифодалашга ёрдам бериб юборди аёл.
Гарри бош ирғиди.
- Ҳаяжонланма, - тинчлантирди у, - Тўққизинчи ва ўнинчи платформалар орасида кўриниб турган тўсиқ томон тўғри юриб борсанг, бас. Платформага чиқиб қоласан. Энг муҳими тўхтамасанг ва тўсиққа урилиб кетишдан қўрқмасанг бўлгани. Агар асабийлашаётган бўлсанг югуриб, тезлик олганинг маъқул. Қани бўлақол, Роннинг олдига туш.
- А... Ҳа... яхши, - тез рози бўла қолди Гарри, аравасини темир тўсиқ томон суриб.
Бола тўсиқ қаршисига туриб олди. Тўққизинчи ва ўнинчи платформа томон ошиқаётган одамлар уни туртиб ўтишмоқда. Гарри қадамини тезлатди. Ҳозир у тўсиққа бориб урилса борми, ана бўлади томоша. У эгилиб олди-да, аравасини югурганча сура кетди. Тўсиққа қадар қолган масофа борган сари қисқариб бормоқда. Бошқариб бўлмас даражада тезлик олган аравасини маҳкам ушлаб олган Гарри энди ўзини тўхтата олмади. У кўзини чирт юмиб, зарбага ҳозирланди...
Бироқ... аварияга дуч келмай, югуришини давом этаётганини сезган Гарри кўзини очиб, одам босиб кетган платформа ёнида турган тўқ қизил паровозни кўрди. Паровоз устига осиб қўйилган эълонга эса «Хогварц-Экспресс, ўн бир-у ноль-нол» сўзлари битилган. Гарри орқага ўгирилиб, темир тўсиқ ўрнида устига «» рақами қоқилган аркани кўрди. Мана, ниҳоят рўй берди!
Платформада жонли суҳбат қураётган одамлар боши узра тутун ёйилиб кетган. Оёқ остида эса ранг-баранг мушуклар ўралашмоқда. Одамлар тўдасининг шовқини ва сандиқлар ғичирлаганидан норози бойқушлар гурсиллаб ўзаро суҳбат қуришмоқда.
Дастлабки бир нечта вагон ўқувчиларга тўлиб бўлган. Улардан айримлари оила аъзолари билан хайрлашиш учун вагон деразасидан бош чиқариб олишган бўлса, баъзилари яхши ўрин талашишмоқда. Гарри бўш купе қидириб, аравасини платформа бўйлаб судраб борди.
Аллақандай кулчаюз бола алланарса қидирмоқда.
- Буви, яна йўқотиб қўйдим.
- Э Худойим, Невилль! - хўрсинди кекса бир аёл.
Қўлига кичкина сандиқ ушлаб олган болакайни бир тўп болалар ўраб олган.
- Бир кўрайлик, Ли, йўқ демагин, илтимос!
Болакай қопқоқни очган эди ҳам-ки, сандиқ ичидан тук босган узун панжа чиқди. Буни кўрган халойиқ чинқириб юборди.
Гарри одамлар тўдаси орасида базўр юриб, ниҳоят поезднинг энг охирги вагонидан бўш купе топди. Дастлаб Хедвигни олиб кирди, шундан сўнг, сандиғи билан овора бўлди. У вагон зинапоясидан олиб киришга уринган сандиқни икки маротаба оёғига йиқитиб, жонини оғритиб олди.
- Ёрдам керакми?
Бу тўққизинчи ва ўнинчи платформалар орасидаги тўсиқ аро ўтаётганида изларидан борган малла соч эгизаклардан бири экан.
- Ҳа, илтимос, агар малол келмаса, албатта, - ҳаллослади Гарри.
- Эй, Фред! Бу ёққа кел, ёрдамлашиб юбор!
Гаррининг сандиғи эгизакларнинг ёрдами ила купе бурчагига киритилди.
- Катта раҳмат, - миннатдорлик билдирди Гарри, терлаганидан нам бўлиб, кўзини тўсиб қўйган сочини йиғиштирар экан.
- Мана бу нима? - кутилмаганда сўраб қолди эгизаклардан бири, Гаррининг пешонасидаги яшин шаклига ўхшаш чандиқни кўрсатиб
- Жин урсин! - хитоб қилиб юборди иккинчиси, - Демак сен...
- Бу ўша, - деди биринчиси, - Шундайми? - сўради у Гарридан.
- Ким? - тушунмади Гарри.
- Гарри Поттер, - баралла жавоб қайтаришди эгизаклар.
- А уми, ҳа, ўша, - деди Гарри, - Яъни мен.
Болалар Гаррига бақрайиб қолишди, Гарри эса хижолатдан қизара бошлади. Унинг бахтига купенинг очиқ эшигидан овоз эшитилди:
- Фред? Жорж? Шу ердамисизлар?
- Ойи, биз шу ердамиз!
Яна бир бор қараб қўйган эгизаклар вагондан платформага сакраб тушишди.
Гарри купе деразаси ёнига ўтириб олганча, платформадаги малла соч оилани кузатиб, суҳбатини эшитиб ўтирди.
- Рон, бурнинг кир бўлибди, - деди уларнинг ойиси дастрўмолни қўлига олиб.
Кенжа ўғил онасининг қўлидан чиқиб кетишга уринди-ю, уддалай олмади. Онаси уни маҳкам тутиб олиб, бурнининг учидаги доғни тозалашга киришиб кетди.
- Қўйиб юборинг, ойи!
Рон онасининг чангалидан бир илож қилиб чиқиб олди.
- Ҳа-а-а, сичқонча Лоннининг бурни устида бир нарса бор! - хиргойи-мазах қилди эгизаклардан бири.
- Овозингни ўчир! - деди Рон.
- Перси қани? - сўради онаси.
- Ана, келяпти.
Уларнинг ёнига башанг қадам ташлаб келаётган катта ёшли бола яқинлашди. У эгнига «Хогварц» ўқувчисининг ҳашаматли қора кийимини кийиб олишга улгурган бўлиб, кўкрагида «С» ҳарфи битилган кумуш нишон ялтирамоқда.
