суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) БЕШИНЧИ БОБ. ДИАГОН ХИЁБОНИ

Эртасига эрталаб барвақт уйғонган Гарри кун ёришганини идрок этган бўлса ҳам, кўз очишни истамади.
- Кўринган нарсаларнинг бари туш, - инонтирар эди у, ўзини ўзи, - Тушимга сеҳргар болалар мактабига қабул қилинганим ҳақидаги хабарни етказиш учун келган Хагрид исмли қандайдир давангир кирибди. Ҳозир кўзимни очаман-да, яна ўз буфетимда уйғонаман.
Шу пайтда қаердандир қаттиқ тақир-туқур эшитилди.
- Ана, Петунья хола ҳам эрталабки тўполонини бошлади, - хаёлдан ўтказди кўзини очмай, туш давомини кўришни истаб ётган Гарри, кўнгли чўкиб.
Тақ-тақ-тақ.
- Ҳозир тураман хола,- ғиншиди у, - Мана турдим.
У шартта туриб, ётган ўрнига ўтирган эди ҳам-ки, устидан гуп этиб Хагриднинг плаши тушди. Кулба нурга тўлган, пўртана ўтиб, денгиз тинчиб қолган. Хагрид «қийноқлардан» ниҳоят синиб қутулган диван устида хуррак отиб ётибди. Деразани эса кечаги бойқуш, тумшуғига аллақандай газетани тутиб олганча, ўткир тирноқларини уриб тақиллатаётган экан.
Қалби чексиз қувончга тўлган бола ўтирган ўрнидан ирғиб туриб, ўзини ниҳоятда бахтиёр, ичида гўё каттакон ҳаво шари бордай енгил ҳис этди. Дераза ёнига югуриб бориб, куч билан очиб юборди. Ичкарига отилиб кирган бойқуш Хагриднинг устига газетани ташласа-да, давангир уйғонишни ҳаёлига ҳам келтирмади. Қуш қанотларини ҳилпиратган-ча, пастга тушиб, Хагриднинг плашига ҳужум қила бошлади.
- Бас қил! Бас қил дедим сенга!
Гарри бойқушни плашдан нари ҳайдашга уринди, қуш эса унга таҳдид қилгандай тумшуғини шақиллатиб, плаш титкилашни давом этди.
- Хагрид! - баланд овоз чиқарди Гарри, - Мана бу қуш...
- Ҳақини тўла, - пўнғиллаб қўйди Хагрид дивандан бош кўтармай.
- Нима?
- Почта олиб келгани учун унга ҳақ тўлаш керак. Чўнтакларимни титкилаб кўр, топасан.
Хагриднинг плаши одамнинг жонидан бошқа ҳар хил майда-чуйда нарсаларга тўлиб-тошган чўнтаклардан иборат бўлиб, даста-даста калит, аллақандай ўқлар, йўғон-ингичка ип калавалари, ялпизтаъм обакидандонлар, чой халтачалари... ва ниҳоят қандайдир ғалати тангалар чиқди.
- Беш нут берсанг бўлади, - уйқусираб пўнғиллади Хагрид.
- Нут?
- Ҳа, майда бронза тангалар, топдинг-ми?
Гарри беш дона танга санади ҳам-ки, бойқуш чарм ҳамёнча боғланган оёғини узатиб, тангаларни солдирди-да, учиб кетди.
- Кетдик Гарри, - баланд овоз чиқариб эснади Хагрид, ўрнидан туриб, керишиб олгач, - Бугун қиладиган ишларимиз ниҳоятда кўп. Лондонга бориб, мактабинг учун ҳар хил лаш-луш харид қилишимиз керак.
Гарри сеҳргарлар тангасини қўлида айлантириб ўйнар экан, ҳаёлига келган фикр ичидаги ҳаво шарини тешиб қўйгандай бўлди.
- М-м-м... Хагрид?
- Ҳмм? - жавоб қайтарди улкан ботинкасини кияётган Хагрид.
- Мактаб лаш-лушларини олиш учун пулим йўқ... Кеча Вернон амакининг гапини эшитдингиз-ку... У сеҳргарликка ўқишим учун пул тўламайди.
- Бу ҳақда умуман қайғурмасанг ҳам бўлаверади, - деди қаддини ростлаган Хагрид сочини тараб, - Ота-онанг сенга ҳеч нарса қолдириб кетмаган деб ўйлайсан, чамаси?
- Уларнинг уйи вайрон бўлиб кетган, дедингиз-ку...
- Фикрингча, ота-онанг ўз олтинларини пайпоққа бекитиб сақлашган-ми? Йўқ. Биз дастлаб сеҳрли банк «Гринготтс»га борамиз. Сосискадан еб ол. Совуқ бўлса ҳам жуда мазали... Бир бўлак тортдан ҳам бош тортмайман.
- Сеҳрли банклар ҳам бўладими?
- Фақат битта – «Гринготтс». Уни гоблинлар бошқаради.
- Гоблинлар?
- Ҳа гоблинлар. Яна шуни айтишим мумкинки, бу банкни ўмаришни ҳаёлига келтирган савдойи ҳозирча йўқ. Гоблинлар билан ҳазил ҳаром, Гарри. Борди-ю бирор нарсани яширмоқчи бўлсанг, Ер куррасида энг ишончли жой «Гринготтс» саналади... Эҳтимол «Хогварц»ни ҳам ишончли деб айтиш мумкиндир. Мен шундоқ ҳам «Гринготтс»га кириб, Дамблдорнинг амрини бажаришим керак. Мактаб ишлари, - виқор-ла кўкрак керди Хагрид, - Директор муҳим ишларни, одатда, фақат менга ишониб топширади. Мана мисол учун сени қидириб топиш ёки «Гринготтс»дан бирор-бир муҳим нарсани олиб келишдек топшириқларни менинг зиммамга юклайди, тушундинг? Хўш, тайёрмисан? Кетдик.
Гарри Хагриднинг ортидан ташқарига, қоя чўққисига чиқди. Осмон ёришиб кетган, денгиз эса қуёш нурларида жилваланмоқда. Вернон амаки ижарага олган қайиқ пастда, жойида турибди-ю, фақат пўртана уни сувга тўлдириб қўйибди.
- Сиз бу ерга қандай келиб қолдингиз? - сўради Гарри, кўзи билан иккинчи қайиқни қидириб.
- Учиб келдим, - жавоб қайтарди Хагрид.
- Учиб келдингиз?
- Ҳа, учиб келдим, фақат энди сузиб кетамиз. Сен ёнимда бўлганингда сеҳр-жодунинг айрим турлари билан шуғулланиш мумкин эмас менга.
Икковлон қайиққа жойлашар экан, Гарри Хагридга қараб, учишини тасаввур қилишга уринди.
- Денгизда шалоплаб юриб, бир дунё вақтни беҳуда сарф этишни ҳам хоҳламайман, - деди иккиланиб Хагрид, болага зимдан қараб, - Агар, жараённи сал жадаллаштирсам, бу ҳақда «Хогварц»да вайсаб юрмайсан-ку, шундайми?
- Албатта вайсамайман, - самимий ишонтирди Гарри, яна бирор-бир сеҳр кўришга ошиқиб.
Хагрид қўлига пушти соябонини олиб, бортга икки бор урди ҳам-ки, қайиқ қирғоқ томон жадал суза кетди.
- Нега энди «Гринготтс»ни фақат савдойи ўмариши мумкин? - сўради Гарри.
- Банкда қўлланилган сеҳр-жоду сабабли, - қисқа қилди Хагрид, қўлидаги газетани очар экан, - Айтишларига қараганда, унинг ўта махфий сейфларини аждарлар қўриқлар эмиш. Бунинг устига ичкарида йўл топиб юриш жуда қийин экан. «Гринготтс» Лондон остидаги ер қаърида, юзлаб милья чуқурликда жойлашган, уқдинг? Жуда чуқурда. Агар киши бирор нарсани ўмаришга муваққат бўлган тақдирда ҳам, бари-бир юқорига чиқа олмай, очликдан ўлиб кетади.
Хагрид «Башорат-у, каромат газетаси»ни ўқиётганида Гарри жим ўтириб, хаёл суриб кетди. Газета мутолаа қилаётган одамни тинч қўйиш кераклигини Вернон амаки яхшигина уқтириб қўйган унга. Бироқ ўзини тийиб ўтириши ниҳоятда қийин кечди. Боланинг миясида бир олам саволлар ўзидан ўзи туғилиб борди.
