суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ. НОРБЕРТ, ДАНДОН БЕЛЛИ НОРВЕГ АЖДАРИ

Белка болалар тахмин қилгандай осонликча енгиладиганлардан эмас экан. Ҳафта кетидан ҳафта ўтиб, профессорнинг ранги оқариб, озиб борса ҳам, яқин орада таслим бўладиган кишига ўхшамайди.
Рон, Гарри ва Гермиона учинчи қават йўлагидан ҳар сафар ўтишар экан, ичкаридан Момиқвойнинг инграши эшитилаётган-эшитилмаётганлигини билиш учун эшикка қулоқ тутиб ўтишади. Снеггнинг мактабда жирканч кайфиятда юрганлиги – тош ҳалигача хавфсиз жойда эканлигининг яққол аломатидир. Белка билан рўбару келганда Гарри имкон қадар уни далда берадиган табассум-ла қарши оладиган, Рон эса дудуқ профессор устидан кулганларни уятга қўядиган бўлди.

Гермиона эса Фалсафий тошдан ташқари, бошқа ташвишлар билан банд. У ҳар хил ўқув режаларини ишлаб чиқиб, турли-туман жадваллар тузиб, дафтарларига рангли сиёҳлар билан аллақандай белгилар киритиб бормоқда. Гарри билан Рон қизалоқнинг таҳсил кўришга бундай ижодий ёндашиб боришига ҳеч қандай эътирозлари йўқ, бироқ Гермиона ўзининг табиий мижғовлиги билан болаларни ҳам шу ишларни қилишга мажбур қилмоқда.
- Гермиона, ахир имтиҳонга қадар яна юз йил бор-ку.
- Юз йил эмас, атиги ўн ҳафта қолди. Бундай муддат эса бир сониядай ўтиб кетади. Агар ҳозир Николас Фламел шу ерда бўлганда, гапимнинг маъносини жуда яхши тушунган бўлар эди.
- Бироқ бизнинг ёшимиз ҳозирча олти юзга етиб боргани йўқ, эндигина ўн бир ёшга тўлдик, - эслатиб ўтди Рон, - Нима қилганда ҳам буларнинг барини ўқиб нима қиласан, ахир шундоқ ҳам ҳамма нарсани биласан-ку.
- Ўқиб нима қиласан деганинг нимаси? Ақлингни еб қўйдинг-ми? Тушунмаяпсан-ми? Ахир имтиҳонларни муваффақиятли топшира олмасак, бизни иккинчи синфга ўтказишмайди-ку! Бу жуда масъулиятли имтиҳон. Аллақачон тайёрланиб бориш керак эди, нималар ҳақида ўйлаб юрдим, каллам қаерда эди мени...
Таассуфки, Гермионанинг нуқтаи назарини ўқитувчилар қўллаб-қувватлашмоқда. Улар болаларни ҳар хил вазифаларга шу қадар кўмиб ташлашдики, Пасха[1] таътили Рождество таътилига нисбатан сезилмай тез ўтиб кетди. Гермиона мунтазам тазйиқ ўтказар экан, ўқиш муаммоларидан чалғишнинг иложи йўқ. Қизалоқ дам аждар қонидан фойдаланишнинг йигирмата усулини такрорлайди, дам сеҳрли таёқчани силташ усулларини машқ қилиб, меъёрига етказади. Гарри билан Рон эса бўш вақтнинг аксарият қисмини Гермионанинг ёнида, кутубхонада эснаб, минғирлаб ўтказишга мажбур бўлиб, қўшимча равишда берилган вазифаларни тушуниб етишга уринишади.
- Буларнинг барини соғлом одам ёдда сақлаб қолмайди, - деди кунлардан бир кун Рон, маъюс оҳангда.
У пат-қаламини столга улоқтириб, кутубхона деразасидан ташқарига қаради. Кўчада чиндан ҳам баҳорий кун ярқирамоқда. Бўтакўз рангини касб этган осмон эса жуда мусаффо бўлиб, ёз яқинлигидан далолат бермоқда.
Филлида Споранинг «Мингта сеҳрли алаф ва қўзиқоринлар»ида ёввойи арпабодиённи қидираётган Гарри бошини китобдан кўтармай ўтирибди.
- Ие, Хагрид! Сен нима қиляпсан кутубхонада?