- Мен бу ерда узоқ қола олмайман ойи, - деди яқин келган бола, - Поезд бошида менга ўхшаган синфбошилар учун иккита алоҳида купе ажратилган...
- Ҳа-я, сен синфбоши эдинг, а, Перси? - хитоб қилди эгизаклардан бири, роса маҳлиё бўлиб қолган сохта қиёфа ясаб, - Илгарироқ айтиб қўйишинг керак эди-да, бизнинг ақлимиз етмаса.
- Тўхта, эсимга тушди, - деди эгизаклардан бошқа бири, - Чамаси, Перси бу ҳақда бир маротаба эслатиб ўтгандай бўлди шекилли...
- Ёки икки маротаба ..
- Бир дақиқа давомидамией...
- Бутун ёз бўйи...
- Э Худо, овозларингни ўчирсаларинг-чи, - қўлини силтади синфбоши Перси.
- Нима учун Персининг мактаб кийими янги? - тийилиб тура олмади эгизаклардан бири.
- Чунки у синфбоши, - ғурур-ла жавоб қайтарди она, - Хўп, майли, ёқимтойим Перси, яхши ўқигин. Етиб боришларинг билан бойқуш йўллашни унутма.
Онасининг ўпичини олган Перси нари кетди. Шундан сўнг, она эгизакларга юзланди.
- Хўш, сиз, икковлон. Бу йилги хулқингиз намунали бўлиши шарт, тушундингиз-ми? Агар мен бу йил ҳам ҳожатхона-ми ёки шунга ўхшаш бирор бошқа жойними портлатиб юборганларинг ҳақида хабар олгудай бўлсам...
- Ҳожатхона? Биз ҳозирча ҳожатхона портлатганимиз йўқ!
- Бироқ ойи, ажойиб ғоя бердингиз, менга ёқди!
- Ҳеч ҳам кулгили эмас-да. Ронга қараб юринглар.
- Хижолат бўлманг ойи, биз бор эканмиз, сичқонча Ронникинга ҳеч нарса бўлмайди.
- Ўчирларинг, - боз тўнғиллади Рон.
Унинг бўйи эгизакларнинг бўйи билан деярли тенг бўлиб, бурнидаги доғ ҳалигача ялтираб турибди.
- Ҳа, айтгандай, ойи, биласизми поездда кимни учратдик?
Гарри, уларни кузатиб турганини сезиб қолишмаслиги учун тез ўзини деразадан нари тортди.
- Вокзалда, ёнимизда турган қора соч бола кимлигини биласизми? Қани топинг-чи?!
- Хўш, ким экан?
- Гарри Поттер!
Шу заҳоти қизалоқнинг овози эшитилди.
- Ойи, поездга чиқиб, Гаррини кўриб келсам майлими? Илтимос!...
- Вокзалда кўрдинг-ку, Жинна. Бунинг устига бечора бола ҳайвонот боғидаги фил эмас, томоша қилгани. Бу аниқ Гарри Поттер-ми, Фред? Қандай танидинг?
- Исмини сўрадим. Бунинг устига пешонасида чандиқ бор. Ҳақиқатан ҳам яшин зигзагига ўхшаб кетар экан.
- Бечора бола. Ёлғизлигини кўриб ҳайрон бўлган эдим-а. Платформага қандай кириб бориш кераклигини сўраб, намоён этган хушмуомалалигини айтмайсиз-ми.
- Нима деб ўйлайсиз, Ўзингиз-Биласиз-Кимнинг қиёфасини эслай олармикан?
- Бу ҳақда сўрашни ман этаман! Уқдинг-ми, Фред? - деди кутилмаганда онаси жиддий тус олган онаси, - Ҳаёлингга ҳам келтирма. Мактабдаги ҳаётининг биринчи кунида бундай мудҳиш нарсаларни эсига солишнинг асло ҳожати йўқ!
- Уқдим, сўрамайман.
Ҳуштак чалинди.
- Қани, тез бўлинглар!
Шу заҳоти учала бола вагон зинасига тармашиб қолишди. Улар оналари ўпиб олиши учун вагон деразасидан бош чиқаришди. Кенжа сингилча эса йиғлаб қолди.
- Йиғлама, Жинна, биз сенга бойқушларнинг бир галасини юборамиз!
- Унитаз қопқоғини ҳам.
- Жорж!
- Ҳазиллашдим ойи.
Поезд қўзғалди. Гарри малла соч болаларнинг онаси қўл силтаб қолганлиги, сингилчалари эса бир вақтнинг ўзида ҳам йиғлаб, ҳам кулганича, поезд билан теппа-тенг югуришга ҳаракат қилгани, поезд етарлича тезлик олгач, қизалоқ йиқилиб тушгани, бироқ шунда ҳам ерда ётиб қўл силтаганини кузатиб турди.
Поезд муюлиш ортига ўтгач, кузатувчилар кўринмай қолди. Вагон деразасининг рўпарасидан лип-лип этиб ўтаётган уйлар кўринди. Гаррининг вужудини ҳаёжон қамраб олди. Олдинда уни нималар кутаётганини тасаввур ҳам қила олмади. Бироқ нима бўлганда ҳам, тарк этиб кетаётган ҳаёт тарзига нисбатан анча яхши ҳаёт кутаётганига ишончи комил эди.
Купе эшиги очилиб, кенжа малла кириб келди.
- Мана бу жой бўшми? - сўради у, Гаррининг қаршисидаги жойга имо қилиб, - Қолган жойлар банд экан.
Гарри бош ирғигач, бола ичкарига кириб ўтирди. У Гаррига тез қараб қўйди-да, шу заҳоти, гўё умуман эътибор қаратмаган бўлиб, бурнидаги қора доғ ҳалигача ялтираб турган юзини дераза томон бурди.
- Салом, Рон, - эшитилди эгизаклардан бирининг овози, - Биз поезднинг ўртасида бўламиз. У ерда Ли Жордан ўзи билан олиб кетаётган баҳайбат ўргимчак бийини кўрсатяпти.
- Яхши, - пўнғиллади Рон.
