суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва фалсафий тош. (I қисм)

Одамовилар хиёбонидаги 4- уй соҳиблари мистер ва миссис Дурсллар: «Худога шукурлар бўлсинки, хонадонимиздаги ҳаёт мутлақо меъёрий тарзда кечмоқда», - дея мақтана олишлари билан жуда ғурурланишади.
Шундай кишилар бирор-бир ғайриоддий, айниқса, сирли ҳодисага аралашиб қолишларини тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Зеро улар ҳар қандай бемаънигарчиликни тоқат қила олмайдилар.

Жуссаси йирик, ортиқ даражада семизлигидан бўйни деярли кўринмайдиган, бурни остидан узун мўйлов ўсиб чиққан Мистер Дурсль парма ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Груннингс» фирмасининг директори бўлиб ишлайди. Қотмадан келган сарғиш сочли миссис Дурслнинг бўйни эса аксинча, ҳаддан ташқари қизиқувчан табиати учун айни муддао бўлиб, оддий аёлнинг бўйнига нисбатан икки чандон узун. Негаки, хоним бировнинг деворидан мўралаб қараш, қўшниларни кузатиб, уларнинг сир-асрорларидан бохабар бўлиб юришни ўларча ёқтиради.
Бундан ташқари, эр-хотиннинг кичкинтой, Дудли исмли ўғли бўлиб, ота-онанинг фикрича, ушбу ёруғ оламга ҳали бундай ажойиб бола келмаган эмиш.
Дурсллар бисотида ҳамма нарса бор. Бироқ яна шундай бир мудҳиш сир борки, у ҳам бўлса, Поттерларнинг Дурслларга қариндошлигидир. Бу гапнинг бирор-бир кишига ошкор бўлиши Дурсллар учун бардош бериб бўлмас андиша бўлиб, ундан бирор-бир кимса воқиф бўлиб қолиши ҳақидаги ўй эр-хотинни қаттиқ ғазабга келтиради. Гап шундаки, миссис Поттер миссис Дурслнинг туғишган синглиси бўлади. Бироқ опа-сингил кўп йиллардан буён юз кўришмаган. Очиғини айтганда, миссис Дурсль ўзини гўё синглиси йўқ кишидай тутади. Бунинг боиси сингил ҳам, унинг тўпори эри ҳам, Дурслларга имкон қадар ўхшамасликка ҳаракат қилишидир. Мабодо Поттерлар Дурсллар кўчасига кириб қолишса-ю, қўшниларнинг бу ҳақдаги фисқ-фасодларини ўйлашса, эр-хотиннинг аъзойи баданини титроқ босади. Дурсллар ўз кўзлари билан кўришмаган бўлса-да, Поттерларнинг жажжи ўғилчаси борлигидан хабардор. Умуман айтганда, айни шу боланинг борлиги Дурслларни Поттерлардан янада узоқроқ бўлишга мажбур қилди. Дудлининг ҳар хил безориларга илашиб юриши етмай турган эди!
Деразадан кўриниб турган булутли осмонда, яъни ҳикоямиз бошланадиган, ҳавоси бузуқ зерикарли сешанбанинг мистер ва миссис Дурсллар уйғонган эрта тонгида, кўп ўтмай жуда сирли, жумбоқли воқеалар бўлиб ўтишидан далолат берадиган бирор-бир аломат ҳали кўринмайди. Мистер Дурсль алланарса ғўнғиллаганча, ишга тақиб юрадиган кўримсиз бўйинбоғларидан бирини қидирар, миссис Дурсль эса бақалоқ Дудлини баландгина болалар курсисига суқиб киритишга ҳаракат қилиб, кечаги миш-миш гапларнинг чаласини эрига шоша-пиша охиригача сўзлаб беришга ошиқар эди.
Ўзи билан ўзи овора эр-хотин айни пайтда дераза ёнидан учиб ўтган малла-жигар ранг бойқушни пайқамади.
Соат саккиз яримда мистер Дурсль портфелини қўлига олди-да, хотинининг юзидан чўқиб олди. Айни фурсатда жанжал кўтариб, курсида типирчилаганча, атрофга жон-жаҳди билан сули бўтқа улоқтираётган Дудлини ҳам ўпмоқчи бўлди-ю, ҳаракати хато кетди.
- Қуёнчам мени, - қурқураб қўйди Дурсль, уйдан чиқиб кетар экан.
Бир илож қилиб машинасига кириб олган мистер Дурсль 4- уйдан нари кетди.
Чорраҳага чиққач, илк бор ғалати бир ҳолат гувоҳи бўлиб қолди. Ногаҳон унинг нигоҳи синчковлик билан харита ўрганиб турган мушукка тушди. Мистер Дурсль, ушбу ҳолатга дастлаб эътибор қаратишга ҳам улгурмади, нимани кўрганини идрок этгач эса бошини кескин буриб, ортга қаради. Одамовилар хиёбони бурчагида юнги йўл-йўл мушук турибди-ю, ёнида ҳеч қандай харита кўринмайди.
- Қандай бемаънилик?! Тонг ёруғлигининг ўйини бўлса керак бу.
Мистер Дурсль кўзини пирпиратиб олдида, мушукка бақрайтирди. Мушук ҳам унга тик қараб турибди. Ҳаракатини давом эттирар экан, токи бурилиб, катта йўлга чиққунга қадар дўнг пешонасининг рўпарасидаги орқа томонни кузатиш кўзгусидан мушук ҳаракатини кузатиб борди. Бу сафар мушук кўча номи ёзилган тахтадаги «Одамовилар хиёбони» ёзувини ўқимоқда. Йўқ, аниқроғи у тахтага қараб турибди. Ахир мушук харитани ҳам, тахтадаги ёзувни ҳам ўқий олмаслиги муқаррар-ку! Мистер Дурсль бир силкиниб олди-да, хаёлини мушукдан чалғитди. Шаҳарга элтадиган йўл давомида эса шу бугун ишда бир дунё пармаларга йирик буюртма олиши ҳақидаги ўйга чўмиб кетди.
