суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ИККИНЧИ БОБ. ҒОЙИБ БЎЛГАН ОЙНА ДЕВОР

Эр-хотин Дурсллар эрталаб уйғониб, хонадонларининг остонасида жиян топиб олишган кундан сал кам ўн йил ўтган бўлса ҳам-ки, Одамовилар хиёбони мутлақо ўзгаргани йўқ. Тонгда чиққан қуёш ўша батартиб боғни ҳам, Дурсллар уйига кираверишдаги деворга қоқилган бронза рангли «4» рақами ёзилган тахтачани ҳам ёритиб, нурлари бир вақтлар мистер Дурсль бойқушлар ҳақидаги хабарни эшитган меҳмонхонага қадар кириб боради.
Меҳмонхонадаги камин токчасига батартиб терилган фотосуратларгина орадан анча вақт ўтиб кетганлигидан далолат беради. Ўн йил олдин бу токчада ранг-баранг бош кийим кийдириб қўйилган пушти коптокларга ўхшаш кичкинтойнинг расмлари турар эди. Энди эса суратларда гўдак эмас, балки илк бор велосипедга ўтираётган, дадаси билан компьютер ўйнаб ўтирган, онаси қучиб ўпаётган оқ-сариқ сочли семиз ўспирин Дудли Дурсль акс эттирилган. Аммо ушбу оилада яна бир нафар бола яшашидан далолат берадиган бирор-бир аломат кўринмайди.
Шундай бўлса-да, ҳикоямиз қаҳрамони Гарри Поттер айни шу уйда, Дурсллар оиласида истиқомат қилади. Ҳозир у ухлаяпти, бироқ ороми бузилишига
атиги бир неча дақиқа қолди холос. Петунья хола уйғониб бўлган, унинг ёқимсиз овози янги кун кириб келганлигини англатадиган биринчи аломатдир.
- Тур ўрнингдан! Тезроқ! Бўл тез! - чийиллади холаси, эшикни гурсиллатиб, - Тур!
Гарри ётган ўрнида бир сапчиб тушди. Холаси ошхонага ўтиб, товани газ плитасига тақиллатганча уриб жойлаганини эшитди. Бола белига ағанаб, ҳозиргина кўрган тушини эслашга уринди. Гўё у мотоциклда, осмон-у фалакда учиб юрган экан. Яхши туш эди-я. Назарида бу тушни бир вақтлар кўрган-у, бугун такрор кўргандай бўлди.
- Ҳой, турдинг-ми? - пўписа оҳангида қичқирди яна эшик олдига келиб олган холаси.
- Деярли турдим, - жавоб қайтарди Гарри.
- Қимирла, чўчқа боласининг нимтасини товага жойлаб қўйдим, қараб тур, куйдириб қўйма яна, ўғилчам Дудлининг туғилган кунида-я. Бугун ҳамма нарса рисоладагидан ҳам аъло бўлиши шарт.
Гарри англаб бўлмас алланарса деди.
- Нима дединг? - кескин сўради эшик ортидаги Петунья хола.
- Ҳеч нарса деганим йўқ.
Дудлининг туғилган куни. Ёдидан чиқариб қўйибди-ку! Гарри уйқусираганча, ўрнидан туриб, пайпоғини қидира кетди. Пайпоқни каравоти остидан топиб, устидаги ўргимчакни ҳайдаб юборди-да, оёғига кийиб олди. Пиллапоя остидаги буфет ичига жиҳозланган ётоқхонада ухлайдиган Гарри ўргимчаклардан қўрқмайди. Уларга аллақачон кўникиб бўлган. Бу ерда ўргимчакларнинг каттагина оиласи яшайди.
Бола кийиниб олгач, даҳлиз орқали ошхона томон йўл олди. Хонадаги стол устига қути ва тугунчалар уйиб ташланган. Афтидан, Дудли ўзи талаб қилиб олган янги компьютерга эга бўлибди. Иккинчи телевизор билан пойга велосипеди ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Ўта семиз Дудлига пойга велосипеди нимага кераклигини Гарри ақлига сиғдира олмайди. Бунинг устига у, агар кимнидир таъзирини бериш учун муштлашишини ҳисобга олмаганда, спортни ўларча ёмон кўради. Дудли ёқтирадиган ягона нарса, унга бокс грушаси саналадиган Гарридир. Бироқ груша сифатида фойдаланиши учун даставвал у Гаррини қувиб тутиши керак бўлади. Ташқи кўринишига кўра Гаррини тез югуради, деб айтиш қийин бўлса-да, унга етиб олиш Дудли ва унинг тўдасига осон кечмайди.