- Гарри, - деди эгизаклардан бири, - Ўзимизни таништирмабмиз-ку. Фред ва Жорж Уэсли. Бу эса Рон, укамиз бўлади. Кўришгунча.
- Кўришгунча! - хайрлашди Рон билан Гарри.
Купе эшиги сирпаниб, эгизакларни тўсганча, ўз жойига ўрнашиб, ёпилди.
- Сен ростдан ҳам Гарри Поттермисан? - оғзидан чиқиб кетди Роннинг.
Гарри бош ирғиди.
- А... Яхши. Мен эса бу гап акаларимнинг навбатдаги ҳазили бўлса керак деб ўйлабман, - сўнг бармоғини Гаррининг пешонасига ўқтади-да, - Ҳақиқатан ҳам пешонангда...
Гарри пешонасидаги соч тутамини четга тортиб, чандиғини кўрсатди. Рон Гаррининг яшин шаклидаги чандиғига тикилиб қолди.
- Бу Ўзинг-Биласан-Кимнинг қилган ишими?...
- Ҳа, - бош ирғиди Гарри, - Аммо мен ўша кунни эслай олмайман.
- Умуман эсингда йўқми?
- Қандайдир ёрқин яшил ранг ёруғлик эсимда, албатта. Бироқ бошқа нарсани эслай олмайман.
- Ўҳу! - у муайян вақт Гаррига термилиб ўтирди ва ҳушини йиғиб олиб, тез дераза томон ўгирилиб олди.
- Оилаларинг сеҳргарлар оиласими? - сўради Гарри.
- М-м-м... билишимча шундай. Онамнинг сеҳргар бўлмаган, ҳисобчи бўлиб ишлайдиган қандайдир амакиваччаси бор, албатта. Лекин биз у ҳақда деярли гапирмаймиз.
Уэслилар оиласи Диагон хиёбонидаги рангпар бола тилга олган оилалардан бири эканлиги аён бўлди.
- Анча вақтдан буён сеҳргарлик қилиб келсанг керак, а?
- Айтишларига қараганда сени магллар тарбиялашган эмиш, улар қанақа бўлишади? - сўраб қолди Рон.
- Жуда ёмон бўлишади. Ҳаммаси ҳам эмас, албатта. Бироқ холам, амаким ва холаваччам жуда ёмон магллардан. Ундан кўра учта сеҳргар акам бўлгани афзал эди.
- Бешта, - кутилмаганда маъюс тортди Рон, Гаррининг шамали гапини тўғрилаб, - Мен оилада «Хогварц»да ўқийдиган олтинчи бола бўламан. Эҳтимол кимдир, айни шу сабабли мен интилишим керак бўлган марралар бор деб ўйлаши мумкин. Билл билан Чарли мактабни илгари тамомлашган. Билл мактабнинг энг ибратли ўқувчиси, Чарли эса квидиш жамоасининг сардори бўлган, Персини коллежнинг синфбошиси этиб тайинлашди. Фред билан Жорж безорилик қилишгани билан баҳолари яхши. Кўпчиликнинг фикрига кўра, улар жуда қизиқ болалар эмиш. Мен эса акаларимдан қолишмаслигим шарт. Хўп, агар мен улардан қолишмай зўр ўқиганимда ҳам бунинг ҳайрон бўладиган жойи бўлмайди. Негаки, акаларим эришиш керак бўлган барча марраларни забт этиб бўлишган. Яна шундай бир салбий жиҳати ҳам борки, агар шунча аканг бўлса, ҳеч қачон бирор-бир янги нарсага эга бўла олмайсан. Мана масалан, мен киядиган мактаб кийимини бир вақтлар Билл кийиб эскиртган, сеҳрли таёқчам Чарлиники, каламуш эса Персиники.
Рон қўлини чўнтагига солиб, донг қотиб ухлаётган семиз каламуш чиқарди.
- Унинг лақаби Қасмоқ. Бирор-бир наф келтирмайди ҳам, деярли уйғонмайди ҳам. Ухлагани-ухлаган. Синфбоши этиб тайинлангани учун дадам Персига бойқуш ҳадя этди. Шундан сўнг, қаранг-ки, каламуш соҳиби бўлиш у кишига ярашмай қолди... Хуллас Қасмоқ энди менга ўтди.
Роннинг қулоғи қизариб кетди. Ортиқча гапириб юборганини сезди шекилли, яна дераза томон ўгирилиб олди.
Гарри, ота-онанинг бойқуш харид қилиб олишга имкони бўлмаганлигини асло уят деб топмаслигини, ўтган сўнгги ойни ҳисобга олмаганда, унда ҳам ҳеч қачон ва ҳеч қанча пул бўлмаганлигини, бир умр Дудлининг эски кийимини кийиб катта бўлганлигини, туғилган кунига эса ҳеч ким, ҳеч қачон ва ҳеч нарса совға қилмаганлигини Ронга айтиб берди.
- ... Хагрид пайдо бўлгунга қадар мен дунё бехабар бўлиб, умуман ҳеч нарса билмай келдим. Сеҳргар эканлигимни ҳам, ота-онам ҳақида ҳам, Вольдемо...
Бирдан Рон ҳайратланиб кетди.
- Ҳа, нима бўлди? - тушунмай сўради Гарри.
- Ўзинг-Биласан-Кимнинг исмини айтдинг! - хитоб қилиб юборди Рон, бир вақтнинг ўзида ҳам даҳшатга тушиб, ҳам ҳайратланиб, - Мен доимо ўйлардим-ки, ким қўрқмаса ҳам сен қўрқишинг...
- Йўқ, мен мард эканлигимни кўрсатмоқчи эмасман, асло, - ўзини оқлади Гарри, - Унинг исмини айтиш мумкин эмаслигини билмайман холос. Нима демоқчи бўлганимни тушуняпсан-ми? Мен билиб қўйишим керак бўлган нарсалар ҳали жуда кўпга ўхшайди... Гаров ўйнашим мумкинки... - шунча вақтдан буён қалбини қийнаб юрган масалани биринчи бор тилга олиб, журъатсизлик-ла иқрор бўлди Гарри, - Гаров ўйнашим мумкинки, мен синфда энг қолоқ ўқувчи бўлиб ўқисам керак.