- Сеҳргарлик вазирлигида одатдагидай яна аҳмоқлик, - вайсади Хагрид, газета саҳифасини алмаштирар экан.
- Шунақа вазирлик борми? - сўраб юборди Гарри, жим ўтиришга ҳарчанд уринмасин ҳайратдан оғзи очилиб.
- Бор, албатта, - жавоб қайтарди Хагрид, - Бир вақтлар Дамблдорни вазир этиб сайлашмоқчи ҳам бўлишди. У эса «Хогварц»ни ҳаётда тарк этмайди. Шундан сўнг, қария Корнелиус Фуж сайланди. Вазир эмас косиб, агар фикримни билмоқчи бўлсанг. Худо берган куни Дамблдорга бойқуш кетидан бойқуш йўллайди, маслаҳат сўрайди.
- Сеҳргарлик вазирлигидагилар нима билан шуғулланади?
- Уларнинг асосий вазифаси – мамлакатимизда сеҳргар ва афсунгарлар қадимдан жуда кўп эканлигини магллардан сир тутиш саналади.
- Нега энди сир тутиш керак?
- Нега?! Бу қанақа савол бўлди, Гарри?! Агар магллар бохабар бўлиб қолишса, ўзларининг барча муаммоларини ҳеч қийналмай сеҳр-жоду воситасида ҳал этишни хоҳлаб қолишади-ку. Кечирасиз, улар ўз ёғларида ўзлари қовурилишсин-у, бизни тинч қўйишсин.
Шу фурсатда қайиқ аста қирғоққа урилди. Хагрид газетани тахлагач, тош зинадан кўтарилиб, кўчага чиқишди.
Кичик шаҳарча кўчалари орқали темир йўл станцияси томон боришар экан, ўткинчиларнинг барчаси таажжубланиб, Хагридга қараб ўтишди. Гарри эса уларнинг бундай хулқини айбга буюра олмайди. Негаки, Хагрид ҳар қандай оддий одамга нисбатан икки баробар йирик бўлишидан ташқари, юрган йўлида газ сув автоматига ўхшаш нарсаларга бармоқ ўқтаганча, баланд овоз билан:
- Қара, Гарри! Маглнинг орзуси! Кўрдинг-ми? - деб ҳайратомуз масхара қилиб борар эди.
- Хагрид, «Гринготтс»да аждарлар бор дедингиз-ми? - сўради Хагрид билан тенг юриш учун деярли югуриб бораётган Гарри, ҳаллослаб.
- Айтишларига қараганда бор. Жин урсин, қани энди ўзимнинг аждарим бўлса!
- Аждарли бўлишни хоҳлар эдингизми?
- Болалик йилларимдан буён бир умр орзу қилиб келаман. Бу томон юрамиз.
Улар станцияга етиб келишганида Лондонга борадиган поезднинг жўнашига беш дақиқа қолган экан. Маглларнинг пулига тушунмайдиган Хагрид купюраларни Гаррига бериб, чипта олиб келишни тайинлади.
Хагрид бир ўзи иккита ўринни эгаллаб олиб, цирк чодирига ўхшаш аллақандай сариқ буюм тўқиш билан машғул бўлиб кетгани учун поезддаги одамлар уларга янада кўпроқ қизиқсиниб қарашмоқда.
- Хат ёнингдами, Гарри? - сўради Хагрид, тўқима ҳалқаларни санашдан тўхтамай.
Гарри киссасидан пергамент конвертни чиқарди.
- Жуда яхши, - деди Хагрид, - Хатга керакли нарсаларнинг рўйхати илова қилинган.
Гарри хатнинг кеча тунда пайқамаган иккинчи қисмини очиб, ўқиди:

«ХОГВАРЦ». СЕҲРГАРЛИК ВА АФСУНГАРЛИК САНЪАТИ МАКТАБИ

МАКТАБ КИЙИМИ

Биринчи йил таҳсил кўрадиган ўқувчилар қуйидаги кийимга эга бўлишлари зарур:
1. Оддий коржома (қора рангли) – 3 дона.
2. Кундалик чўққидор шляпа (қора рангли) – 1 дона.
3. Ҳимоя қўлқопи (аждар ёки ўхшаш ҳайвон терисидан) – 1 жуфт.
4. Қишки ридо (қора рангли, кумуш илгакли) – 1 дона.
Мактаб кийимига ўқувчининг фамилияси ёзилган ямоқ тикиб қўйилиши ўтиниб сўралади.

ЗАРУРИЙ ДАРСЛИКЛАР РЎЙХАТИ:

Ҳар бир ўқувчи қуйидаги китобларга эга бўлиши даркор:
Миранда Гошок «Афсунлар тўплами (биринчи қисм)»;
Батильда Бэгшот «Сеҳргарлик тарихи»;
Адальберт Вафлинг «Сеҳргарлик назарияси»;
Эмерик Свитч «Бошқа нарсага айланиш ва айлантириш усуллари. Ўрганувчилар учун қўлланма»;
Филлида Спора «Мингта сеҳрли алаф ва қўзиқоринлар»;
Арсениус Жиггер «Сеҳрли қайнатма ва дамламалар»;
Ньют Скамандер «Афсонавий махлуқлар ва уларнинг маконлари»;
Квентин Трясль «Ёвуз кучлар: ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўйича қўлланма».

БОШҚА БУЮМЛАР:

сеҳрли таёқча – 1 дона;
қозон (қалай қуймасидан тайёрланган, 2- ўлчамли) – 1 дона;
шиша идишлар тўплами (шиша ёки биллур) – 1 тўплам;
телескоп – 1 дона;
мис тарози – 1 дона.
Ўқувчилар ўзи билан бойқуш ёки мушук ёхуд қурбақа олиб келишлари мумкин.

ОТА-ОНАЛАР ДИҚҚАТИГА: БИРИНЧИ ЙИЛ ТАҲСИЛ КЎРАДИГАН ЎҚУВЧИЛАР ЎЗЛАРИ БИЛАН СУПУРГИ ОЛИБ КЕЛИШЛАРИГА ИЖОЗАТ БЕРИЛМАЙДИ

- Буларнинг бари Лондонда харид қилинадими? - сўради Гарри ҳайратомуз.
- Жойини билиш керак.
Гарри ҳеч қачон Лондонда бўлмаган. Хагрид ўзи ташриф буюрадиган жойларни яхши билса-да, у ерларга одатий тарзда, яъни магллар борадиган йўсинда бориб ўрганмаган кўринади. Даставвал у метро турникетида тутилиб қолди, сўнгра ўриндиқлар тор, поездлар эса ниҳоятда секин юриши ҳақида баланд овозда арз қилди.
- Магллар ўз юмушларини сеҳр-жодусиз қандай бажарар экан, ҳайронман, - вайсади у, иккала томони дўконлардан иборат гавжум торкўчага олиб чиқадиган эскалаторга тирмашганча.
Хагрид шундай баҳайбат-ки, Гарри давангир ортида бориб, орқада қолиб кетмаса бас, одамлар билан тўлиб-тошган тирбанд кўчада туртинмай бемалол юра олади. Иковлон китоб расталари, чолғу асбоби дўконлари, газаклар билан тамадди қилиш муассасалари, кинотеатр ёнидан ўтиб, бирорта ҳам сеҳрли таёқчалар дўкони кўринмайдиган, оддий одамлар юрадиган одатий кўчада боришмоқда. Наҳотки оёқ остидаги ер қаърида сеҳргарларга қарашли олтинлар сақланса? Хуш, қани ўша афсунлар тўплами-ю, супургилар сотиладиган дўконлар? Эҳтимол буларнинг ҳаммаси холаси билан амакиси уюштирган аҳмоқона ҳазилдир? Агар Гарри Дурсллар оиласида ҳазил-мутойиба туйғуси умуман йўқ эканлигини билмаганда, буларнинг бари найранг эканлигига шубҳа қилмаган бўлар эди. Бироқ Хагриднинг сўзлари ҳақиқатдан қанчалик узоқ бўлмасин, унга ишонмасликка асос йўқ.
- Етиб келдик, - эълон қилди Хагрид, кичкинагина, кўримсизгина бинога имо қилиб, - Мана, Гарри, машҳур «Тешик қозон».
