суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ЎН ИККИНЧИ БОБ. КЎНГИЛДАГИ ОРЗУЛАР КЎЗГУСИ

Рождество[1] кириб келишига саноқли кунлар қолди. Декабрь ойининг ўрталарида «Хогварц» қалин қорга бурканган ҳолатда уйғониб, кўл музлай бошлади. Қор соққаларини сеҳрлаб, профессор Белканинг салласини қорбўрон қилган эгизак Уэслиларга нисбатан қатъий чора кўрилди. Изғиринга базўр бардош берганча, почтани тайинланган манзилга етказа олган бойқушларни парвариш қилиб жонлантириш ва келган жойига жўнатиш – Хагриднинг сўнгги кунлардаги асосий юмишига айланиб қолди.

Ўқувчилар қишки таътилни сабрсизлик билан кутмоқда. «Гриффиндор» меҳмонхонаси ва Катта Зал каминларидаги олов деярли ўчмайди, аммо қаср йўлакларининг иссиқ тегмайдиган деворларини булдуриқ қоплаб кетган. Муздай эсган шамол синф хоналарининг деразаларига тақ-тақ урилади. Энг ёмони профессор Снегг тасарруфидаги ерости хоналарида ўтказиладиган, ҳавонинг совуқлигидан ўқувчилар оғзидан чиққан нафас булутчаларга айланиб қоладиган машғулотлар. Совқотган болалар сеҳрли дамлама қайнатаётган қозончаларига яқинроқ ўтириб олишади.
- Таътилни «Хогварц»да ўтказадиган айрим ўқувчиларга раҳмим келади, - деди Драко Малфой, тикка Гаррига қараб, - Нима ҳам қила олишар эди бундай бечоралар, агар уйдагилар уларни кўргани кўзи, отгани ўқи бўлмаса.
Краббе билан Гойл ҳиринглаб қўйишди.
Қанотли балиқнинг уриб янчилган умуртқасини тарозида тортиб ўтирган Гарри квидиш ўйинидан сўнг, мутлақо бадҳазм бўлиб қолган Малфойнинг сўзларига ҳам, анави иккаласининг ҳиринглашига ҳам эътибор қаратмасликни афзал топди.
- Келгуси ўйинга Сайёд сифатида Поттерни эмас ёғоч бақани олиш керак, - пичинг ташлади «Слизерин»нинг мағлубиятига ҳеч бардош бера олмаётган Драко, - Негаки, ундай бақанинг оғзи каттароқ бўлади.
Қутуриб кетган супурги устида омон қолган Гаррига ҳамма ҳалигача қойил қолиб юргани боис, ҳазил-мутойибалари кулгили эшитилмаётганини Малфойнинг ўзи ҳам охири тушуниб етди. Шунинг учун ҳам Гаррининг оиласи Драко учун пичинг гапларнинг такрорий мавзусига айланди.
Ҳақиқатан ҳам Гаррининг қишки таътилни Одамовилар хиёбонида ўтказиш нияти йўқ. Ўтган ҳафта, профессор Макгонагалл, таътилни «Хогварц»да ўтказадиган ўқувчилар рўйхатини тузаётганида у ўз номини биринчилардан бўлиб ёздириб қўйди. Бундай қарорни Гарри, Дурсллар уйига қайтишни истамаганидан эмас, аксинча, ҳаётидаги энг ажойиб Рождество ўтказишни истаганидан қабул қилди. Бунинг устига Рон ҳам, унинг акалари ҳам, «Хогварц»да қолишяпти. Негаки, мистер ва миссис Уэслилар Чарлидан хабар олгани Руминия сафарига чиқишни режалаштиришган.
Сеҳрли дамламалар тайёрлаш дарси тугаб, ерости йўлакларидан чиқаётган болалар олға илгарилашнинг иложи йўқлигини кўришди. Йўлакнинг чиқиш қисмини аста секин ҳаракатланаётган улкан арча тўсиб қўйган. Арча остидан чиқиб турган пойафзалнинг кўз кўрмаган ўлчами ва баланд эшитилиб турган ҳарсиллашдан уни Хагрид кўтариб кетаётганини англаш мумкин.
- Салом Хагрид, ёрдамлашиб юборай-ми?
- Раҳмат, Рон. Ишлар жойида, ўзим амаллайман.
- Четроқ тур, Хагрид, ўтказиб юбор бизни, - эшитилди Малфойнинг калондимоғ совуқ овози, - Ҳа Уэсли, ҳақ ишлаб олмоқчимисан? Фикримча, мактабни тамомлагач, қоровуллик қилмоқчисан шекилли. Ўзингга ярашадиган касб танлаб, тўғри қилибсан. Хагриднинг кулбаси оиланг яшайдиган уйча олдида ҳақиқий қасрдай кўринади, шундай эмасми?
Рон Малфойга ташланган эди ҳам-ки, зинапояда Снегг пайдо бўлди.
- УЭСЛИ!
Рон Малфойнинг ёқасини қўйиб юборди.
- Малфойнинг ўзи айбдор, профессор Снегг, - деди Хагрид, арча шохлари орасидан тўзғиган бошини чиқариб, - Оиласини ҳақорат қилди, ахир.
- Келиб чиқиш сабабининг аҳамияти йўқ, Хагрид, - жавоб қайтарди Снегг, риёкорона оҳангда, - «Хогварц»да ёқалашиш ман этилган. «Гриффиндор»дан беш балл айирилади. Кўпроқ айрилмаганидан миннатдор бўсангиз бўларди, Уэсли. Қани, тезроқ ўтларинг, - дўқ урди у йўлакдаги ўқувчиларга.
- Шошмай турсин, таъзирини бериб қўяман ҳали, - деди Рон, Малфойнинг кетидан дарғазаб қараб, - Узоқ куттириб қўймайман.
- Иккаласидан, Малфойдан ҳам, Снеггдан ҳам нафратланаман, - деди Гарри, дарғазаб оҳангда.
- Қўйсаларинг-чи, ҳой йигитчалар! - юпатган бўлди Хагрид, - Ҳаётга сал хушчақчақроқ қараш даркор! Мана, ҳа демай Рождество байрамини нишонлаймиз. Қани юринглар, Катта Залга борамиз, уни шундай безатиб ташлашганки, қўяверасиз!
Болалар арча кўтарган Хагрид билан биргаликда Катта Залга кириб боришди. У ерда профессор Макгонагалл ва профессор Флитвик безаш ишлари билан банд.
- Келдинг-ми, Хагрид! Сўнгги арча, арчажон. Уни ҳў нариги бурчакка қўй. Ҳа, ана ўша ерга.
Катта Зал ниҳоятда чиройли ясатилган. Деворларига омела[2] ва найзабаргдан тайёрланган гулчамбарлар осиб ташланган. Бир қатор терилган ўн иккита арча орасидаги масофа тенг танланган. Уларнинг айримлари кумуш тусли қор учқунлари билан безатилган бўлса, айримлари юзлаб шамлар билан ясатилган.
- Таътил бошланишига неча кун қолди? - сўради Хагрид.