- Ҳеч ҳам-да. Мактабда магллар оиласидан чиққан, ўзлаштириш масаласида бошқалардан ҳеч қолишмайдиган жуда кўп болалар ўқишади.
Улар танишиб, суҳбат қуриб кетишаётган поезд Лондондан анча узоқлашиб кетди. Энди деразадан бепоён яйловлар, уларда ўтлаб юрган сон-саноқсиз мол-қўй подалари кўринмоқда. Болалар ташқаридаги манзарани томоша қилишганча, бир оз сукут сақлаб боришди.
Ўн икки яримга яқин эшик ортида тақир-туқур товуш эшитилди ва фурсат ўтгач, купега лунжи чуқурчали кулимсираган чиройли аёл бош суқиб:
- Бирон-бир егулик харид қиласизларми, болакайлар? - деб сўради.
Бугун нонушта қилмаган Гарри шу заҳоти ўрнидан ирғиб турди. Роннинг эса қулоғи яна қизариб, ўзи билан бутерброд олиб келганлиги ҳақида алланарса деб пўнғиллади. Гарри йўлакка чиқди.
Дурслларникида яшар экан, ёнида бирор-бир ширинлик ёки музқаймоқ харид қилиб олиш учун ҳеч қачон пули бўлмаган. Энди эса чўнтаги тилла ва кумушга тўла бўлиб, аравачада нечта «Марс» шоколади бўлса, ҳаммасини сотиб олишга тайёр. Бироқ сотувчи аёлда «Марс» йўқ, лекин аравачасида барча таъмларни ўзига мужассам этган Берти Ботт ёнғоқлари, Друблиснинг портловчи сақичи, шокобақалар (шоколад бақалар), қовоқ печеньелари, тортеликалар, сеҳрли қизилмия таёқчалар ва шу каби Гарри ҳаётида умуман кўрмаган ғаройиб нарсалар бор экан. Бирор-бир қизиқ нарсадан бехабар қолмаслик учун у ҳамма нарсадан оз-оздан харид қилиб, сотувчи аёлга ўн бир кумуш склат ва етти бронза нут тўлади.
Буларнинг барини купега олиб кириб, бўш ўриндиққа тўкди. Рон ҳайрон.
- Шунчалик оч қолдинг-ми?
- Ўларча, - иқрор бўлди Гарри, қовоқ печеньенинг йирик бўлагини тишлаб олиб.
Рон сандиғидан тўртта бутерброд ўралган лўппи тугунчани олди.
- Тузланган гўштни хуш кўрмаслигимни ойим ёдидан чиқаргани чиқарган эканда, - норози оҳангда пўнғиллади у, бир бутербродни иккинчисидан ажратар экан
- Кел алиштирамиз, - таклиф киритди Гарри, қовоқ печеньега имо қилиб, - Розимисан...
- Сенга ёқмайди, тузланган гўшт жуда қуруқ бўлади, - деди Рон, - Ойимнинг ҳеч вақти йўқ, - қўшиб қўйди у шоша-пиша, - Ҳар қалай беш нафар боласи бор...
- Тортинма, ола қол, - далда берди Гарри.
У ҳаётида ҳали ҳеч ким билан бирор нарсани бўлишиб емаган. Очиғини айтганда бўлишиб ейдиган одамнинг ўзи бўлмаган. Шунинг учун бўлса керак, бутербродлар бир четда қолиб, Рон билан қовоқ печенье, тортелика ва конфетларни биргаликда баҳам кўриш унга қандайдир ҳузур бахш этди.
- Мана бу нима? Умид қиламан-ки, ҳақиқий бақа бўлмаса керак? - сўради ҳақиқий бўлганда ҳам, ажабланмаслигини билган Гарри, шокобақа дастасини қўлига олиб.
- Йўқ, - жавоб қайтарди Рон, - Фақат қараб қўйчи, кимнинг сурати бор экан. Менга Агриппанинг сурати етишмайди.
- Нима?
- Ҳа-я, сен бунақа нарсалардан бехабарлигинг ёдимда йўқ. Шокобақа дастасининг ичида доимо кимнингдир сурати бўлади. Тушуняпсан-ми? Ҳар бир даста ичидан машҳур сеҳргар ва афсунгарлардан бирининг сурати чиқади. Одатда, уларни болалар йиғиб юришади. Мен беш юзга яқин сурат йиғганман. Фақат Агриппа билан Птолемейнинг суратлари етишмаяпти.
Гарри шокобақа дастасини очиб, кумуш сочи, соқол ва мўйлови шабадада ҳилпираб турган, ярим ой шаклидаги кўзойнак тақиб олган, остида «Альбус Дамблдор» ёзуви битилган кишининг суратини чиқарди.
- Дамблдор деганлари шу эканда!
- Фақат Дамблдор ҳақида ҳеч нарса эшитганим йўқ дема! - деди Рон, - Битта шокобақа олсам майлими? Агриппанинг расми чиқиб қолар... Раҳмат...
Гарри суратни ўгириб, орқасидаги ёзувни ўқиди:

Альбус Дамблдор
Бугунги кунда «Хогварц» мактабининг директори.
Аксарият донгдор афсунгарлар томонидан замонамизнинг буюк сеҳргари деб эътироф этилган афсунгар. Дамблдор 1945 йили ёвуз сеҳргар Гриндельвальд устидан ғалаба қозонгани, аждар қонидан фойдаланишнинг ўн иккита усулини ихтиро қилгани, шунингдек, Николас Фламел билан биргаликда алкимё соҳасида олиб борган ишлари ила алоҳида шуҳрат қозонган. Профессор Дамблдор камерний мусиқа[1] мухлиси бўлиб, кегли ўйини ишқивозидир.

Гарри суратнинг олд томонини ўгирди. Дамблдорнинг расми йўқолиб қолганлигидан ҳайратланиб:
- Кетиб қолибди! - деб юборди.
- Куни билан сенга қараб ўтирмайди-ку! Ташвиш тортма, қайтади. Қара, яна Моргана чиқди. Менда унинг олти дона сурати йиғилиб қолган. Сенга керакми? Шу бугундан эътиборан коллекция йиғишни бошлашинг мумкин. - деди Рон, ҳали очилмаган шокобақа дасталарига қараб.
