суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) САККИЗИНЧИ БОБ. СЕҲРЛИ ДАМЛАМАЛАР ТАЙЁРЛАШ ФАНИ ПРОФЕССОРИ

Зиёфатнинг эртасига эрталаб, ётоқхонадан чиққан фурсатдан эътиборан Гаррини куни бўйи ўқувчиларнинг пичир-пичири таъқиб қилиб борди.
- Ана, қара, келяпти!
- Қани?
- Анави баланд бўйли малла соч боланинг ёнида.
- Кўзойнак тақиб олган болами?
- Пешонасидаги чандиғини кўрдинглар-ми?

Синф хоналарига киришдан олдин эшик қаршисига саф тортган болалар Гаррини кўриш иштиёғида оёқ учига кўтарилиб ёки ёнидан яна бир бор ўтиш учун навбат охирига югурганча, ўтиб олишди. Керакли синфга йўл топиш учун хаёлини жамлаб юришга уринаётган Гаррини атрофдаги одамларнинг ҳаддан ортиқ эътибори жуда ноқулай ҳолатга солиб қўйди.
Гап шундаки, «Хогварц»да жами бир юз қирқ иккита зинапоя бўлиб, уларнинг айримлари кенг, нишаб, айримлари тор, ғижирлайдиган, баъзилари ҳар жума куни керак бўлмаган томонга олиб чиқиб кетса, баъзиларининг ўртасидаги поғоналари ўзидан ўзи йўқолиб қоладиган бўлиб, бундай жойлардан сакраб ўтишни унутмаслик керак экан. Бундан ташқари, шундай эшиклар ҳам бор эканки, фақат боадаб илтимос қилинсагина ёки керакли жойи қитиқлаб қўйилсагина очилади. Эшикларнинг яна бир тури аслида эшик эмас, балки ўзини эшикка ўхшатиб олган сеҳрли деворлардир. Атрофдаги ҳамма нарса ўзидан ўзи мунтазам кўчиб турганлиги боис қаерда нима жойлашганлигини эслаб қолиш жуда қийин. Портретларда тасвирланган одамлар-чи, бир-бириникига меҳмонга боришади! Рицарларнинг яроғ-аслаҳалари эса мустақил равишда ҳаракатланишига Гарри шубҳа қилмай қўйди.
Арвоҳлар ҳам ўқувчиларнинг бамайлихотир яшашига халал беради. Киши бирон-бир эшикни эндигина очиб кирмоқчи бўлиб турса-ю, ундан аллақандай арвоҳ чиқиб келса! Одамнинг ўтакаси ёрилиб кетмаган тақдирда ҳам, ғайриихтиёрий равишда сесканмай қолмайди. Деярли Бошсиз Ник гриффиндорчи болалар билан хушмуомала бўлиб, йўл топишга ёрдам берса, полтергейст Дрюзг аксинча, айниқса дарсга кечикаётган болага иккита сеҳрли эшик билан бирон-бир хуфия зинапоядан ҳам баттар халал беради. Киши огоҳ бўлмаса, бошига чиқинди ташлаш саватини кийдириб қўйиши, оёғи остидаги гиламни тортиб юбориши, бўр улоқтириши ёки кутилмаганда рўбару чиқиб, «Мана бу тумшуқни қаранглар!» деганча, бурнини қаттиқ чимчилаб тортиб қолиши мумкин.
Бироқ Дрюзгдан ҳам ўтиб тушадиган яна бир хавф борки, у ҳам бўлса, назоратчи Аргус Филч. Гарри билан Рон бароридан келмаган тасодифга кўра учинчи қаватнинг бориш ман этилган йўлагига олиб кирадиган эшикка киришга уринишган биринчи куннинг ўзида Филчнинг қўлига тушиб қолишди. У, болаларнинг адашиб қолганига ишонмай, ман этилган йўлакни атайин кириб кўришмоқчи бўлишганлигига амин бўлганча, ертўлага қамаб қўйишга аҳд қилди. Хайриятки, йўлакдан профессор Белка ўтиб қолиб, болаларни қутқариб қолди.
