суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ЎН БИРИНЧИ БОБ. КВИДИШ

Ноябрь ойи келиб, ҳаво совиди. Мактаб теварагини қуршаб турган кул ранг тоғларнинг бағри қорга бурканиб, чўққиларини муз қоплади. Тоғ остидаги сокин кўл юзаси пўлат тусга кирадиган, эрталабки қиров эса ерни оқартириб қўядиган бўлди. Квидиш майдонида супургиларни яхдан тушириб юрган, эгнига крот пўстин, қўлига бошмалдоқли мўйна қўлқоп, оёғига узун қўнжли, ўлчами ҳаддан ортиқ катта, қундуз мўйнасидан тайёрланган этик кийган Хагридни юқори қаватдаги қаср деразаларидан кўриш мумкин.

Квидиш мавсуми бошланди. Ниҳоят Гарри, узоқ машқлардан сўнг, келаси шанба куни жамоа таркибида «Гриффиндор» – «Слизерин» ўйинида иштирок этади. Бу ўйинда қозониладиган ғалаба гриффиндорчилар жамоасининг ҳолатини сезиларли яхшилаб, мактаб кубоги учун олиб борилаётган курашда иккинчи ўринга олиб чиқади.
Гаррининг ўйинини ҳали ҳеч ким кўргани йўқ. Древ жамоанинг янги ўйинчисини махфий қуролдай сир сақлашга аҳд қилганига қарамай Гарри гриффиндорчилар жамоасига Сайёд сифатида қабул қилинганлиги кенг оммага аллақандай тарзда маълум бўлиб қолди. Энди у, ушбу омманинг қайси тоифаси, хусусан, ҳаммаси яхши бўлади деб ишонтираётган тоифаси ёмонми ёки ўйин давомида тўшак кўтарганча, пастда югуриб юриб, супургисидан тушиб кетган Гаррини тутиб қолишга ваъда бераётган тоифаси ёмонми билмай, боши қотди.
Гермиона билан тутинган дўстлик Гарри учун айни муддао бўлди. Древ томонидан тайинланган қўшимча машқлар инобатга олинса, уйга берилган вазифаларни Гермионасиз қандай бажаришини Гарри тасаввурига сиғдира олмайди. Бундан ташқари, ўқиб чиқиш учун Гермиона берган «Асрлар оша ўтиб келган мангу квидиш» китоби Гаррининг соҳага оид билими ортишида катта аҳамият касб этди.
Китобни ўқиб чиққан Гарри ўйин қоидаси бузилишининг жами етти юзта кўриниши бўлиши, 1473 йили бўлиб ўтган Квидиш бўйича жаҳон чемпионатида, ушбу бузилишларнинг барчасига йўл қўйилганлиги, Сайёдлар одатда энг кичкина ва энг чаққон ўйинчилар бўлиб, ўйин давомида рўй бериши мумкин бўлган жамики бахтсиз ҳодисаларнинг жоиз кўринишларига, одатда, айни шу ўйинчилар дуч келиши, одамлар орасида ўлим ҳолатлари камдан кам содир бўлса-да, ўйин ҳакамлари йўқолиб қолиб, фақат бир неча ой ўтгач, масалан Саҳройи Кабирнинг қоқ ўртасида топилишини билиб олди.
Гарри билан Рон Гермионани тоғ троллининг чангалидан қутқариб қолишган кундан эътиборан қизалоқнинг мактаб қоидалари бузилишига нисбатан шаклланган қатъий мулоҳазалари бир оз юмшаб, олдингига нисбатан анча ёқимли шахсга айланди. Гарри илк бор иштирок этадиган ўйиндан бир кун олдин учовлон танаффус вақтида ҳовлига чиқиб, уйқуни қочириш учун бир оз совуқда туришди. Гермиона, ман этилганига қарамай, афсун ёрдамида, қуюқ шинни солинадиган банка ичида олиб юрса бўладиган мовий гулхан ёқди. Гулханга орқа ўгирганча исиниб туришган фурсатда, уларга яқин йўлакдан, негадир оқсоқланиб қолган профессор Снегг ўтиб қолди. Гулханни ўқитувчи нигоҳидан яшириш учун улар бир-бирига жипс туриб олишди. Қилаётган ишлари ман этилганига шубҳа қилишмагани боис, айбдор қиёфада турган ўқувчиларни кўрган профессор чўлоқланганча, яқин келди. Гулханни сезмаган бўлса-да, ўқувчиларни айбситиш учун баҳона қидирган Снегг Гаррининг қўлтиғидаги «Асрлар оша ўтиб келган мангу квидиш» китобига имо қилиб сўраб қолди:
- Анави нима, Поттер?