Хагрид товонларини бир-бирига уриб юрганча, китоб жавонларининг ортидан, орқасига бир нарса яшириб, кўриниш берди. Тан олиш керакки, Хагрид, эгнидаги крот пўстини билан кутубхонада жуда ғалати кўринди.
- Шунчаки ўзим. Бир нарса кўрмоқчи бўлдим, - деди Хагрид сохта лоқайд оҳангда.
У болаларнинг эътиборини чалғитмоқчи бўлди-ю, акси бўлиб чиқди.
- Сизлар-чи, нима қилиб ўтирибсизлар бу ерда? Фламел тўғрисида маълумот қидирмаяпсизлар-ми, ишқилиб?
- Унинг кимлигини билиб олганимизга юз йилдан ошди, - салобат-ла маълум қилди Рон, - Кучукчанг нима қўриқлаб ўтирганини ҳам яхши биламиз. У фалсафий то...
- Тишш! Жим бўл! - пичирлади Хагрид атрофга қараганча, ҳеч ким эшитмаётганига ишонч ҳосил қилиб, - Нега бақиряпсан, миянгни еб қўйдинг-ми?
- Ҳа, айтгандай, Хагрид. Биз сендан ўша тошни Момиқвойдан ташқари яна нима қўриқлаяётганини сўраб билмоқчи эдик, - гапга аралашди Гарри.
- Э, ЖИМ ДЕДИМ! - вишиллади Хагрид, - Қулоқ солларинг, чурвақалар. Сал ўтиб кулбамга боринглар. Албатта, бор гапни айтиб бераман деб ваъда бермайман-у... Фақат ҳар қадамда, ҳар кимга бу ҳақда валдираб юрманглар. Бундай нарсаларни ўқувчилар билиши мумкин эмас. Хагрид, бор гапни чурвақаларга сайраб берибди, деб ўйлашмасин тағин.
- Ҳа, ундай бўлса, кўришгунча, - деди Гарри.
Хагрид, оёғини қўпол судраганча, нари кетди.
- Орқасига нимани яшириб олган эди? - ўйланиб сўради Гермиона.
- Тош ҳақида бирор-бир китоб деб ўйлайсан-ми?
- Бориб қарай-чи, қайси бўлимда тимирскиланиб юрганини, - деди Рон, бўлар-бўлмас уй вазифаларидан чалғишга баҳона топилганидан хурсанд бўлиб.
У бир дақиқадан сўнг қайтиб, қўлидаги бир даста китобни стол устига тўкди.
- Ҳаммаси аждарлар ҳақида! - шивирлади у, кўзини катта очиб, - Хагрид аждарлар тўғрисида китоб ўқияпти! Мана бу китобларни қаранг: «Буюк Британия ва Ирландия аждарлари», «Тухумдан чиқариб, шайтон бўлгунга қадар парвариш», «Аждарбоқар учун маълумотнома мазмунидаги қўлланма».
- Хагрид, илк бор учрашганимизда, аждарли бўлишни жуда орзу қилаётганлигини менга айтган эди, - эслади Гарри.
- Бироқ бу ғайриқонуний-ку, - деди Рон, - Аждар боқиш 1709 йилги Сеҳргарлик конвенцияси билан ман этилганлиги ҳаммага маълум. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳовлисида аждари бўлган сеҳргар магллардан қандай қилиб яширина олади? Бундан ташқари, аччиқ амалиётнинг кўрсатишича, жуда хавфли ҳайвонлар туркумига кирадиган аждарни қўлга ўргатиб бўлмайди. Акам Чарлининг тери қопламасида румин ёввойи аждарлари куйдирган жароҳатлардан қолган чандиқларни кўрмагансиз!
- Аммо Англияда ёввойи аждарлар бўлмайди-ку? - умид-ла сўради Гарри.
- Ким айтди сенга бўлмайди деб? Англияда қора тусли оддий уэльва ва гебридиан аждарлари яшайди. Мен сизга айтсам, дўстлар, ушбу аждарлар сеҳргарлик вазирлигига етарлидан ортиқ ташвиш келтиради! Афсунгарлар аждар кўриб қолган маглларни сеҳрлаб, ҳозиргина кўрганини шу заҳоти унутиб юборишга мажбур қилиб юришади. Ана шунақа!
- Ундай бўлса Хагрид нима ниятда аждар боқмоқчи?
Бир соат ўтгач, ушбу саволга ҳам жавоб топиш мақсадида мактаб қоровулининг кулбасига яқин борган болалар, кулбанинг барча деразалари батамом пардалаб ташланганлигини кўришди.