- Атиги бир кун, - деди Гермиона, - Ҳа, айтгандай, болалар! Тушликка ҳали ярим соат бор, кутубхона кириб чиқишга улгурамиз.
- Айнан ҳақ гапирдинг, - деди Рон, профессор Флитвикнинг қилаётган ишидан кўзини базўр узиб.
Профессор сеҳрли таёқча учидан тилла ранг ҳаво шарларини бирин-кетин чиқариб, ҳозиргина келтирилган арча шохларини безашга киришиб кетди.
- Кутубхонага? - ҳайрон бўлиб сўради болалар кетидан чиққан Хагрид, - Таътил арафасида-я! Ўқишга ҳаддан ортиқ берилиб кетибсизлар-ми?
- Йўқ, илмий изланишларимизнинг мактабда ўқитилаётган фанларга ҳеч қандай дахли йўқ, - қувноқ кайфият-ла тушунтириш берди Гарри, - Сенинг оғзингдан чиқиб кетган Николас Фламел ким эканлигини билмоқчимиз.
- Нима? - Хагрид чиндан ҳам серрайиб қолди, - Менга қаранглар, ҳой чурвақалар, сизларга айтдим-ку, кўппак қўриқлаётган нарса билан ишларинг бўлмасин деб.
- Биз бари-бир Николас Фламел ким бўлганлигини билмоқчимиз, - ўжар оҳангда тушунтирди Гермиона.
- Хагрид, балки вақтни беҳуда ўтказмаслигимиз учун ўзинг айтиб қўя қоларсан унинг кимлигини? - соддадиллик билан таклиф киритди Гарри, - Биз минглаб китобларни варақлаб чиқдик. Унинг номи ҳеч қаерда қайд этилмаган. Лоақал шама қилиб қўй. Фламел исмини ўқиганим аниқ эсимда-ю, қачон ва қаерда ўқиганимни эслай олмаяпман.
- Ҳеч нарса айтмайман, - сийқа оҳанг-ла жавоб қайтарди Хагрид.
- Демак ўзимиз қидириб топамиз, - баёнот қилди Рон.
Болалар аччиғи чиққан Хагридни ёлғиз қолдириб, кутубхона томон йўл олишди.
Улар чиндан ҳам, Хагриднинг оғзидан гап чиқиб кетган кундан буён бир олам китобни титкилаб чиқишди. Снегг пайига тушган нарса нима эканлигини аниқлашнинг бошқа йўли йўқ. Ҳамма бало шундаки, номи бирон-бир китобда қайд этилиши учун Фламел қандай буюк иш кўрсатгани ҳақида маълумот ҳам йўқ, шу боис изланишларни нимадан бошлашни болалар билишмайди. Унинг номи «Йигирманчи асрнинг буюк сеҳргарлари»да ҳам, «Ким ким бўлган: давримизнинг машҳур сеҳргарлари»да ҳам, «Замонавий афсунгарликнинг энг муҳим кашфиётлари»да ҳам, «Сеҳргарлар оламидаги сўнгги ғоялар ҳақида этюд»да ҳам тилга олинмаган. Мактаб кутубхонасининг катталиги, унда мавжуд ўн минглаб китоблар, минглаб токчалар, юзлаб жавонлар ҳақида гапирмаса бўлаверади.
Кутубхонага киришгач, Гермиона бугунги қидирув ишларининг ўзи учун тузиб олган режаси, яъни тегишли мавзуларга оид китоблар рўйхатини чиқарди. Рон рўбару келган китоб токчаси ёнига келиб, қўлига кирган биринчи китобни тусмоллаб олди. Гарри эса кутубхонанинг махфий бўлими томон йўл олди. Негадир унинг хаёлига Фламелни айни ўша бўлимда қидириш керак деган фикр келди. Таассуфки, махфий бўлимда сақланадиган китобларни олиб, мутолаа қилиш учун кутубхона ходимига тегишли ўқитувчи томонидан расмийлаштирилган ёзма рухсатномани тақдим этиш керак. Гарри эса бундай рухсатномани олишга кўзи етмайди. Махфий бўлимда ёвуз кучлар томонидан қўлланиладиган энг кучли афсунлар тавсифланган китоблар сақланади. Уларни мутолаа қилишга рухсатнома фақат юқори синфда таҳсил кўриб, ёвузлик кучидан ҳимоя илмини ўзлаштираётган ўқувчиларгагина берилади.
Гарри махфий бўлимга кириб бориши билан патлардан боғланган супургича воситасида китоблар сиртидаги чангни қоқиб тушираётган кутубхона ходими Шипц хонимга рўбару бўлди.
- Нима қидиряпсан болакай?
- Ҳеч нарса, - ёлғон гапирди Гарри.
- Ундай бўлса, бу ердан туёғингни шиғиллатиб қолганинг маъқул. Тез бўл, - деди Шипц хоним қўлидаги меҳнат қуролини Гаррига ўқтаб.
Ҳақиқатга яқинроқ бирор-бир ёлғон тўқиб гапирмаганлигига афсус қилган Гарри махфий бўлимни тарк этиб, кутубхонанинг узун йўлаклари бўйлаб сандироқлаганча, ортга қайтишга мажбур бўлди. Шипц хонимни изланишлар мавзусидан бехабар қолдиришни учовлон афзал кўрмоқда. Шубҳа йўқ-ки кутубхона ходимаси керакли маълумотларни қаердан қидириш даркорлигини айтиб беради. Бироқ учала дўст томонидан олиб борилаётган тадқиқот мавзуси ҳақидаги миш-миш гаплардан Снегг ҳам хабар топиб қолиши мумкин. Шу боис болалар таваккал қилишни истамадилар.
Рон ёки Гермиона бирор-бир маълумот топганига умид боғлаган Гарри, умумий кутубхона йўлакларида ўртоқларини қидириб юрди. Болалар икки ҳафтадан буён уринишаётган бўлса ҳам, қидирув амалларини онда-сонда бажаришга улгурмоқдалар, табиийки, натижа ҳам сезиларли самара бермаяпти. Қани эди кутубхонада истаганча вақт ўтказиш имкони бўлса-ю, Шипц хоним халал бермаса!
Беш дақиқадан сўнг, бош силкитганча, ҳеч нарса топилмаганини ишора қилган Рон билан Гермиона кўринди. Учовлон тушлик қилгани Катта Зал томон йўл олди.
- Мен йўқлигимда қидирув ишларини тўхтатмайсиз-ку, а? - сўради Гермиона, - Агар бирор-бир қизиқроқ маълумот топсангиз бойқуш йўллашни унутманг.
- Гермиона, балки ота-онанг Николас Фламел тўғрисида бирор нарса билишар, сўраб кўрмайсан-ми? - фикр билдирди Рон, - Бунинг қўрқинчли жойи йўқ-ку, шундайми?
- Қўрқинчли жойи йўқ. Улар иккаласи ҳам тиш докторлари, - жавоб қайтарди Гермиона, «Иккаласи ҳам магл бўлса, Фламел тўғрисида қаердан билади» дейишдан ўзини тийиб.