Боиси нима эканлиги номаълум-у, эҳтимол буфет ичида яшагани учун бўлса керак, Гарри доимо озғин, жуссаси ёшига нисбатан кичик бўлиб ўсди. Дудлининг эски кийимларини кийиб катта бўлаётгани учун у боридан баттар кичик ва озғин кўринади. Негаки, Дудлининг танаси барча кўрсаткичлар бўйича Гарриникига нисбатан тўрт баробар катта. Гаррининг юзи озғин, тиззалари бўртиб чиққан, сочлари қоп-қора, фирузакўзи эса ярқироқ бўлиб, ўртасига қалин изоляция тасмаси ўралган юмалоқ кўзойнак тақиб юради. Дудли ҳар доим Гаррининг бурнига қарата зарб беришга урингани учун ҳам кўзойнакнинг гардиши тез-тез синиб туради. Гарри ўзининг ташқи қиёфасида ёқтирадиган ягона нарса – ғайриоддий шаклдаги яшин зигзагига ўхшаш чандиқдир. Эсини танибдики, пешонасидаги ушбу тиртиқ ҳеч битиб кетмайди. Петунья холасига берган биринчи саволи ҳам айни шу чандиқ ҳақида бўлган.
- Бу, ота-онангни ҳалок қилган авариядан қолган чандиқ, тушундинг-ми? Бас, ортиқча савол берма.
«Ортиқча савол берма» қоидаси – бир маромда кечаётган Дурсллар ҳаётининг энг асосий қоидаси саналади.
Гарри товадаги ёш чўчқа нимтасини айлантириб турган фурсатда ошхонага Вернон амаки кириб келди.
- Сочингни тараб ол! - эрталабки салом ўрнида ўкирди у.
Вернон амаки ҳафтада кам деганда бир маротаба газета устидан Гаррига қараганча, боланинг сочини олиш вақти бўлганлиги ҳақида бақиради. Гаррининг сочи синфдошларига нисбатан тез-тез олиб турилади. Аммо сочи ниҳоятда тез ўсгани учун ҳам бу иш фойда бермайди.
Гарри товага тухум чақиб турганида ошхонага она-бола кириб келди. Дудли қуйиб қўйгандай Вернон амакига ўхшайди. Зеро, унинг ҳам йирик башараси қизғиш бўлиб, бўйни кўринмайди, кичик мовий кўзи серсув, оч-сариқ қалин сочлари катта семиз бошида текис ётади. Петунья хола уни фариштагинам деб чақирса, Гарри «парик кийган йирик» деб чақиради.
Гарри қовурилган тухум солинган ликопларни стол устига қўйиб чиқишга уринди. Стол усти совғаларга тўлиб тошгани учун ҳам бу ишни бажариш осон бўлмади. Айни вақтда совға санаётган Дудлининг авзои бузилганлиги турқидан маълум бўлиб қолди.
- Ўттиз олтита, - ота-онасига тик қараганича, айблов оҳангида эълон қилди у, - Ўтган йилдагига нисбатан иккитага кам.
- Ёқимтойгинам, Маржори амманг юборган совғани санамадинг. Ана у, совғамиз солинган катта қути остида.
- Хўп яхши, ўттиз еттита дейлик, - Дудлининг юзи ғазабдан қизара бошлади.
Яқинлашиб келаётган жазава хуружининг аломатларини сезган Гарри, дастурхон ер билан битта бўлмасидан олдин кўпроқ еб улгуришга ҳаракат қилганча тухумни бўридай ямлаб, юта бошлади.
Шубҳа йўқ-ки, Петунья хола ҳам яқинлашаётган хавфли вазиятни сезиб, бидирлай кетди:
- Сайрга чиқсак, биз сенга яна иккита совға олиб берамиз, хўпми кулчагинам? Қалай таклифим ёқди-ми? Яна иккита совға! Яхшими?