- Ол, ола қол, - бош ирғиди Гарри, - Маглларнинг суратларидаги одамлар ҳеч қаерга кетиб қолмаслигини биласанми?
- Чинданми? Ҳеч қачон кетиб қолмайди-ми? - ҳайратланди Рон, - Жуда ғалати-ку!
Дамблдор суратга қайтиб келиб, кулиб қуйганини кўрган Гарри ҳайратдан қотиб қолди. Ронга ҳар хил машҳур сеҳргар ва афсунгарларнинг суратини томоша қилгандан кўра, шокобақаларни еб ўтириш қизиқроқ туюлди. Гарри эса расмлардан кўзини уза олмади. Кўп ўтмай у нафақат Дамблдор билан Морган суратлари, балки Ченгист Вудкрофт, Альберик Груннион, Цирцей, Парацельс ва Мерлин расмларининг соҳиби бўлди. Ниҳоят у бурнини қашиб турган дуохон-табиб Клиодна суратидан кўзини узиб, барча таъмларни ўзига мужассам этган Берти Ботт ёнғоқларининг қоғоз халтасини очди.
- Эҳтиёт бўл, - огоҳлантирди Рон, - Буниси энди ҳазил эмас, улар ҳақиқатан ҳам ҳар хил таъмли бўлади. Оддий ширинлик, мисол учун шоколад ёки ялпиз ёхуд мармелад таъмли бўлиши, бироқ исмалоқ, жигар ва ичак-чавоқ таъмли ёнғоқлар ҳам дуч келиб қолиши мумкин. Жорж қасам ичиб айтишича, кунлардан бир кун унга манқа таъмли ёнғоқ дуч келибди эмиш.
Рон яшил рангли ёнғоқни қўлига олиб, шубҳа билан қараб чиқди-да, бир бўлагини тишлаб кўриб:
- Эқ... Мана кўрдинг-ми? Сарсабил таъми, - деди.
Барча таъмли ёнғоқларни истеъмол қилиш жуда қувноқ ўйинга ўхшаб кетди. Гарри пишлоқли бутерброд, кокос, қовурилган ловия, қулупнай, ёввойи ўт, кофе, сардина балиқ таъмига дуч келди. Охири унинг мардлиги тутиб, Рон воз кечган ғалати кул ранг ёнғоқни тишлаб кўришга аҳд қилди ва аччиқ қалампирга рўбару бўлди.
Яйловлар ортда қолиб, деразадан, киши қадами етмаган қалин ўрмонлар, илон изи дарёлар ва тўқ яшил дўнгликлар манзараси кўрина бошланди.
Эшик тақиллаб, купега йиғлаб юборгудай аҳволда тўққиз бутун тўртдан учинчи платформада кўринган кулчаюз бола кириб келди.
- Кечирасиз, қурбақамни кўрмадингиз-ми, мабодо?
Рон билан Гарри баробар бош силташди.
- Мен уни йўқотиб қўйдим! У доимо қочиб кетяпти! - ҳиқиллади бола.
- Топилади, - юпатган бўлди Гарри.
- Умид қиламан. Агар кўриб қолсангиз... - базўр овоз чиқарди нари кетган бола.
- Мунча хижолат чекмаса, - қошини чимир Рон, - Агар менда қурбақа бўлганида борми, уни имкон қадар тезроқ йўқотиб қўйишга ҳаракат қилган бўлар эдим. Ундай десам ўзимда ҳам Қасмоқ бор.
Каламуш Роннинг тиззасида тарашадай қотиб ётибди.
- Унинг ўлик-тириклигини фарқлаб бўлмайди, - жирканди Рон, - Кеча, сал бўлса ҳам қизиқроқ кўринсин деб, юнг қопламасига сариқ тус беришга уриндим, лекин афсун кор бермади. Мана қара, ҳозир кўрсатаман...
У сандиғини титкилаб роса эскириб, тимдаланиб кетган, учида нимадир оқариб кўринаётган сеҳрли таёқчасини чиқарди.
- Яккашоҳ нарвалнинг туки чиқиб қолибди. Майли, ҳозир бунинг аҳамияти йўқ.
У таёқчасини эндигина кўтарган эди ҳам-ки, купенинг эшиги очилиб, яна ўша, бақасини йўқотиб қўйган бола, фақат бу сафар «Хогварц» кийимини кийиб олган қизалоқ билан бирга кириб келди.
- Қурбақа кўрмадиларингми? Невилль йўқотиб қўйибди, - деди сочи қизғиш-қўнғир, олд тишлари йирик қизалоқ, тўраларга хос оҳангда.
- Айтдик-ку, кўрмадик деб, - бир оз аччиқланди Рон.
Бироқ қизалоқ Роннинг қўлидаги таёқчани кўриб қолиб, гапига эътибор қаратмади.
- Ҳа, афсун билан бандмиз денг? Қани кўрайлик-чи, - деди у, астойдил ўтириб олиб.
Рон бир оз гангиб қолди.
- Хўп... майли, - деди у ва томоғини қириб олди-да:

Дасторгул-у, гуручдан сиқим бир,
Аҳмоқ каламуш, сариқ тусга кир!

деганча таёқчасини силтади. Бироқ ҳеч нарса рўй бермади. Кул ранг Қасмоқ пинагини бузмай, ранги ўзгармай ухлаб ётибди.
- Ўқиганинг чиндан ҳам афсун эканлигига ишончинг комилми? - сўраб қолди қиз, - Нима қилганда ҳам яхши афсун эмас экан. Мен бир нечта содда афсунларни ўқиб кўрганман. Ҳаммаси кўнгилдагидай ўтди. Оиламизда ҳеч ким афсун билан шуғулланмайди. Менга хат келгани ҳамма учун жуда ғалати кутилмаган совға бўлди. Мен шундай бахтиёр, шундай бахтиёр ҳис этдимки ўзимни, ўзингиз тушунасиз. Ахир бу, айтишларига қараганда, афсунгарлик санъати бўйича энг зўр мактаб-ку! Мен харид қилиб олинган дарсликларнинг ҳаммасини ёд олдим. Умид қиламан-ки, шунинг ўзи кифоя бўлади. Ҳа, айтгандай, менинг исмим Гермиона Грэнжер, сизларнинг исмларингиз-чи?