- Ким у? - бақирди Хагрид болаларни ичкарига киришдан олдин.
Саволга жавоб бериб, ичкарига кирган учовлон ортидаги эшик Хагрид томонидан маҳкам ёпиб қўйилди. Кулба ҳаммомдек қизиб кетган. Ташқарида ҳаво илиқ бўлишига қарамай, ўчоқдаги олов гувиллаб ёнмоқда. Хагрид чой дамлаб, эчки гўштидан бутерброд тайёрлаб бериши мумкинлигини айтди. Бироқ болалар рад этишди.
- Хўш, гапиринглар, нимани сўраб билмоқчи эдиларинг мендан?
Гапни айлантириб ўтиришга ҳожат йўқ эди.
- Момиқвойдан ташқари Фалсафий тошни яна нима қўриқлаётганини айта оласанми?
- Айта олмайман, албатта, - шартта кесди қовоғини уйиб олган Хагрид, - Биринчидан, ўзим билмайман. Иккинчидан, сизлар шу қадар ақлли чурвақалар-ки, билганимда ҳам айтмас эдим. Тош шу ердами, демак шундай бўлиши керак. Уни «Гринготтс»дан ўғирлаб кетишларига сал қолди. Бунга, албатта, ақлларинг етди. Қаранг-ки, бу чурвақалар Момиқвой ҳақида ҳам, қолган гаплардан ҳам хабардор.
- Қўйсанг-чи, Хагрид! Бизга айтиш ниятинг йўқ бўлиши мумкин-у, бироқ ҳеч нарсани билмайман дема. Сен ҳамма гапдан хабардор бўлиб юрасан. Қасрда бирор-бир ҳодиса сен билмаган ҳолда рўй бериши мумкин эмас. Тўғрими? - сўради Гермиона, ёқимтой овоз билан.
Хагриднинг улкан соқоли титраб қўйганидан, иршайгани маълум бўлди. Болалар эса Гермионанинг қизларга хос макр-ҳийла қўллаётганини сезиб қолишди.
- Бизга фақат Фалсафий тошни қўриқлаш тадбирлари ким томонидан таъминланганлиги ва Дамблдор, сендан бошқа бу борада яна кимдан ёрдам сўраши мумкинлиги қизиқ холос, - давом этди Гермиона.
Гермионанинг сўнгги сўзларини эшитган Хагрид кўкрагини виқор-ла кериб қўйди. Гарри билан Рон эса Гермионага ҳайрат билан қараб қўйишди.
- Буни айтсам бўлади... шекилли. Қани эслаб кўрай-чи. Дамблдор мендан Момиқвойни сўраб олди... кейин айрим ўқитувчилар, жумладан: профессор Сарсабил хоним, профессор Флитвик, профессор Макгонагалл, профессор Белка, афсун қўллашди. Хўш, профессор Дамблдорнинг ўзи ҳам аллақандай иш бажарди. Яна кимни айтиб ўтмадим? Ҳа-я, эсимдан чиқай дебди-ку, профессор Снегг.
- Снегг?
- Ҳа, Снегг. Нега ҳайрон бўласизлар? Қулоқ солинглар, чурвақалар, ўпкангизни босиб оласиз-ми, йўқми? Снегг тошни сақлаб қолишга шахсан ўзи яқиндан ёрдам берган бўлса, нега энди уни ўғирлаши керак?!
Модомики, Снегг тош қўриқлаш тадбирларини таъминланишда шахсан ўзи иштирок этган экан, хаёлдан ўтказди Гарри, демак қолган ўқитувчилар қандай афсун қўллашганини билиб олиш унга қийин кечмайди. Эҳтимол, ўша афсунларни аниқлаб ҳам олгандир. Энди унга Момиқвойнинг ёнидан ўтиш ва профессор Белка томонидан қўлланилган афсун сирини билиб олиш қолгандир холос, балки. Гермиона билан Рон унинг фикрини тасдиқлашига шубҳа қилмади.
- Хагрид, Момиқвой ёнидан жароҳатланмай ўтиш усулини танҳо ўзинг биласанми? - аста сўради Гарри, - Сен бу сирни ҳеч кимга, ҳатто ўқитувчиларга ҳам айтмайсан-ку, тўғрими?
- Бирор жон зотга чурқ этмаганман, айтмайман ҳам! Буни фақат Дамблдор иккаламиз биламиз холос.