Шунга қарамай, шаҳарга яқинлашган мистер Дурслнинг пармалар билан боғлиқ орзу-ҳавасини яна бир ҳолат қувиб юборди. Ҳар куни эрталаб рўй бергани каби бугунги йўл тирбандлигида ўтирар экан, ҳамма ёқда ғалати кийиниб олган одамлар юрганини сезиб қолди. Мистер Дурсль кишининг жиғига тегадиган одамларни тоқат қила олмайди. Бу одамлар эса ҳаммаси бирдай ридо кийиб олган.
- Баъзан ёшларнинг беўхшов кийиниб олишганини ўйласанг, ваҳиманг келади! Ридо – бирор-бир сўнгги чиққан аҳмоқона мода бўлса керак-да, - хаёлдан ўтказди у.
Машинасининг рулини бармоқлари билан чертиб ўтирар экан, ёнгинасида йиғилиб олган, нималардир ҳақида кайфи чоғлик билан шивирлашиб турган ақли норасолар томон қараб, улар орасида икки-уч киши унчалик ёш эмаслиги, анави киши эса кекса бўлиб, зумрад-зангори ридо кийиб олганлигини ғазаб билан пайқаб қолди!
- Қандай андишасиз киши экан!
Бирдан мистер Дурслнинг хаёлига:
- Буларнинг бари навбатдаги реклама ёки бирор-бир ўхшаш тадбир бўлиб, мана бу одамлар хайр-эҳсон йиғиб юрган бўлса керак, - деган ўй келди, - Ҳа, энди тушунарли.
Ниҳоят машиналар қўзғалиб, икки дақиқадан сўнг, мистер Дурсль яна ўз пармалари ҳақида ўйлаганча, «Груннингс» идорасининг биноси ёнидаги машиналар турадиган майдончага кириб борди.
Тўққизинчи қаватда жойлашган хизмат хонасида мистер Дурсль доимо деразага орқа ўгириб ўтиради. Агар бундай ўтирмаганида бугун эрталаб у ўз хаёлларини пармаларга жалб этишга анча қийналган бўлар эди. Негаки у, куппа-кундуз куни деразаси ёнидан бойқушлар тинмай учиб ўтишаётганини пайқамади. Аммо кўчадаги одамлар оғзиларини очиб, лол қолишганларича, йирик ўрмон қушларининг кетма-кет учиб юришганини томоша қилишди. Тўпланиб олган меровларнинг аксарияти бойқушларни, ҳатто тунда бўлсин, муқаддам кўришмаган.
Мистер Дурсль куннинг биринчи ярмини шу аснода, ўз маромида, бўлар-бўлмас бемаъни бойқушларсиз ўтказди. У беш нафар бўйсунувчининг таъзирини бериб, муҳим жойларга қўнғироқ қилиб бўлгач, яна икки кишини койиб беришга улгурди. Тушликдан сўнг, аъло кайфият ила кўчага чиқиб, қўл-оёғининг чигилини ёзиб келиш ва бир йўла нон дўконига кириб, ёғда кўпчитиб пиширилган бир жуфт кулча харид қилишга аҳд қилди.
Дўконга олиб борадиган йўлакда турган одамлар тўдасига дуч келмаганида, мистер Дурсль эрталаб учратган анави ридо кийган кишиларни эсига ҳам олмаган бўлар эди. Тўда ёнидан ўтар экан, дарғазаб нигоҳ-ла, ушбу одамларга бошдан-оёқ разм солиб, қараб чиқди. Сабабини англаш қийин бўлса-да, бу каслар негадир мистер Дурслни асабийлашишга мажбур қилишди. Булар ҳам, тўлқинланиб шивирлашмоқда. Бироқ қўлларида хайр-эҳсон йиғиб юриш учун бирон-бир идиш кўринмайди. Мистер Дурсль кулчага тўла қоғоз халтани катта қорнига босиб олганча, дўкондан қайтар экан яна шуларнинг ёнидан ўтиб, қулоғига чала-ярим гаплари эшитилиб қолди:
- Поттерлар, аниқ, менга айнан шундай дейишди...
- ... ҳа-ҳа, уларнинг ўғли, Гарри...
Мистер Дурсль яшин ургандай тўхтаб, саросимага тушиб қолди. Шивирлашиб турган одамлар томон ўгирилиб, ниманидир сўраб билмоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди.
Даҳшатдан ранги бўздай оқариб, идора томон ғизиллаганча, хонасига югуриб етиб олди-да, котибага бўкириб, уни ҳеч ким безовта қилмаслигини буюрди. Уй телефонининг рақамини энди териб бўлган эди ҳам-ки, бирдан ўзини тўхтатди. Гўшакни жойига қўйиб, мўйловини силаганча ўйга чўмди...
- Йўқ. Бу қандайдир бемаънилик. Ахир Поттер фамилияси у қадар ғайриоддий фамилия эмас. Фамилияси Поттер, ўғлининг исми Гарри бўлган одамлар эса бир талай бўлиши мумкин-ку, - хаёлдан ўтказди мистер Дурсль, жиянининг исми чиндан ҳам Гарри эканлигига шубҳа қилиб, - Эҳтимол унинг исми Гарви ёки Гарольддир. Миссис Дурслни безовта қилишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Бояқиш, синглиси тўғрисида гап очилиши билан таъби хира бўлади. Уни бирор нарсада айблаб ҳам бўлмайди. Агар менинг шундай синглим бўлганида-чи... Бироқ... ридо кийиб олганлар...