Гарри китобни кўрсатди.
- Кутубхона китобларини мактаб биносидан ташқарига олиб чиқиш ман этилган. Уни менга беринг. «Гриффиндор»дан беш балл айирилади.
- Ушбу қоидани ҳозирнинг ўзида ўзи тўқиб чиқарди, - вайсади Гарри, чўлоқ Снегг нари кетгач, - Қизиқ, оёғига нима қилди экан?
- Туёғига нима қилганини билмайман-у, ушбу жароҳат унинг жонини қаттиқ оғритганлигига жуда умид қиламан! - ғазаб-ла хитоб қилди Рон.
Ўша куни кечқурун «Гриффиндор» меҳмонхонаси шовқин-суронга тўлди. Гарри, Рон ва Гермиона дераза олдида бирга ўтиришди. Гермиона уйга берилган вазифани кўчириб олишга ҳеч изн бермайди. Қаранг-ки, ундай қиладиган бўлишса, болалар ҳеч нарсани билмай юраверишар эмиш! Бироқ Гарри билан Рон ақллироқ йўл топишди. Улар вазифани гўё бажарган бўлиб, тўғри ишлашганини Гермионага текширтирадиган ва шу зайлда тўғри жавобни билиб оладиган бўлишди.
Гарри безовта. У «Асрлар оша ўтиб келган мангу квидиш»ни қайтариб олиш, ўқиб, эртанги ўйин ҳақидаги ўйлардан чалғишни истади. Нега энди у Снеггдан қўрқиши керак? У шартда ўрнидан турди-да, Снеггнинг ҳузурига бориб, китобни қайтариб олиш кераклигини маълум қилди.
- Мен эмас, сен борганинг маъқул, - деярли баралла жавоб қайтаришди Рон билан Гермиона.
- Агар бошқа ўқитувчилар олдида сўралса, Снегг рад этишга журъат қила олмайди, - деди Гарри.
У ўқитувчилар хонасига бориб, эшик тақиллатди. Ҳеч ким жавоб бермади. Яна тақиллатди. Жимлик.
Балки Снегг китобни ичкарида қолдириб кетгандир? Қараб кўриш керак, хаёлдан ўтказди Гарри, эшикни итариб. У ичкарига бош суқиб қаради-ю, мудҳиш саҳна гувоҳи бўлиб қолди.
Ўқитувчилар хонасида Снегг билан Филч бор экан. Снегг, оёғидаги қонаб турган жароҳатни очганча, коржомасининг этагини тиззага қадар баланд кўтариб олган, Филч эса унга тоза бинт узатяпти.
- Жин урган ҳайвон, - деди Снегг, - Марҳамат қилиб айтинг-чи, бир вақтнинг ўзида учта калла ҳаракатини қандай қилиб кузатса бўлади?
Гарри аста эшикни ёпиб қўймоқчи бўлди.
- ПОТТЕР!
Ғазабдан буришиб кетган Снегг коржомасининг этагини тез туширди.
- Китобни қайтариб олсам бўладими-йўқми, шуни билмоқчи эдим холос, - деди қичқириқни эшитган Гарри, ғайриихтиёрий ютиниб қўйиб.
- ЙЎҚОЛ!
Гарри яна бирон баллдан айрилиб қолмасдан олдин ўқдай учиб кетди.
- Хўш, қайтариб олдингми? - сўради Гермиона билан ўтирган Рон, ҳансираб қайтган Гарридан.
Гарри дўстларининг ёнига ўтириб, ҳозиргина кўрган ҳолатни шивирлаб айтиб берди.
- Биласизлар-ми, буларнинг бари нимани англатади? - деярли овоз чиқармай пичирлади у, қисқа ҳикоясига якун ясаб, - Хэллоуин куни Снегг уч бошли ит ёнидан ўтишга уринган! Биз уни грифон ортида яшириниб кўрган фурсатда, у, айни ўша хонага йўл олганлиги аниқ. Унинг мақсади махлуқ қўриқлаётган нарсани ўғирлаш эканлиги ҳам аён! Супургим билан онт ичиб айтаман-ки, ўша куни, ҳаммани чалғитиш, ўқувчиларни ўз хоналари, ўқитувчиларни ертўлага йўллаш мақсадида тоғ троллини қасрга киритиб юборган ҳам Снегг бўлади!
- У бундай қабиҳликка бормайди, - эътироз билдирди кўзи катта очилиб кетган Гермиона, - Снеггни дунёдаги энг дилрабо зот демоқчи ҳам эмасман бироқ у, Дамблдорга тегишли нарсани ўғирлашга журъат этмайди.