Қизалоқ ушбу сўзларнинг барчасини бир нафасда айта олди.
Гарри Роннинг ҳанг-манг бўлиб қолган башарасига қараб, у ҳам дарсликларни тўла-тўкис ёд олмаганлигига ишонч ҳосил қилгач, ўзини енгил тортди.
- Мен Рон Уэслиман, - пўнғиллади Рон.
- Гарри Поттер, - ўзини таништирди Гарри.
- Шундайми?! - завқланиб кетди Гермиона, - Сен ҳақингда бор гапдан хабардорман. Ўқиш учун қўшимча адабиёт сифатида бир қатор китобларим, жумладан «Замонавий сеҳргарлик тарихи», «Ёвуз кучлар равнақи ва барҳам топиши» ҳамда «Йигирманчи асрнинг буюк сеҳргарликлари» деб номланган, сен ҳақингда ҳам маълумотлар келтирилган китобларим бор.
- Наҳотки? – ҳайрат-ла сўради Гарри, бундай сўзлардан боши айланиб.
- Э Худойим, чиндан ҳам энди эшитяпсан-ми? Агар бу гаплар менга тааллуқли бўлганида борми, икир-чикиригача суриштириб олган бўлар эдим. Қайси коллежда ўқишларингни биласизлар-ми? Шахсан мен ўзим ҳақимда сўраб билдим. Умид қиламан-ки, «Гриффиндор»га қабул қилишади мени. Айтишларига қараганда, энг зўр факультет «Гриффиндор» экан. Дамблдор ҳам шу коллежни тамомлаган эмиш. Фикримча, «Равенкло» ҳам ёмон эмас... Нима қилганда ҳам ҳозир Невиллнинг бақасини топиш керак. Сиз икковингиз эса кийининг. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, яқин орада манзилга етиб борамиз.
У қурбақасини йўқотиб қўйган болани олдига солганича, купедан чиқиб кетди.
- Қайси коллежда ўқишимни билмайман-у, иш қилиб, шу қиз ўқийдиган факультетга тушиб қолмасам бўлгани, - вайсади Рон, таёқчасини сандиққа улоқтириб, - Аҳмоқона афсун. Уни менга Жорж ўргатган эди. Бошимни кундага қўйиб айтишим мумкинки, бу афсун эмас, қандайдир бемаънилик!
- Акаларинг қайси коллежда ўқишади? - сўради Гарри.
- «Гриффиндор»да, - жавоб қайтарди Рон ва яна тумшайиб олди, - Ота-онам ҳам ўша факультетни тамомлашган. Агар мени бошқа коллежга қабул қилишса, қандай хаёлга боришларини билмайман. Умид қиламанки, «Равенкло»га тушиб қолмасам керак. Агар «Слизерин»га қабул қилишса, нима бўлишини тасаввур қилиб кўр.
- Бу ўша Воль... яъни Ўзинг-Биласан-Ким тамомлаган коллежми?
- Ҳа, - ўзини курсига ташлади Рон, тушкунликка тушган қиёфа ила тасдиқлаб.
- Назаримда, Қасмоқнинг мўйлови сал оқарган кўринади, - ўртоғига далда берган бўлди Гарри, - Катта акаларинг нима билан шуғулланишади?
Мактабни тамомлаган сеҳргарлар нима иш қилиши Гаррига қизиқ бўлди.
- Чарли Руминияда, аждар зотларини ўрганиб юрибди. Билл эса Африкада, «Гринготтс» ишлари билан банд. «Гринготтс» ҳақидаги янгиликни эшитдинг-ми? «Башорат-у, каромат газетаси»да ёзишган эди. Магллар бундай газетага обуна бўлишмаса керак... Кимдир махсус бўлмани тунашга уринган эмиш.
Гаррининг кўзи катталашиб кетди.
- Чинданми? Хўш? Ўғриларга нима қилибди?
- Ҳамма гап шунда-да. Уларга ҳеч нарса бўлмабди. Ўғриларни ҳеч ким тута олмабди. Шу боис ҳам тўс-тўполон кўтарилган. Дадамнинг сўзларига қараганда, «Гринготтс» банкининг қўриқлаш хизматини алдаб ўтиш фақат қудратли ёвуз сеҳргарнинг қўлидан келар экан. Миш-миш гапларга қараганда банкдан ҳеч нарса ўғирланмаган. Бу жуда ғалати ҳолат. Биласанми, ўхшаш ҳодисалар содир бўлиши ҳамоно, иттифоқо бу ишлар Ўзинг-Биласан-Кимнинг ҳунари эмасмикан, деб ҳамма ваҳимага тушиб қолади.
Гарри ушбу янгиликни ҳазм қилиб юборишга уринди. Энди Ўзингиз-Биласиз-Кимнинг номи ёдга олинса, даҳшатдан эти жимирлашиб кетадиганга ўхшайди. Сеҳргарлар оламига кириб келганда шундай бўлишини тахмин қилган, бироқ олдин ҳамма нарса осон кечар, у бамайлихотир «Вольдеморт» дер ва ўзини ҳеч ҳам ёмон ҳис этмас эди.
- Сен қайси квидиш жамоасининг тарафдорисан? - кутилмаганда сўраб қолди Рон.
- Э-э-э... Мен бирорта ҳам жамоани билмайман, - иқрор бўлди Гарри.
- Нима! - ҳайратдан батамом қотиб қолди Рон, - Ҳали шошмай тур, билиб оласан, бу ахир дунёда энг зўр ўйин-ку.
У завқ билан тўртта тўп, етти нафар ўйинчи ва еттовлон ўйинчининг ушбу ўйинда эгаллайдиган ўрни ҳақида тушунтиришга, акалари билан бирга борган машҳур ўйинларни тавсифлаб беришга, етарлича пули бўлганида сотиб олишни орзу қилган супурги русумларининг номларини бирма-бир санаб ўтишга киришиб кетди. У бўлиб ўтган ўйинлардан бирини тавсифлаб бераётган фурсатда купенинг эшиги яна очилди. Бу сафар кириб келганлар бақасини йўқотган Невилль ҳам эмас ва ҳатто Гермиона Грэнжер ҳам эмас.