Филчнинг миссис Норрис лақабли мушуги бор. Жониворнинг юнги чанг рангини эслатади. Ўзи ўлгудай озғин. Кўзи эса бир жуфт фонусга ўхшайди. Мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўлади, деган нақл айни муддао. Негаки, мушукнинг эгаси Филчнинг ҳам катта кўзлари бўртиб чиққан. Миссис Норрис мактаб биносининг йўлакларида мустақил равишда патруллик хизматини ўтаб, ҳаммани кузатиб юради. Бирон-бир бола қоидани оз бўлса ҳам бузса, яъни ман этилган чизиқни бир миллиметрга бўлсин ошиб ўтса бас, у шу заҳоти сирли равишда кўздан ғойиб бўлиб, эгасини чақириш учун гум бўлади. Хаёл ўтиб-ўтмай воқеа жойига ҳарсиллаб пишиллаган Филч етиб келади. Филч мактабнинг сирли йўлларини ҳар қандай бошқа кишидан ҳам яхшироқ билиб (эгизак Уэслилардан ташқари, албатта), оёқ остида кутилмаганда пайдо бўлиб қолиш борасида арвоҳдан қолишмайди. Мактаб ўқувчиларининг ҳаммаси Филчни жуда ёмон кўради, миссис Норриснинг думидан ушлаб тортиш эса аксарият болаларнинг армонидир.
Қани энди энг мушкул иш синф хонасини топиб олиш бўлса! Минг афсуски, ундай эмас! Машғулотлар ниҳоятда мураккаб. Қисқаси, афсунгарлик, сеҳр-жоду – тушунарсиз сўзларни валдираганча, сеҳрли таёқчани шунчаки силтаб қўйишдан иборат эмаслигини Гарри тез орада тушуниб етди.
Ҳар чоршанба куни ярим тунда, болалар телескоп орқали қоп-қора осмонни ўзлаштиришлари, юлдуз номлари ва сайёралар ҳаракатининг траекторияларини ёд олишлари керак. Ҳафтада уч маротаба эса мактабнинг орқа ҳовлисидаги иссиқхонага, пакана бўйли, чайиргина афсунгар аёл профессор Сарсабил хоним раҳбарлигида гербология фанидан сабоқ олгани йўл олишлари лозим. Профессор Сарсабил хоним бегона қўзиқорин ва ўт-ўланлар билан қандай муомала қилиш кераклиги, улардан нима мақсадда ва қандай фойдаланиш мумкинлигини ўргатади.
Болалар учун энг зерикарли дарс, арвоҳ ўқитувчи ўқитадиган сеҳргарлик тарихидир. Юқори синф ўқувчиларининг сўзларига қараганда, ниҳоятда кексайиб қолган тарих фани ўқитувчиси профессор Биннз кунлардан бир кун ўқитувчилар хонасидаги камин қаршисида мудраб қолиб, эртасига дарсга танасиз, арвоҳ кўринишида кириб келган экан. Биннз алланарсаларни тинмай тўнғиллайди. Болалар эса ғайриихтиёрий равишда тарихий сана ва исмларни ёзиб бориб, Жоҳил Эмерик билан Ичкиликбоз Умерикни адаштириб қўйишади.
Афсун ўқиш ўқитувчиси профессор Флитвикнинг бўйи шу қадар пастки, кафедра ортида, ўқувчиларга кўриниши учун китоблар дастаси устига чиқиб олишига тўғри келади. Биринчи дарс бошида йўқлама ўтказар экан, Гаррининг фамилиясини ўқигач, завққа тўлиб қичқирганча, стол остига қулаб тушди.
Профессор Минерва Макгонагалл, мактабнинг бошқа ўқитувчилари каби, шахсиятининг ўзига хос хусусияти билан яққол ажраб туради. Ушбу аёлни илк бор кўрганида, унга гап қайтармаган маъқул деган ўйга борган Гарри мутлақо ҳақ экан. Қаттиққўл ва оқила профессор Макгонагалл илк машғулотда, болаларга ўтириш учун изн берилиши билан ўзаро муносабатлар қай йўсинда боришини яққол тушунтирди-қўйди.