Дудли ўйланиб қолди. Узоқ ўй сурди ва ниҳоят койиш оҳангида:
- Шунда менинг совғаларим сони ўттиз... ўттиз...
- Ўттиз тўққизта бўлади, қандгинам, - санашга ёрдам бериб юборди Петунья хола.
- Ҳа, - деди ниҳоят курсига ўтирган Дудли, яқин орадаги тугунчани чангаллаб, - Ундай бўлса, майли.
Вернон амаки ҳиринглаб юборди.
- Митти енотимиз ўз қадрини билади. Худди ўзим-а. Яша ота-ўғил, - деди у, Дудлининг сочларини қўли билан ҳурпайтириб қўйиб.
Телефон жиринглади. Петунья хола қўнғироққа жавоб берар экан, Гарри билан Вернон амаки Дудлининг пойга велосипеди, видеомагнитофон, видеокамера, масофадан бошқариладиган планер қадоқларини очаётганини, қутидан янги компьютер ўйинларининг ўн олтита дискини чиқараётганини кузатиб ўтиришди. Тилла соат қутиси эндигина очилаётган фурсатда хонага юзи ташвишли қиёфа касб этган Петунья хола дарғазаб кириб келди.
- Ёмон хабар, Вернон. Миссис Фигг оёғини синдириб олибди. Энди у анави билан ўтира олмас экан, - деди у, Гарри томон бош ирғиб.
Даҳшатга тушган Дудлининг оғзи очилиб қолди. Аммо Гаррининг юраги қувончдан бир сапчиди. Ҳар йили Дудлининг ота-онаси ўғлининг туғилган кунини байрам қилишар, ўртоқларидан биттасини олиб шаҳар боғига боришар, гамбургер билан сийлашиб, кинога олиб киришар эди. Гарри эса ҳар йилнинг шу куни, Дурсллардан икки кўча нарида яшайдиган, қариб ақлини еган миссис Фигг билан қолади. Кампирнинг уйига карамнинг қўланса ҳиди ўтириб қолган бўлиб, устига устак узундан-узоқ ҳаётининг ҳар хил даврларида яшаб, битта ҳам қолмай қирилиб кетган кўп сонли мушукларининг фотосуратлари билан тўлган фотоальбомни томоша қилишга мажбур қилади.
- Хўш, энди нима қиламиз? - деди Петунья хола, гўё миссис Фиггнинг оёғини Гарри бориб синдириб келгандай болага нафрат-ла юзланиб.
Гарри миссис Фиггнинг жони оғриётганлигини тушунади, албатта. Бироқ Оппоқойим, Пуфик, Панжа амаки, Туфти каби мушукларининг расмларини яна бир йил кўрмаслигини ўйлаб қувонди.
- Маржорига қўнғироқ қилайлик, - таклиф киритди Вернон амаки.
- Бемаъни гапни қўйсанг-чи, Вернон. Опанг бу етимни кўргани кўзи йўқлигини жуда яхши биласан.
Холаси билан амакиси Гарри ҳақида худди шу тарзда, аниқроқ айтилса, худди жирканч бир нарса ҳақида гапиришгандай, гўё у ёнларида йўқ ёки гап мавзусини идрок этишга ақли етмайдиган ландавурдай билиб, қадр-қимматини менсимай гапиришлари одатий ҳол.
- Анави дугонанг-чи, исми нима эди, Ивонна-ми?
- Таътил ўтказгани Ўрта денгизга, Майорка оролига кетган, - шартта чақиб олди Петунья хола.
- Мени уйда қолдириб кетишларинг мумкин, - умид-ла гапга аралашди Гарри.
У телевизорда ўзи ёқтирган кўрсатувни томоша қилиши, ҳатто компьютер ўйнаши ҳам мумкинлигини ўйлади. Бундай таклифни эшитган Петунья холанинг башараси эса худди лимон чайнаб олган одам турқидай буришиб кетди.
- Кейин-чи, кейин нима бўлади? Мен сайрдан қайтиб келсам-у, уйим портлаб кетган бўлса, а? - ўшқириб берди у.