***
Қишки таътил. Гарри билан Рон учун бахтиёр кунлар бошланди. Ётоқхонада фақат иккаласи қолган. «Гриффиндор»нинг умумий меҳмонхонасида ҳам жой етарлидан ортиқ бўлиб, каминга яқинроқ креслолар учун курашишга ҳожат йўқ. Болалар, ушбу креслоларда соатлаб ўтириб, Фламел ҳақида ўйлашди, нонми у, кулчами, гулханда иситиб еса бўладиган егулик борки, узун санчқига санчиб қиздиришганча, маза қилиб еб ўтиришди. Малфойга қарши ҳийла-найрангларни ҳаётга татбиқ этишни хаёлларига келтиришмаса-да, уни мактабдан ҳайдаб юборишлари учун дасисалар режалаштириб, маза қилишди.
Бундан ташқари, Рон Гаррига сеҳрли шахмат ўйнашни ўргата бошлади. Ўйин қоидалари маглларнинг шахмат ўйини қоидаларидан ҳеч фарқ қилмайди. Ягона тафовут шундан иборатки, шахмат доналарининг ҳаммаси жонли бўлиб, улар билан ўйнаётган одам ўзини жанг майдонидаги саркардадай ҳис этади. Роннинг шахмат доналари, бошқа бисотлари каби эскириб, титиғи чиқиб кетган. Умуман Роннинг ихтиёридаги жамики нарсаларни оила аъзоларидан қайсидир бири муқаддам ишлатган. Мисол учун, мана бу шахматни бир вақтлар Роннинг бобоси ўйнаб юрган. Шундай бўлса-да, эски доналар кўпни кўрган азамат жангчилардай кўринади. Рон ўз навкарларининг табиатини жуда яхши ўрганиб олганлиги ва тегишли чоралар кўриб юрганлиги боис ҳам, тасарруфидаги қўшинлар шахсий таркиби орасида умумқўшин низомларга зид муносабатлар деярли рўй бермайди.
Ўз шахмати бўлмаганлиги боис Гарри Симус Финниганнинг тўплами билан ўйнади. Шахмат доналари Гаррининг оз бўлса-да, саркардалик қобилиятига эга эканлигига шубҳа билан қарашди. Бола ҳали яхши ўйнай олмас, баджаҳл доналар эса унга қичқириб, турли хил маслаҳатлар беришар, шунинг учун бўлса керак, қандай юришни билмаган Гарри, эсанкираб қолар эди.
- Нима қиляпсан, ҳой валакисаланг, - чинқирар эди бақироқ пиёдалардан бири қўлидаги қуролни Гаррига ўқтаб, - Мени у ёққа жўнатма. Рақибнинг отини кўрмаяпсан-ми? Хаёлингни йиғиб олсанг-чи, овсар! Яхшиси ҳў анави пиёдани жўнат! Мана бу бекорчини эса ҳеч бой бера олмаяпсан.
Гарри, эртанги ўйин-кулги ва кечки овқат вақтида уюштириладиган тантанали зиёфат ҳақида ўйлаганча, ётиб дам олгани ётоқхонага йўл олди. Байрам муносабати билан совға олиш унинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Бироқ эрталаб уйғониб, каравотининг оёқ томонидаги бир тўп совға-саломга кўзи тушди.
- Рождество муборак, - уйқусираб пўнғиллади Рон, Гаррининг каравотдан туриб, халатини кияётганини пайқагач.
- Сенга ҳам муборак, - жавоб қайтарди Гарри, - Мана буни қара! Менга ҳам совға юборишибди!
- Нима, бирор қоп брюква[3] кутганмидинг? - қўпол фикр билдирди Рон, ўртоғининг совғаларига нисбатан умумий ҳажми каттароқ совғалари томон юзланиб.
Гарри совғалар уюми устидаги қутини қўлига олди. Совға қалин жигар ранг қоғозга ўралган бўлиб, устига қинғир-қийшиқ дастхат билан: «Хагриддан Гаррига» сўзлари битилган. Тугунча ичидан дағалроқ ясалган ёғоч флейта[4] чиқди. Хагрид ўз қўли билан ясаганга ўхшайди уни. Гарри флейтани чалиб кўрди ҳам-ки, ундан бойқушнинг овозига ўхшаш товуш чиқди.
Иккинчи совға халтачаси ичидан: «Хатингни олдик, Рождествога атаб жавобан совға ҳам юбордик. Вернон амакинг ва Петунья холанг», - деб битилган хат ва унга илова қилинган эллик пенс танга чиқди.
- Нима ҳам дердим, ажойиб совға, - деди Гарри.
- Ғалати-ку - қичқириб юборди бундай «совға»ни кўрган Рон, - Шакли жуда ғайриоддий экан! Чиндан ҳам пулми бу?!
- Ол, мендан сенга байрам совғаси, - таклиф қилди Гарри, Роннинг ҳайратидан кулиб, - Хўш, бу Хагриддан экан, буниси амаким ва холамдан, буниси кимдан бўлди?
- Назаримда англаганга ўхшайман кимдан эканлигини, - деди Рон, бирон-бир шаклга эга бўлмаган халтани кўрсатганча, қизариб, - Бу совға менинг ойимдан. Сен ҳеч кимдан совға кутмаётганинг ҳақида ёзиб юборган эдим унга.
- О, йўқ! - инграб юборди Рон, халтани пайпаслаб кўргач, - Ойим сенга ҳам Уэслилар свитери «Уэслитер» тўқибди.
Гарри сабрсизлик билан халтани очиб, ичидан қўлда тўқилган зумрад-яшил рангли қалин свитер ва уйда тайёрланган ирис қандларининг қутисини чиқарди.
- Ойим ҳар йили бизга биттадан свитер тўқиб беради, - тушунтирди Рон, совғаларидан бирини очар экан, - Менга доим тўқ қизил ранглиси насиб қилади.
- Зўр-ку, - самимий завқланди Гарри, ирислардан биттасини татиб кўриб, - Роса мазали экан.
Навбатдаги совға ҳам ширинлик – Гермиона юборган шокобақалар экан.
Очилмаган сўнгги совға қолди. Совғани қўлига олган Гарри, унинг ниҳоятда енгиллигига эътибор қаратди.
- Бу нима бўлиши мумкин?
Очилган қадоқдан қандайдир кумуш-кул ранг буюм худди оқиб чиққандай сирпаниб ерга тушди-да, қатлари билинар-билинмас ялтираб қолди. Гаррининг совғасини кўрган Роннинг нафаси тиқилиб қолди.
- Бундай буюм ҳақида эшитганман, - деди у, хириллаб қолган овоз билан, Гермиона юборган барча таъмларни ўзига мужассам этган Берти Ботт ёнғоқларини қўлидан тушириб юбориб, - Агар у чиндан ҳам мен ўйлаган нарса бўлса, сен жуда камёб ва ниҳоятда қимматбаҳо нарсага эга бўлдинг.
- Нима ўзи бу?
Гарри ерда ётган кумуш ранг, худди сувдан тўқилганга ўхшаб кетадиган ялтироқ матони қўлига олди.
- Бу кўринмас плаш, - иззат-ҳурматни ифодалаган оҳангда шивирлади Рон, - Ишончим комилки, бу худди ўша. Кийиб кўр.