- «Хогварц» даргоҳида сиз ўзлаштирадиган сеҳргарликнинг энг мураккаб ва ниҳоятда хавфли тури – айланиш ва айлантириш саналади, - деди у, - Чап қулоғингиз билан ҳам, ўнг қулоғингиз билан ҳам эшитиб қўйинг, ким-ки менинг дарсимда майнабозчилик қилар экан, синфни абадий тарк этади. Бу менинг биринчи ва сўнгги огоҳлантиришимдир.
Шу сўзларни айтар экан у, синфда турган столлардан бирини чўчқага сўнг, яна столга айлантириб қўйди. Буни кўрган болалар қойил қолиб, ўхшаш каромат кўрсатишга ижозат берилишини сабрсизлик билан кутишди. Бироқ улар, бирон-бир мебель турини ҳайвонга айлантириш даражасига етишларига ҳали етти қовун пишиғи борлигини хаёл ўтмай идрок этишди. Ўз дафтарига бир талай мураккаб формулалар ёзган ҳар бир ўқувчига ниҳоят биттадан, игнага айлантириш талаб этилган гугурт донаси тарқатилди. Дарс хотимасида фақат Гермиона Грэнжергина гугурт донасининг кўринишини оз бўлса ҳам, ўзгартиришга муваффақ бўлди. Профессор Макгонагалл, ушбу гугурт донаси кумуш ранг касб этганлиги, бир учи эса бироз учли бўлиб қолганлигини жамики синфга намойиш этиб, камдан-кам табассум қилишига қарамай, Гермионага кулги ҳадя этди.
Ёвузлик кучидан ҳимоя фани бўйича биринчи дарсни болалар интизор бўлиб кутди. Бироқ профессор Белканинг афсунлари жуда жўн, афсунга тақлид қилинган шунчаки сўзлардек туюлди. У дарс ўтадиган синф хонасига саримсоқ ҳиди уриб кетган. Айтишлари-ча, доимо ҳадиксираб юрган профессор Белка саримсоқни, Руминия сафарида бўлган кезларда ҳамла қилган ва уни қидириб шу хонага ҳам келиб қолиши мумкин бўлган қонхўр махлуқни ҳуркитиш учун қўллар эмиш. Профессорнинг ўқувчиларга тушунтириб беришига қараганда, бошидаги саллани бешафқат манқуртлардан халос этгани учун африкалик миннатдор шаҳзодалардан бири тортиқ қилган эмиш. Бироқ болалар, ушбу чўпчакка кўп ҳам ишонишмади. Негаки, биринчидан, ҳар нарсани билишга ҳаддан ортиқ қизиқувчан Симус Финниган манқуртлар билан кечган олишув ҳақида батафсилроқ сўзлаб беришни сўраганида, профессор Белканинг ранги қизариб, гапни об-ҳаво ҳақидаги мавзуга буриб юборди. Иккинчидан эса салладан жуда кучли ва ғалати ҳид гупиллаб туради. Эгизак Уэслиларнинг фикрича, салланинг ичи ҳам профессор қаерда юрмасин ўша махлуқдан ҳимояланган бўлиши учун саримсоққа тўлдирилган эмиш.
Фанларни ўзлаштириш борасида ўз синфдошларидан кўп ортда қолмаётганлигини билган Гарри ўзини бир оз енгил ҳис этди. Аксарият болалар магллар оиласидан чиққан бўлиб, пайти етгунга қадар, худди Гаррига ўхшаб, сеҳргар ёки афсунгар эканлигини билмаган. Биринчи синфдаги ўқиш давомида ўзлаштириш керак бўлган материаллар шу қадар кўпки, сеҳргарлар оиласидан чиққан Ронга ўхшаш болаларнинг ҳам уқуви етмай қолди.
Жума Гарри билан Рон учун ўзгача кун бўлди. Ниҳоят икковлон нонушта қилинадиган Катта Зални йўлдан бирор маротаба ҳам адашмай топиб кела олди.