- Менга қара, Гермиона. Сен чиндан ҳам ўқитувчиларимизнинг барини авлиё ёки шунга ўхшаш бегуноҳ-у, бенуқсон зотлар деб биласанми? - аччиқланди Рон, - Мен Гаррининг фикрига қўшиламан. Снегг ишончсиз эканлигига аминман. Бироқ унга нима кераклигини билмайман. Анави кучукча нимани қўриқлаб ўтирибди экан?
Каравотида ётган Гаррининг боши ҳал этилмаган масалалардан ғувуллади. Невилль аллақачон еттинчи тушини кўриб, хуррак отиб ётибди. Гарри ҳам ҳеч нарсани ўйламай, ухлаб қолишга уринди. Ҳаётида илк бор иштирок этадиган квидиш ўйинидан олдин уйқуга тўйиб олиши кераклигини ақлан идрок этаётган бўлса-да, оёғи яраланганлиги Гаррига маълум бўлиб қолгани учун Снеггнинг башараси касб этган қиёфани унутиш қийин кечди.
Кўп ўтмай ёрқин совуқ тонг отди. Қовурилган колбасачаларнинг иштаҳани қитиқлайдиган ҳиди ва қизиқарли томошани кўз олдига келтирганча, лаззатланиб гап сотиб ўтирганларнинг ғовури Катта Зални бутунлай қамраб олган.
- Сен албатта тамадди қилиб олишинг керак.
- Иштаҳам йўқ.
- Лоақал бутерброд еб олсанг-чи, - хиралигини қўймади Гермиона.
- Ҳеч нарса ўтмайди.
Бир соатдан сўнг, ўйингоҳга чиқишини ўйлаб ҳаяжонланган Гарри ўзини жуда ёмон ҳис этди.
- Гарри, овқат еб олмас экансан, курашга кучинг етмай қолади, - деди Симус Финниган, - Сайёдларни рақиб жамоа ўйинчилари доимо уриб-туртиб ўйнашади.
- Ғамхўрлик кўрсатаётганинг учун раҳмат, Симус, - миннатдорлик билдирди Гарри колбасачага кетчуп[1] суртиб узатган ўртоғига.
Соат ўн бирга яқин жамики мактаб квидиш майдонининг томошабинлар ўтирадиган намойишгоҳларини эгаллади. Аксарият болалар дурбин билан қуролланиб олишган. Намойишгоҳлардаги томошабинлар ўтирадиган курсилар зарур бўлган фурсатда ўзидан ўзи юқорига кўтарилиб ёки пастлаб боради, лекин шунга қарамай, ўйин жараёнини дурбинсиз тўлиқ кузатиш қийин кечади.
Рон билан Гермиона юқори қатордаги ўринларга, Невилль, Симус ва Вестхэм футбол жамоасининг ашаддий мухлиси Дин ёнида жойлашиб олди. Синфдошлар Гаррига билдирмаган тарзда, Қасмоқ ғажиб, тешиб ташлаган чойшабдан «Поттерни Президентликка!» сўзлари битилган катта плакат тайёрлашди. Рассомлик истеъдодига эга Дин, ушбу ёзув остига «Гриффиндор» факультетининг тимсоли бўлмиш шер тасвирини туширди, Гермиона эса афсун қўллаб, плакатни, ранг ўзгартирганча, пирпираб турадиган қилиб қўйди.
Дўстлари плакатни намойишгоҳга маҳкамлаётган вақтда, Гарри, эгнидаги кийимини квидиш кийимига, яъни тўқ қизил коржомага жамоа билан бирга алмаштирди. Слизеринчилар яшил кийимда ўйнашади.
- Хўш, жаноблар, - сўз олди Древ, жамоа ўйинчиларининг эътиборини ўзига жалб этиш учун томоқ қириб олгач.
- Ва хонимлар, - Древнинг гапини бўлди жамоа Овчиси Ангелина Жонсон.
- Ва хонимлар, - тасдиқлади Древ, - Мана ниҳоят кутилган фурсат етди.
- Буюк фурсат, - гап қистирди Фред Уэсли.
- Интизорлик билан кутилган фурсат, - қўшиб қўйди Жорж.
- Оливернинг нутқини ёддан биламиз, - тушунтирди Фред Гаррига, - Ҳар қалай жамоада ўтган йилдан буён ўйнаймиз.
- Бир пас овозларингни ўчириб туринглар, илтимос, - қичқирди Древ, - Жамоанинг бу йилги таркиби ўтган кўплаб йилларга нисбатан олиб қаралганда, жуда зўр сараланган таркиб саналади. Демак, ғалаба қозонишимиз шарт. Мен бунга комил ишонч билдираман.