Гарри плашни эгнига ташлаган эди ҳам-ки, Рон беихтиёр қичқириб юборди.
- Бу ўша! Пастга қара!
Гарри оёғига қаради. Оёқ йўқ. У кўзгу томон зинғиллади. Кўзгуда фақат юзини кўрди. Танаси умуман кўринмайди. Плашнинг қолган қисми билан бошини ёпиб, мутлақо кўринмас бўлиб қолди.
- Хат!, - қичқирди Рон, - Хат тушиб қолибди!
Гарри плашни ечиб, хатни чангаллади. Илмоқсимон, камбар дастхат билан битилган мактуб:

«Буни менга раҳматли отанг ўлимидан олдин, худди ниманидир сезгандай, сақлашим учун қолдириб кетган эди. Омонатни эгасига топшириш вақти етди. Уни ақл-фаросат билан ишлат.
Сенга қувноқ ва бахтли Рождество тилайман».

Хат муаллифи имзо чекмаганлиги, исмини ёзмаганлиги боис кимдан келганлиги номаълум. Гарри ўйланиб хатга қараб қолди, Рон эса плашни ҳайрат ила томоша қилиб ўтирди.
- Бундай плаш учун мен бор нарсамни берган бўлар эдим. Бор нарсамни. Сенга нима қилди Гарри?
- Ҳеч нима қилгани йўқ.
Гарри ўзини бошқача ҳис этди. Ким жўнатиши мумкин плашни? Чиндан ҳам отаси кийиб юрганми-ди уни?!
Бироқ у, ўйига етиши, бу борада бирон-бир фикр билдиришга улгурмай, эшик очилиб, ётоқхонага Фред билан Жорж ёпирилиб киришди. Ички кечинмаларини ҳеч ким билан ўртоқлашишни истамаган Гарри плашини тез яшириб қўйди.
- Рождество муборак!
- Ие, мана буни қаранглар, Гаррига ҳам «Уэслитер» юборилибди!
Фред билан Жорж бир хил мовий свитер кийиб олишган, фақат улардан бирида каттагина, сариқ тусли савлатли «Ф», иккинчисида эса «Ж» ҳарфи кўринмоқда.
- Таъкидлаб ўтишим жоизки, - баёнот қилди Фред, Гаррининг свитерини диққат билан ўрганиб чиқиб, - Ойим Гарри учун ҳаддан ортиқ ҳаракат қилиб юборибди. Бировнинг боласи, деб шунга айтсалар керакда.
- Хўш, сен нима учун свитерингни кийиб олмадинг, Рон? Қани тез кийиб олчи. У жуда мулойим, иссиқ тутади, - буйруқ берди Жорж.
- Тўқ қизил рангни кўргани кўзим йўқ, - минғиллади Рон, свитерини истар-истамас кийиб.
- Сенинг свитерингда ҳарф йўқ экан. Исмингни унутиб қўймаслигинга ойимнинг ишончи комилга ўхшайди, - деди Жорж, укасининг атрофида айланиб чиқиб, - Биз тентаклар эса қандай қилиб исмларимизни, қайси биримиз Жред, қайси биримиз Форж эканлигимизни адаштириб қўймаслигимизни ойим ҳеч тушунмайди.
- Нима шовқин? - остонада юзи норози қиёфа касб этган Перси Уэсли кўринди.
Қўлида «Уэслитер» тутиб турганига қараганда, у ҳам совғаларини кўриб чиққанга ўхшайди чамаси. Фред Персининг қўлидаги свитерни шартта тортиб олдида, ёзиб кўрди.
- «П»! Ҳа, бу «Синфбоши» дегани бўлса керак! Қани тез кийиб олчи, Перси, биз кийиб олдик. Қара ҳатто Гарри ҳам «Уэслитер»ли бўлиб қолди.
- Истамайман... - бўғиқ пишиллади Перси, Фред билан Жорж куч ишлатиб унинг эгнига свитерини кийдириб қўйишар экан.
Тадбир ниҳоясида Персининг кўзойнаги чаккасига келиб қолди.
- Сен бугун синфбошилар билан ўтирмайсан-ку, свитерингдан уялгани, - деди Жорж, - Рождество оилавий байрам, уни биргаликда нишонлаймиз.
Эгизаклар Персини оёқ-қўлидан маҳкам ушлаб, бошини пастга осилтириб кўтаришганча, ётоқхонани тарк этишди.
Гаррининг ҳаётида ҳали бу қадар дабдабали Рождество тушлиги бўлмаган. Дастурхонга юзлаб қовурилган курка, картошканинг қовурилган ва қайнатилган турлари, калтагина, ингичка сосискалардан тайёрланган кўплаб таомлар, мой билан ишлов берилган кўк нўхатга тўла идишлар, қуюқ, хушбўй ҳидли қайла ва клюква[5] қайласи солинган қайладонлар қатори, бир-биридан ҳар икки-уч фут нарида териб чиқилган кўплаб сирли крекерлар[6] тортилган.
Бундай бой, гўзал дастурхонни магллар Рождествога тузадиган дастурхон билан қиёслаб бўлмайди, албатта. Бу борада Дурслларнинг чиранишлари Гаррининг эсига тушди. Улар Рождество таомларини бадбуруш пластмасса ўйинчоқлар ва қоғоздан суюқ ясалган соябонлар билан ясатадилар.
Гарри билан Фред битта крекерни иккаласи бўлишишга келишиб, синдиришди. Одатда, қаср-қусур синиши керак бўлган крекер мисоли кема тўпидай гумбурлаб кетди. Мовий тутун домида қолган болалар крекер ичидан чиққан бир нечта тирик оқ сичқонларни кўриб, контр-адмирал[7] фуражкасига эга бўлишди. Мўътабар Стол ортида сеҳргарларнинг чўққидор бош кийими ўрнига гуллар билан безатилган похол шляпа кийиб олган Альбус Дамблдор профессор Флитвик айтиб бераётган латифалардан ичаги узилиб кетгудек хандон отиб ўтирибди.
Қовурилган куркадан сўнг, устига ёниб турган пунш[8] сепилган байрам пудингги тортилди. Улардан бирининг ичидаги кумуш склатни тишлаб олган Перси тишини синдириб олишига сал қолди.
Гарри Хагриднинг хатти-ҳаракатларини қизиқиб кузатиб ўтирди. У такрор ва такрор вино сўриб, борган сари қизариб бормоқда. Ниҳоят Хагриднинг кайфи ошиб профессор Макгонагаллнинг юзидан ўпишга киришиб кетди. Шляпаси чаккасига сурилиб қолган профессорнинг қаршилик кўрсатмай, аксинча ҳиринглаб ўтириши эса Гаррини ҳайрон қолдирди.
Зиёфат ниҳоясига етганида Гаррининг қўли крекерлар ичидан чиққан ҳар хил қизиқ нарсаларга тўлиб-тошди. Улар орасида ярқираб турадиган ёрилмас ҳаво шарчалари тўплами, мустақил равишда сўгал ўстириш тўплами ва энди ўз сеҳрли шахмати бор. Оқ сичқонлар кўздан ғойиб бўлишди. Ушбу сичқонлар миссис Норриснинг байрам тушлигига айланиб қолишмаса бўлди, хавотирланди Гарри.