Тушликдан сўнг ўтган вақт давомида мистер Дурслнинг хаёлни жамлаб, пармалар ҳақида ўйлаши анча қийин кечди. Идорани кечки соат бешга яқин тарк этар экан, ҳалигача ўзини идора қила олмаганидан бир ўткинчи кишини туртиб, қулатиб юборишига сал қолди.
- Кечирасиз, - тўнғиллаб қўйди у, турткидан тебраниб ерга юз тубан йиқилиб тушишдан ўзини аранг тўхтатиб қолган муштдай кишига қараб.
Бу киши ҳам бинафша ранг ридо кийиб олганини мистер Дурсль бирдан фаҳмлаб олмади. Ҳозиргина лой билан битта бўлиб кетишига бир бахя етмаган, бўйи ўсмай қолган киши эса мутлақо эсанкирамади. Аксинча, чеҳраси табассумдан очилиб, шундай ғайриоддий хирилдоқ овоз билан гапирдики, бир неча ўткинчи одам таажжуб-ла ўгирилиб қўйишди.
- Узр сўраманг сэр, узр билдирманг, қадрдоним. Ҳаётимнинг энг бахтли, энг чароғон кунини ҳеч нарса қоронғилаштира олмайди. Қувонинг, чунки Ўзингиз-Биласиз-Ким ниҳоят ғойиб бўлди! Бугун ҳатто сизга ўхшаган магллар учун ҳам катта, эшитяпсиз-ми, ниҳоятда катта байрам бўлиши даркор.
Мўйсафид мистер Дурслнинг белидан маҳкам қучиб олдида, чопганча нари кетди. Серрайиб қолган мистер Дурслнинг оёғи асфальтга ёпишиб қолди. Ҳозиргина уни мутлақо нотаниш киши қучиб олиб, устига устак магл деб атади. Бу аҳмоқона сўзнинг қандай маъно англатиши ҳақида эса ўйлашни ҳам хоҳламайди. Эсини бироз йиғиб олгач, машинаси томон ошиқиб, тез уйга жўнади. Бўлиб ўтган ҳодисани ўзига ўзи муқаддам эп кўрмаган, ҳаддан ортиқ қизишиб кетган тасаввур, деб тушунтиришга уриниб кўрди. Зеро у йўқ нарсани тасаввур этишни ҳеч қачон оқламаган.
Уйга яқинлашган Дурслнинг нигоҳи ҳовли боғининг тош тўсиғи устидаги, кайфиятини мутлақо кўтармаган юнги йўл-йўл мушукка тушди. Кўзи атрофидаги белгиларини кўриб, бу айни эрталаб учратган мушук эканлигига шубҳа қилмади.
- Пишт! - қичқирди мистер Дурсль.
Мушук жойидан қўзғалмай, Дурслга жиддий қараб қўйди.
- Бу нима, мушукларнинг одатий хулқими? - ўзига ўзи савол берди у.
Имкон қадар ўзини қўлга олиб, бўлиб ўтган ишларга хотинини аралаштирмаслик аҳдидан қайтмаган мистер Дурсль уйга кирди.
Миссис Дурсль эса кунни осойишта ўтказди. Кечки дастурхон устида қўшни аёлнинг терс қизи ҳақида эрига батафсил сўзлаб берди. Бундан ташқари, Дудли янги «Хоҳламайман» деган сўз гапиришни ўрганиб олганини эълон қилди. Мистер Дурсль ўзини имкон қадар одатдагидек тутишга уринмоқда. Дудли ўрнига ётқизилгач, кечки янгиликларни эшитиш учун меҳмонхонага кириб кетди.
- Энди бугунги янгиликларга якун ясайдиган хабар. Юртимиз орнитологларининг берган маълумотларига қараганда, бугун ҳамма жойда бойқушларнинг таажжубли ҳаракати кузатилди. Улар овга, одатда, тунда чиқиб, кун ёруғида кўринмайди. Бироқ бугун кундузи, ушбу қушлар учиб юрган минглаб ҳолатлар қайд этилди. Улар эрта тонгдан ҳар томон учиб юришди. Экспертлар бундай фавқулодда ҳолатнинг мантиқий сабабини ҳанузгача тушунтира олмаяптилар, - мухбир истеҳзоли кулиб қўйди, - Бу, қандайдир жумбоқли ҳодиса аломати. Энди, ҳурматли телетомошабинлар об-ҳаво янгиликлари билан Жим Мак Гаффин. Хўш, Жим, бойқушлар ёғини бўладими?
- Бу ҳақда, Тед, - жавоб қайтарди метеоролог, - Мен бирор бир янгилик айта олмайман-у, бироқ бугун бойқушларгина ўзини ғалати тутмаганлигини аниқ биламан. Кент, Йоркшир ва Дандилик телемухлислар, кеча мен ваъда қилган жала ўрнига метеорит ёмғири ёғаётганлиги ҳақида куни билан қўнғироқ қилиб, мени хабардор қилиб турдилар! Халқимиз аллақачон Порохли Фитна байрамини нишонлашга киришиб кетганга ўхшайди. Жаноблар ҳали эрта. Бу байрам келаси ҳафта нишонланади! Ҳа, мавриди келганда айтиб қўяй, бугун тунда ёмғир ёғиши аниқ.