- Ҳеч нарсани портлатмайман, - ваъда берди Гарри.
Аммо унинг гапини ҳеч ким писанд қилмади.
- Ўйлашимча уни ҳайвонот боғигача олиб борамиз-да, - аста гапини давом эттирди Петунья хола, - Машинада қолдирамиз...
- Машина, эътиборингиз учун, ҳали янги. Мен уни машинада ёлғиз қолдирмайман...
Муғомбир ва муттаҳам башарасини сал қийшайтирса бас, онаси ҳар нарсага тайёр бўлишини жуда яхши биладиган Дудли овози борича ўкира бошлади. Йиғламаганига кўп йил бўлганлиги, аниқроқ айтганда, бу хонадонда йиғлашига йўл қўйилмаслиги боис фарёди ёлғондакамлиги яққол билиниб турибди. Петунья хола арзандасининг бўйин бўлиши керак бўлган жойидан қучиб олди.
- Йиғлама, Динки-дуди-дум, онанг сени хафа қилдириб қўймайди! - юпата бошлади у.
- Уни... биз... биз... биз билан бирга юришини... хоҳламайман! - бақира кетди Дудли сохта ўкириш учун кучанишлар орасида, - У доимо... доимо ишкал қилиб юради!
Дудли онасининг қўли орасидан Гаррига қараб, ичиқоралик билан иршайиб қўйди. Айни шу фурсатда эшик қўнғироғи жиринглади.
- Э Худойим, улар келишди! - хитоб қилди Петунья хола, хижолат чекиб.
Остонада Дудлининг яқин дўсти Пьерс Полукис ва унинг онаси кўринди. Пьерс турқи каламушга ўхшаш, бичими бесўнақай чўп-устухон бола. Дудли қайси болани уриб, адабини беришни истаб қолса, ўша бечоранинг қўлини айни шу Пьерс қайириб, ушлаб туради.
Дудли шу заҳоти унини ўчирди.
Ярим соат ўтгач, Гарри машинанинг орқа ўриндиғида, Дудли ва Пьерс билан бирга ўтириб, ҳаётида биринчи бор ҳайвонот боғи томон, ўз бахтига ҳалигача ишонмай йўл олди. Қанча уринишмасин, холаси билан амакиси Гарридан қутулиш йўлини топа олишмади. Йўлга чиқишдан олдин Вернон амаки Гаррини четга тортиб, қизғиш башарасини Гаррининг юзига яқин келтирганча вишиллади:
- Огоҳлантириб қўяй болакай, огоҳлантириб қўяй, бирор-бир найранг кўрсатадиган бўлсанг, анави ҳунарларингдан бирортасини сезиб қолгудай бўлсам, Рождествога қадар буфетдан чиқмай ўтирасан, тушундинг-ми?
- Мен ҳеч қандай ҳунар кўрсатмоқчи эмасман, - ишонтирди Гарри, - Чин сўзим...
Бироқ Вернон амаки унинг ваъдасига ишонмади. Бу уйда унга ҳеч ким, ҳеч қачон ишонмаган.
Гап шундаки, Гарри доим қандайдир таажжуб ҳолатларга тушиб қолади. Бунга унинг дахли йўқ эканлигини тушунтиришдан эса фойда йўқ эди.
Чунончи, кунлардан бир куни, Петунья хола, ҳозиргина сартарошхонада соч олдирган Гарри гўё умуман сартарошхона кўрмаган бола сингари уйга қайтганидан ғазаби қайнаб, ошхона қайчиси билан Гаррининг сочини, пешонасидаги жирканч тиртиғини тўсиб турган бир тутамидан ташқари, сал кам илдизигача қийиб чиқди. Гаррининг аҳволини кўрган Дудли кулиб кучанганидан иштонига сийиб қўйишига бир бахя қолди. Гарри эса эртасига мактабга қай аҳволда боришини ўйлаб, туни билан ухламай чиқди. Мактабда уни шундоқ ҳам эгнидаги беўхшов кийими ва улама кўзойнаги учун мазах қилишади. Бироқ эрталаб, Гаррининг сочлари Петунья холанинг сартарошлик тажрибасига қадар қандоқ бўлган бўлса, шундоқ эканлиги аён бўлди. Сочи бу қадар тез ўсиб кетишининг сабабини тушунтира олмаслигини исбот қилишга ҳарчанд уринмасин, Гаррини буфетга қамаб қўйишиб, бир ҳафта чиқаришмади.