Агар Хагрид кўрсатмаганида Гарри ушбу бинони пайқамай, ёнидан ўтиб кетиши мумкин экан. Кўчада шошиб кетаётган ўткинчи одамлар мана бу каталакка мутлақо эътибор қаратмай ўтишмоқда. Уларнинг нигоҳи кўчанинг бир томонидаги катта китоб дўконидан, нариги томонидаги пластинкалар дўконига тушмоқда. «Тешик қозон»га эса қарашгани ҳам йўқ. Гаррининг ҳаёлига бу бинони фақат Хагрид иккаласи кўриши мумкин деган ғалати ўй келди. Хагрид бирон сўз айтишга улгурмаган болани ичкарига туртиб киритди.
Қоронғи, ғарибона макон Гаррининг назарида машҳурликдан анча йироқ кўринди. Бурчакда уч-тўрт нафар кекса аёл митти қадаҳларга қуйилган олча виносини қултумлаб ўтирибди. Улардан бири сархонали узун трубка чекмоқда. Цилиндр шляпа кийиб олган паст бўйли яна бир киши эса кекса, боши ёнғоққа ўхшаб кетадиган тепа кал май сотувчи билан суҳбат қуриб турибди. Янги мижозлар кириб келишганида, хонада қарор топган паст ғала-ғовур бир неча сонияга тинди. Хагрид бу ерга биринчи бор келган одамга ўхшамади. Уни кўрганлар қўл силтаб, табассум-ла қарши олди. Май сотувчи эса дарҳол стаканга қўл узатди.
- Одатдагидай-ми, Хагрид?.
- Ҳозир эмас, Том, бандман. «Хогварц», - тушунтирган бўлди Хагрид, қўлини Гаррининг елкасига ташлаб.
Қўл вазнидан боланинг тиззаси букилиб кетди.
- Э Худойим, - хитоб қилиб юборди май сотувчи, Гаррининг юзига тикилиб, - Ахир бу бола... Ақл бовар қилмайди...
«Тешик қозон»га яна сукунат чўкди.
- Э Худо асраганинг рост бўлсин, - пичирлади растани шошилганича айланиб ўтаётган қария, - Гарри Поттер... Қандай шараф!
У боланинг олдига тез келди-да, кўзига ёш олганча, қўлини маҳкам ушлаб олди.
- Орамизга қайтганингиз билан, мистер Поттер, қайтганингиз билан.
Гарри нима деб жавоб қайтаришни билмай, боши қотди. Одамлар унга бақрайиб қолган. Сархонали трубка чекаётган аёл эса тамакиси куйиб битганлигини идрок эта олмай, маҳкам тишлаб олганча, зўр бериб сўрмоқда. Хагрид эса тишининг оқини кўрсатиб, гўё шуъла сочаётган каби атрофга қаради.
Хаёл ўтмай атрофдан сурилаётган курсилар товуши эшитилди. Яна бир оздан сўнг, «Тешик қозон»даги жамики мижозлар Гарри билан қўл бериб саломлашишга киришиб кетди.
- Дорис Крокфорд, мистер Поттер, кўзимга ишонмайман. Сизни кўрганимдан бениҳоя бахтиёрман.
- Иззат-икромимни қабул айлагайсиз, мистер Поттер, қабул айлагайсиз.
- Сизга қўл беришни бир умр орзиқиб кутган эдим, фавқулодда мамнунман.
- Тасанно, мистер Поттер, бахтиёрлигимни ифодалашга сўз ожиз. Исмим Диггл, Дедал Диггл.
- Мен сизни кўрганман! - деди Гарри, таҳсин айтаётган Дигглнинг шляпаси тушиб кетгач, - Қайсидир куни дўконда таъзим қилиб ўтдингиз.
- Эсида экан! - хитоб қилди Диггл, атрофдагиларга қараб, - Эшитдингиз-ми? У мени эслади!
Гарри одамлар билан қўл сиқиб кўришишни давом этди. Дорис Крокфорд эса такрор ва такрор навбатга туриб саломлашмоқда.
Олдинга рангпар, жуда асабий ҳолатдаги бир йигит базўр ўтиб олди. Унинг бир кўзи тик касалига дучор бўлган чамаси, муттасил пирпирамоқда.
- Профессор Белка! - таништирди уни Хагрид,- Гарри, профессор Белка «Хогварц»да сенга мураббийлик қилади.
- П-п-п-поттер, - дудуқланди профессор Белка, Гаррининг қўлини тутар экан, - С-с-сизни кў-ў-ўрганимдан қа-а-а-анчалик ба-а-а-хтиёр эк-к-к-канлигимни тас-с-с-свирлаб бера о-о-о-олмайман.
- Қайси фандан дарс берасиз, муҳтарам профессор?
- Ёвуз-злик к-кучидан ҳим-моя, - базўр айта олди профессор, гўё буни эсга олишни ҳам истамаган бўлиб, - Бир-роқ, бу ф-фанни ўқ-қиш сиз-зга ш-шарт бўл-лмаса к-керак, ш-шундайми П-поттер? - у асабий кулиб қўйди, - Фик-кримча с-сиз мак-ктаб буюм-млари боз-зорига йўл ол-лдингиз? М-мен эса қ-қонхўрлар ҳ-ҳақида ян-нги кит-тоб қид-дириб к-кўришим к-к-к-керак, - шу ишни қилиш керак эканлиги ҳақидаги хаёлнинг ўзи уни эзаётгандай кўринди.
Қолганлар профессор Белкага Гаррининг эътиборини батамом ўзига жалб этиб олишга имкон бермади. Бола билан мулоқот қилишни истаган одамлардан халос бўлишга ўн дақиқадан ортиқ вақт керак бўлди. Ниҳоят Хагрид бақириб, ола-ғовурни тинчлатишга эришди:
- Вақт бўлди. Ишимиз кўп. Кетдик, Гарри.
Дорис Крокфорд боланинг қўлини сўнгги бор сиқиб олишга улгурди. Гарри билан Хагрид раста орқали ўтиб, чиқинди баки турган, онда-сонда ёввойи ўт ўсган, атрофи баланд девор билан тўсилган кичик ҳовлига чиқишди.
Баланд бўйли Хагрид табассум-ла пастга, болага қаради.
- Айтдим-ку сенга Гарри, жуда машҳурсан деб. Профессор Белка гарчи, доим қалтираб юрса ҳам сени кўриб, баттар титраб кетди.
- У доим шундай асабийлашиб юрадими?
- Ҳа. Бечора йигит. Назарий ўқиб юрган кезларда туппа-тузук эди. Кейин бир йилга амалиётга кетди... Айтишларига қараганда у Қора ўрмонларда қонхўр арвоҳларга дуч келган эмиш. Сеҳргар аёл билан боғлиқ аллақандай тушуниб бўлмас гаплар бўлган дейишади. Ўшандан буён шу аҳволга тушиб қолган. Ўқувчилар ва ҳатто ўз дарсидан ўлгудай қўрқади. Хўш, соябоним қани эди?
Қонхўр арвоҳлар? Сеҳргар аёл? Гаррининг боши гаранг бўлиб қолди. Хагрид эса чиқинди баки ёнидаги девор ғиштларини санай кетди.
- Учта тепага... Иккита диагональ бўйича... - ғулдиради у, - Ҳа, мана. Хўш, нари тур-чи, Гарри.
Хагрид соябонининг тиғи билан деворга уч маротаба тақиллатди.
Бирдан девор титраб, тўлғана бошлади. Унинг ўртасида кичик туйнук пайдо бўлиб, аста-секин кенгая бошлади. Бир неча сония ўтгач, ҳатто Хагрид ҳам бемалол сиғадиган даражада кенгайиб кетиб, узун илон изи тош кўчага олиб чиқадиган йўл кўринди.
- Диагон хиёбонига хуш келибсан, - деди Хагрид, ҳайрат-ла бақрайиб турган Гаррига мулойим кулиб қараб.
Икковлон аркадан тош кўчага ўтди. Гарри елкаси узра орқага қараб, ҳозиргина очилган йўлак аста-секин деворга айланаётганини кўриб қолди.