- Нима қилганда ҳам, йўқдан кўра бори-ку, ҳар қалай, - деди Гарри, дўстларига қараб, - Хагрид, тандирдаги нонга ўхшаб пишиб қолдим, деразаларни очиб қўйсам бўладими?
- Йўқ, мумкин эмас, Гарри, узр.
Хагрид беихтиёр бошини ўчоқ томон буриб қўйди. Гарри ҳам нигоҳини ўша томон қаради.
- Вой, Хагрид! Анави нима?
Гарри шундоқ ҳам тушуниб бўлди унинг нималигини. Ўчоқ ўртасига осиб қўйилган чойнак остидаги чўғда жуда йирик қоп-қора тухум ётибди.
- Ҳа, буми! - чўзди Хагрид, соқолини ташвишли титкилаб, - Бу... бу...
- Қаердан олдинг буни, Хагрид, - сўради Рон, ўчоқ қаршисига чўккалаб, - Жуда қиммат туради-ку, бу!
- Ютиб олдим, - деди Хагрид, - Яқиндагина. Қишлоққа чиқиб, бир-икки рюмка ўтказиб юборгач, бир киши билан қарта ўйнадик. Назаримда у, ушбу юкидан қутулганига хурсанд бўлди.
- Хўп, ёриб чиқди дейлик, кейин нима қилмоқчисан? - даҳшат-ла сўради Гермиона.
- Нима қилар эдим... Мен... керакли китобларни варақлаб чиқдим, - деди Хагрид ёстиғи остидан катта китоб чиқариб, - Кутубхонадан олдим, мана «Томорқа хўжалигида аждар боқиш фойдаси». Тўғри, ундаги маълумотлар бир оз эскириб қолган бўлса-да, деярли ҳамма нарса ёзилган. Она аждар тухумга нафас чиқаргани боис, уни оловда сақлаш лозимлиги, ёриб чиққанидан сўнг, ҳар ярим соатда бир челак жўжа қони аралаштирилган коньяк бериб бориш кераклиги баён этилган. Ҳа, айтгандай, тухумга қараб, аждар зотини қандай аниқлаш мумкинлиги ҳам батафсил тавсифлаб берилган. Менда, демак, дандон белли норвег аждари бўлади. Мана шунақа!
Кўринишидан, ҳозир дунёда Хагриддан бахтиёр одам йўқ эди гўё. Бироқ Гермиона унинг хурсандчилигига шерик бўлмади.
- Хагрид, кулбанг ёғочдан тиклангани эсингда борми?
Бироқ аллақандай қўшиқни хиргойи қилганча, ўчоқдаги чўғни титкилаётган Хагрид, қизалоқнинг гапига эътибор қаратмади.
Шундай қилиб, болалар бошидаги ташвишларга яна бир ташвиш қўшилганга ўхшайди: ишқилиб бирор-бир зот Хагриднинг кулбасида ман этилган аждар борлигидан хабар топмасин.
- Қизиқ, беташвиш ҳаёт қанақа бўлар экан-а? - хўрсиниб сўради Рон.
Болалар кунни кунга, кечани кечага улаганча уйга берилган бир олам вазифаларни қаҳрамонона бажариб боришди. Гермиона энди Гарри билан Рон учун ҳам ўқув режаларини тузиб, болаларни қутуриб кетиш даражасига етказиб қўймоқда.
Кунлардан бир кун Хедвиг Гаррига Хагриддан хат келтирди.

«Суюнчи бер! Ёриб чиқяпти!»

Рон профессор Сарсабил хонимнинг гербология дарсини ўтказиб юбориб, кулбага бориш таклифини киритди. Бироқ Гермиона бу ҳақда эшитишни ҳам истамади.
- Гермиона, нима деб ўйлайсан, аждарнинг тухумдан ёриб чиқиш жараёнини кўриш бизга яна қачон насиб қилиши мумкин?
- Биз дарсга боришимиз керак, акс ҳолда нохуш аҳволга тушиб қолишимиз аниқ. Лекин бу нохушлик Хагридни кутаётган нохушлик олдида ҳеч гап эмас, агар биров унинг нима билан машғуллигини билиб қолса...
- Жим! - пичирлаб қичқирди Гарри.
Малфой атиги бир неча метр нарида қотиб қолганча, болаларнинг гапига қулоқ солиб турган экан. Нимани эшитди-ю, нимани тушунди, у, ичи қора аблаҳ? Бироқ унинг турқи касб этган қиёфа Гаррига ёқмади.