Яна бир сафар, Петунья хола, Дудлининг тўқ сариқ тусли ёмғир қўзиқоринларининг расми солинган, эскириб кетган жирканч жигар ранг свитери билан Гаррини «ясантириб» қўйишга аҳд қилди. У свитер ёқасини Гаррининг бошидан ўтказишга қанчалик уринса, свитер шунчалик кичрайиб, ҳатто ўйинчоққа ҳам сиғмайдиган бўлиб қолди. Ҳеч нарсанинг фаҳмига етмаган Петунья хола:
- Свитер кўп ювилгандан кичрайиб кетибди, - деган хулоса чиқаргани учун ҳам Гарри жазосиз қолди.
Мактаб ошхонасининг томига қандай чиқиб олганини тушунтира олмаган Гарри янада мушкул аҳволга тушди. Ҳамма бало шундаки, Дудли ўзига ўхшаган безорилар тўдаси билан бирга, деярли ҳар куни Гаррини қувиш билан кун ўтказади. Бу сафар эса улардан қочиб, мўри устига чиқиб олгани Гаррининг ўзи учун ҳам кутилмаган жумбоқ бўлди. Шу куни Дурсллар оиласи синф раҳбаридан Гаррининг мактаб томига билдираётган носоғлом қизиқишларидан норози оҳангда битилиб, эътирозга тўлиб тошган ёзма хабар олди. Буфетга қамаб қўйилган бола Вернон амакисига айбсиз эканлиги, фақат Дудли ва унинг ўртоқларидан қочиб, мактаб ошхонасининг олдидаги чиқинди ташлаш баки устига сакраб чиқмоқчи бўлганини тушунтиришга уринди, сакраган фурсатда кучли эсган шамол уни томга қадар кўтариб юборганини тахмин қилди.
Бугун эса у бирор-бир ўхшаш ҳодиса рўй беришини кутмайди. Бир кун мактабга бормай, буфетга қамалмай, карам ҳидидан сасиб кетган миссис Фиггнинг меҳмонхонасида ўтирмай ҳузур-ҳаловатда бўлиш учун ҳам, ёнида Дудли билан Пьерс борлигига бардош берса арзийди.
Фурсат келган заҳоти ҳаётдан нолишни хуш кўрадиган Вернон амаки машинани бошқариб кетар экан, ҳозир ҳам Петунья холага арз қилиб кетяпти.
Дангаса бўйсунувчилар, Гарри, маҳаллий кенгаш, Гарри, банк муассасаси, Гарри – буларнинг ҳаммаси Вернон амаки шикоятларининг энг долзарб мавзулари саналади.
- ... савдойидай юришади-я бу шайтон урган безорилар, - норози оҳангда ириллади у, ёнидан бир байкер ўқдай учиб ўтганини кўриб.
- Мен эса бугун тушимда ҳавода учиб юрган мотоциклни кўрдим, - бирдан эслаб қолди Гарри.
Боланинг гапини эшитган Вернон амаки рўпарадан келаётган машинага урилиб кетишига бир бахя қолди. У бир парча жун ёпишиб қолган баҳайбат лавлагига ўхшаш юзи билан кескин ортга бурилди-да:
- МОТОЦИКЛЛАР УЧМАЙДИ! - деб, бўкириб юборди.
Дудли билан Пьерс чўчқа болаларидай хурхурлаб қўйишди.
- Учмаслигини биламан, - рози бўлди Гарри, - Мен ахир бор-йўқ тушимга кирган нарсани айтдим холос.
Гарри туши ҳақида оғиз очганидан афсусланди. Қариндошлар учун Гаррининг саволларидан ҳам жирканч нарса – боланинг ғайриоддий нарсаларга доир билдирган фикр-мулоҳазалари. Туш бўлсин ёки мультфильм қаҳрамонининг хатти-ҳаракати бўлсин, фарқи йўқ, бари-бир жирканч эшитилиб, хавфли ниятдай кўринади.