У жамоага шундай қараб қўйди-ки, нигоҳида: «Акс ҳолда!...» деган маънони уқиб олиш қийин эмас.
- Ана шундай. Вақт бўлди. Ҳаммамизга омад ва зафар ёр бўлсин. Кетдик!
Фред билан Жоржнинг ортидан бораётган Гарри тиззалари бўшашиб кетмаслигини Худодан ёлвориб сўраганча, баланд эшитилган қутлов қичқириқлари остида ўйин майдонига чиқди.
Ўйинга Роланда Трюк хоним ҳакамлик қилади. У қўлида супурги билан ўйингоҳнинг қоқ марказида, рақиб жамоаларнинг йиғилишини кутиб турибди.
- Умид қиламанки, ҳалол ўйнайсиз, - деди Роланда Трюк хоним ҳамма йиғилгач.
Гарри ҳакамнинг ушбу сўзлари асосан «Слизерин» жамоасининг сардори, олтинчи синф ўқувчиси Маркус Флинтга тааллуқли эканлигини пайқаб қолди. Ташқи қиёфасига қараганда, Маркуснинг қонига троллнинг қони аралашган шекилли, хаёлдан ўтказди Гарри. Кўзининг қири билан намойишгоҳдаги томошабинлар устида милтиллаб кўринган «Поттерни Президентликка!» сўзларини кўриб қолган Гарри ўзини дадилроқ ҳис эта бошлади.
- Марҳамат, супургилар эгарлансин!
Гарри ўзининг «Нимбус-2000» русумли супургисини эгарлади.
Роланда Трюк хоним кумуш ҳуштагини оғзига солиб, бор кучи ила қулоқни тешиб юборгудай даражада баланд чалди.
Ўн бешта супурги ердан ҳавога бир вақтда, ўқдай кўтарилди. Ўйингоҳда айюҳаннос-у, қичқириқларга тўлди. Квидиш бошланди!
Эгизак Уэслиларнинг дўсти, шарҳловчи Ли Жорданнинг баланд овози эшитилди. Ўйин шарҳи профессор Макгонагаллнинг қатъий назорати остида олиб борилмоқда.
- Ҳурматли томошабинлар кўриб турганингиздай Кваффл шу заҳоти «Гриффиндор» ўйинчиси Ангелина Жонсон қўлига ўтди. Соҳибжамол Ангелина моҳир Овчи бўлишидан ташқари, гўзалликда тенги йўқ жон олар жонона...
- ЖОРДАН!
- Узр, профессор.
- Манёврни чаққон бажарган Ангелина тўпни Алисия Спиннетга узатди. Алисия Оливер Древ томонидан яқиндагина ихтиро қилинган маҳоратли ўйинчи саналади. Бироқ негадир Алисия ўтган йилги ўйин мавсумини захира ўйинчилар курсисида ўтириб ўтказди. Тўп Жонсонга қайтарилди ва... Йўқ, слизеринчилар Кваффлни қайтариб олишга муваффақ бўлишди. Кваффлни қўлга киритган «Слизерин» сардори Маркус Флинт бамисоли тоғ бургутидай рақиб ҳалқалари томон учиб бормоқда. Қараб туринг, ҳозир у гол уради. Йўқ, чучварани хом санабди! Уни «Гриффиндор» жамоасининг Қўриқчиси Древ тўхтатиб қолди. Кваффлни гриффиндорчилар эгаллаб олишди. «Гриффиндор» жамоасининг Овчиси Кэтти Бэллнинг ўйинини кўриб турибсиз. Мана у Флинт остига чиройли шўнғиди ва майдон узра яна кўтарилди... ВОЙ!... Тажовузкор бошининг орқасига келиб солди-ку. Жони оғриётган бўлса керак, а?! Кваффл слизеринчиларга ўтди. Кўриб турганингиздай Адриан Пусей ҳалқалар томон ошиқмоқда. Бироқ унинг йўлини қайси бири эканлигини аниқ айта олмайман-у, Фред ёки Жорж Уэсли томонидан қайтарилган иккинчи Тажовузкор тўсди. Ким бўлишидан қатъи назар «Гриффиндор» жамоасининг Уриб қайтарувчиси ўз маҳоратини намоён эта олди. Кваффл яна Жонсонда. Қизнинг қаршисида ҳеч ким йўқ. У ўқдай учмоқда. Шиддат билан учиб келган Тажовузкорга чап берди. Мана у ҳалқаларга яқин келиб қолди. Бўш келма, Ангелина! Қўриқчи Блетчелли шўнғиб кирмоқда. Йўқ, унинг ҳаракати хато кетди ва ГРИФФИНДОРЧИЛАР ҲАЛҚАНИ ИШҒОЛ ЭТИШДИ!!!