- Бугун қанақанги дарслар бўлади? - сўради сули ёрмасидан тайёрланган бўтқага шакар сепаётган Гарри Рондан.
- Биринчи икки соат давомида сеҳрли дамламалар тайёрлаш фанидан слизеринчи болалар билан биргаликда ўтказиладиган дарс бўлади. Профессор Снегг «Слизерин» факультетининг мудири эканлигини биласан. Эшитганим рост бўлса, у, барча масалаларда слизеринчиларни афзал кўрар эмиш. Бу гапнинг рост-ёлғонлигини бугун кўрамиз.
- Ундай бўлса, профессор Макгонагалл ҳам, биз гриффиндорчиларни афзал кўрса яхши бўлар эди, - деди Гарри.
Профессор Минерва Макгонагалл «Гриффиндор» факультетининг мудири бўлса-да, ўз ўқувчиларига «ғамхўрлик» қилганча, ҳар сафар бир дунё уй вазифасини «қизғанмай» топширади.
Айни шу фурсатда почта келди. Почтанинг келиши бу тариқа ўтишига Гарри анча кўникиб қолди. Аммо ушбу ҳодисани биринчи бор кўрганида, яъни Катта Залда ўтаётган нонушта вақтида дафъатан юзлаб бойқушлар учиб киргани, столлар узра парвоз қилиб, ўз соҳибларини қидиришгани, топиб олишгач эса тиззаларига хат ва совғалар ташлаб, учиб кетишганини кузатганида Гаррининг оғзи очилиб, ҳанг-манг бўлиб қолган эди.
Бугунги кунга қадар Хедвиг Гаррига ҳеч нарса олиб келмади. У баъзан, бошқа қушларга қўшилиб бойқушхонага кетишдан олдин Гаррининг қулоғини чўқиб тортиш, столидаги ушоқлардан еб, тамадди қилиб олиш учун учиб келади. Бу гал эса у шинни солинган кўрача билан қанддон ўртасига қўниб, Гаррининг тарелкасига хат ташлади. Гарри шу заҳоти бетартиб ёзилган хунук дастхат-ла битилган хатни очиб ўқиди.

Қадрдоним Гарри,
Жума кунининг иккинчи ярмида ўқувчиларга бўш вақт ҳавола этилади. Соат тахминан учларда мен билан чой ичишни истамайсан-ми? Мактабда ўтган биринчи ҳафта ҳақидаги тасаввурларингни эшитмоқчиман. Жавобни Хедвиг орқали йўлла.
Хагрид

Гарри Роннинг пат-қаламини олиб, хатнинг орқасига:
«Албатта хоҳлайман, учрашгунча», - деб ёзди-да, Хедвигга узатди.
 Хагрид билан кутиладиган чойхўрлик айни муддао. Акс ҳолда сеҳрли дамламалар тайёрлаш фани унга ниҳоятда оғир синовдек туюлган бўлар эди. Ҳар қалай олдинда, битта бўлса ҳам, ёқимли тадбир ўтиши кутилади-ку.
Айни шу дарсга қадар Гарри бунчалик нохуш, аҳмоқона ҳолатга тушмаган эди.
Ўқув йили бошланиши шарофатига уюштирилган зиёфатда профессор Снегг ёқтирмай қараб қўйганини Гарри сезди, лекин профессор ўз фани бўйича ўтган биринчи дарс сўнггида Гарри янглишганини тушуниб етди. Негаки у, профессорга нафақат ёқмагани, балки Снегг ундан очиқдан-очиқ нафратланаётгани яққол маълум бўлди.
Сеҳрли дамламалар тайёрлаш дарси қаср остидаги хоналардан бирида ўтказилади. У ер юқорига нисбатан анча совуқ бўлиб, токчалари спиртланган жониворлар солинган банкаларга тўлиб-тошмаган бўлганда ҳам, киши эти жунжикади.
Снегг ҳам профессор Флитвик сингари дарсни йўқламадан бошлаб, навбат Гаррининг фамилиясига келганда Флитвик сингари тўхтаб қолди.