Купега уч нафар бола кириб келди. Ўртада турган болани Гарри дарҳол таниди. Бу, Малкин хоним дўконида учратган ўша рангпар бола.
- Шу гап ростми? - менсимаган оҳанг билан савол берди у, Гаррига Диагон хиёбонида қарагандан ҳам кўра кўпроқ қизиқсиниб қараб, - Поездда борки одамлар сизларнинг купенгизда Гарри Поттер келаётганлигини гапириб келишяпти. Поттер сенмисан?
- Ҳа, мен.
Гарри қолган икки нафар болага разм солди. Иккаласи ҳам тўладан келган, қиёфаси баджаҳл бўлиб, рангпар боланинг икки томонида худди тан қўриқчиларга ўхшаб туришибди.
- Танишинглар, мана бу Краббе, буниси эса Гойл, - совуққон оҳангда таништирди рангпар бола, - Менинг исмим Малфой, Драко Малфой, - қўшиб қўйди у, Гаррининг нигоҳини сезгач.
Рон, кулгисини билдириб қўймасликка уринди чамаси, аста йўталиб қўйди.
- Фикрингча, исмим кулгили эшитиляпти-ми? Айтгандай, кимлигингни биламан. Дадам, Уэслиларнинг ҳаммаси малла бўлиб, сепкиллари билан болаларининг сони, ўзларига эп кўриш даражасидан ортиқ бўлиб кетганлигини айтиб берган эди. Айрим сеҳргар оилалар бошқаларга кўра яхшироқ эканлигини яқин орада билиб оласан, Поттер, - деди Малфой яна Гаррига юзланиб, - Номуносиб кишилар билан дўстлашиш керак эмас. Бу масалада сенга яқиндан ёрдам беришим мумкин.
У Гаррига қўл узатди. Бироқ Гарри Малфойнинг илтифотини қабул қилмади.
- Ўйлайман-ки, номуносиб кишиларнинг фарқига ўзим ета оламан, раҳмат, - жавоб қайтарди у, совуқ оҳангда.
Драко Малфойнинг ранги қизармади, аммо лунжида пушти аломат кўринди.
- Сенинг ўрнингда эҳтиёткорона иш тутган бўлар эдим, Поттер, - деди Малфой дона-дона қилиб, - Хушмуомала бўлмас экансан, тез орада ота-онанг кетидан етиб оласан. Улар ҳам фойдали нарсани бефойда нарсадан фарқлай олишмаган эди. Уэслига ўхшаш чиқиндилар ёки анави мудҳиш Хагридга ўхшаганлар билан мулоқот қиладиган бўлсанг, ўзинг ҳам ифлос бўлиб қоласан.
Гарри билан Рон ўринларидан елкама-елка оёққа туришди.
- Нима дединг? - ўдағайлади юзининг ранги сочининг рангидан фарқ қилмай қолган Рон тишларини қисганича, олдинга қадам босиб.
- Э, ҳали сен бизни калтакламоқчимисан? - масхараомуз сўради Малфой.
- Агар ҳозироқ туёқларингни шиқиллатмасаларинг, - жавоб қайтарди Гарри, нисбатан йирикроқ Краббе билан Гойл томон янада ботирлик билан юзланиб.
- Биз ҳали кетмоқчи эмасмиз, шундайми йигитлар? Егулигимизни еб тугатдик, сизларда эса ҳали кўп экан...
Гойл қўлини шокобақага узатди. Рон олдинга интилди-ю, кутилмаганда юракни эзиб юборадиган фарёд эшитилди. Гойлнинг бармоғини каламуш Қасмоқ маҳкам тишлаб, кичкинагина ўткир тишлари билан бўғинга осилиб олибди. Қўрқиб кетган Краббе билан Малфой ортга чекинди. Уввос солаётган Гойл эса гир айланиб, каламушни айлантирганча, қўлини кемирувчи ҳайвондан халос этишга уринди. Ниҳоят Қасмоқ Гойлнинг бармоғидан бўшаб кетиб, вагон деразасига бориб урилди. Эҳтимол конфетлар орасида яна каламуш бор деган хаёлга боришгандир, балким йўлакдан қадам товуши эшитилгани учун чўчичишгандир, ҳар қалай учаласи ҳам тез гум бўлди. Фурсат ўтгач, остонада Гермиона Грэнжер пайдо бўлди.
- Нима бўляпти бу ерда? - сўради у, атрофда сочилиб ётган конфетлар ва ерда ётган каламушнинг думидан ушлаб кўтараётган Ронга қараб.
- Хушидан кетганга ўхшайди, - деди Рон, Гаррига юзланиб, - Йўқ, айтсам ишонмайсан, бу уйқучи яна ухлаб қолибди.
Қасмоқ ҳақиқатан ҳам донг қотиб ухлаётган экан.
- Сен Малфойни муқаддам учратганмидинг?
Гарри Малфой билан Диагон хиёбонидаги учрашуви ҳақида айтиб берди.
- Мен бу оила тўғрисида кўп эшитганман, - тумшайиб гапирди Рон, - Улар Ўзинг-Биласан-Ким ғойиб бўлган кезларда биринчилардан бўлиб орамизга қайтишган. Қаранг-ки, ўшанда уларни кимдир сеҳрлаб қўйган эмиш. Дадам ўша оиланинг бирорта ҳам сўзига ишонмайди. Айтишига қараганда, Малфойнинг отаси ёвуз кучлар қайтадиган фурсатни орзиқиб кутар экан. Сенга бирон нарса керакми-ди? - сўраб қолди у, Гермионага кескин юзланиб.
- Яхшиси мактаб кийимини тез кийиб олинг. Мен ҳозиргина биринчи вагонга, кондуктор ҳузурига бориб келдим. Биз деярли етиб келибмиз. Муштлашмадингларми ишқилиб, акс ҳолда мактабга етиб бормай туриб, нохуш ҳолатга тушиб қоласизлар.