Намойишгоҳларда «Гриффиндор» жамоаси мухлисларининг баланд қичқириқлари ва «Слизерин» жамоаси мухлисларининг оҳ-воҳлари янгради.
- Қани, нари силжинглар-чи.
- Хагрид!
Давангир сиғиши учун Рон билан Гермиона бир-бирига яқинроқ туриб олишига тўғри келди.
- Кулбам ёнида томоша қилиб ўтирдим, - деди Хагрид бўйнига осилган улкан дурбинини уриб кўрсатиб, - Лекин халқ билан томоша қилган қизиқроқ-да, тўғрими? Тилла чаққон кўринмади-ми?
- Йўқ, - жавоб қайтарди Рон, - Гарри ҳозирча бекор.
- Ҳеч қиси йўқ, шошиб қаерга ҳам борар эди. Чиқиб олган жойини қаранг уни, - деди Хагрид, осмон-у фалакда нуқтадай кўринаётган Гаррига қараб.
Гарри Древ билан биргаликда тузилган режага мувофиқ намойишгоҳ узра учиб, Тилла чаққонни қидириб юрибди.
- Тилла чаққон кўрингунга қадар нарида бўлганинг маъқул, - доимо тайинлар эди Древ, - Сенга бемаврид ҳамла қилишларига йўл қўйиб бўлмайди.
Ангелинанинг гол урганини кўрган Гарри, ғайрати ошиб кетганидан икки маротаба «Ўлик сиртмоқ[2]» амалини бажариб, Тилла чаққон излашни давом этди. Нимадир ялтиради-ю, афсуски, бу эгизаклардан бирининг қўл соати эканлигини кўриб, хавсаласи пир бўлди. Замбарак ўқи каби учиб келган Тажовузкорлардан бири, ортидан эса шиддат билан қувиб келган Фред Уэслига аранг чап беришга улгуриб қолди.
- Ишлар жойидами? - бақириб сўради Фред, Тажовузкорни Маркус Флинт томон уриб қайтарар экан.
- «Слизерин» Кваффлни қўлга киритди, - шарҳлашни давом эттирди Ли Жордан, - Пастга шўнғиган Овчи Пусей иккала Тажовузкордан ҳам, иккала Уэслилардан ҳам, Овчи Бэллдан ҳам ўзини олиб қочишга улгуриб, ҳалқа томон парвозни давом эттирмоқда. Бу нима Тилла чаққонми?
Чап қулоғининг ёнидан учиб ўтган Тилла чаққон томон анграйиб қараган Адриан Пусей қўлидаги Кваффлни олдириб қўйгач, ўйингоҳдаги томошабинларнинг норози бақириғи эшитилди.
Тилла чаққоннинг ялтираганини кўрган Гарри ҳаяжондан кучли тўлқинланиб кетганча, коптокча ортидан шўнғиди. Слизеринчиларнинг Сайёди Теренс Хиггс ҳам Тилла чаққонни кўриб қолган. Улар коптокча ортидан ёнма-ён учиб боришмоқда. Жамики овчилар гўё ўз мажбуриятини унутиб қўйгандай сайёдлар пойгасига қараб қолишди.
Гарри Хиггсдан чаққон чиқди. У миттигина, қанотларини пирпиратиб юқорига кўтарилганча, учиб бораётган юмалоқ коптокчани аён кўриб бормоқда...
ҚАРС-С!
Маркус Флинт атайин Гаррининг йўлига чиқиб, урилди. Гаррининг супургиси гўё вертолёт винти каби ҳавода айланиб кетди. У ерга қулаб тушмасликка уринганча, супургисининг сопини маҳкам ушлаб қолишга улгурди. Томошабинлар, айниқса, «Гриффиндор» жамоаси мухлисларининг нафратга тўлиб-тошган қичқириқлари эшитилди.
- Ўйин қоидаси бузилди!
Трюк хоним Флинт билан дарғазаб гаплашиб қўйгач, «Гриффиндор» жамоасига эркин тўп тайинлади. Табиийки, Тилла чаққон яна кўздан ғойиб бўлди.
- Майдондан чиқарилсин! Ҳой, ҳакам қизил карточка кўрсатинг унга! - дея қичқирди маглларнинг футбол ўйини ишқибози Дин Томас.
- Нималар деяпсан, Дин? - сўради ундан Рон.