Мистер Дурсль креслода ўтирган жойида қотиб қолди. Бутун Британияда метеорит ёмғири? Куппа-кундуз куни учиб юрган бойқушлар? Ҳамма жойда ридо кийиб юрган одамлар? Бунинг устига анави Поттерлар ҳақидаги миш-миш гаплар...
Меҳмонхонага иккита чашка чой кўтарган миссис Дурсль кириб келди. Йўқ, айтмаса бўлмайди, қарор қилди у ва томоғини қириб олгач:
- М-м-м... Петунья, азизам... синглинг ҳақида бирор-бир хабар эшитмадинг-ми?
Кутгандай бўлди. Саволни эшитган миссис Дурсль серрайиб, ғазаби қайнади. Умуман айтганда, иккаласи, шу кунга қадар сингил ҳақида гап очмай, унинг йўқлигини англатадиган кўриниш бериб яшаб келишмоқда.
- Йўқ, - кескин жавоб қайтарди хотини, - Ҳа, нима қилди?
- Ҳар хил бемаъни янгиликлар тўғрисида гапиришди, - мужмал гапирди мистер Дурсль, - Аллақандай бойқушлар... метеорит ёмғирими-ей... Шаҳарда эса ғалати одамлар юришибди...
- Хўш? - гапни шартта кесди миссис Дурсль.
- Мен... айтмоқчиман-ки... ҳаёлимга... эҳтимол... эҳтимол, буларнинг бари... синглинг атрофидаги анави ғалати одамлар билан боғлиқми... ўзинг тушунасан-ку.
Петунья маҳкам қисиб олган лаблари орасидан чашкадаги чойни аранг ўтказди. Кўчада, Поттерлар ҳақида эшитиб қолганлигини гапиришга эса мистер Дурслнинг юраги дов бермади. Қанчалик уринмасин, оғиз очишга журъат эта олмади. Бунинг ўрнига, бепарво оҳанг-ла гапиришга уриниб:
- Уларнинг ўғли-чи, ёши Дудли билан тенг шекилли, а?
- Эҳтимол, - ғижиниб жавоб қайтарди хотини.
- Исми нима уни? Говард-ми?
- Гарри. Авомга хос, жирканч исм, агар менинг фикрим кимгадир қизиқ бўлса.
Боланинг исмини эшитган мистер Дурслнинг юраги қорин бўшлиғи томон юмалаб тушди.
- Ҳа, ҳа... албатта, - деди у, - Фикрингга юз фоиз қўшиламан...
Шундан сўнг у, бошқа бирор бир сўз айтмади. Хотини ванна қабул қилар экан, мистер Дурсль оёқ учида дераза ёнига бориб, ташқарига, боғ томон қаради. Мушук ҳалигача тўсиқ устида, гўё ниманидир кутаётган каби Одамовилар хиёбонига диққат билан термилиб ўтирибди.
Йўқ, нима қилганда ҳам тасаввурига зўр бериб юборганга чоғи. Буларнинг бари Поттерларга нима дахли бор? Борди-ю дахли бўлса-чи... Агар… улар билан қариндош эканлиги маълум бўлиб қолса-чи... Йўқ, бунга бардош бериш ниҳоятда қийин.
Эр-хотин ўринларига ётиши ҳамоно миссис Дурсль уйқуга кетиб, тарашадай қотиб қолди. Мистер Дурсль эса кўзини катта очиб зимистонга қараганча, ўйлаб ўйига етмаяпти. Уйқуга кетар экан, атрофда юз бераётган ҳодисаларга Поттерларнинг алоқаси бўлган тақдирда ҳам, уни ва Петуньяни бу ишларга аралаштиришлари мутлақо шарт эмаслиги Дурслни тинчлантирган сўнгги фикр бўлди. Поттерлар Дурслларнинг ўзлари ва уларга ўхшаган одамларга бўлган муносабатларини жуда яхши билади. Атрофда бўлаётган ҳодисаларга Петунья ёки Дурслнинг ўзи, агар бирор нарса бўлаётган бўлса, албатта, дахлдор бўлишларини тасаввур қила олмайди. Мистер Дурсль чуқур эснаб, ёнбошлаб олди.
- Буларнинг бизга дахли йўқ...
Қандай янглишганини билса эди у.
Мистер Дурсль нотинч уйқуга кетган маҳалда тош девор устидаги ҳайкалдай қотган мушук Одамовилар хиёбонининг муюлишига узоқ тикилиб ўтирганча, ҳатто уйқусираган ҳам эмас. Қўшни кўчадаги машинанинг эшиги гумбурлаб ёпилганида ҳам, устидан бир жуфт давангирдай бойқуш учиб ўтганида ҳам қимир этмади. Мушук илк бор қимирлаганида эса тун деярли яримлаб қолди.
Мушук кузатиб турган кўча муюлишида худди ер остидан чиқиб келгандай, дафъатан бир киши пайдо бўлди. Уни кўрган мушук думини ликиллатиб, кўзини қисиб олди.
Мовий кўзи узун бурни устидаги ярим ой шаклига эга шиша кўзойнак ортидан ёрқин нурдай ярқираётган, илмоқсимон қайрилма бурни гўё кам деганда икки жойидан сингандай кўринаётган, оёғига пошнаси баланд, тўқали бошмоқ кийиб олган, кумуш тусли соч-соқоли белбоққа қисиб олгудай даражада узун, новча бўйли, озғин, эгнидаги узун жубба устидан кийган тўқ қизил ридоси ергача тушган ушбу кишига ўхшаш бирор-бир кимса Одамовилар хиёбонига ҳали кирмаган бўлса керак.. Унинг исми Альбус Дамблдор.