Энг биринчи дўкон ёнига териб қўйилган қозонлардан қуёш акс этиб турибди. Пештоққа осиб қўйилган эълонда эса «Ҳар хил ўлчамли жез, мис, қалай қуймаси ва кумушдан тайёрланган, ўзи аралаштирадиган, йиғиладиган қозонлар!» ёзуви битилган.
- Ҳа, бизга айнан шу нарса керак, - деди Хагрид, - Бироқ олдин банкка бориб пул олайлик.
Гарри яна кам деганда саккиз жуфт кўзи йўқлигига ачинди. Улар кўча бўйлаб юришар экан бошини гир айлантирганча, ҳамма нарсани: дўконлар, уларнинг қаршисига териб қўйилган моллар, мол харид қилаётган одамларни кўриб, томоша қилишга ҳаракат қилиб борди. Дорихона ёнидан ўтар экан тўладан келган аёл бошини чайқаб айтган эътирози эшитилди:
- Аждар жигарининг бир унциясига ўн етти склат бераманми! Ақлдан озиш мумкин-ку!...
Пештоғига «Уккикўзнинг Бойқушлар Империяси – малла ранг, жигар ранг, гурсиллаган овоз чиқарадиган омбор ва қутб бойқушлари!» ёзуви битилган қоронғи дўкон ичидан бойқушларнинг бўғиқ товушлари эшитилмоқда.
Ёши Гарри билан тенг тўрт-беш нафар болалар супургилар териб қўйилган дўконнинг ойна деворига ёпишиб олиб, чуғуллашмоқда:
- Қаранглар! «Нимбус-2000». Энг сўнгги, тезучар модель...
Хагрид иккаласи коржома, ридо, телескоп ва Гарри муқаддам кўрмаган ғалати кумуш асбоблар сотиладиган дўконлар, кўршапалак жигари ва илонбалиқ кўзи билан тўлатилган бочкалар териб қўйилган майдон, даста-даста қилиб боғланган афсун китоблари, ғоз патлари, пергамент ўрамлари, сирли дорилар учун шиша идишлар, Ой глобуслари ва яна бир олам ғалати моллар билан тўлиб-тошган расталар ёнидан ўтиб боришди.
- «Гринготтс», - эълон қилди Хагрид.
Улар қўшни дўконлар ёнида юксалиб турган, кўзни қамаштириб юборгудай оппоқ бино ёнига келиб қолишди. Сайқалланган бронза эшик ёнида қирмизи-тилла ранг уқали кийим кийган...
- Ҳа, бу гоблин, - деди паст овоз билан Хагрид.
Икковлон дарбон ёнидан ўтиб, оппоқ мармар зинапоядан юқорига кўтарилди.
Гоблиннинг бўйи Гаррига нисбатан бир бош паст. Унинг ақл-идрок ифода этадиган юзида ўткир учли соқол бўлиб, маглларнинг юзига ўхшаб кетади. Фақат, бўйи пастлигидан ташқари, товони баландлиги, бармоқларининг ҳаддан ортиқ узунлиги билан маглдан фарқ қилади. Хагрид иккаласи ичкарига кираётганида гоблин эҳтиром-ла таъзим қилиб қўйди. Шундан сўнг, банк мижозлари иккинчи, ички кумуш эшикка рўбару бўлишди. Унга қуйидаги сўзлар ўйиб битилган экан:

Хуш келибсан эй мижоз, шуни ёдда тут ва бил:
Ушалмас хаёлдан сен имкон қадар тез тийил,
Бой бўлмоқ илинжида ёмон ният бандани
Жаҳаннам кутиб олар, қолар буткул ёнгани.
Ер қаърида хазина, машаққат-ла тўпланган
Ўғрилар қисматига олий жазо ёзилган.

- Айтдим-ку, бу ерга фақат жонидан кечган савдойи ўғри киради деб, - шарҳлаб ўтди Хагрид.
Икки нафар гоблин таъзим қилганча, янги мижозларни кумуш эшикдан ичкарига, ғоят катта мармар залга кузатиб қўйишди. Узун пештахта ортидаги баланд курсиларда юзлаб гоблинлар ўтириб, ёнларидаги гроссбухларга аллақандай ёзувлар киритишар, мис тарозиларида танга тортишар, махсус кўзойнак орқали ҳар бир тангани ўрганиб чиқишар эди. Даҳлизда эса сон-саноқсиз эшиклар бўлиб, ҳар бир эшик ёнида мижозларни жиддий қиёфада қарши олиб, кузатиб қўяётган бир-икки нафар гоблин турибди. Хагрид билан Гарри пештахтага яқин келишди.
- Салом, - деди Хагрид гоблинлардан бирига, - Биз мистер Гарри Поттернинг пулини олгани келдик.
- Калитингиз борми, сэр?
- Бор эди шекилли.
Хагрид чўнтакларидаги бор нарсани чиқариб, гоблиннинг қаршисига тера бошлади. Ёнидаги гроссбух устига итга бериладиган кулча ушоқлари тўкилганини кўрган гоблин бурнини буриштириб қўйди. Гарри эса ўнг томонда ўтирган гоблин катталиги кўмирдек келадиган ёқутларни тарозида тортаётганини томоша қилиб турди.
- Мана у! - деди ниҳоят Хагрид.
У миттигина тилла калитни топиб, тантана билан баланд кўтариб олди.
- Ҳаммаси жойида, - хулоса чиқарди калитни диққат билан ўрганиб чиққан гоблин.
- Бундан ташқари, - деди Хагрид кўкрагини кериб, - Профессор Дамблдор етти юз ўн учинчи бўлмадаги Ўзингиз-Биласиз-Нима юзасидан хат бериб юборди.
Гоблин узатилган хатни ҳам диққат билан ўрганиб, ўқиб чиқди.
- Жуда яхши, - деди гоблин бош ирғиганча хатни Хагридга қайтариб, - Сизни пастга, ғазнага кузатиб боришади. Цапкрюк!
Мижозлар олдига бошқа бир гоблин келди. Хагрид пештахта устига қалаб ташлаган нарсаларини чўнтакларига жойлаб чиққач, Гарри иккаласи Цапкрюк ортидан даҳлиздаги эшиклардан бири томон йўл олишди.
- Етти юз ўн учинчи бўлмадаги Ўзингиз-Биласиз-Нима деганингиз қанақа нарса экан? - сўради Гарри.
- Айтолмайман сенга, - жавоб қайтарди Хагрид, юзи сирли қиёфа касб этиб, - Ғоят муҳим сир бу. «Хогварц» ишлари. Дамблдор фақат менга ишонади. Умуман айтганда, менинг фаолиятим нуқул махфий ишлардан иборат.
Цапкрюк иккала мижоз рўбару келган эшикни очди. Навбатдаги мармар залга кириш илинжидаги мижозлар ичкарига қараб ҳайрон қолишди. Негаки, бу сафар уларнинг қаршисида машъалалар билан ёритилган тор тош йўлак очилди. Бу ерда тикка пастга қараб кетган рельс ётқизилган. Цапкрюк ҳуштак чалиши билан қандайдир кичик арава гумбурлаганча рельсда сирпаниб етиб келди. Улар бир оз қийналиб, аравага жойлашгач, йўлга тушишди.
Дастлаб ерости йўлининг чигал лабиринти бўйлаб йўл босишди. Гарри йўлни эслаб қолишга уриниб кўрди: чапга, ўнгга, яна ўнгга, йўлнинг айрилиш жойида тўғрига, ўнгга, чапга... бироқ вақт ўтиб, буларнинг барини ёдда сақлаш қийин бўлиб қолди. Зириллаб сирпанаётган арава чамаси қаёққа боришни ўзи билади. Негаки, гоблин уни бошқараётгани йўқ.
Гарри қарши эсаётган муздай ҳавонинг қаттиқ зарбидан оғриётган кўзини юммай ўтирди. Йўл давомида пастдан юқорига кўтарилган олов дастасини кўриб қолиб, аждар ёки аждар эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун ортга қаради-ю, кеч бўлди. Энди улар ер қаърига кириб борганча, атрофини пастдан тепага ва тепадан пастга қараб ўсаётган сталактитлар билан сталагмитлар ўраб олган кўл ёнидан ўтишди.
- Ҳеч фарқига бора олмайман, - қичқирди Гарри, овози билан араванинг тақир-туқурини босишга уринганча Хагридга қараб, - Сталактит билан сталагмит ўртасида нима фарқ бор?