Гарри куннинг иккинчи ярмини, барча Уэслилар билан биргаликда, ҳовлида жон-жаҳд билан, эс-ҳушини йўқотиб қўйгудай даражада қор бўрон ўйнаб ўтказди. Совқотган, кийими жиққа ҳўл бўлган, толиқиб ҳансираб қолган болалар «Гриффиндор»нинг умумий меҳмонхонасига қайтиб, ўзларини камин яқинидаги креслоларга ташлашди. Бу ерда Гарри билан Рон янги шахматни синовдан ўтказишди. Табиийки, Гарри шармандаларча бой берди. Агар Перси Гаррига ғайрат билан ёрдам бермаганида, эҳтимол у бу қадар уятли муваффақиятсизликка учрамас эди.
Курка ҳамда ёғ, сут, тухум кабилар солинган нондан тайёрланган сэндвич[9], трюфеллар ва байрам пирогидан ташкил топган кечки байрам зиёфатида ҳамма шу қадар тўйиб қолди-ки, содда қилиб айтганда бўкиб қолди. Уйқуга ётгунга қадар деярли ҳеч ким бирор-бир бамаъни иш билан машғул бўла олмади. Акасининг «Синфбоши» кўкрак нишонини олиб қочишган эгизаклар Фред билан Жорж кетидан бутун «Гриффиндор» минораси бўйлаб қувиб юрган Персининг натижасиз хатти-ҳаракатлари эринчоқлик билан кузатиб ўтирилди.
Ушбу Рождество Гарри учун ҳаётидаги энг зўр байрам бўлди. Лекин куни билан нимадир уни ич-ичидан кемириб борди. Кечқурун ўрнига бориб ётгунга қадар бу ҳақда бамайлихотир ўйлашга вақти бўлмади. Шундай қилиб, кўринмас плаш ва уни ким совға қилгани Гарри учун навбатдаги жумбоқ бўлди.
Курка билан пирогни еб бўккан, ўйланиб ётишга мажбур қиладиган ғам-ташвиши бўлмаган Рон, пардани тортиши билан тарашадай қотиб қолди. Гарри эса ётган жойида каравоти остидаги кўринмас плашни чиқарди.
Бу отасининг... ўз отасининг... буюми. Бир қўлдан иккинчисига енгил оқиб ўтаётган мато, шойидан мулойим, ҳаводан енгил. «Уни ақл-фаросат билан ишлат».
Ҳозироқ кийиб кўриш керак. У каравотдан тушиб, плашга ўраниб олди. Оёғи йўқ, ўрнида хонадаги буюмлар сояси ва Ой нури кўринади. Жуда ғалати туйғу. «Уни ақл-фаросат билан ишлат».
Дафъатан, Гарри, қандайдир ғайриоддий тетикликни ҳис этди. Ахир бундай плаш билан «Хогварц»да мавжуд жамики эшиклар унинг қаршисида ланг очилади-ку. Ётоқхонанинг сокин қоронғилигида турар экан, вужудини сабрсиз туғённинг кучли тўлқинлари қамраб олди. Плашни кийиб хоҳлаган жойга бориши мумкин ва айни вақтда, ҳеч қандай Филч ундан шубҳа қила олмайди.
Ухлаб ётган Рон алаҳсираб қўйди. Уни уйғотиш керакми? Нимадир Гаррини ушбу фикрдан қайтарди. Плаш отасиники ва у, айни шу плаш воситасида отаси билан яқин боғланганлигини ҳис этиб, ёлғиз қолишни истади.
Гарри астагина ётоқхонадан чиқиб, зина бўйлаб пастга тушди. Меҳмонхона орқали ўтиб, портрет орқасидаги туйнук қаршисига етиб келди.
- Ким у? - қағиллаб сўради уйқусираган Семиз Хола.
Гарри портретнинг саволини жавобсиз қолдириб, йўлак бўйлаб тез одимлади.
Қаёққа борса экан? У қутуриб кетгандай ураётган юрагини бир оз тинчлантириш учун йўлак ўртасида тўхтаб, қаёққа боришни ўйлаб қолди. Кутубхонанинг махфий бўлими! Кутилмаганда хаёлига келган ушбу ўйдан ўзи хурсанд бўлиб кетди. Ана энди у Николас Фламел тўғрисида маълумот топиш учун қанча вақт керак бўлса, шунча вақт ўқиб ўтириши мумкин. Қарор қилгач, очилиб кетмаслиги учун плашини иккала қўли билан тутганча, махфий бўлим томон йўл олди.
Кутубхонада зимистон бўлиб, кишини ваҳима босадиган зулмат қарор топган. Гарри қаёққа кетаётганини кўриш ва токчаларга урилиб кетмаслиги учун қўлидаги фонусни ёқди. Фонус, гўё ҳавода учиб бораётгандай кўринди кўзига. Бола фонусни ўзи, ўз қўлида тутиб бораётганлигини аниқ идрок этаётган бўлса-да, ҳавода учаётганини кўриб, эти жимирлашиб кетди.
Махфий бўлим кутубхонанинг охирида, ўнг томонда жойлашган. Ман этилган китобларни бошқа китоблардан ажратиб турган арқондан эҳтиёткорона ошиб ўтгач, фонусни баландроқ кўтариб, китоб номларини ўқишга киришиб кетди.
Китоб номлари бирор-бир маълумот бермади. Муқовадан кўчган, хира тортган тилла ҳарфлар Гарри муқаддам эшитмаган тилларда битилган сўзларни ташкил этган. Айрим китоб номлари эса умуман кўринмай қолган. Китоблардан бирининг муқовасида қонга ўхшаш доғ кўринди. Кутилмаганда қулоғига пичир-пичир овозлар эшитилган Гаррининг тепа сочи тикка бўлиб кетди. Балки унга шундай туюлгандир, бироқ китоблар, ушбу бўлимга кириши мумкин бўлмаган одам қадам ранжида қилганини ваҳима ила муҳокама қилаётгандай бўлди.
Модомики кутубхонага кириб келди-ми, ишни нимадандир бошлаши керак, хаёлдан ўтказди Гарри, фонусни аста ерга қўйиб. У, муқоваси қизиқроқ китоб топиш мақсадида қуйи токчаларга кўз югуртирди. Номи кумуш ҳарфлар билан ёзилган фолиант[10] боланинг эътиборини ўзига жалб этди. Гарри, ушбу оғир китобни бир илож қилиб жойидан чиқариб олдида, тиззасига жойлаб, очди.