Шанба қуёшли бўлди. Ҳайвонот боғи одамга тўла. Дудли билан Пьерсга биттадан шоколадли музқаймоқ харид қилинди. Сотувчи дўкондан нари тортиб олинмай қолган Гарридан нима исташини сўраб улгургани учун эр-хотин Дурсллар болага арзонроқ лимонли обакидандон олиб беришга мажбур бўлди. Обакидандонга қаноат қилган Гарри бошини қашиб турган гориллани кузатар экан, маймуннинг Дудлига жуда ўхшаб кетишини, Дудлининг сочи оқ-сариқ тусда бўлганлиги иккаласининг ўртасидаги ягона тафовут эканлигини пайқади.
Бу тонг Гаррининг ҳаётидаги унутилмас тонг бўлди. Тушликка яқин Дудли билан Пьерснинг кўнглига ҳайвонот боғида санқиш ёқмай қолиб, ўзлари ёқтирадиган иш – Гаррини қувиб уриш найрангини бошламасликлари учун ҳам, у, қолганлардан сал нарида юрди. Тушлик ҳайвонот боғидаги ресторанда ўтди. «Ола пайпоқ» деб номланадиган десерт[1] устидаги музқаймоқ жуда озлигидан норози бўлиб, тўполон бошлаган Дудлига Вернон амаки бошқа порция олиб берди. Гаррига эса Дудлининг биринчи порциясини еб тугатишга рухсат берилди.
Негадир Гаррининг ҳаёлига ҳамма ишлар яхши маромда кечаётганлиги, бу ҳолат узоқ чўзилмаслиги муқаррар, деган ўй келди.
Тушликдан сўнг, террариум томон йўл олинди. Бу ер қоронғи, ҳавоси салқин, деворлар бўйлаб ичи ёритилган витриналар жойлашган. Ойна девор ортидаги тош ва ходалар орасида ўралиб олган ёки ўрмалаб юрган турли-туман илон ва калтакесаклар кўринади. Дудли билан Пьерс инсонни ямлаб ютишга қодир йирик бўғма илонлар ва заҳарли кобраларни томоша қилишга ошиқишди. Тез орада Дудли энг катта илонни излаб топишга муваффақ бўлди. Бу илон Вернон амакининг машинасига икки маротаба ўралиб олса борми, уни кулча шаклига келтириб қўйиши аниқ. Фақат ҳозир илоннинг кайфияти йўқ, умуман айтганда, у ухлаб ётибди.
Дудли тумшуғини ойна деворга босганча, илоннинг ялтироқ жигар ранг ҳалқаларини томоша қилиб турди-да, Вернон амакига:
- Ўрмаласин, - деб буйруқ берди.
Вернон амаки ойнани тақиллатди, лекин илон қилт этмади.
- Яна тақиллат, - буюрди Дудли.
Отаси бармоғининг бўғин суяги билан ойна деворни янада қаттиқроқ тақиллатди. Илон уйғонмади.
- Қандай зе-ри-кар-ли, - нолиди иккаласи ва оёқларини судраб витринадан нари кетишди.
Гарри витрина олдига келиб, илонни синчковлик билан томоша қилди. Судралувчи ҳайвон зерикканидан ўлиб қолганлигини билса, асло ҳайрон бўлмайди. Уйқудан уйғотишга ҳаракат қилиб куни бўйи ойна тақиллатишган аҳмоқ одамлардан бошқа ҳеч қандай шерик йўқ. Гаррининг буфетдаги ҳаётидан ҳам зерикарли. Гарри ҳар қалай уй ичида юришга ҳақли бўлиб, уни фақат Петунья холагина уйғотади холос.
Кутилмаганда илон юмалоқ кўзини катта очиб, бошини Гаррининг кўзига тенг келиб қолгунга қадар, аста кўтарди-да, бир кўзини қисиб қўйди.
Даставвал Гарри кўзини илоннинг кўзидан уза олмади. Сўнг, ҳеч ким қараб турмаганлигига ишонч ҳосил қилиш учун атрофга тез қараб олди-да, у ҳам кўз қисиб қўйди.