- Ҳа-я, Гарри Поттер. Мактабимизнинг... янги донгдори...
Драко Малфой ва унинг дўстлари Краббе билан Гойл оғзиларини кафтлари билан ёпиб, ҳиринглаб қўйишди. Профессорнинг Хагрид кўзи каби қоп-қора кўзида, мактаб қоровулининг кўзидан фарқли ўлароқ, эзгуликдан асар ҳам кўринмайди. Аксинча, унинг нигоҳи қоп-қоронғи туннелни эсга солиб, муздай бўшлиқни акс этади.
- Сизлар бу хонага сеҳрли дамламалар тайёрлашга оид аниқ фан ва бундай дамламалар тайёрлашнинг нафис санъатини ўзлаштиргани келдингиз, - бошлади профессор.
У деярли шивирлаб гапирмоқда. Ўқувчилар эса диққат билан қулоқ тутиб, унинг ҳар бир сўзини уқиб олишга уринмоқда. Снегг ҳам, профессор Макгонагалл сингари, ўқувчилар эътиборини ўзига жалб этиш маҳоратига эга бўлиб, бу борада сал бўлса ҳам зўриқиши сезилмайди.
- Бу фаннинг, сеҳрли таёқчани аҳмоқона силтаб юриш билан ҳеч қандай умумийлиги йўқлиги боис, уни афсунгарлик деб аталишига ишониш кўпчилигингиз учун қийин кечиши муқаррар. Шовқинсиз, милтиллаб қайнаётган қозонча ва унинг устида ялтираётган буғнинг сеҳрли манзараси, инсоннинг қон томирларига сингиб кириб, ақлини сеҳрлаб қўядиган, ҳис-туйғуларини эса батамом асоратга соладиган суюқликларнинг қалтис кучига муносиб баҳо бера билишингизни сизлардан кутмайман ҳам. Мен сизларга шон-шуҳратни шиша идишчаларга қуйиб чиқиш, чойнакка мардлик ва жасоратни дамлаш, ўликка жон бағишлайдиган сув тайёрлашни ўргатишим мумкин. Агар сиз, аксарият битирувчилар сингари, менга дуч келаётган, навбатдаги бедаво аҳмоқ ва нодон бўлмасангиз, албатта.
Ушбу қисқа нутқидан сўнг, профессор, бир оз сукут сақлади. Гарри билан Рон бир-бирига таажжуб-ла қараб қўйди. Гермиона Грэнжер эса ҳар қандай сонияда ўзининг нодон эмаслигини исботламоқчи бўлгандай, курси четига ўтириб олиб, типирчиламоқда.
- Поттер! - кутилмаганда овоз берди профессор, - Тилла гулнинг туйилган илдизи шувоқ дамламасига солинса нима бўлади?
Ниманинг туйилган илдизини ниманинг дамламасига? Гарри Рон томон юзланди. Роннинг ҳанг-манг бўлиб қолган турқи Гаррининг башарасидан қолишмади. Гермионанинг қўли эса ҳавога отилди.
- Билмадим, сэр, - жавоб қайтарди Гарри.
- Ҳа-а... Бу масалада машҳурликнинг ўзи камлик қилади, - оғзини заҳарханда буриштирди Снегг, Гермионанинг кўтарилган қўлига эътибор ҳам қаратмай, - Яна бир бор уриниб кўринг Поттер. Безоар тошини олиб келинг десам, уни қаерда қидирган бўлар эдингиз?
Гермиона ўтирган курсисидан туриб кетмасликка уриниб, қўлини имкон қадар баланд кўтарди. Гарри эса безоар тоши ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас. У овоз чиқармай қаҳқаҳламоқдан елкалари силтаниб ўтирган Малфой, Краббе ва Гойл томонга қарамасликка уринди.
- Билмадим, сэр.
- Фаҳмлашим-ча, Поттер, мактабга келгунга қадар китоб варақламаганга ўхшайсиз, шундайми?