Кутилмаганда китоб, сукунатни бузиб, киши томирларидаги қонни музлатиб қўядиган даражада чийиллаб юборди. Гарри уни тез ёпиб қўйишига қарамай, товуш узлуксиз, қулоқ пардасини ёриб юборгудай баланд, ягона нотада янграшни давом этди. Гарри эҳтиётсизлик билан орқага чекиниб, фонусни ағдариб юборди. Фонус ўчиб, атрофни яна зулмат қоплади. Ваҳимага тушиб қолган Гарри йўлакда эшитилаётган қадам товушидан кимдир шиддат билан яқинлашаётганини пайқади. Гарри чийиллаётган адабий асарни жойига тиқиб, чиқиш эшиги томон югурди. Кутубхонадан чиқаверишда эса Филчга рўбару келди. Назоратчининг рангсиз ёввойи кўзи Гарри орқали қаергадир қараб турибди. Гарри қўлини кўтариб олган Филчнинг қўлтиғи остидан аста ўтиб, шовқин солмай йўлак бўйлаб нари қочди. Безовта қилинган фолиантнинг чийиллаши унинг қулоқларида узоқ вақт шанғиллаганча қолди.
Кутилмаганда Гарри бошини рицарлар совутига уриб олди. Имкон қадар кутубхонадан нари кетишга ҳаракат қилган бола қаёққа югуриб кетаётганига эътибор ҳам қаратмади. Энди эса эҳтимол атроф жуда қоронғи бўлгани боис, қаерга келиб қолганини билмай, эсанкираб қолди. Рицарлар совути Катта Зал яқинида турганидан хабари бор бироқ ҳозир у, Катта Залдан беш қават юқорида бўлиши керак-ку.
- Тунги соатларда юрганлар ҳақида бевосита ўзингизга билдирув беришни илтимос қилган эдингиз, профессор. Шу боис маълум қиламанки, кимдир кутубхонанинг махфий бўлимига кирибди.
Гаррининг томирларидаги қон гўё танасини тарк этиб, қаёққадир кетиб қолаётгандай бўлди. У ҳозир қаерда турганини билмайди. Филч эса айни пайтда Гарри турган жойга тез етиб келишнинг яширин йўлини жуда яхши билади чамаси. Негаки, мактаб назоратчисининг тилёғлама, суллоҳ овози тобора яққол эшитилмоқда. Бунинг устига, боланинг бахтига қарши, Филчнинг овозига жавобан Снеггнинг овози эшитилди.
- Махфий бўлимга дейсизми? Ундай бўлса, узоқ кета олишмайди. Биз албатта тутиб оламиз уларни.
Бу гапни эшитган Гарри оёғи билан полга ёпишиб қолгандай бўлди. Айни фурсатда Снегг билан Филч яқин орадаги муюлиш ортидан чиқиб қолишди. Улар тунги сайёҳни кўрмайдилар, албатта. Бироқ яқинроқ келишадиган бўлишса, тор йўлакда уни туртиб ўтишлари муқаррар. Гарри кўринмас бўлиб олгани билан, унинг танаси қаттиқ жисм сифатида йўқ бўлиб қолгани йўқ-ку, ҳар қалай.
Гарри орқага чекиниб, қутулиб қолишнинг ягона йўли – чап томондаги қия очиқ эшикни кўриб қолди. У нафас олишни тўхтатганча, эшикка тегмай ўтишга ҳаракат қилиб, хонага кириб олди. Эшик ёнидан ўтган Снегг билан Филч болани сезишмади. Бедармон Гарри эса деворга суяниб, нафас ростлаганча, узоқлашиб бораётган қадам товушларига диққат билан қулоқ тутиб турди. Бу гал қўлга тушиб қолишига бир бахя қолди. Бир неча сония ўтгач, қайси хонага кириб қолганлигини билиш учун атрофга кўз югуртирди.
Бир қарашда, узоқ вақтдан буён машғулотлар ўтилмаган синф хонасига ўхшаб кетади. Қоронғи хонада синф тахтаси ва бир-бирининг устига тахлаб чиқилган парталар, сал нарида онтарилган чиқинди ташлаш савати кўринди. Рўпарадаги девор ёнида эса синф хонасига мос келмайдиган, гўё ёт кўзлардан бекитиб қўйиш мақсадида олиб кирилган катта буюм кўринди.
Бу ниҳоятда чиройли, бўйи шифтга етадиган, тилла ҳошияси нақшинкор, тирноқли оёққа ўрнатилган, юзасининг юқори қисмига «Иов тяин евор косон килен» безак ёзуви битилган кўзгу экан.
Снегг билан Филч узоқлашган сари, қўрқув ҳисси ҳам Гаррининг вужудини аста тарк эта бошлади. У эҳтиётлик билан кўзгуга яқин келиб, аксига қаради. Табиийки, кўзгуда акси кўринмади. Шунда Гарри шартта плашни ечиб, кўзгунинг қаршисида тик турди.
Кўзгуга қараган бола бақириб юбормаслик учун иккала кафтини оғзига маҳкам босиб олди. У кескин орқага бурилди. Гаррининг юраги махфий бўлимдаги китоб чинқириб юборганда ургандан ҳам тез ура бошлади. Негаки, кўзгуда нафақат унинг акси, балки ортида турган бир тўда одам акси ҳам кўринди.
Лекин хонада ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ. Тез ва энтикиб нафас олган Гарри аста-секин яна кўзгу томон юзланди.
Гарри қўрққанидан кўзгудаги аксининг юзида қон қолмаганлигига эътибор қаратди. Аксининг ортида эса кам деганда ўн киши турибди. У елкаси узра яна ортга қаради. Хонада ҳеч ким йўқ. Улар ҳам кўринмас кишиларми? Нималар бўляпти ўзи? Эҳтимол бола кўринмас одамлар тўпланиб олган хонага кириб қолган-у, кўринар-кўринмас бўлишдан қатъи назар кўзгу уларни кўрсатяпти-ми?
Гарри яна кўзгуга қаради. Бевосита ортида турган аёл табассум қилганча, қўл силтади. Гарри қўлини орқага узатди. Агар аёл чиндан ҳам ортда турганида бола сезган бўлар эди. Негаки улар, бир-бирига жуда яқин турибди. Бироқ Гаррининг қўли бўшлиқдан бошқа ҳеч нарса сезмади. Демак аёл ҳам, бошқа кишилар ҳам фақат кўзгу ичида.
Аёл жуда гўзал, сочлари тўқ-малла ранг, кўзи эса... Унинг кўзи боланинг кўзига ўхшар экан. Гарри кўзгуга яқинроқ борди. Аёл ҳам худди Гарри каби фирузакўз бўлиб, кўз қийиғи ҳам Гаррининг кўзиникига ўхшайди. Бироқ аёл кулиш билан баробар энди йиғлаяпти ҳам. Баланд бўйли, озғин, қора сочли бир киши аёлнинг ёнига келиб, елкасидан қучиб олди. У кўзойнак тақиб олган бўлиб, сочлари тўзғиб кетган эди. Бошининг орқа томонидаги сочлари эса... худди Гаррининг сочларига ўхшаб, деярли тик ўсган.
Гарри кўзгуга шу қадар яқин келдики, бурни билан аксига тақалиб қолди.
- Ойи? - шивирлади у, - Дада?
Улар болага қараб, кулиб қўйишди. Гарри кўзгуда кўринаётган бошқа одамларнинг юзларига ҳам аста секин разм солиб, қараб чиқди. Кўзгуда у, худди ўзининг кўзига ўхшаш бир неча жуфт фируза кўзларни, ўзининг бурнига ўхшаш бир нечта бурунларни, бир қариянинг тиззалари эса худди ўзининг тиззаларига ўхшаб бўртиб чиққанини кўрди. Гарри ҳаётида илк бор ўз оиласи билан юз кўришди.