Одамовилар хиёбонида истиқомат қиладиган жойлик одамлар уни олқишлар билан қарши олишларига ишониш қийин, бироқ Альбус Дамблдорнинг ўзи бу ҳақда ўйлаб кўрмаган чамаси. Гарангсиб, ридосининг тахларида нимадир қидирар экан, айни пайтда уни кимдир кузатиб турганини ҳис этди. Кўчанинг нариги бошида қараб турган мушук томон ўгирилган Дамблдорнинг сабабини англаш қийин-у, кулгиси қистади.
- Фаҳмлашим керак эди, - деди у истеҳзоли кулиб.
Ниҳоят у, ички чўнтакларидан бирининг ичидан боядан бери қидирган кумуш зажигалкага ўхшаш нарсани топди. Уни чақди-да, бир оздан сўнг шиқ этиб ўчирди. Яқин орадаги кўча фонуси дарз кетгандай ўчиб қолди. У зажигалкасини яна бир бор чақди. Кейинги фонус ҳам, бир оз милтиллаб, ўчди. Мўйсафид кўча бошида анави мушукнинг бир жуфт митти чироққа ўхшаш кўзи қолгунга қадар чироқ ўчиргичини ўн икки бор шиққилатди. Ана энди ўткир кўзли миссис Дурсль деразадан кўчага қараганда ҳам, ҳеч нарсани кўра олмайди. Дамблдор чироқ ўчиргичини ридосининг чўнтагига қайтариб солди-да, кўча бўйлаб 4- уй томон йўл олди. Уй ёнига етиб келгач, тош тўсиқ устига, мушук ёнига ўтириб, бирон маротаба бўлсин қиё боқмай, гап бошлади.
- Сизни бу ерда учратганимдан таажжубдаман, профессор Макгонагалл.
Дамблдор йўл-йўл мушукка илжайиб қўймоқчи бўлиб бошини бурган эди ҳам-ки, дарғазаб аёлга жилмайишга тўғри келди. Эгнига зумрад ранг ридо кийган, худди мушукнинг кўзи атрофидаги белги шаклига ўхшаш квадрат кўзойнак тақиб олган, қора сочларини бир тутам қилиб йиғиб олган аёл нимадандир безовта бўлаётганлиги кўриниб турибди.
- Мени қандай танидингиз?
- Азизам, бир жойда бундай қотиб турган мушукка ҳали бирор маротаба бўлсин, дуч келганим йўқ.
- Куни бўйи совуқ тош устида ўтиргандан кейин қотмай бўладими, - вайсади профессор Макгонагалл.
- Куни бўйи? Байрам қилмадингиз-ми? Йўл-йўлакай базм уюштирилган ўнлаб жойларни кўрдим.
 Профессор Минерва Макгонагалл жаҳл-ла кулиб қўйди.
- Ҳа, албатта, ҳамма байрам қиляпти. Эҳтиёткорона иш тутиш ўрнига, аксинча... Ҳатто магллар ҳам нималардир бўлаётганлигини сезиб қолишди. Бу ҳақда уларнинг янгиликларида ҳам таъкидлаб ўтилди, - гап бошлади у, норози оҳангда, Дурсллар хонадони меҳмонхонасининг қоронғи деразаси томон бош силкиб, - Эшитдим. Бойқушлар галаси, метеорит ёмғир... Ахир магллар батамом овсар эмас-ку, ҳар қалай. Улар сезмай қолишмайди. Кентда метеорит ёмғири! Онт ичиб айтаман-ки, бу иш эси йўқ Дедал Дигглнинг ҳунари бўлган. Кўнглига келган бемаънигарчиликни қилаверадиган тентак!
- Дарғазаб бўлманг, - мулойимлик билан тана қилди Дамблдор, - Сўнгги ўн бир йил ичида биз камдан-кам қувонганмиз.
- Биламан, - зарда қилди профессор Макгонагалл, - Бироқ бу ақлдан озиш мумкинлигини англатмайди-ку. Ҳамма огоҳлигини осонликча йўқотди-қўйди! Куппа-кундуз куни, лоақал маглларга ўхшаб кийиниб олмасдан, сайр қилиб юришганини қаранг-а! Ахир қанча миш-миш гаплар тарқаб кетади!
Профессор Макгонагалл эътироз кутиб, Дамблдорга еб юборгудай бўлиб қаради. Ундан эса бирор сўз эшитмагач, давом этди:
- Бундан ақллироқ нарса ўйлаб топиш қийин. Айни Ўзингиз-Биласиз-Ким ниҳоят ғойиб бўлган куни, магллар, биздай одамлар борлиги ҳақида билиб олишса. Умид қиламан-ки, у чиндан ҳам ғойиб бўлди, нима деб ўйлайсиз, Дамблдор?
- Шунга ўхшайди, - жавоб қайтарди Дамблдор, - Миннатдор бўлсак арзийди. Лимонли обакидандон берай-ми?
- Нима?
- Лимонли обакидандон. Бу маглларнинг мевали конфетларидан бири. Жуда ҳуш кўраман.
- Йўқ, раҳмат, ош бўлсин, - деди профессор Макгонагалл, ҳозир лимонли обакидандон сўриб ўтиришнинг мавриди эмаслигини таъкидлаган мағрур оҳангда, - Ҳозир айтиб ўтганимдай, Ўзингиз-Биласиз-Ким ғойиб бўлганлигига қарамай...