- Сталагмит сўзининг «м» ҳарфи бор, - жавоб қайтарди Хагрид, - Бўлди, ортиқ савол берма, акс ҳолда кўнглим айниб кетади.
Унинг рангги-рўйи ҳақиқатан ҳам батамом яшил бўлиб қолган. Ниҳоят арава митти эшик ёнида тўхтагач, Хагрид тиззаларининг қалтираши тўхтагунига қадар бир оз деворга суяниб турди.
Цапкрюк эшикчани очиб, ичкаридан чиққан паға-паға яшил тутун тарқагач, кўз ўнгида пайдо бўлган бўлмалардаги олтин тангалар уюми, кумуш танга устунлари, майда-майда бронза нут тўпларини кўрган Гарри беихтиёр хитоб қилиб юборди.
- Буларнинг бари сеники, - кулиб қўйди Хагрид.
Ҳаммаси ўзиники! Зўр-ку! Дурсллар бу ҳақда бехабар бўлишган чамаси. Йўқса битта ҳам қолдирмай олиб қўйишар эди. Гаррини боқиш жуда қимматга тушаётгани ҳақида Дурсллар оиласи бир умр нолиб келган. Мана энди маълум бўлишича, Гарри, шунча вақтдан буён, ўзи билмаган ҳолда, ер қаърига яшириб қўйилган бутун бошли бойлик соҳиби экан.
Хагрид Гаррига пулларнинг муайян миқдорини ҳамёнга жойлашга ёрдамлашиб юборди.
- Тилла тангалар галлеонлар деб аталади, - тушунтира кетди у, - Бир галлеон ўн етти кумуш склатга тенг, битта склатда йигирма тўққизта нут бўлади. Санаш жуда осон. Олган мана бу пулинг иккита семестрга етиб ортади. Қолгани турсин. Шундай қилсанг, пулинг бут сақланади, - у Цапкрюк томон ўгирилиб, - Энди етти юз ўн учинчи бўлмага борамиз. Эҳтимол бунчалик тез юрмассан?
- Тезлик бир хил, - чўрт кесди Цапкрюк.
Улар тезлик олганча, ер қаърига йўл олишди. Ҳаво борган сари совиб, кескин бурилишларда арава янада кучли силтана борди. Гумбур-гумбурлаб ерости жарлиги четидан ўтишди. Гарри жарлик тубини кўришга ошиқиб, арава бортидан эгилиб пастга қараган эди ҳам-ки, Хагрид унинг ёқасидан тортиб, аравага киритиб қўйди.
 Етти юз ўн учинчи бўлма эшигида калит суқиладиган тешик йўқ экан.
- Четга туринг, - буюрди Цапкрюк такаббурланиб.
Гоблин узун тирноғи билан эшик юзасига сал тегиб қўйган эди ҳам-ки, эшик ўзидан ўзи йўқ бўлиб қолди.
- Агар бу ишни бошқа биров қилса, ичкарига тортилиб кетиб, қамалиб қолади, - тушунтирган бўлди Цапкрюк.
- Ичкарида биров бор-йўқлигини тез-тез текшириб турасизми? - сўради Гарри.
- Тахминан ҳар ўн йилда бир маротаба, - жавоб қайтарди Цапкрюк заҳархандалик билан.
Бундай махфий бўлмада ниҳоятда муҳим нарса сақланишига шубҳа қилмаган Гарри ич-этини еб қўяётган қизиқувчанлик билан, кам деганда олмос тоғларини кўришга ошиққанча ичкарига талпинди. Бироқ бўлма, жигар ранг қоғоздан тугилган бўғча инобатга олинмаса, бўм-бўш. Хагрид бўғчани қўлига олиб, плашининг ички чўнтакларидан бирига солди. Гарри бўғча ичида нима борлигини билишни жуда хоҳлади-ю, қизиқувчанлигини идора қилиб, савол бермай қўя қолди.
- Хўш, юр энди, яна ўша дўзах аравасига чиқайлик. Йўлда мен билан гаплашма, оғзимни маҳкам ёпиб кетишим керак, - уқтирди Хагрид.
Қайтиш йўлининг азобларига базўр бардош беришгач, икковлон «Гринготтс» эшигидан чиқиб, остонада, ёрқин қуёш нуридан қамашиб кетган кўзини қисиб бир оз турди. Ҳамёни пулга тўлган Гарри қай томонга боришга боши қотди. Дурсллар оиласида кечган ҳаёти давомида ёнида бўлган пули бугунгига нисбатан оз ёки кўп бўлганлигини таққослаб билиш учун галлеоннинг фунтга нисбатан алмаштириш курсини билиш талаб этилмади. Негаки, унинг ёнида ҳеч қачон бирор чақа бўлмаган.
Хагрид «Хоним Малкин – ҳаётнинг ҳар хил ҳолатлари учун кийимлар!» ёзуви битилган томон имо қилди.
- Мактаб кийимидан бошлашинг керак. Менга қара, Гарри, мен «Тешик қозон»га ғиз этиб ўтиб келай, қарши эмасмисан? Бундай аравадан сўнг, бир стакан уриб келмасам бўлмайди. Жин урсин уни, кўргани кўзим йўқ.
Хагриднинг оппоқ юзига ҳалигача қон келмаган. Гарри ёлғиз ўзи, хоним Малкин дўкони томон кучли ҳаяжон-ла йўл олди.
Хоним Малкин гардиғумгина, жилмайиб турадиган, нафармон кўйлак кийган афсунгар аёл экан.
- «Хогварц»га борасанми ёқимтойгинам? - сўради у, Гаррининг англаб бўлмас гапини бўлиб, - Мана бу ерда сенга керакли ҳамма нарса бор. Ҳа айтгандай, бизда яна бир болакай ўзига кийим ўлчаяпти.
Дўкон ичкарисида рангпар юзи бир оз чўзиқ бола курси устида турган, бошқа бир афсунгар аёл эса нина тўғнағичлар воситасида бола эгнидаги узун коржома этагини букиб қадаётган экан. Малкин хоним Гаррини бола ёнидаги курси устига чиқариб, боши узра узун кўйлак кийдирди-да, зарурий узунликни аниқлашга киришиб кетди.
- Салом, - деди болакай, - Сен ҳам «Хогварц»гами?
- Ҳа, - бош ирғиди Гарри.
- Дадам қўшни дўконда, дарслик харид қиляпти, ойим эса кўчанинг нариги бошида, менга сеҳрли таёқча танлаяпти, - маълум қилди бола, - Кейин эса уларни учар супургилар дўконига етаклайман. Нима учун биринчи синф ўқувчилари ўзлари билан супурги олиб боришлари мумкин эмаслигини ҳеч тушунмайман. Нима қилганда ҳам, дадамни супурги харид қилишга мажбур қиламан. Мактабга олиб кириш чорасини ҳам амаллайман.
Гарри беихтиёр Дудлини ёдга олди.
- Супургинг борми? - сўради болакай, хиралигини қўймай.
- Йўқ.
- Умуман квидиш ўйнайсан-ми?
- Йўқ, - такрорлади Гарри, квидиш дегани нима эканлигини тахмин қилиб, ўй сурганча.
- Мен эса ўйнайман. Дадамнинг айтишича, коллеж биринчилиги учун ўйналадиган ўйинга мени олишмаса, жиноят бўлар эмиш. Унинг фикрига тўла-тўкис қўшиламан. Қайси коллежга боришингни биласанми?
- Йўқ, - деди Гарри, ҳар дақиқа ўтган сари ўзини нодон эканлигини ҳис этиб.
- Умуман айтганда, қайси коллежда ўқишини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Бироқ ишончим комилки, мен «Слизерин»да ўқийман. Оиламизнинг ҳаммаси шу коллежни тамомлашган. «Хуффльпуфф»да ўқишни тасаввур қилиб кўр. Э, ундан кўра ўқимаган яхши эмас-ми, нима дейсан?
- М-м-м, - деди Гарри, бирор-бир маънили жавоб қайтара олмаслигига ачиниб.
- Анави амакига қара, - хитоб қилди болакай, ойна деворга имо қилиб.
Ойна ортида қўлида иккита катта музқаймоқ ушлаб олган ва шу сабабли ҳам ичкарига кира олмаслигини кўрсатаётган Хагрид турибди.