Илон бошини Вернон амаки билан Дудли томон силтаб қўйди-да, нигоҳини шифтга қаратди. Сўнг Гаррига «Худонинг берган куни шу аҳвол!» деган маънони аниқ уқиб олса бўладиган нигоҳ-ла қараб қўйди.
- Аҳволингни тушуниб турибман, - ғулдиради Гарри ва гарчи илон унинг сўзларини эшитаётганлигига шубҳа қилса-да, қўшиб қўйди: - Ўларча жонингга теккан бўлса керак.
Илон розилик билдиргандай, бошини бир-икки бор ирғиб қўйди.
- Сен умуман қаерликсан? - қизиқиб сўради Гарри.
Илон думини қафас ёнига қоқиб қўйилган тахтача томон узатиб, тақиллатди. Гарри «Боа-констриктор, Бразилия» сўзларини ўқиди.
- Бразилиядаги ҳаётинг яхши кечганми-ди?
Боа-констриктор думи билан такрор тахтачани тақиллатиб кўрсатди. Гарри ёзувнинг давомини ўқиди «Ушбу намуна ҳайвонот боғида етиштирилган».
- Ие, ҳали шундайми? Демак сен Бразилияда умуман бўлмагансан?
Илон рад жавобини қайтаргандай бош силкиди. Шу дамда орқа томондан Пьерснинг илонни ҳам, Гаррини ҳам чўчитиб, бир силкитиб туширган, кар қилиб юборгудай қичқириғи эшитилди:
- ДУДЛИ! МИСТЕР ДУРСЛЬ! БУ ЁҚҚА КЕЛИНГЛАР! МАНА БУ ИЛОНГА ҚАРАНГ! УНИНГ ҲАРАКАТЛАРИНИ КЎРИБ ИШОНМАЙСИЗ.
- Йўлдан қоч, - бақирди лапанглаганича югуриб келган Дудли, Гаррининг қовурғаси остига зарб бериб.
Гарри кутилмаганда берилган зарбадан бетон полга қулаб тушди. Кейинги ҳодиса шу қадар тез бўлиб ўтдики, атрофдаги одамлар нима бўлганини идрок қилишга улгурмай қолишди. Ҳозиргина бурунлари билан девор ойнага суяниб олган Пьерс билан Дудли даҳшатдан дод-вой солиб нари қочишди.
Гап шундаки, Гарри полда, оғзи билан ҳаво ютиб нафас ростлаганча, ҳансираб ўтирган пайтда, боа-констриктор қамалган витринанинг ойна девори ўзидан ўзи ғойиб бўлди. Каттакон илон танасининг йирик ҳалқаларини шиддат билан ёзиб ўрмалаганча, полга тушди. Одамлар бутун террариумни бошга кўтариб, дод-вой қилишганча, эшик излаб қолишди.
Ёнидан тез ва шовқинсиз ўрмалаб ўтаётган илон Гаррига эшитилар-эшитилмас вишвишлаб:
- Раҳмат, амиго. Энди Браз-з-зилияга, - дегани эшитилди.
Гарри онт ичишга тайёрки, илон айнан шундай деди.
- Ойна, ойна, қани ойна? - такрор ва такрор қайтарди турган жойида қотиб, шокка тушганча, серрайиб қолган террариум назоратчиси.
Қўрқиб кетганидан омонатини топшириб қўйишига сал қолган Петунья холага ҳайвонот боғининг директори шахсан ўзи қуюқ кофе дамлаб, узр сўрашини қўймади. Тиллари қотиб, аъзойи-баданлари дағ-дағ титраётган Дудли билан Пьерс базўр гапиришмоқда. Боа-констриктор думи билан уларнинг товонларига ўйноқилик билан сал туртиб кетганини Гарри ўз кўзи билан кўрган бўлса-да, вақт ўтиб, машинада ўзига келиб қолган Дудли, баҳайбат илон оёғининг бир бўлагини еб қўйишига бир бахя қолганлигини нафаси оғзига тиқилиб қолгудай бўлиб гапириб берди. Пьерс эса илон уни бўғишга уринганлиги ҳақида онт ичиб кетди. Аммо Гарри учун энг ёмони ўпкасини босиб олган Пьерснинг чақимчилиги бўлди.