Гарри нигоҳини профессорнинг совуқ кўзидан олиб қочмасликка зўр берди. Албатта у дарсликлар билан танишиб чиққан. Бироқ Филлида Споранинг «Мингта сеҳрли алаф ва қўзиқоринлар» китобини ёддан билишга мажбур эмас-ку?!
- Поттер, кўк гунафша билан кўк айиқтовон ўртасида нима фарқ бор? - сўради Снегг Гермионанинг кўтарилган қўлига ҳамон эътибор қаратмай.
Қўли билан шифтга етмоқчи бўлган Гермиона ниҳоят ўрнидан туриб кетди.
- Билмадим, сэр, - жавоб қайтарди Гарри, вазминлик билан, - Назаримда саволларингизга Гермиона жавоб бера олади, ундан сўраб кўрмайсиз-ми?
Синфда ҳингир-ҳингир кулги эшитилди. Гаррининг нигоҳи кўзини қисиб қўйган Симусга тушди.
- Жойингизга ўтиринг, - ўшқириб берди домангир Снегг, Гермионага қараб, - Маълумотингиз учун, Поттер, тилла гулнинг туйилган илдизи билан шувоқ дамламаси аралаштирилса шундай уйқудори ҳосил бўладики, унга «Тирик қолдирадиган ажал қултуми», деган ном берилган. Аксарият заҳар турларининг одам ўлдириш таъсиридан сақлаб қоладиган безоар тоши эса тоғ такасининг ошқозонидан чиқариб олинади. Кўк гунафша билан кўк айиқтовонга келсак, бу айни бир ўсимлик бўлиб, парпи деб номланади. Хўш, нима гап? Нега ҳеч ким ёзиб олмаяпти?
Шу заҳоти синф хонасини пергаментнинг шитир-шитири ва пат-қаламларнинг ғичирлаши қамраб олди.
- Сизнинг шарофатингиз билан, Поттер, «Гриффиндор» коллежидан бир балл айрилади.
Дарс давом этган сари «Гриффиндор»нинг ҳолати ёмонлашишга баттар ёмонлашди-ки, мутлақо тикланмади. Снегг синф ўқувчиларини жуфтларга бўлиб чиқиб, инсоннинг тери қопламасидаги куйган жойни даволаш учун қўлланиладиган, унча мураккаб бўлмаган дори тайёрлашга киришишни буюрди. У, ўзининг узун қора кийими билан синф бўйлаб гоҳ у томон, гоҳ бу томон шиддат билан юрар, болалар қуритилган газанда ўт билан илоннинг туйилган тишини тарозида тортаётганини кузатар, бир қарашда ёқтириб қолган Малфойдан ташқари, ҳамманинг хатти-ҳаракатини танқид қилар эди.
Снегг шохли шиллиққуртни обдон қайнатган Малфойни ҳаммага ибрат қилиб кўрсатаётган фурсатда, қаердандир яшил тусли аччиқ тутун паға-паға чиқиб, бутун ертўлага пишиллаган товуш эшитилди. Симус билан биргаликда дори тайёрлаётган Невилль, тушуниб бўлмайдиган тарзда шеригининг қозонини қиздириб, эритиб юборибди. Оқибатда, ушбу суюқлик, қозонга яқин турган болаларнинг пойафзалларини тешганча, тош полга тинимсиз оқди. Болаларнинг ҳаммаси саноқли сониялар ичида курсиларга сакраб чиқишди. Эгнига эритма пуркалиб, қўл-оёғи мудҳиш тарзда қизара бошлаган Невилль оғриқдан инграмоқда.
- Жин урган овсарлар! - қичқириб юборди Снегг, сеҳрли таёқчасини силтаганча, суюқликни гум қилар экан, - Қозонни оловдан олмай туриб жайра игнасини солдингиз-ми?
Бурнига қадар куйган Невилль ҳиқиллаб йиғлай бошлади.
- Касалхонага элтинг, - буюрди Снегг Симусга.