- Бу Хагрид, - деди Гарри, лоақал шуни билганлигидан мамнун бўлиб, - У «Хогварц»да ишлайди.
- Ҳа-а-а, - чўзди болакай, - У ҳақда эшитганман. У қандайдир малай, шундай эмасми?
- Мактаб қоровули, - тўғрилаб қўйди Гарри, болакайнинг Хагрид ҳақида билдирган мулоҳазасини.
Бола Гаррига хуш келмай қолди.
- Ҳа, ўша. Эшитишимга қараганда у қандайдир ёввойи. Мактаб ҳовлисидаги кулбада яшайди. Баъзан бўкиб ичиб олади-да, сеҳргарлиги тутиб қолади. Натижада ҳар сафар кулбасига ўт тушади.
- Назаримда эса у жуда яхши одам, - совуққина эътироз билдирди Гарри.
- Наҳотки? - деди бола димоғдорлик билан, - Нега энди сен у билан? Ота-онанг қани?
- Ўлиб кетишган, - қисқа қилди Гарри.
Мавзуни, айниқса, мана бундай мақтанчоқ билан муҳокама қилишни умуман истамади.
- Қандай даҳшат, - эҳтироссиз жавоб қайтарди бола, - Улар ўзимизникилардан бўлган бўлса керак, а?
- Улар сеҳргар ва афсунгар эдилар, агар сен шуни назарда тутаётган бўлсанг.
- Фикримча, тоифамизга мансуб бўлмаган бегоналарни умуман мактабга қабул қилмаслик керак, тўғрими? Ахир улар бизга ўхшамайдилар. Тарбияси ҳам ўзгача уларнинг. Тасаввур қилиб кўр, айримлари, хабарнома келгунга қадар «Хогварц»дан умуман бехабар бўлишар экан. Мактабга фақат уруғ-аждоди қадимдан сеҳргар бўлган оилаларнинг фарзандларини олиш керак. Ҳа, айтгандай, сени фамилиянг нима?
- Мана, коржоманг тайёр бўлди, ёқимтойгинам! - деди Малкин хоним, Гарри оғиз жуфтлашга улгурмасидан.
Гарри суҳбат якун топишига баҳона топилганидан суюниб, курсидан сакраб тушди.
- Хўп, майли. «Хогварц»да кўришгунча, - деб қолди сулукатли бола.
Гарри Хагрид олиб келган ёнғоқ аралаш малина-шоколадли музқаймоқни еб тугатгунга қадар жим юрди.
- Сенга нима қилди? - сўради қандайдир нохушликни сезган Хагрид.
- Ҳеч нарса, - алдади Гарри.
Улар пергамент ва пат-қалам харид қилишга тўхташди. Ёзув жараёнида ранги ўзгартириб борадиган сиёҳни кўргач, Гаррининг кўнгли бир оз очилди.
- Хагрид, квидиш дегани нима? - деб сўраб қолди Гарри дўкондан чиққач.
- Э Худо, Гарри. Жаҳолатда ўсганингни унутиб қўйибман-ку! Ҳатто квидиш нималигини билмайсан-а!
- Кераги йўқ, шундоқ ҳам ўзимни ёмон ҳис этяпман! - хафа бўлди Гарри.
У Хагридга Малкин хоним дўконида учратган рангпар бола ҳақида гапириб берди.
- ... у яна шуни айтдики, магллар оиласига мансуб болаларни мактабга қабул қилиш мумкин эмас экан...
- Сен магллардан эмассан. Ўша тентакча сенинг кимлигингни билганда эди. Агар у чиндан ҳам сеҳргарлар оиласида ўсган бўлса, сен ҳақингда чақалоқлигидан эшитиб келган. «Тешик қозон»га кириб келганингда нима бўлганини ўз кўзинг билан кўрдинг-ку. Умуман, ўша гўдак бундай ишлар борасида нимани ҳам билар эди! Мен учратган сеҳргарлар орасида энг саралари азалдан магллар оилаларига мансуб бўлишган. Сеҳргарлик уларнинг қалбида бўлади. Мана мисол учун онангни олайлик! Опаси билан солиштириб кўр-чи уни, а?!
- Хўп, квидиш дегани нима?
- Спорт ўйинларидан бири. Сеҳрли ўйин. Магллар ўйнайдиган чим устидаги хоккейга ўхшаб кетади. Фақат бу ўйин ҳавода, супургиларда учиб ўйналади. Тўп ҳам бир эмас тўртта бўлади. Хуллас, ўйин қоидасини бирданига тушунтириб бериш қийин.
- «Слизерин» билан «Хуффльпуфф» дегани нимани англатади?
- Коллеж номлари. Мактабимизда жами тўртта коллеж бор. Айтишларича, «Хуффльпуфф»да фақат нодонлар ўқир эмиш, бироқ...
- Гаров боғлашим мумкинки, ўқийдиган бўлсам ҳам «Хуффльпуфф»да таҳсил кўрсам керак, - деди Гарри оғир хўрсиниб.
- «Слизерин»да ўқигандан кўра ўша «Хуффльпуфф»да ўқиган афзал. - қийналиб айтди Хагрид, - Ёмон йўлга юрган сеҳргар ва афсунгарларнинг ҳаммаси «Слизерин»да ўқишган. Ўша Ўзинг-Биласан-Ким ҳам «Слизерин»ни тамомлаган.
- Вольд... яъни Ўзингиз-Биласиз-Ким ҳам «Хогварц»да ўқиганми?
- Жуда кўп йиллар олдин, - жавоб қайтарди Хагрид.
Улар «Жимжимадор ва сиёҳ доғи» дўконидан дарсликлар харид қилишди. Дўкон токчалари турли ўлчамли китоблар жумладан, кўприк плитасидай келадиган йирик ва почта маркасидай келадиган миттигина шойи муқова, тушуниб бўлмайдиган белгилар битилган ва саҳифалари бўм-бўш китоблар билан қарийб шифтга қадар тўлиб-тошган. Ҳаётида бирорта китоб ўқимаган Дудли ҳам, ушбу китобларнинг айримларини томоша қилиш учун бор нарсасини беришга тайёр бўлиши муқаррар.
Хагрид Гаррини профессор Мститтус Вирусианнинг «Сеҳрлаш ва сеҳр таъсирини бекор қилиш. Рақибларнинг бошини гангитиб, дўстларни мафтун қилиш йўллари. Суқи киритишнинг замонавий усуллари, жумладан: киши сочини тўкиш, оёғини бўшаштириш, тилини танглайига ёпиштириш ва ҳ.», деб номланган маълумотнома мазмунидаги қўлланмасидан куч билан узиб олди.
- Дудлини қандай қилиб қарғаш кераклигини билиб олмоқчи эдим.
- Фикринг чакки эмас, бироқ айрим фавқулодда ҳолатлардан ташқари, магллар оламида сеҳр-жоду билан шуғулланиш мумкин эмас, - деди Хагрид. - Умуман айтганда, одам сеҳрлашга ҳали ёшлик қиласан. Бунинг учун кўп ўқишинг керак бўлади.
Хагрид «Хогварц» хатида қалай қуймасидан тайёрланган, 2- ўлчамли қозон тайинланганлигини рўкач қилиб, соф тилла қозон харид қилишга ижозат бермади, аммо турли дамламаларнинг таркибий қисмларини тортиш учун чиройлигина тилла тарози ва йиғиладиган мис телескоп харид қилишди. Шундан сўнг, палағда тухум билан чириган карам ҳиди уриб кетган бўлса ҳам, жуда қизиқ дорихонага ташриф буюришди.
Дорихонанинг бурчагига шилимшиқ модда тўлатилган бочкалар ўрнатилган, токчалари турли-туман алаф, қуритилган илдиз ва чарақлаб турган кукун солинган банкаларга тўлиб-тошган, шифтига қандайдир пат боғлари, аллақандай тиш ва тирноқ шодалари илиб қўйилган эди. Хагрид пештахта ортида турган дори сотувчисидан қандайдир дамламанинг асосий таркибий қисмлари ҳақида сўраб билаётган пайтда Гарри, ҳар бир донасининг нархи йигирма бир галлеон турадиган яккашоҳ нарвалларнинг кумуш шохлари ва ҳар бир стакани беш нут турадиган ялтироқ, қора рангли миттигина қўнғиз кўзларини томоша қилди.