- Гарри эса илон билан илон тилида суҳбатлашди. Иқрор бўласанми, Гарри?
Базўр сабр қилиб келган Вернон амаки Пьерсни олиб кетишлари билан Гаррига бақира кетди. У шу қадар дарғазаб-ки, сўзларини деярли тушуниб бўлмайди. У фақат:
- Кўзимдан йўқол. Буфетга. Ўша ерда овқатсиз ўтирасан, - сўзларини аниқ талаффуз эта олди холос.
Ниҳоят Вернон креслога қулади, Петунья хола эса катта стаканни тўлдириб бренди олиб келишга мажбур бўлди.
Буфетда ётиб, ярим тунгача ухлай олмаган Гарри соатли бўлишни орзу қилди. Ҳозир соат неча бўлгани, Дурсллар оиласи уйқуга ётган-ётмаганлигини билмайди у. Дурсллар уйқуга ётмай туриб, буфетдан чиқиш, ошхонага кириб тамадди қилиб олишга юраги дов бермади.
Гарри Дурсллар оиласида ўзини оз бўлса ҳам таниган, ота-онаси автомобиль ҳалокатида ҳалок бўлган кундан эътиборан сал кам ўн йилдан буён, аниқроғи бахтсиз, рўшноликсиз ўтган ўн йилдан буён яшаб келмоқда. Ўша лаънати машинада у ҳам бўлган-бўлмаганлигини ҳеч эслай олмайди. Баъзан, узоқ вақт буфетга қамаб қўйилган кунлари, хотирасига зўр бериб, ғалати ҳиссиётни: кўзни қамаштириб юборган яшил чақмоқ ва пешонасида қизиган оғриқ сезганлигини эслайди. Гарчи, ушбу яшиннинг қаердан пайдо бўлганлигини тасаввур қила олмаса-да, буни ўша мудҳиш авариядан қолган хотира, деб тахмин қилади. Ота-онасини эса умуман эслай олмайди. Холаси билан амакиси унинг ота-онаси ҳақида ҳеч қачон гапиришмайди. Табиийки, Гаррига улар ҳақида савол бериш ман этилган. Ҳатто фотосуратлари ҳам йўқ.
Бир неча йил муқаддам Гарри қандайдир номаълум қариндошлар келиб, уни олиб кетишини орзу қилар эди. Бундай бўлиши мумкин эмас, албатта. Холаси билан амакисидан бошқа ҳеч кими йўқ. Шундай бўлса-да, баъзан, эҳтимол шуни орзу қилгани сабабли бўлса керак, кўчадаги нотаниш, жуда ғалати одамлар уни танишини сезар эди. Кунлардан бир куни Петунья хола ва Дудли билан дўконга кирганида бинафша ранг цилиндр кийиб олган миттигина киши Гаррига таъзим қилиб ўтди. Буни кўриб қаттиқ ғазабланган холаси ўша одамни қаердан таниши ҳақида роса сўроққа тутди ва ҳеч нарса харид қилмай болаларни судраб, кўчага олиб чиқди. Яна бир куни, автобусда ўтирган ёввойига ўхшаш, бошдан оёқ яшил кийинган бир кампир Гаррини кўрганидан қувониб, қўл силтади. Ўтган куни эса тўқ қизил плаш кийган тепакал киши бирон оғиз ҳам сўз айтмай, Гарри билан қўл бериб сўрашди-да, нари кетди. Таажжублиси шундаки, Гарри ушбу одамларга тузукроқ разм солиб қарамоқчи бўлиши ҳамоно, улар шу заҳоти кўздан ғойиб бўлади.
Мактабда эса Гаррига дўст тутинган бола йўқ. Дудли ва унинг тўдаси кенг, ҳалпиллаган кийим кийиб, улама кўзойнак тақиб юрадиган тентак Поттерни тоқат қила олмаслигини ҳамма билади. Уларга қарши чиқишни эса ҳеч ким хоҳламайди.




Комментариев нет:

Отправить комментарий