Шундан сўнг, Снегг ўз қаҳрини Невиллнинг ёнида ишлаган Гарри билан Ронга тўкиб солди:
- Сиз Поттер, нега уни тўхтатиб қолмадингиз? Уни хунук кўрсатиб, ўзингиз яхши кўринмоқчи бўлдингиз-ми? «Гриффиндор» сиздан миннатдор бўлишига шубҳа қиламан, негаки факультет яна бир балл йўқотди.
Нақадар адолатсизлик! Гарри ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга уриниб, энди оғиз жуфтлаган эди ҳам-ки, қозон ортида турган Рон уни бир тепиб, тўхтатиб қолди.
- Баслашма, - пичирлади Рон, - Айтишлари-ча, мудҳиш Снеггнинг табиати шу эмиш.
Бир соат ўтгач, Гарри ниҳоятда эзилган ҳолатда, бўлиб ўтган ишлар ҳақида ўйланиб синфдошлар билан биргаликда ерости йўлагидан юқорига кўтарилди. Биринчи ҳафтанинг ўзида «Гриффиндор» Гаррининг айби билан икки балл йўқотди. Қайси гуноҳи учун Снегг уни бу қадар ёмон кўрар экан, а?
- Хафа бўлма, - юпатишга уринди уни Рон, - Снегг Фред билан Жоржни ҳам мунтазам жазолаб, балл айириб боради. Хагриднинг ҳузурига сен билан борсам майлими?
Болалар соат ўн тўртдан эллик беш дақиқа ўтганида қасрдан чиқиб, ҳовли орқали Хагриднинг Ман этилган ўрмон четидаги кулбаси томон йўл олди. Кириш эшиги устида арбалет[1] билан бир жуфт калиш илиб қўйилган экан.
Гарри эшик тақиллатди. Ичкаридан дастлаб тимдалаш ва янгроқ инграш товуши, фурсат ўтиб, Хагриднинг «Қайт, Сўйлоқтиш, жим бўл» деган овози эшитилиб, қия очилган эшикда юнг босган йирик юзи кўринди.
- Шошмай туринг, ҳозир, - деди у, - Орқага, Сўйлоқтиш.
Хагрид каттакон немис догини бўйинбоғидан базўр тутиб турганча, болаларни ичкарига киритди.
Шифтига сон гўшти билан қирғовуллар осиб қўйилган кулба атиги иккита хонадан иборат. Бурчакда қуроқ кўрпа ташланган катта каравот ўрнатилган бўлиб, ўчоқда ёнаётган очиқ олов устида каттакон мис чойнак қайнаб турибди.
- Ўзингизни ўз уйингизда деб билинг, - ичкарига таклиф қилди Хагрид Сўйлоқтишни бўшатар экан.
Ит шу заҳоти Роннинг олдига келиб, қулоғини ялай кетди. Сўйлоқтиш ҳам, Хагрид ҳам жаҳлдор эмаслигини Рон жуда яхши тушуниб етди.
- Танишинг, бу Рон, - деди Гарри катта чойнакка чой дамлаб, ликопга тошдай қотган булочкаларни солаётган Хагридга.
- Навбатдаги Уэсли, шундайми? - сўради Хагрид, сепкил босган Ронга қараб, - Акаларингни ўрмондан қувиб чиқаришга умримнинг ярми зое кетди.
Яқинроқ қараганда узумли булочкалар бирор-бир шаклга эга бўлмай, эҳтиёт бўлмаса киши тишини синдириб олиши ҳеч гап эмас. Бироқ Гарри билан Рон бундай меҳмондорчиликдан хурсанд эканлигини сохта бўлса ҳам намоён этиб, ўзларининг биринчи тасаввурлари билан ўртоқлаша кетди. Сўйлоқтиш Гаррининг тиззасига бошини қўйиб, сўлак оқизганча ридони расво қилди.
Хагриднинг Филчни «қари тентак» деганини эшитиб, Рон билан Гарри хурсанд бўлди.
- Анави миссис Норрис лақабли мушугини мана бу Сўйлоқтиш билан таништириб қўйса зўр иш бўлар эди. Қасрга киришим билан, орқамдан қолмай эргашиб юради, лаънати. Ундан қутулиш қийин, жонивор Филчнинг амрини бажаради-да.