Рон билан Гермиона гербология хонасига етгунга қадар гап талашиб боришди ва ниҳоят Гермиона, катта танаффус мобайнида Хагриднинг кулбасига тез бориб қайтишга розилик берди.
Дарс вақти ниҳоясига етганини англатадиган қўнғироқ зарбаси эшитилиши ҳамоно, болалар, тупроқ ҳажмини ўлчаш куракчаларини ташлаб, Ман этилган ўрмон четига, Хагриднинг кулбаси томон ўқдай елиб кетишди. Мезбон меҳмонларини қувончдан қизариб кетган чеҳра ила қарши олди.
- Деярли ёриб чиқди! - деди у, болаларни ичкарига киритиб.
Стол устида ётган тухумнинг пўчоғи дарз кетган. Ичида нимадир қимирлаб, худди биров чертаётгандай қизиқ товуш эшитиляпти. Тўртовлон курсиларни столга яқин суриб, нафас олмай кузатиб ўтирди.
Томошабинларнинг ҳаммаси диққат билан кузатиб ўтиришганига қарамай, тухум қаттиқ қарсиллаб, пўчоғи чилпарчин бўлиб кетганда қўрқиб кетди. Стол устида чиройли деб базўр айтиш мумкин бўлган жажжи аждарча қолди. Гаррининг назарида гўё симдан ясалган қанотлари серсуяк, ихчам танасига нисбатан сезиларли катта, узун тумшуқчасидаги бурун катаклари жуда кенг, бошида иккита шох ўрни, юзида чақчайган тўқ сариқ кўзи кўринаётган ушбу аждарча тахлаб қўйилиб, эзилиб кетган қора соябонга ўхшади.
Аждарча акса уриб юборган эди ҳам-ки, бурнидан учқун учиб чиқди.
- Ажойиблигини қаранг-а, буни! - қурқуради Хагрид.
У қўлини узатиб, аждарчанинг бошини силаб қўймоқчи бўлди. Махлуқча эса тишларини кўрсатганча, қўрслик қилиб, Хагриднинг бармоғини тишлаб, узиб олишига сал қолди.
- Қаранг-а, чурвақача! Онасини таниди!
- Хагрид. Бу дандон белли норвег аждари деганлари қанчалик тез ўсади? - сўраб қолди Гермиона.
Хагрид жавоб бермоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаган эди ҳам-ки, бирдан унинг юзи оқариб, дераза томон ташланди.
- Тинчликми, нима бўлди?
- Кимдир мўралаб турган экан. Аллақандай чурвақа, ана қасрга қараб қочди.
Гарри шу заҳоти эшикни очиб, ҳовлига қаради. Масофа қанчалик олис бўлмасин, бу қиёфани Гарри яхши танийди.
- Малфой.
Кейинги ўтган ҳафта давомида Драконинг юзидаги мурдор тиржайишдан аллақандай нохушлик аломати ҳис этилмоқда. Шу боис ҳам Гарри, Рон ва Гермиона ўзларига жой топа олмай қолишди. Улар бўш вақтнинг аксарият қисмини Хагриднинг қоронғи кулбасида, уни соғлом фикр юритишга даъват қилиб ўтказишди.
- Уни қўйиб юбориш даркор, - таъкидлади Гарри, - Озодликка чиқариб юбор.
- Иложим йўқ, - ўжарлик қилди Хагрид, - У ҳали увоққина бола, ўлиб қолади.
Болалар увоққина болага қараб қўйишди. Атиги бир ҳафта ичида уч баробар ўсиб кетган чақалоқ бурнидан паға-паға тутун чиқяпти. Хагрид унга шу қадар берилиб кетганки, хизмат мажбуриятларини бажармай қўйди. Кулба бўшаган бренди шишалари билан товуқ патларига тўлиб кетган.
- Норберт деб атайман уни, - деди аждардан нам кўзини уза олмаётган Хагрид, меҳри товланиб, - Мени танийдиган бўлиб қолди. Қаранг. Норберт! Қани онанг? Кел ёнимга.
- Томи кетиб қолибди, - хулоса чиқариб пичирлади Рон, Гаррининг қулоғига.
- Хагрид, - овоз кўтарди Гарри, - Икки ҳафта ўтгач, Норбертинг кулбангга сиғмай қолади. Малфой эса ҳар қандай фурсатда Дамблдорга чақимчилик қилиб қўйиши мумкин.