- Қизил карточка! - ғазаб-ла бақиришини қўймади Дин, - Футболда, бундай қилмиши учун ўйинчига қизил карточка кўрсатилиб, майдондан чиқариб юборилади.
- Ахир бу футбол эмас-ку, Дин, - ёдига солди Рон.
- Ўйин қоидасига ўзгартириш киритиш керак, - Динга тарафдор бўлди Хагрид, - Гаррининг пачоқ бўлиб кетишига сал қолди-ку, ахир.
- Шундай қилиб, шак-шубҳасиз қабиҳлик-ла амалга оширилган безориликдан сўнг... - холислигини сақлаб қола олмади шарҳловчи Ли Жордан.
- Жордан! - инграб юборди профессор Макгонагалл.
- Айтмоқчи эдим-ки, ўйин қоидаси слизеринчилар томонидан очиқдан-очиқ, муттаҳамларча бузилгач...
- Жордан, сени огоҳлантириб қўйдим...
- Хўп, майли. Флинт «Гриффиндор»нинг Сайёдини ўлдириб қўйишига сал қолди. Ким йўлиқмайди дейсиз, бундай арзимаган ҳолатга. Модомики, шундай экан, «Гриффиндор» жарима тўпини улоқтиради. Бундай зарбани Спинет қабул қилиб олади. У ҳеч бир муаммосиз тўпни қайтарди. Биз эса ўйин томоша қилишни давом этамиз. Тўп ҳалигача «Гриффиндор» жамоасида.
Тажовузкорнинг навбатдаги ҳамласига чап бергач, супургиси гўё ҳаво ўпқонига[3] тушиб қолгандай кескин пастлаб кетган Гарри, ғалати ҳолатга тушиб қолди. Сония давомида бола супургидан қулаб тушишига шубҳа қилмади. У иккала қўли ва тиззалари билан супургисининг сопига маҳкам ёпишиб олди. Бундай даҳшатли ҳолатни ҳали у, бирор маротаба бўлсин, бошидан кечирмаган.
Гаррини гўё атайин улоқтириб юбормоқчи бўлган супурги боз пастлади. Бироқ «Нимбус-2000» аллақандай асов от эмас-ку, чавандозни устидан улоқтириб ташлагани?! Гарри супургини «Гриффиндор» ҳалқалари томон бурмоқчи ва Древдан тайм-аут[4] эълон қилишни сўрамоқчи бўлди. Аммо супурги мутлақо бошқарилмас бўлиб қолди. У бурила олмай, супургини умуман бирон-бир томонга йўналтира олмай қолди. Вақти-вақти билан кучли ликиллаётган супурги ҳавода илон изи йўналишда шиддат билан учмоқда, Гарри эса йиқилиб кетмаслик учун ўзини базўр тутиб бормоқда.
- «Слизерин» тўпни қўлга киритди, - ўйин шарҳлашни давом эттирди Ли, - Кваффл Флинтнинг қўлида. Тўпни Спиннетга, у эса ўз навбатида, Бэллга узатди, Бэллнинг юзига Тажавузкор келиб урилди. Умид қиламанки, унинг бурни синди, ҳазиллашдим профессор. Зарба, гол! О, йўқ!
Слизеринчилар шод-хуррам. Айни вақтда, Гаррининг супургиси ғалати ҳаракатланаётганини ҳеч ким пайқамаган гўё. Супурги эса Гаррини ўйин майдонидан нарига, мунтазам сакраб силтанганча, осмон-у фалакка кўтариб кетмоқда.
- Гаррига нима қилди? - пўнғиллаб қолди Хагрид, - Агар мен уни билмаганимда, айтардим-ки... супурги унга итоат қилмаяпти... Ахир у...
Бирданига намойишгоҳдаги томошабинлар юқорига, Гаррига эътибор қаратди.
Унинг супургиси ҳавода вертолёт винти каби айлана бошлади. Шундай тез айланмоқда-ки, Гарри ўзини базўр тутиб ўтирибди. Томошабинларнинг баралла қичқирган айюҳанноси эшитилди. Супурги кескин четга отилиб, Гаррини устидан йиқитди. Энди бола супурги сопини битта қўли билан ушлаганча, осилиб қолди.
- Эҳтимол, Флинт Гаррининг йўлини тўсиб урилганида супургига бирон нарса бўлгандир? - шивирлади Симус.
- Унақаси бўлмайди, - қисқа қилди овози титраб чиққан Хагрид, - Супургига фақат ёвуз афсун таъсир қилиши мумкин холос. Ёш бола бу ишни эплай олмайди. Бунинг устига бу «Нимбус-2000».