- Биз эмас, Қасмоқ муштлашди, - деди Рон Гермионага дарғазаб қараб, - Балки кийимимизни алмаштириб олганимизга қадар чиқиб турарсан?
- Ҳозир чиқиб кетаман. Йўлакдаги болалар ўзларини ёш боладай тутишяпти. У ёқ, бу ёқ югуришгани-югуришган. Шунинг учун ҳам купенгизга кириб олдим, - тушунтириш берган бўлди Гермиона, хафа бўлиб, - Бурнинг кир бўлибди, хабаринг борми?
Рон Гермионани дарғазаб нигоҳ-ла кузатиб қўйди. Гарри деразадан ташқарига қаради. Поезднинг ҳаракати аста секинлашиб бормоқда. Қош қорайган. Тўқ қирмизи тус олган осмон остида тоғлар ва ўрмон дарахтларининг шарпалари ғира-шира кўринмоқда.
Гарри билан Рон нимчаларини ечиб, узун қора коржомаларини кийиб олишди. Акасининг эскириб кетган коржомаси Ронга бир оз калталик қилиб, кроссовкаси кўриниб турибди.
Вагонлараро акс садо сингари эълон эшитилди:
- Поезд беш дақиқадан сўнг, «Хогварц» платформасида тўхтайди. Илтимос, юкингизни купеда қолдиринг. Улар мактабга алоҳида етказилади.
Гаррининг қорни асабийлашганидан уюшиб қолгандай бўлди. Роннинг юзи ҳам ҳаяжондан оқариб, сепкиллари алоҳида ажралиб кўринмоқда. Икковлон ширинликларнинг ортиб қолган қисмини чўнтакка солиб, вагон йўлагида тўпланган болаларга қўшилди.
Аста ўрмалаб бораётган поезд ниҳоят тўхтади. Болалар эшикка талпиниб, кичкинагина, қоп-қоронғи платформага ғуж бўлиб олишди. Туннинг ҳавоси совуқ бўлиб, Гаррининг эти титрай бошлади. Кутилмаганда болалар устида фонус пайдо бўлиб, Гарри учун қадрдон бўлиб қолган таниш овоз янгради.
- Биринчи синф ўқувчилари! Биринчи синф ўқувчилари! Қулоқ солинг! Диққат! Бу ёққа юрамиз! Гарри, ишлар жойидами?
Хагриднинг юнги ҳурпайиб кетган катта юзи бола бошига тўлган майдон узра Гаррига кулиб қараб турибди.
- Қани болалар, ортимдан. Яна борми биринчи синфга келганлар? Оёқ остига қараб юринг! Биринчи синф ўқувчилари, ортимдан, олға!
Тоғнинг тик ёнбағридаги сўқмоқ бўйлаб чуғурлашганча одимлай бошлаган болалар сирпаниб, қоқилиб, Хагриднинг ортидан эргашишди. Йўлакнинг иккала томони қоп-қоронғи. Ўтиб бўлмас қалин ўрмон шу ердан бошланса керак, тахмин қилди Гарри. Бир оз юрган болалар деярли сукут сақлаб қолишди. Фақат қурбақасини йўқотиб юрадиган Невиллнинг онда-сонда ҳиқиллаб қўйгани эшитилмоқда холос.
- Диққат кичкинтойлар! Ҳозир ҳаётингизда илк бор «Хогварц»ни ўз кўзингиз билан кўрасиз, - елка узра эълон қилди Хагрид.
Тор йўлак кутилмаганда катта қора кўл соҳилига олиб чиқди ва шу заҳоти болаларнинг баралла, баланд хитоби эшитилди:
- Ооооо!
Юлдузлар сочилиб кетган осмон гумбази остидаги кўлнинг нариги соҳилида, кўп сонли катта-кичик минораларга эга, деразалари ярқираб турган улкан қаср баланд қоя чўққисида юксалиб кўринди.
- Ҳар бир қайиққа тўрт кишидан кўпайиб кетмай ўтирилсин, - команда берди Хагрид, соҳил ёнидаги митти қайиқлар флотилияси томон ишора қилиб.
Невилль билан Гермиона Рон ва Гарри ўтирган қайиққа жойлашди.
- Ҳамма тайёрми? - қичқирди Хагрид, ўзидан бошқа ҳеч ким ўтирмаган қайиққа жойлашиб, - Жуда яхши, ОЛҒА!
Қайиқчалар флотилияси кўлнинг кўзгудай силлиқ юзаси бўйлаб бир вақтда ҳаракат бошлаганча, соҳилдан нари кетди. Болалар юксалиб турган қасрдан кўз узмай, тик қояга яқинлашган сари, бошларини орқага ташлаб томоша қилганча, жим сузиб боришди.
- Бошлар эгилсин! - команда берди Хагрид, биринчи қайиқ қояга етиб бориши билан.
Ҳамма бошини эгиб олди. Митти қайиқчалар болаларни катта ғор оғзини тўсиб турган печак парда орқали олиб ўтди. Улар, чамаси қаср остига олиб борадиган қоп-қоронғи туннелдан сузиб ўтиб, ниҳоят майда шағал қопланган ерости причалига етиб, тушишди.
- Ҳой, бола! Мана бу сенинг бақангми? - қичқирди қайиқларни текшириб юрган Хагрид.
- Тревор! - хитоб қилди мутлақо бахтиёр Невилль, митти кафтини Хагрид томон узатиб.
Шундан сўнг, ҳамма долон ичра Хагриднинг чироғига эргашганча юриб, ниҳоят қаср рўпарасидаги шудринг қоплаган текис чим устига етиб келди.
Тош зинапоядан юқорига чиққан жажжи сайёҳлар эмандан ясалган улкан дарвоза қаршисига ғуж бўлиб тўпланиб олишди.
- Ҳамма шу ердами? Қурбақа-чи, у ҳам жойидами?
Хагрид баҳайбат муштини кўтариб, дарвозани уч карра уриб тақиллатди.





Комментариев нет:

Отправить комментарий