Поттерлар кулиб, Гаррига қўл силташмоқда. Бола эса уларнинг юзларига тикилиб, кафтини босганча, кўзгу орқали ўтиш, қариндош-уруғларининг ҳар бирини ушлаб кўришга уринди. Гарри гўё кимдир унинг қалбидаги катта қувонч билан оғир қайғуни уйғунлаштириб, яхлит қилиб қўйгандай, қандайдир ғайриоддий ҳиссиётларни бошдан кечирди.
Шу ҳолатда қанча вақт турганини билмайди. Қариндошларининг акси йўқолмади. Токи узоқда эшитилган шовқин уни ҳушига қайтаргунга қадар тураверди. У ортиқ бу ерда қола олмайди, ётоқхонасига етиб бориши лозим.
- Мен яна келаман, - пичирлади у, онасининг аксидан кўзини базўр узганча, хонани тарк этиб.
- Мени уйғотсанг бўларди, - хафа бўлиб пўнғиллади Рон, бўлиб ўтган гапларни эшитиб.
- Бугун борамиз. Мен ўша хонани топиб, кўзгуни кўрсатмоқчиман.
- Сенинг ота-онангни кўраман эканда, - деди иштиёқ билан Рон.
- Мен эса сенинг оилангни, жамики Уэслиларни кўрмоқчиман. Катта акаларинг ва қолган барча қариндошларингни кўрсата оласан.
- Уларни сен шундоқ ҳам кўришинг мумкин, - қўлини силтади Рон, - Ёзги таътилда меҳмонга келсанг, кўрасан. Балки бу кўзгу фақат марҳумларни кўрсатар. Эсиз, Фламел ҳақида бирон нарса аниқламаганинг чатоқ бўлибди. Лоақал бир бўлак бекон еб олсанг-чи, нега ҳеч нарса емаяпсан?
Гаррининг томоғидан овқат ўтмади. Тунда ўз ота-онасини учратди. Бугун яна учрашади. Фламелни эса умуман унутиб юборди. Бу мавзу энди Гаррига аҳамиятсиз бўлиб қолди. Анави уч каллали аҳмоқ ит нимани қўриқлаб ётгани билан нима иши бор энди унинг? Хўп, Снегг ўша кўппак қўриқлаётган нарсани ўғирлаб олганида ҳам Гаррига нима фарқи бор?
- Сенга нима қилди, Гарри? - сўради Рон, - Қандайдир ғалатироқ бўлиб қолдинг.
Кўзгу ўрнатилган ўша хонани яна топа олиш-олмаслиги ҳозир Гаррини қайғуга солаётган асосий муаммо эди. Рон иккаласи плашга ўраниб олишгани учун, кечагидан кўра секинроқ юришга тўғри келди. Икковлон кеча тунда Гарри кутубхонани тарк этиб чиққанидан сўнг босиб ўтган йўлни хаёлан тиклашга уриниб, қоронғи йўлакларда бир соатдан ортиқ сандироқлаб юришди.
- Мен совқотдим, - арз қилди Рон, - Балки ортга қайтармиз.
- Йўқ! - қатъият-ла шивирлади Гарри, - Сезиб турибман, биз ўша хона яқинида юрибмиз.
Рўпарада найнов афсунгарнинг арвоҳидан бошқа ҳеч ким кўринмади. Рон эндигина минғирлашга тушмоқчи эди ҳам-ки, Гарри рицарь совутини кўриб қолди.
- Мана шу ерда. Ҳа, шу ерда. Мана!
Улар эшикни очиб ичкарига киришди. Гарри плашни ерга ташлаб, кўзгу томон отилди. Мана улар, Гаррининг ота-онаси. Болани кўриб хурсандликдан кулишяпти.
- Кўрдинг-ми?
- Ҳеч кимни кўмаяпман.
- Яхшироқ қарасанг-чи! Қара... Мана улар ҳаммаси...
- Мен фақат ўзимни кўряпман.
- Тузукроқ қара. Кел, менинг ўрнимга туриб ол.
Гарри четга қочди. Бироқ Рон унинг ўрнига келиб туриши билан Гаррининг оиласи ғойиб бўлди. Энди кўзгуда пахмоқ матодан тикилган пижама кийган Роннинг акси кўринди. Лекин у, худди сеҳрлаб қўйилгандай аксига маҳлиё бўлиб қолди.
- Мени аксимга қара, Гарри!
- Сен ҳам оилангни кўриб қолдинг-ми?
- Йўқ, мен танҳо ўзим турибман. Фақат энди ҳозиргидай эмасман. Ёшим улғайиб, мактабнинг энг ибратли ўқувчисиман!
- Нима?
- Менинг... акам Биллга берилган каби нишоним бор... Қўлимда коллеж кубоги... Иккинчи қўлимда квидиш кубоги... Қара, мен квидиш жамоасининг сардори эканман.
Рон нигоҳини ўз аксидан базўр узиб, завқ тўла кўзи ила Гаррига юзланди.
- Нима деб ўйлайсан, кўзгу келажакни кўрсатадими?
- Бўлиши мумкин эмас. Оила аъзоларим битта қолмай ўлиб кетишган-ку. Қоч, мен уларни кўрай.
- Сен кеча туни билан кўрдинг. Мен ҳам қараб олай.
- Сен атиги кубок ушлаб турибсан холос. Нимаси қизиқ буни? Мен ота-онамни кўрмоқчиман.
- Туртма мени!
Йўлакдан эшитилган товуш болаларнинг мунозарасига якун ясади. Улар қанчалик баланд бақиришиб юборишганини ўзлари сезмай қолишган.
- Тезроқ!
Рон билан Гарри плашга ўраниб олишга улгуришган эди ҳам-ки, хонани тимирскилаётган миссис Норриснинг ялтираган кўзи кўринди. Болалар нафас олмай туриб, айни бир нарсани, у ҳам бўлса, плаш мушук нигоҳига таъсир қилиш-қилмаслигини ўйлаб қолишди. Абадиятдай туюлган бир неча сониядан сўнг, миссис Норрис ўгирилиб, хонани тарк этди.
- Бу ерда қолиш хавфли. Бўлса-бўлмаса у Филчни чақиргани кетди. Ишончим комилки, у бизнинг қичқириғимизни эшитиб қолган. Тезроқ кетайлик бу ердан.
Рон куч ишлатиб, Гаррини хонадан базўр тортиб чиқарди.
Эртасига эрталаб кўча совуқ бўлиб, қор эримади.
- Шахмат ўйнаймиз-ми? - таклиф киритди Рон.
- Йўқ, истамайман.
- Хагриднинг кулбасига меҳмонга борармиз?
- Боргим келмаяпти... Ўзинг бориб кела қол.
- Биламан, нима ҳақида ўйлаётганингни, Гарри. Бугун борма у ёққа.
- Нима учун?