- Мен... мен... хабарим бор... биламан уни бу ерда сақлашим мумкин эмаслигини, лекин мен усиз яшай олмайман.
- Чарли, - деди Гарри, дафъатан Ронга юзланиб.
- Сенинг ҳам томинг кетиб қолди-ми, дўстим? Мен Ронман. Рон. Эслайсан-ми мени?
- Аканг. Руминияда, аждар зотларини ўрганиб юрган Чарли аканг эсимга тушиб кетди. Норбертни унга жўнатиб юборсак бўлади. Чарли уни катта қилиб, озодликка қўйиб юборади.
- Ажойиб фикр! - хурсанд бўлиб кетди Рон, - Хагрид, сенга-чи, Гаррининг фикри ёқди-ми?
Баҳс-мунозара ўтгач, ниҳоят Хагрид фикрини билиш учун Чарлига бойқуш йўлланишига розилик берди.
Навбатдаги ҳафта жуда чўзилиб кетди. Чоршанба куни кечқурун Гермиона билан Гарри меҳмонхонада ёлғиз қолишди. Қолганлар уйқуга тарқалди. Девордаги соат бонги тун ярмига етганлигини эшиттирди. Айни шу фурсатда Семиз Хола портрети очилиб, туйнукда, устидан кўринмас плашни ечган Рон кўринди. У Норбертни боқиш ишларида Хагридга ёрдам бериб қайтди. Норберт энди ўлик каламушларни истеъмол қилмоқда. Истеъмол қилганда ҳам, бир ўтиришда бир саватини паққос туширадиган бўлиб қолган.
- Тишлаб олди нонкўр! - арз қилди Рон, қонга шимилган дастрўмол билан боғланган қўлини кўрсатиб, - Энди билмадим қанча вақтгача қўлимга пат-қалам ушлай олмас эканман! Ҳаётимда бундай аждардан ёмон ҳайвонга рўбару бўлмаган эдим. Хагрид унинг атрофида парвона бўлиб юргани-чи. Бир қуёнчам деб қолади, бир қарасанг мушукчам деб эркалайди, балиқчам дейишига бало борми? Кулбадан чиқиб кетаётганимда эса анави тасқарага алла айтиб қолди!
Шу пайт дераза аста тақиллади.
- Хедвиг! - хитоб қилди Гарри, бойқушни ичкарига киритишга ошиқиб, - Чарлидан хабар олиб келди!
Учовлон нома устида бош эгишди.

Салом қадрдоним Рон!
Соғлигинг яхшими? Хат учун раҳмат. Дандон белли норвег аждарини бажонидил қабул қилиб оламан. Бироқ уни бу ерга етказиб келтириш осон кечмайди. Фикримча, аждарни менинг ҳолимдан хабар олгани келиш ниятида юрган дўстларимдан бериб юборган маъқул. Аммо улар, ман этилган ҳайвонни давлат ҳудудига киритиш мобайнида муаммога йўлиқишлари мумкин.
Аждарчани шанба куни ярим тунда энг баланд минорага чиқара оласизми? Дўстларим сизларни ўша ерда кутиб, ҳеч ким кўрмаслиги учун тунда олиб кетишади.
Жавобини имкон қадар тезроқ йўлланг. Эҳтиром ила,
Чарли.

Болалар бир-бирига қараб қолишди.
- Ихтиёримизда кўринмас плаш бор, - деди ниҳоят Гарри, - Назаримда бу иш у қадар мушкул кечмайди. Плаш етарлича катта. Остига Норберт билан бирга икки нафаримиз бемалол сиғамиз.
Дўстлар тез рози бўла қолишди. Бу, ўз навбатида, ўтган сўнгги ҳафта жуда ноқулай кечганидан далолат беради. Улар ўша махлуқ Норберт билан турқи совуқ Малфой солаётган хавфдан имкон қадар тезроқ халос бўлишса бўлгани.
Режани амалга ошириш йўлида кутилмаган муаммо юзага келди. Эрталаб Роннинг жароҳатланган қўли шишиб, икки баробар катталашиб кетди. Рон Помфри хонимга мурожаат қилишга шубҳаланди. Агар у Роннинг қўлини аждар тишлаб олганини пайқаб қолса-чи? Бироқ кун ярмига келиб, мурожаат қилишдан бошқа чора қолмади. Аждар тиши жароҳатлаган жой яшил ранг касб эта бошлади. Чамаси, Норбертнинг тишчалари заҳарлига ўхшайди.