- Хўш, сеҳрли таёқча... - деди дорихонадан чиқишгач, мактубга илова қилинган рўйхатга яна бир бор кўз югуртириб чиққан Хагрид, - Ҳа, айтгандай, туғилган кунингга совға олмадик-ку ҳали.
- Йўқ, шарт эмас... - деди Гарри қизариб.
- Биламан шарт эмаслигини. Мен сенга бирон-бир жонзод олиб бераман. Фақат қурбақа эмас. Қурбақалар аллақачон модадан қолиб кетган. Устингдан кулиб юришмасин, тағин. Мушукларни эса ўзим ёқтирмайман. Мушук яқинига борсам акса уравераман. Ҳамма болалар бойқушли бўлишни орзу қилишади. Бунинг устига у фойдали қуш. Почта ташийди.
Йигирма дақиқадан сўнг, икковлон, қоронғи, қанотлар шовқини эшитилиб, олмосдай ярқираб турган бир олам кўз жуфтлари навбатма-навбат дам кўриниб, дам кўринмай қоладиган «Уккикўзнинг Бойқушлар Империяси»ни тарк этди. Гарри бошини қаноти остига суқиб ухлаётган бойқуш қамалган катта қафасни қўлида кўтариб борар экан, профессор Белкага ўхшаб дудуқланганча, Хагридга миннатдорлик билдиришни ҳеч қўймади.
- Бас қил, - овоз кўтарди Хагрид. - Дурсллар сенга бирор нарса совға қилиши амри маҳол. Энди «Олливандерлар» дўконига борамиз. Фақат ўша ердагина яхши сеҳрли таёқчалар бўлади. Сенга эса энг зўр таёқча керак.
Сеҳрли таёқча... айни шу нарса шу бугун Гаррининг орзусига айланиб қолган эди.
Тор ва қандайдир фақирона кўринишга эга эски дўконнинг кираверишида «Олливандерлар: қиблалмилоддан аввалги 382 йилдан буён сеҳрли таёқчалар тайёрлаб келган оила!» сўзлари битилган пештоқдаги ёзувнинг тилласи кўчиб кетган. Пештахта устидаги ранги ўчган қирмизи ёстиқчада эса биттагина таёқча ётибди.
Улар остона хатлаб киришганида ичкаридан қўнғироқ товуши эшитилди. Дўкон кичкина бўлиб, ингичка оёқли курсини ҳисобга олмаганда, деярли бўм-бўш. Улар сотувчи кўриниш беришини кутиб туришди. Хагрид дўконга кириши билан курсига ўтириб олди. Гарри эса қатъий қоидалар жорий этилган кутубхонага кириб қолгандай ҳис этди ўзини. Ҳаёлига келган минглаб саволларни ичига ютиб, девор ёнига тахлаб қўйилган энсиз қутилар ғарамига жимгина қараб турди. Хонадаги чанг ва ғайриоддий сукунатнинг ўзи қандайдир сеҳрли туюлгани боис, эти жимирлаша бошлади.
- Хайрли кун, - кимнинг ёқимли овози эшитилди дафъатан.
Гарри қўрқиб кетганидан бир сапчиб тушди. Курсининг тарақлагани ва ундан нари кетганига қараганда, Хагрид ҳам, ушбу овоздан чўчиб кетган чамаси.
Уларнинг қаршисида кўзи бир жуфт тўлин Ойга ўхшаб кетадиган қария пайдо бўлди.
- Салом, - ўнғайсизланиб кўришди Гарри.
- Ҳа, шубҳасиз, - овоз берди кекса сотувчи, - Шубҳасиз. Сизни шу яқин кунларда кўраман деб ўйлаган эдим, муҳтарам Гарри Поттер.
Мўйсафиднинг сўзлари саволга ҳам, саломга қайтарилган аликка ҳам ўхшамади.
- Кўзингиз онангизнинг кўзига ўхшабди. Вақт ўтишини қаранг-а. Онангиз ўзининг энг биринчи, толдан тайёрланган, маҳлиё қилишга жуда қўл келадиган ўн бутун-у юздан чорак дюймли[1] эгилувчан сеҳрли таёқчасини худди кечаги куни олиб кетгандай-я.
Мистер Олливандер киши танасини тешиб юборгудай кумуш кўзини бирор маротаба бўлсин юмиб ҳам қўймай болага яқин келди.
- Отангиз эса - давом этди қария, - Ўз навбатида, қизил дарахтдан тайёрланган ўн бир дюймли, равон, айлантириш ва айланишга жуда қўл келадиган нисбатан бақувват таёқчани афзал кўрди. Афзал кўрди дедим-у, аслида сеҳрли таёқча ўз соҳибини ўзи танлайди.
Мистер Олливандер шу қадар яқин туриб олдики, Гарри қариянинг кўкиш кўзида ўз аксини кўрди.
- Ҳа, - чол оппоқ, узун бармоғини Гаррининг пешонасидаги яшин шаклига ўхшаш чандиққа теккизди, - Мана бу ерга тегибди-да... Бундай мудҳиш чандиқ қолдирган сеҳрли таёқчани ўзим сотганимга дилсиёҳлик-ла иқрор бўлишга мажбурман, - паст овозда пўнғиллади у, - Ўн уч дюймли таёқча. Ҳа... Қудратли, айниқса ёвуз ниятли киши қўлида... Жуда қудратли таёқча эди. Агар қабиҳ ишлар йўлида қўлланилишини билганимда...
Бош чайқаган чолнинг нигоҳи Хагридга тушгач, бола ўзини бир оз енгил тортгандай бўлди.
- Ана холос, Рубеус! Хагрид Рубеус! Сени яна кўрганимдан жуда хурсандман... Эмандан ясалган ўн олти дюймли эгри таёқча, шундайми?
- Худди шундай, сэр, - тасдиқлади Хагрид.
- Яхши таёқча эди. Бироқ сени мактабдан ҳайдашганларидан сўнг, икки бўлиб ташлашган, деб ўйлайман, а? - сўраб қолди мистер Олливандер, дафъатан жиддий тус олиб.
- М-м-м... ҳа, сэр. Синдирилди, - деди Хагрид гавдасининг оғирлигини дам у оёғи, дам бу оёғига солиб, - Лекин, ростини айтишим керакки, таёқча нимталари ўзимда сақланиб қолган, - қувонч-ла қўшиб қўйди у.
- Умид қиламан-ки, сен уларни қўллаётганинг йўқ, а? - қошларини чимириб сўради қария.
- Нималар деяпсиз, сэр, - тез жавоб қайтарди Хагрид, қўлидаги соябонини маҳкам ушлаб олиб.
- Ҳм, - деб қўйди чол яна Гаррига юзланиб, - Хўш, энди мистер Поттерга келсак. Қани бир ўлчаб кўрай-чи. Қайси қўл билан сеҳр-жоду билан шуғулланмоқчилар?
Қария чўнтагидан тикувчиларнинг кумуш учли ўлчов тасмасини чиқарди.
- М-м-мен... кўпроқ ўнг қўлимни ишлатаман, - жавоб қайтарди Гарри.
- Қани, қўлингизни узатинг-чи. Мана шундай.
Сотувчи боланинг қўлини дастлаб елкадан бармоқ учига қадар, сўнгра билагидан тирсагига қадар, елкасидан ерга қадар, тиззасидан қўлтиғига қадар ва бошининг айланасини ўлчаб чиқди. Ушбу амалларни бажарар экан:
- Ҳар бир олливандер таёқчасининг замирида жуда қудратли моҳият бор, мистер Поттер. Бунинг учун биз яккашоҳ нарвал туки, қақнус думининг патлари ва аждар қалбининг торларини қўллаймиз. Олливандер таёқчаларининг ҳаммаси бир-биридан фарқ қилади. Зеро, сизнинг қобилиятингиз бошқа сеҳргарларнинг қобилиятларидан фарқ қиладиган каби иккита мутлақо бир хил яккашоҳ нарвал ёки қақнус бўлмайди.
Гарри, айни фурсатда ўлчов тасмаси бурун катаклари орасидаги масофани қария иштирокисиз, ўзи ўлчаётгани, мистер Олливандер эса бу пайтда токчалар ёнида, қутиларни титкилаб юрганини пайқаб қолди.
- Бўлди, - деди қария.