Хагриднинг сўзларини эшитган Гермиона мактаб қоровулининг қўлидан дурбинни тортиб олиб, Гарри томон эмас, аксинча, намойишгоҳ томон йўллаб, ниманидир қидира бошлади.
- Нима қиляпсан? - сўради, юзи кул тусини касб этиб қолган Рон.
- Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим, - деди нафаси қайтиб Гермиона, - Снегг томон қара.
Рон дурбинни чангаллаб олди. Снегг қарши томондаги намойишгоҳнинг марказида ўтириб, Гарридан кўзини узмай, тинимсиз нималардир шивирламоқда.
- У афсун ўқияпти, супургини қарғаяпти, - деди Гермиона.
- Нима қилсак экан?
- Буни менга қўйиб бер.
Рон оғиз жуфтлашга улгурмай, Гермионани йўқотиб қўйиб, дурбинни Гаррига қаратди. Супурги шу қадар кучли силтанмоқда-ки, бола узоқ бардош бера олишига ишониш қийин. Эгизак Уэслилар унга яқин бориб, ўз супургиларига олиб ўтишга уринишаётганини кўрган томошабинлар даҳшатга тушиб, қалқиб туришди. Бироқ бу иш наф бермади. Улардан бири яқин келиши билан супурги кескин юқорига кўтарилмоқда. Эгизаклар бир оз пастлаб, Гаррининг қўли бўшаб кетса, болани ҳавода тутиб олишга умид қилиб гир айлана бошлашди. Пайтдан фойдаланган Маркус Флинт Кваффлни қўлга киритиб, бирин-кетин бешта гол урди. Бироқ бунга ҳеч ким эътибор ҳам қаратмади.
- Гермиона, тезроқ! - пичирлади Рон.
Томошабинларни қўли билан туртиб ўзига йўл очиб юрган Гермиона, ниҳоят намойишгоҳларнинг Снегг ўтирган қарши томонига етиб борди. Снегг орқасидаги бўш қаторга етгач, югуриб, профессор Белкани бурни билан олдинги қатордаги курсиларга урилиб кетган даражада туртиб юборган бўлса-да, узр сўраш учун тўхтамади. Снеггнинг ёнига етиб боргач, чўккалаб ўтириб, сеҳрли таёқчасини чиқарди-да, бир нарсалар деб шивирлади. Таёқча учидан ёрқин мовий олов дастаси чиқиб, Снеггнинг эгнидаги ридо этагига тегди.
Тахминан ўттиз сония ўтгач, ўқитувчи ёнаётганини сезиб қолди. Унинг баланд «Уҳ!» деганини эшитган Гермиона ўз вазифасини уддалаган деб билиб, профессорнинг эгнидаги оловни кичкина банкага йиғиб олдида, қочиб қолди. Энди Снегг нима бўлганини ҳеч қачон била олмайди.
Гермионанинг ушбу ҳаракати осмон-у фалакдаги Гарри учун супургини яна эгарлаб олишга етарли бўлди.
- Невилль, бўлди, энди қараса бўлаверади, - деди Рон, сўнгги беш дақиқа давомида Хагриднинг орқасига бекиниб олиб, ҳўнграётган Невиллга.
Гарри шиддат-ла учиб, кескин пастлади. Кутилмаганда Гаррининг кафти билан оғзини ушлаб олгани, кўнгли айниб, ҳозир қайт қилиб юборгудай ҳолатга келиб қолгани кузатилди. У қўл-оёғи билан ерга қўниб, қаттиқ йўталгач, оғзидан кафтига қандайдир тилла ранг жисм тушди.
- Тилла чаққонни тутиб олдим! - тантанавор қичқирди у, тўпчани боши узра айлантирар экан.
Чалкашлик билан ўтган ўйин шу тарзда ниҳоясига етди.
- У коптокчани тутиб олмади-ку, ютиб юборди-ку, - вайсар эди Флинт, ўйин тамомланган фурсатдан йигирма дақиқа ўтган бўлса ҳам.
Бироқ Флинтнинг ноласидан ҳеч қандай наф чиқмади. Ахир Гарри қоидани бузгани йўқ-ку.
- «Гриффиндор» 170:60 ҳисоби билан ғалаба қозонди, ўйин натижасини бақириб эълон қилишини қўймади Ли Жордан.
Рон ва Гермиона билан биргаликда Хагриднинг кулбасига кириб, аччиқ дамланган иссиқ чой ичиб ўтирган Гарри эса бу гапларни эшитмаяпти.
- Бўлиб ўтган ҳодиса Снеггнинг қилмиши, - тушунтирди Рон, - У сендан кўзини узмай, нималарнидир пичирлаб супургингга қарши афсун ўқиб ўтирганини Гермиона иккаламиз кўриб қолдик.