- Азизам Минерва, ишончим комилки, ақл-идрок билан мулоҳаза юритадиган сиздай бону уни ўз исми билан аташни ўзига эп кўради. Бундай бўлмағур «Ўзингиз-Биласиз-Ким»га ўхшаш гаплар сафсатадан бошқа нарса эмас... Ўн бир йилдан буён уни ўз исми: Вольдеморт, деб аташга одамларни мажбур қилиш билан овораман.
Обакидандоннинг ёпишиб қолган жилдини ажратиш билан овора Дамблдор Вольдеморт исмини эшитган профессор Макгонагаллнинг сесканиб кетганини пайқамади.
- Биз уни «Ўзингиз-Биласиз-Ким» деб атаганимиз сари ҳамма нарса баттар чигаллашиб бораверади. Вольдеморт исмини талаффуз этишга тўсқинлик қиладиган бирор-бир сабаб кўрмайман.
- Тушунаман, - деди Дамблдорнинг жасурлигидан бир вақтнинг ўзида ҳам ваҳимага қилган, ҳам қойил қолган профессор Макгонагалл, - Бироқ Сиз бошқалардан фарқ қиласиз, Ўзингиз-Била... Хўп яхши, Вольдеморт фақат Сиздангина қўрқиши ҳаммага маълум.
- Сиз менга хушомад қиляпсиз, - деди Дамблдор вазминлик билан, - Вольдемортнинг менда ҳеч қачон бўлмайдиган имкониятлари бор.
- Чунки сиз… м-м-м… бундай имкониятларни қўллашга ҳаддан ортиқ олижаноблик қиласиз.
- Яхши ҳам-ки атроф қоронғи. Помфри хоним менинг бошмоқчаларимни жуда ёқтиришини айтган кундан бери ҳали қизармаган эдим.
Профессор Минерва Макгонагалл Дамблдор томон ўткир нигоҳ ташлади.
- Бойқушлар ҳамма жойда тарқаган миш-миш гаплар олдида ҳеч гап эмас. Атрофдагилар нималар деб юришганидан хабарингиз борми? Нима учун у ғойиб бўлганлиги, уни пировардида нима тўхтатиб қолганлиги ҳақида қандай фикр билдиришмоқда?
Профессор Макгонагалл ниҳоят уни ҳаяжонга солаётган, куни билан тош тўсиқ устида ўтириб чиқишга мажбур қилган мавзуни очганлиги аён сезилар, мушук қиёфасида ҳам, аёл сифатида ҳам, у ҳали Дамблдорга бу қадар синчковлик билан разм солиб қарамаган эди. «Атрофдагилар» нималар деб юришганидан қатъи назар, токи Дамблдор тасдиғини эшитмас экан, бу миш-миш гапларнинг бирортасига ишонишни ҳаёлига ҳам келтирмаганлиги яққол кўриниб турибди. Дамблдор эса навбатдаги обакидандон жилдини очиш билан машғул.
- Одамларнинг айтишларига қараганда, - қатъият-ла давом этди профессор Макгонагалл, - Ўтган кеча, Вольдеморт, Годрик жарлигида, Поттерларни ўлдириш мақсадида пайдо бўлган эмиш. Миш-миш гапларга кўра, Лили ва Жеймс Поттер... улар... улар ҳалок бўлган эмиш.
Дамблдор маъқуллаб, бош ирғиди. Профессор Макгонагалл оҳ уриб юборди.
- Лили, Жеймс... ишонгим... мен бунга ишонгим келмаган эди... Оҳ, Альбус...
Дамблдор қўлини узатиб, аёлнинг елкасига аста уриб-уриб қўйди.
- Тушунаман... тушунаман... - деди бўғиқ овоз билан.
Профессор Макгонагалл титраган овоз билан гапини давом этди:
- Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айтишларига қараганида, у, Поттерларнинг ўғли Гаррини ҳам ўлдиришга уринган эмиш. Бироқ қўлидан келмабди. Қаранг-а, кичкинагина болакайни ўлдира олмабди. Қандай қилиб ва нима сабабдан эканлигини ҳеч ким билмайди-ю, лекин миш-миш гапларга кўра Вольдеморт Гаррини ўлдира олмаган, бироқ унинг сеҳри қандайдир йўсинда йўқ бўлиб, барҳам топган ва шу сабабдан ҳам у ғойиб бўлган.
Дамблдор ғамгин бош ирғиди.
- Шу гап... ростми? - қалтироқ оҳангда сўради профессор Макгонагалл, - Шунча қилмишларни қилган... шунча одамларнинг ёстиғини қуритган... кичкинагина болакайни ўлдира олмабдими? Унинг сеҳр-жодуси айни шу йўсинда барҳам топиши... бўлиши мумкин эмас. Қандай қилиб, Муқаддас фалак ҳақи, Гарри омон қолган?
- Тахмин қилишдан бошқа чора йўқ, - жавоб қайтарди Дамблдор, - Буни биз ҳеч қачон била олмаймиз.
Профессор Макгонагалл тўқима рўмолчасини олиб, кўзойнак ортидан кўз ёшини артиб олди. Дамблдор қаттиқ хўрсиниб, чўнтагидан чиқарган тилла соатига қараб қўйди. Ўн иккита милли, бирорта ҳам рақам кўринмайдиган ғалати соат. Рақамлар ўрнига айлана бўйлаб ўн иккита сайёра тасвири айланади. Шундай бўлса-да, Дамблдор ўз соатини яхши тушунади шекилли, уни чўнтагига қайтариб солиб қўйди.
- Хагрид кечикяпти, - деди у, - Мени бу ерга келишимни ўша айтган бўлса керак Сизга?
- Ҳа, - жавоб қайтарди профессор Макгонагалл, - Ишончим комилки, нима учун айни шу ерга келишингиз сабабини айтмайсиз.