Ўлчов тасмаси шу заҳоти ерга тушиб, коптокдай ўралиб қолди.
- Хўш, мистер Поттер, мана буни синаб кўринг-чи. Қайин билан аждар қалбининг тори. Тўққиз дюйм. Жуда пухта ишланган, қаттиқ ҳам эмас. Қўлингизга олиб, силтанг.
Гарри узатилган таёқчани қўлига олиб, ўзини тентакнамо ҳис этганча, бир-икки бор силтаб кўрди. Бироқ мистер Олливандер дарҳол таёқчани тортиб олди.
- Заранг билан қақнус патлари. Етти дюйм. Жарангли. Синаб кўринг.
Гарри силташга уринди. У таёқчани тузук-қуруқ синаб кўришга улгурмаган эди ҳам-ки, сотувчи буни ҳам боланинг қўлидан тортиб олди.
- Йўқ-йўқ... бўлмайди. Мана, обнус билан яккашоҳ нарвал туки. Саккиз ярим дюйм. Чўзилувчан. Қани, қани, синаб кўринг-чи.
Гарри таёқча кетидан таёқча силтар, мистер Олливандер ундан нима истаётганини ҳеч фаҳмлай олмас эди. Ингичка оёқли курси устига тахланаётган таёқчалар сони эса ортиб бораверди. Бироқ токчалардан қанча кўп мол олинса, мистер Олливандер ўзини шу қадар бахтиёр ҳис этаётгани аён сезилиб турарди.
- Талабчан харидор экансиз-да, а? Хижолат чекманг, таёқчангиз қаердадир шу ерда, сизни кутиб ётибди. Ҳозир уни топамиз... Қани, қани, хўш, нега энди бўлмас экан... Ғайриоддий уйғунлик! Найзабарг билан қақнус патлари, ўн бир дюйм, жуда ёқимли, муомала қилиш ҳам қийин кечмайди.
Гарри узатилган таёқчани қўлига олиши билан бармоқлари қандайдир илиқлик сезди. У таёқчани боши узра кўтариб, чанг кўтарилган хона ҳавосини қамчи билан икки бўлиб юборгандай силтади. Таёқча изидан мушакбозликда кўринадиган алвон ва тилла ранг учқунлар оқими отилиб чиқди. Буни кўрган Хагрид севинчини яшира олмай хитоб қилиб, қарсак чалди, мистер Олливандер эса:
- Офарин! Жуда яхши! Аъло! Баракалла! - деб қичқириб юборди, - Қизиқ... жуда қизиқ...
Мўйсафид таёқча жойланган қутини, жигар ранг қоғозга аста ўрар экан:
- Қизиқ... қизиқ .. - дейишини қўймади.
- Мени маъзур сананг, - ҳайрон бўлди Гарри, - Сир бўлмаса айтинг-чи, сэр, буни нимаси қизиқ туюлди сизга?
- Дўконда сотилган ҳар бир сеҳрли таёқчани жуда яхши эслайман, мистер Поттер, - деди мистер Олливандер ўзининг равшан нигоҳини Гаррига қаратиб, - Эшитдингиз-ми, ҳар бирини! Ҳозир шундай бир ҳолат юз бердики, таёқчангиз таркибига киритилган қақнус қуши бор-йўқ икки дона пат берган. Ушбу патларнинг бири ҳозиргина таъкидлаб ўтганимдай, сеҳрли таёқчангиз, иккинчиси эса пешонангизга чандиқ қолдирган бошқа бир сеҳрли таёқча таркибига киритилган. Энди тушундингиз-ми? Бу ҳақиқатан ҳам қизиқ эмасми?
Гарри ютиниб қўйди.
- Ҳа, ҳа, - давом этди қария, - Ўн уч ярим дюйм. Ўйлаб кўринг! Дарҳақиқат, бундай ҳолатнинг юзага келиши жуда қизиқ-ку. Ёдингизда бўлсин, таёқча ўз соҳибини ўзи танлайди... Ўйлайман-ки, биз сиздан буюк ишлар кутишимиз керак, мистер Поттер. Ахир, Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Киши жуда буюк ва таассуфки, ниҳоятда даҳшатли ишлар қилган.
Гарри сесканиб кетди. Мистер Олливандер унинг ҳаёлида жуда ғалати таассурот қолдирди. Боладан таёқча учун етти тилла галлеон олган кекса сотувчи таъзим айлаганча, харидорларни ташқарига кузатиб қўйди.
Гарри билан Хагрид Диагон хиёбони бўйлаб юриб, ортга қайтишганида кечки қуёш уфққа яқинлашди. Улар яна ўша девор туйнуги орқали ўтиб, ҳувиллаб қолган «Тешик қозон»дан чиқишди. Метрода иккала ҳамроҳнинг тиззасидаги қутб бойқуши қамалган қафас, елка ва қўлидаги турли-туман ғаройиб халталарни кўрган одамларнинг оғзи очилиб қолганига эътибор қаратмаган Гарри деярли сукут сақлаб борди. Эскалатор воситасида Паддингтонга чиқиб, елкасида Хагриднинг вазмин қўлини ҳис этганидан сўнггина, Гарри қаерга келиб қолганлигини идрок этди.
- Йўлга чиқишингдан олдин тамадди қилиб олишимизга вақт бор, - деди Хагрид.
У Гаррига гамбургер олиб берди. Пластик курсига жойлашиб олиб, атрофга назар солган Гарри, бегона муҳитга тушиб қолгандай ҳис этди ўзини.
- Соғлигинг яхшими, Гарри? Нега жим бўлиб қолдинг? - сўради Хагрид.
Гарри ички ҳиссиётларини, ушбу кун ҳаёти давомида ўтган туғилган кунлари ичида энг зўри эканлигини қандай таърифлаб беришни билмай, бунинг учун керакли сўз топа олмай гамбургер кавшашни давом эттирди.
- Ҳамма мени қандайдир бошқача деб ўйлайди, - ниҳоят тилга кирди у, - «Тешик қозон»дагилар ҳам, профессор Белка ҳам, мистер Олливандер ҳам шундай фикрда... Мен эса сеҳргарликдан умуман бевоқифман. Шу аҳволда қандай қилиб уларнинг ишончини оқлай оламан. Улар кутган буюк ишларни қандай амалга оширишим мумкин. Машҳурликка машҳурман-у, ўзим эслай олмайман нима сабабдан ном чиқарганимни. Вольд... кечирасиз, ота-онам ҳалок бўлган ўша тунда қандай ҳодиса рўй берганини умуман эслай олмайман.
Хагрид стол узра эгилди. Унинг тўзиган соч-соқоли, ўсиқ қуюқ қошлари орасида кўриниб турган кўзи меҳр-муҳаббатга тўлиб-тошган.
- Энг асосийси, Гарри, қўрқма. Сеҳр-жоду ҳавосини олишга ҳали улгурасан. «Хогварц»дагилар ҳам ўз ҳунарларини онасининг қорнида бўлиб, бошлашмаган. Вақти келиб сен улардан ўзиб кетишинг мумкин-у, асло қолишмайдиган бўласан. Гарчи осон кечмаса-да, ўзлигингни англаб, ўзлигингча қолсанг бўлгани. Сен тақдир кулиб боққан истеъдодли одамсан. Бундай қисмат эса осон саналмайди. Мана кўрасан, «Хогварц»да ўзингни жуда яхши ҳис этасан. Эътиборинг учун мен сендай бўлганимда ҳам, ҳозир ҳам, «Хогварц»да ўзимни бахтиёр ҳис этаман.
Хагрид Гаррини Дурслларникига элтадиган поездга чиқариб, конверт узатди.
- Бу сенга, Гарри, «Хогварц»га етиб боришинг учун чипта, - деди у, -Биринчи сентябрь, Кингс-Кросс вокзали. Унда бор гап батафсил баён этилган. Дурсллар билан боғлиқ муаммо юзага чиқса, бойқушни учир. У мени қаердан топишни билади... Кўришгунча Гарри, омон бўл.
Поезд ҳаракатлана бошлади. Гарри сўнгги фурсатгача Хагридни кўздан йўқотиб қўймай, кузатиб бориш учун ўрнидан туриб, ойнага ёпишди. Бироқ кўзини бир бор юмиб, очиши ҳамоно Хагрид ғойиб бўлди-қолди.





Комментариев нет:

Отправить комментарий