Кун ниҳоясида Гарри билан Гермиона қасрнинг касалхона жойлашган қанотига елиб бориб, Ронни жуда аянчли аҳволда кўришди.
- Гарчи қўлим оғриқдан узилиб кетаётган бўлса ҳам, бундай ҳолатга тушишимга қўлимнинг оғриғигина сабаб бўлаётгани йўқ, - пичирлади у, - Малфой мендан китоб олиш баҳонаси билан Помфри хонимни алдаб кирди-да, мени роса таҳқирлади. Аслида нима тишлаб олганини ҳаммага айтиб беришини таҳдид қилди. Ит тишлаб олганига Помфри хоним ишонмаган чамаси. Квидиш ўйинида Драко билан муштлашмаслигим керак экан. Мана энди қасд оляпти.
Гарри билан Гермиона қўлдан келганча Ронга таскин беришга уринишди.
- Шанба куни ярим тунда барча ишларимиз яна ўз жойига тушиб кетади, - ишонтирди Гермиона.
Бироқ бу гап Ронга таскин бермади. Аксинча у ўрнидан ирғиб туриб, ётган ўрнига ўтирганча, совуқ терга ботиб кетди.
- Шанба куни ярим тунда! - инграб юборди у, - Йўқ! Ҳозиргина эсимга тушиб қолди. Чарлидан келган хат айни Малфой олиб кетган китоб ичида эди! Энди у Норбертни қачон, қаердан ва қаерга жўнатиб юборишимиздан ҳам хабардор бўлади.
Гарри ҳам, Гермиона ҳам бирон оғиз сўз айтишга улгурмай, хонага Помфри хоним кириб келиб, Ронни ҳозир тинч қўйиш кераклигини уқтирди.
- Режага ўзгартириш киритиб бўлмайди, жуда кеч бўлди, - деди Гарри Гермионага, - Чарлига яна битта бойқуш жўнатгани вақт йўқ. Умуман айтганда, бу энг сўнгги ва ягона имконият бўлиши мумкин. Таваккал қилишга тўғри келади. Акс ҳолда Норберт, уни эплаб бўлмайдиган даражада катта бўлиб кетади. Малфой ҳар қалай кўринмас  плашдан бехабар-ку.
Улар сўнгги янгиликлар ҳақида ҳисобот бериш учун Хагрид ҳузурига келишганда, думи боғланган Сўйлоқтиш кулба ёнида ўтирган экан. Хагриднинг ўзи эса болалар билан дераза орқали гаплашди.
- Узр болалар, сизларни ичкарига кирита олмайман, - ҳарсиллади у, - Норбертнинг балоғатга ўтиш даври бошланди. Лекин мен уни уддалаб оламан.
Чарлидан хат келганини эшитгач, Хагрид йиғлаб юборишига сал қолди. Эҳтимол у хўрсинганидан эмас, айни фурсатда Норберт оёғини тишлаб олиб, жони оғриганидан йиғламсираш аҳволига тушгандир.
- Вой! Ҳеч қиси йўқ, бор-йўқ бошмоғимнинг товонини тишлаб олди, ўйнашяпти! Ёш бола-да ҳали, ўзингиз тушунасиз-ку.
Ёш бола думи билан деворни чунонам урди-ки, кулба деразалари титраб кетди. Гарри билан Гермиона қасрга ягона фикр, у ҳам бўлса, шанбагача бир илож қилиб етиб олиш учун сабр қилиш фикри билан қайтишди.
Агар қиладиган ишлари борасида қаттиқ ташвиш чекишмаганда, икковлон Норберт билан хайрлашаётган Хагридга раҳм қилган бўларди. Тун қоронғи, осмонни булут қоплаган. Вестибюлда ўзи билан ўзи теннис ўйнаган Дрюзгнинг нари кетишини кутган болалар бир оз кечикиб келишди.
Хагрид Норбертни сафарга ҳозирлаб, катта саватга жойлаб қўйибди.
- Мен унинг саватига каламушлар билан бренди жойлаб қўйдим, ўйлайман-ки, йўлга етади, - деди Хагрид ҳўнграб юборишдан ўзини базўр тутиб, - У ёқтирган ўйинчоқ айиқчаси ҳам ўша ерда.
Сават ичида шатур-шутур товуш эшитилди. Чамаси айиқча бошидан маҳрум бўлди.
- Хайр, Норберт! - ҳиқиллади Хагрид, Гарри Гермионанинг ёрдами билан сават устига кўринмас плаш ташлаётганида, - Онанг сени ҳеч қачон унутмайди!
Саватни қасргача қандай қилиб етказиб боришганини ўзлари билмайди. Тўхтовсиз ўтаётган дақиқалар тун ярмини жадал яқинлаштирмоқда. Болалар Норбертни сабот билан мармар зинадан вестибюлга, у ердан бир нечта қоронғи йўлакларда, яна юқорига кўтариб боришди. Ҳатто Гарри яқиндагина кашф этган яқин йўл ҳам вазифани енгиллатмади.
- Деярли етиб келдик! - базўр маълум қилди Гарри, қасрнинг энг юқори минорасига ўтиш жойига етиб келгач.
Олдинда нимадир кўринган фурсатда болаларнинг қўлидаги сават чиқиб кетишига сал қолди. Кўринмас эканликларини унутиб қўйган болалар ўзларини қоронғиликка олиб, бир-бирини ушлаб кетаётган икки кишининг шарпасига разм солишди.
- Қоидабузарлик! «Слизерин»дан йигирма балл айирилади! Тун ярмида бу ерларда санқиб юришга қандай журъат этдинг... - эшитилди Малфойнинг қулоғидан маҳкам бураб олган, эгнига катак-катак матодан тикилган халат кийиб, сочларини соч тўри ичига турмаклаб олган профессор Макгонагаллнинг қичқириғи.
- Сўзларимга қулоқ солмаяпсиз, профессор. Ҳозир бу ерга Гарри Поттер аждар олиб келиши керак!
- Қанақанги қулоқ эшитмаган бемаъни гап! Ёлғон гапиришга қандай журъат этяпсан! Юр мен билан! Сен ҳақингда профессор Северусга хабар беришим керак, Малфой!
Бундай ҳодисадан сўнг, минора чўққисига олиб чиқадиган тик зина дунёдаги энг осон йўлга ўхшаб кетди. Бироқ ташқарига, туннинг совуқ ҳавосига чиққунга қадар болалар кўринмас плашни ечишга журъат эта олмадилар. Ечганларидан сўнг эса яна эркин нафас олиш имконидан ўзларини бахтиёр ҳис этдилар. Гермиона жига[2] рақсига туша бошлади.
- Малфой жазоланди! Мен ҳозир қўшиқ айтиб юбораман!
- Йўқ-йўқ, Гермиона, қўшиқ айтишнинг мавриди эмас ҳозир, - шошиб қолди Гарри.
Малфой борасида қувонган болалар меҳмон кутишмоқда. Сават ичига қамалган Норберт эса қутурмоқда. Тахминан ўн дақиқа ўтгач, зимистон қаъридан тўртта супурги чиқиб келди.
Чарлининг дўстлари қувноқ йигитлар экан. Улар Норбертни тўртовлон кўтариб кетишлари учун апил-тапил ясалган ҳаво абзалини кўрсатишди. Аждар сафарга ҳозирлангач, Гарри билан Гермиона меҳмонлар билан қўл бериб хайрлашди.
- Раҳмат сизларга! Катта раҳмат! - деганча қолди икковлон.
Ниҳоят Норберт учиб кетди... учиб кетди... учиб кетди.
Норбертдан қутулган Гарри билан Гермиона қўлда ҳам, бошда ҳам енгиллик ҳис этиб, айланма зинадан аста тушиб келишди. Энди ҳеч қандай аждар йўқ, ёлғончи бўлиб қолган Малфой жазоланди. Бундай бахтни нима бузиши мумкин. Эндигина йўлакка чиқишган эди ҳам-ки, қоронғиликдан Филч чиқиб келди.
- Хўш, хўш, - аста гапирди у, - Ниҳоят қўлга тушдик.
Болалар хурсандликдан кўринмас плашни юқорида унутиб қолдиришган экан.





[1] Пасха – христианларда: Исо пайғамбарнинг тирилиш хотирасига бағишланган диний байрам
[2] Жига (инг. jig, итал. giga, фран. gigue) – британияликлар, аниқроқ айтганда ирландияликлар тушган қадимий рақс, кейинчалик францияликлар орасида кенг тарқалди. Бугунги кунда ирландияликлар ва шотландияликлар орасида оммалашиб кетган.


МУНДАРИЖА


Комментариев нет:

Отправить комментарий