- Билмадим, кўнглим нохушликни сезиб турибди. Ахир сен неча маротаба таваккал қилиб, ҳар сафар қўлга тушиб қолишдан базўр қутулиб қолдинг. Снегг, Филч, миссис Норрис. Уларнинг ҳаммаси атрофда изғиб юришибди. Хўш, кўринмас бўлсанг нима қилибди? Агар улар туртилиб кетишса-чи сенга? Ёки ўзинг бирон-бир нарсани туртиб, йиқитиб юборсанг нима бўлади?
- Гапинг Гермионанинг сўзларига ўхшаб кетди.
- Мен жиддий айтяпман, Гарри. Борма.
Бироқ Гаррининг ягона истаги яна ўша кўзгунинг қаршисига бориб туриш. Бунга эса ҳеч қандай Рон тўсиқлик қила олмайди.
Учинчи гал йўлни нисбатан тез топди. У шу қадар тез юриб бордики, оқилона эҳтиёткорликни унутиб қўйди. Хайриятки, ҳеч кимга йўлиқмади.
Мана ота-онаси, яна унга кулиб боқишмоқда. Боболаридан бири эса завқ билан бош ирғияпти. Ҳеч нарса бугунги тунни ота-онаси билан ўтказишга халал бера олмайди. Ҳеч нарса.
Фақат...
- Хўш, Гарри, яна келдинг-ми?
Гаррининг ичи музга айланиб қолгандай бўлди. У овоз чиққан томон ўгирилиб қаради. Девор ёнидаги партада бошқа эмас, Альбус Дамблдорнинг шахсан ўзи ўтирибди. Гарри кўзгу томон ошиқиб келганидан мактаб директори ёнидан ўтиб кетганини сезмай қолган чамаси.
- Мен... Сизни сезмай қолибман, сэр.
- Кўринмаслар узоқни кўра олмайдиган бўлиб қолишларидан таажжубдаман, - деди Дамблдор.
Унинг иршайганини кўриб Гарри бир оз енгил тортди.
- Шундай қилиб, - давом этди Дамблдор партадан осонгина Гаррининг ёнига сирпаниб келиб, жойлашганча, - Сен, бугунга қадар ўтган юзлаб кишилар каби Кўнгилдаги орзулар кўзгусининг мўъжизасини ўзинг учун кашф этдинг.
- Билмас эканман, кўзгу шундай деб номланишини, сэр.
- Умид қиламанки, унинг кирдикорини тушуниб етдинг.
- У... ахир... оиламни кўрсатяпти...
- Дўстинг Ронга эса энг ибратли ўқувчи эканлигини кўрсатди.
- Қаердан биласиз...
- Кўринмас бўлиш учун менга плаш керак эмас, - мулойим жавоб қайтарди Дамблдор, - Хўш, энди тушундинг-ми, Кўнгилдаги орзулар кўзгуси бизга нимани кўрсатаётганини?
Гарри бош силтади.
- Ундай бўлса, тушунтириб беришга ижозат берасан. Фақат дунёдаги энг бахтли одамгина Кўнгилдаги орзулар кўзгусидан оддий кўзгудай фойдаланиши мумкин. Яъни бундай киши аслида қандай бўлса, кўзгудаги аксини ҳам шундайлигича кўра олади. Тушуняпсан-ми гапимнинг маъносини?
- Кўзгу биз истаган нарсаларни... нимани хоҳласак, шуни кўрсатади, - аста секин жавоб қайтарди Гарри бир оз ўйланиб.
- Ҳа ҳам, йўқ ҳам, - шошилмай давом этди Дамблдор, - У қалбимиз қаъридан, юрагимиз тубидан чиқаётган энг умидсиз тилакларимизни кўрсатади. Сен, ўз оиласини ҳеч қачон кўрмаган инсон, бирданига ҳаммасини баробар кўришга муваффақ бўлдинг. Ўз акаларининг соясида улғайишга мажбур бўлган Рональд Уэсли эса ўзини танҳо, бунинг устига сараларнинг сарасидек кўрди ўзини. Бироқ бу кўзгу бизга воқифлик ҳам ато этмайди, ҳақиқатни ҳам кўрсатмайди. Аксарият одамлар, ушбу кўзгуда кўраётган аксга маҳлиё бўлиб туришганча, ўз келажагига путур етказдилар ёки кўраётган нарсалари ҳақиқатми, жоизми билмай ақлдан озиб қолдилар. Эртага, кўзгу бошқа жойга олиб ўтилади. Сендан илтимос, Гарри, уни энди қидирма. Агар келажакда унга яна рўбару бўлсанг, сени нима кутишини энди биласан. Хаёл осмонида учиб юриб, ҳақиқий ҳаётни унутиб қўйиш ярамайди, буни ҳеч қачон ёдингдан чиқарма. Хўш, энди мана бу ажойиб плашингни кийгин-да, жойингга бориб ёт.
Гарри ўрнидан турди.
- Сэр... Профессор Дамблдор, Сиздан бир нарсани сўрасам бўладими?
- Албатта, зеро сен бу ишни қилиб бўлдинг, - кулиб қўйди Дамблдор, - Бироқ яна бир савол беришинг мумкин.
- Сизга нима кўринади, ушбу кўзгуда?
- Менга-ми? Қўлимда ип-газламадан тўқилган қалин пайпоқ ушлаб турганим кўринади.
Гарри бақрайиб қолди.
- Пайпоқнинг кўпи бўлмайди, - тушунтирди Дамблдор, - Мана умримнинг яна бир Рождествоси ўтиб кетди, менга эса ҳеч ким пайпоқ совға қилмади. Негадир ҳамма менга фақат китоб совға қилиш керак деб ўйлайди.
Гарри ўз ўрнига етиб келганидан сўнггина, Дамблдор саволга очиқ-ойдин жавоб бермаган бўлиши мумкинлигини ўйлаб қолди. Бироқ масалага бошқача ёндашиладиган бўлса, ўйлади у, ёстиғига астойдил жойлашиб олган Қасмоқни нари туртиб, савол ҳаддан ташқари шахсий бўлгани учун унга очиқ-ойдин жавоб бериш ҳам шарт бўлмаган.





[1] Рождество – Исо пайғамбарнинг туғилганига бағишланган христианлар байрами
[2] Омела – дарахтларга ёпишиб яшайдиган доим яшил бута
[3] Брюква – шолғомсимон сабзавот
[4] Флейта – найсимон мусиқа асбоби
[5] Клюква – қизил, нордон мева
[6] Крекер – печеньенинг бир тури
[7] Контр-адмирал - ҳарбий-денгиз флотининг олий тоифали офицерлари таркибига мансуб ҳарбий унвон бўлиб, армиянинг генерал-майор унвонига тўғри келади. Илк бор 1706 йилда таъсис этилган. Контр-адмирал унвонидан ташқари, вице-адмирал, адмирал ва флот адмирали унвонлари мавжуд.
[8] Пунш – шакар, сув ва мева шираси қўшиб қайнатилган спиртли ичимлик
[9] Сэндвич – гўшт, колбаса, пишлоқ, сабзавот кабилардан тайёрланган бутерброд тури

Комментариев нет:

Отправить комментарий