- Бўлмаган гап, - эътироз билдирди Хагрид, намойишгоҳда, кўзи ўнгида бўлиб ўтган ҳодисалардан бирон-бир хулоса чиқармай, - Бу билан Снегг нима наф кўриши мумкин?
Гарри, Рон ва Гермиона бир-бирига қараб, Хагридга нималарни айтиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолишди.
- Мен айрим нарсалардан бохабар бўлиб қолдим, - деди Гарри, бор гапни айтиб беришга аҳд қилиб,- Хэллоуин куни Снегг уч бошли итнинг ёнидан ўтиб олмоқчи бўлган-у бироқ ит, унинг оёғини қопиб олган. Фикримизча, Снегг, ит қўриқлаётган нарсани ўғирламоқчи.
- Момиқвой билан қандай танишиб қолдингиз? - сўради чойнак қўлидан тушиб кетган Хагрид.
- Момиқвой?
- Ҳа, Момиқвой. Менинг итим. Грецияда, паб[5] ресторанида танишиб қолган бир ўртоғимдан сотиб олганман уни. Ўтган йили эса Дамблдорга Момиқвойим керак бўлиб қолди, қўриқлаш...
- Нимани? - сўради Гарри сабрсизлик билан.
- Сен мендан ҳеч нарса сўрама, - аччиғи келиб бошини силтади Хагрид, - Бу ўта махфий маълумот, тушундинг-ми?
- Ахир Снегг уни ўғирламоқчи-ку.
- Бўлмаган гап. Снегг ўқитувчи. У бундай ишларни қилмайди.
- Нега бўлмасам у ҳозиргина Гаррини ўлдиришга уринди? - бақириб берди, ҳозиргина бўлиб ўтган ҳодисадан сўнг, Снегг ҳақидаги фикри батамом ўзгартириб кетган Гермиона, - Қарғиш билан бахтсиз ҳодисанинг фарқига жуда яхши бораман, қадрдоним Хагрид. Афсунлар ҳақида жуда кўп ўқиганман! Қарғиш теккизиш учун афсун ўқилаётган объектдан кўз узмаслик даркор. Снегг эса осмондаги Гаррига кўзини лўқ қилганча қараб турганини ўз кўзим билан кўрдим!
- Э айтяпман-ку сизларга, буларнинг бари бемаъни гап деб. Гаррининг супургисига нима бўлганлигини мен билмайман-у, ўқитувчи Снегг ўқувчи ўлдирмаслигини аниқ биламан! Учовинг бурнингни суқиш керак бўлмаган жойга суқяпсан! Бу жуда хавфли! Анави итни ҳам, у қўриқлаётган нарсани ҳам унутинглар. Бу сизларга эмас, Дамблдор билан Николас Фламелга тааллуқли...
- Тушунарли! - деди Гарри, - Демак, бу ишга аллақандай Николас Фламел аралашган?!
Оғзидан гап чиқиб кетган Хагрид ўзидан ўзи аччиқланганча қолди.





[1] Кетчуп (инг. ketchup) – таркибига томат, сирка, туз, шакар, қалампир ва бошқа зираворлар кирадиган қайла
[2] Нестеров сиртмоғи (Нестерова петля) – олий учувчилик санъати билан фазода ҳосил қилинадиган мураккаб шакл, сиртмоқсимон доира. «Ўлик сиртмоқ» деб ҳам аталади. Илк бор 1913 йил 27 август куни рус учувчиси П. Н. Нестеров томонидан ижро этилган. Шаклнинг яратилишида учиш аппарати вертикал текислик бўйлаб учиб ўтиб, берк эгри чизиқ ҳосил қилади ва сиртмоқ бошидан охирига қадар кўндаланг чизиқдан оғмай, йўналишини ўзгартирмай сиртмоқдан чиқиб кетади.
[3] Ҳаво ўпқони – осмондаги ҳавоси сийрак ёки ҳавосиз жой
[4] Тайм-аут – спорт ўйинида команда талабига кўра олинган танаффус
[5] Паб – дўстлар, таниш-билиш ва ёру-биродарлар йиғиладиган жой. Шинам вазиятда, бир кружкадан пиво ичиб, суҳбатлашиб ўтириш – паб ғояси саналади. Агар паб ўз пивосини тайёрласа, бундай муассаса ўзининг ҳақиқий мазмун-моҳиятига эга бўлади.


МУНДАРИЖА

Ўн еттинчи боб. Икки юзли одам.

Комментариев нет:

Отправить комментарий