- Мен Гаррини, унинг ягона қариндошлари бўлмиш амакиси ва холасига топширгани келдим.
- Ҳар қалай... Ҳар қалай мана бу уйда яшаётган одамлар бўлмаса керак? - қичқирганча сакраб туриб, 4- уй томон ишора қилди профессор Макгонагалл, - Дамблдор... ҳақингиз йўқ. Мен куни билан уларни кузатиб ўтирдим. Бундай оилага ўхшаган бошқа оилани топиш қийин. Конфет талаб қилиб, онасини кўчани бошидан охиригача тепиб келган ўғли-чи! Гарри Поттер шулар билан яшайди-ми?!
- Гаррига ҳар қаердан кўра шу ер яхши, - гапни чўрт кесди Дамблдор, - Бир оз улғайгач, амакиси билан холаси ҳамма нарсани тушунтириб беришади унга. Мен уларнинг номига хат тайёрлаб қўйдим.
- Хат? - тўсиқ устига қайтиб ўтирганча, паст овозда сўради профессор Макгонагалл, - Нималар деяпсиз Дамблдор, бўлиб ўтган нарсаларни хат орқали тушунтириб бўлади деб ўйлайсиз-ми? Бу одамлар хат мазмунини ҳаётда тушунишмайди! Гарри машҳур бўлиб, афсонага айланади, келажакда бугунги кунни Гарри Поттер номи билан аташса, асло ҳайрон бўлмайман. У ҳақда китоблар ёзишади. Ҳар қандай бола борки, Гаррининг исмини яхши биладиган бўлади!
- Мутлақо ҳақсиз, - деди Дамблдор, кўзойнак тепасидан жиддий нигоҳ ташлаб, - Шу гапнинг ўзи ҳар қандай кишининг бошини айлантириб қўйиш учун етарли бўлади. Ҳали юриш ва гапиришни билмай туриб, ном чиқариш! Ўзинг ҳеч нарсани эслай олмайсан-у донгдор бўлсанг! Ундан кўра ўхшаш шов-шувлардан нарида улғайгани, ҳамма нарсани ўз ақли билан идрок этадиган ёшга етгач, ҳақиқатни келгусида ўзи мустақил англаб етгани ва айни шу боис ҳам Дурсллар оиласида улғайгани Гарри учун маъқул эканлигини ўзингиз тушунмаяпсиз-ми?
Профессор Макгонагалл эътироз билдирмоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди.
- Ҳа, албатта, Дамблдор, айтайлик Сиз ҳақсиз, - деди у, бир оз сукут сақлагач, - Аммо айтингчи, бола қандай қилиб келиб қолади бу ерга?
Аёл бола қиёфасини кўриш ниятида Дамблдорнинг ридосига шубҳа билан кўз югуртириб чиқди.
- Уни Хагрид олиб келади.
- Бундай муҳим топшириқни Хагридга ишониб, оқилона иш тутдим, деб ўйлайсиз-ми?
- Керак бўлса, Хагридга мен ўз ҳаётимни ишониб топшираман, - деди Дамблдор.
- Уни тошбағир демоқчи эмасман, - истар-истамас тушунтира кетди профессор Макгонагалл, - Аммо жуда эҳтиётсиз эканлигига кўзингизни юма олмайсиз-ку, ҳар қалай. У доимо... Бу қандай шовқин бўлди?
Дафъатан паст гумбурлаб эшитилаётган товуш кўча сукунатини бузди. Дамблдор билан профессор Макгонагалл фара нурини кўриш илинжида атрофга назар солишар экан, товуш борган сари баланд эшитилди. Тез орада у ҳақиқий гуриллаган товушга айланди. Шундагина уларнинг ақли юқорига қарашга етди. Бу орада осмон-у фалакдан ерга улкан мотоцикл келиб қўнди.
Мотоцикл чиндан ҳам ниҳоятда улкан бўлишига қарамай, уни эгарлаб келган, бўйи оддий одам бўйидан икки баробар баланд, эни беш чандон энлироқ бўлиб, одам учун йўл қўйса бўладиган ўлчамлардан анчагина йирик, устига-устак, тўзғиган тим қора қуюқ соч тилимлари ва пахмайган соқоли юзини тўла-тўкис яшириб қўйганлиги боис ёввойига ўхшаб кўринаётган баҳайбат одам олдида ўйинчоқдай кўринмоқда. Унинг қўл кафтлари сал нарида турган чиқинди ташлаш бакининг қопқоғидай келиб, чарм этик кийиб олган оёғининг катталиги вояга етишига оз қолган дельфин болаларини эслатмоқда. Мушаклари чиқиб кетган ўта катта бақувват қўлида адёлга ўралган алланима ушлаб олган.
- Хагрид, - енгил тортди Дамблдор, - Ниҳоят. Мотоциклни қаердан олдинг?
- Вақтинча олиб турибман, профессор Дамблдор, сэр, - жавоб қайтарди гигант, - Ёш Сириус Блэк бериб турди, сэр.
- Муаммо бўлмади-ми?
- Йўқ, сэр. Уй деярли батамом вайрон бўлган, бироқ магллар у ёқ бу ёқ зир югуришни бошлаганларига қадар йигитчани олиб чиқишга улгурдим. Ишлар жойида! Бристоль графлиги устида ухлаб қолди.
Дамблдор билан профессор Макгонагалл ичида базўр кўриниб турган чақалоқ донг қотиб ухлаётган тугунча устига энгашишди. Боланинг кўмирдай қоп-қора сочи остидан яшин зигзагига ўхшаш ғайриоддий тиртиқ кўриниб турибди.