Гарри Хагридга Снеггнинг дарсида бўлган воқеани айтиб берди. Хагрид худди Рон каби ташвиш тортмаслик кераклиги, Снегг бирон-бир ўқувчини ёқтирмаслигини айтди.
- Лекин у мендан очиқдан-очиқ нафратланади!
- Бўлмаган гап, - ишонмади Хагрид, - Нега энди нафратланар экан?
Аммо, ушбу гапни айтаётган Хагрид кўзини яшираётгани Гаррининг эътиборидан четда қолмади.
- Сенинг аканг Чарли, нималар билан машғул бўлиб юрибди? - сўраб қолди Хагрид Рондан, - Зўр бола, ҳайвонларни яхши кўради.
Хагрид мавзуни атайин ўзгартириб юборди, хаёлдан ўтказди Гарри.
Рон Хагридга Чарлининг иши аждарлар билан боғлиқ эканлигини айтиб бераётган пайтда Гарри стол устида ётган газета бўлагини қўлига олди. Бу «Башорат-у, каромат газетаси»нинг парчаси экан:
                             
«ГРИНГОТТС» БАНКИДАГИ ҚУЛФНИ БУЗИШГА УРИНИШ ҲОЛАТИ

Тахминларга кўра, номаълум ёвуз сеҳргар ёки афсунгарлар томонидан жорий йилнинг 31 июль куни «Гринготтс» банкидаги бўлма қулфини бузишга уриниш ҳолати юзасидан олиб борилаётган тергов тадбирлари давом этмоқда.
Банк ходимлари бўлмиш гоблинларнинг таъкидлашларича, банкдан ҳеч нарса ўғирланмаган. Қулфбузар ўғрилар айни шу куни, улардан олдин, белгиланган тартибда бўшатилган бўлма эшигини очиб киришга уринишган.
«Бироқ ушбу бўлмада нима сақланганлигини кенг оммага етказиш ниятимиз йўқ. Шу боис, нохуш ишга аралашиб қолишни истамаганларга, бу мавзудан нари юришни тавсия этамиз!» - баёнот қилди жамоатчилик билан алоқалар гоблини.

Рон поездда «Гринготтс»да содир этилган ўғирлик ҳолатини тилга олган эди-ю, қачон юз берганлигини айтмаган эди, эсга олди Гарри.
- Хагрид, - хитоб қилиб юборди Гарри, - «Гринготтс»даги воқеа туғилган кунимда содир этилган экан! Эҳтимол, айни биз ташриф буюрган пайтда рўй бергандир!
Шубҳага ўрин йўқ, Хагрид яна кўзини олиб қочди. У шайтон сўзи билан сўкиниб, булочка таклиф қилди. Гарри газета мақоласини қайтадан ўқиб чиқди: «Қулфбузар ўғрилар айни шу куни, улардан олдин, белгиланган тартибда бўшатилган бўлма эшигини очиб киришга уринишган». Хагрид етти юз ўн учинчи бўлмани бўшатган эди. Агар ўша бўлмадаги эзилиб кетган кичкинагина халтани олиб чиққанлиги инобатга олинса, Хагрид «бўлмани бўшатди» деса бўлади. Ўғрилар ўғирламоқчи бўлган нарса ҳақиқатан шу халтамикан?
Болалар, ўзлари билан олиб кетиш таклифини рад этишга журъат эта олмай, чўнтакларини тош булочкалар билан тўлдирганча, қасрга, кечки овқатга қайтишди. Ўтган бирон-бир дарс, Гаррини Хагриднинг кулбасидаги чойхўрлик каби ўйга толдирмаган. Демак Хагрид халтани мавридида олиб чиққан эканда? Хўш, ўша халта ҳозир қаерда? Хагрид Снегг ҳақидаги гапни бошқа мавзуга буриб юборди. Демак у бирон-бир гапдан бохабар-у, менга айтишни истамади.





Комментариев нет:

Отправить комментарий