- Мана шу ерига... - пичирлади профессор Макгонагалл.
- Ҳа, - жавоб қайтарди Дамблдор, - Бу чандиқ умрининг охиригача сақланиб қолади.
- Бирор чора кўриб бўлмайди-ми, профессор?
- Кўриб бўлган тақдирда ҳам, қўлламаган бўлар эдим. Баъзи чандиқлар фойдали бўлиши мумкин. Мисол учун, чап тиззамда Лондоннинг ерости йўллари чизмасига ўхшаш чандиқ бор. Хўш, Хагрид, уни менга бер, ишни охирига етказишимиз даркор.
Дамблдор Гаррини қўлига олиб, Дурсллар уйи томон ўгирилди.
- Мумкинми... У билан хайрлашиб олишга рухсат беринг, сэр? - ижозат сўради Хагрид.
У йирик, пахмоқ бошини энгаштириб, тикандек ботадиган ва афтидан виски ҳиди уриб кетган лаби билан чақалоқнинг пешонасидан ўпиб қўйди-да, кутилмаганда яраланган итга ўхшаб, инграб юборди.
- Жим! - дўнғиллаб берди профессор Макгонагалл, - Маглларни уйғотиб юборасан!
- К-к-кечирасиз, - ҳўнграб юборди Хагрид, киссасидан ўта кир бўлиб кетган катта дастрўмолини чиқариб, башарасини яширар экан, - Бар-бар-бардош бера олмайман! Лили билан Жеймс ҳалок бўлишди... Кичкинтой Гаррини эса маглларга ташлаб кетяпмиз...
- Бу жуда ғам-андуҳга тўла ҳолат, албатта. Аммо ўзингни қўлга ол, йўқса бизни сезиб қолишади, - шивирлади профессор Макгонагалл, Хагридни юпатганича, қўлига уриб-уриб.
Бу вақтда Дамблдор боғнинг паст бўйли тош тўсиғи устидан ҳатлаб ўтиб, уйнинг кириш эшиги томон йўл олди. Гаррини остона устига аста ётқизиб, ридосининг чўнтагидан хат чиқарди-да, уни адёл орасига жойлаб қўйиб, шерикларининг ёнига қайтди.
Улар бутун бир дақиқа сукут сақлаб, тугунчага қараб қолишди. Овоз чиқармай йиғлаётган Хагриднинг елкалари титрар, профессор Макгонагалл юрак ютиб, кўзини пирпиратар, Дамблдорнинг кўзидаги, одатда, ёрқин ёғилиб турадиган нур эса гўё сўниб қолгандай эди.
- Нима ҳам қилар эдик, бажарилиши керак бўлган ишни бажардик, - ниҳоят овоз чиқарди Дамблдор, - Бу ерда ортиқ қолишга ҳожат йўқ. Яхшиси юринглар, биз ҳам байрам тантаналарига бориб қўшилайлик.
- Ҳа, - Хагриднинг овози йиғига тўла чиқди, - Мен анави аравани Сириусга қайтаришим керак. Хайр профессор Макгонагалл, профессор Дамблдор, сэр.
Хагрид, кўз ёшларининг жилғаларини чарм енги билан артганча, мотоциклни эгарлади ва бир тепиб двигателни ишга туширди. Мотоцикл гуриллаганча осмонга кўтарилиб, зимистон қаърига кириб кетди.
- Умид қиламан-ки, тез орада кўришамиз, профессор Макгонагалл, - таъзим қилди Дамблдор.
Профессор Макгонагалл эса бунга жавобан қўлидаги дастрўмолига бурун қоқиб қўйди.
Дамблдор ўгирилиб, нари кетди. Муюлишга етгач, тўхтади. Чўнтагидан кумуш ўчиргичини олиб, бир маротабагина шиқиллатиб қўйган эди ҳам-ки, ичидан ўн иккита шарсимон ёғду чиқиб, бир онда кўча фонусларининг колбалари ичига кириб кетди. Одамовилар хиёбони тўқ сариқ нурга тўлгач, юнги йўл-йўл мушук кўчанинг нариги бошидаги муюлиш ортига ўтиб кетгани, 4- уй остонасида эса кичкинагина тугунча қолгани кўринди.
- Омад сенга, Гарри, - пўнғиллади Дамблдор.
У пошнасида туриб гир айланди-да, ридосини шувиллатганча, ғойиб бўлди.
Енгил эсган шабада осмоннинг сиёҳ ранг гумбази остидаги саранжом-саришта Одамовилар хиёбонида батартиб ўсаётган гул буталарини қўзғатиб юборди. Ҳар қандай жойда бўлса, бўлиши мумкин-у, аммо бу ерда сирли ва жумбоқли ҳодиса ўтишини ҳеч ким кутмайди. Гарри Поттер адёл ичида бир ағанади-ю, уйғонмади. У жажжигина кафти билан ёнида ётган хатни маҳкам сиқиб олганча, донг қотиб ухламоқда. У ўзини бошқача бола эканлиги, ниҳоятда машҳур бўлиб кетгани, бир неча соатдан сўнг, қўлида сут идиши билан пиллапояга чиққан миссис Дурслнинг қичқириғидан уйғониб кетиши, келаси бир неча ҳафта давомида уни холаваччаси Дудли тинимсиз туртиши, чимчилашини билмайди. Айни дамда бутун мамлакат ҳудудида ёзилган яширин байрам дастурхонлари атрофида қувониб, зиёфат қилаётган одамлар унинг шарафига паст овозда:

- Омон қолган бола – Гарри Поттер учун, - дея қадаҳ кўтаришаётганидан ҳам хабари йўқ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий