суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ЎНИНЧИ БОБ. ХЭЛЛОУИН

Эртасига эрталаб, Рон билан Гаррини ҳалигача мактабда, ташқи қиёфалари толиққан кўринса-да, димоғлари чоғ юришганини кўрган Малфой кўзига ишонмади. Ҳақиқатан ҳам болаларга, уч бошли махлуқ билан тунда ўтган учрашув энди қўрқинчли эмас, аксинча, қувончли бир хотирадай туюлди. Икковлон ўртоқ яна бирон-бир ўхшаш саргузаштдан воз кечмаслиги уларнинг кайфиятларидан яққол сезилиб турибди. Гарри Ронга «Гринготтс» банкининг етти юз ўн учинчи бўлмасидан Хагрид олиб чиққан ва чамаси «Хогварц»га келтирилган сирли халта ҳақида батафсил сўзлаб бергани боис, болалар, бу қадар сир сақланиши талаб этиладиган ўша халта ичида нима бўлиши мумкинлигини узоқ ўйлаб қолишди.

- У қандайдир қимматбаҳо ёки жуда хавфли нарса эканлиги аниқ, - комил ишонч билдирди Рон.
- Ёхуд ҳам қимматбаҳо, ҳам хавфли нарса, - қўшимча қилди Гарри.
Бироқ ўлчами икки дюмдан[1] ошмаслиги ўша сирли нарса ҳақидаги ягона маълумот бўлганлиги боис, унинг нима эканлигини билиш жуда қийин.
Гермиона ҳам, Невилль ҳам, қопқоғи устига баҳайбат ит боғлаб қўйилган ертўлада нима сақланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида қизиқиш билдиришмади. Ўша мудҳиш уч бошли ҳайвон яқинига энди ҳеч қачон бормаслик Невиллнинг ягона истаги бўлиб қолди. Бўлиб ўтган воқеадан сўнг Гермиона болалар билан гаплашмай қўйди. Маҳмадона ва сергап Гермионадан қутулишган болалар ҳам бундай ҳолатдан кўп қайғурмади. Лекин Малфойдан қасд олиш йўлини топиш икковлон ўртоқ учун табиий эҳтиёжга айланиб қолди. Орадан бир ҳафта ўтиб-ўтмай келган эрталабки почта билан бирга Малфойдан қасд олиш йўли ҳам топилди.
Нонушта ўтаётган Катта Зал бойқушлар галаси билан одатдагидай тўлиб кетган фурсатда, дастурхон атрофида овқатланиб ўтирганлар олтита баҳайбат бойқуш овози борича увиллаб, базўр кўтариб келишаётган узун қутига эътибор қаратди. Ушбу ингичка қути ичида нима бўлиши мумкинлигига қизиққан Гарри ҳам эл қатори, бойқушлар ҳаракатини томоша қилиб ўтирди. Улар тикка пастлаб, қутини оёғи остига ташлаб кетишганда эса эсанкираб қолди. Олтита бойқуш нари кетишга улгурмай, яна бир бойқуш қути устига хат ташлаб кетди.
Дастлаб хатни ўқиш, шундан сўнг, қутини очишга қарор қилган Гарри тўғри йўл тутган экан. Негаки, конверт ичидаги хатда:

ҚУТИНИ ДАСТУРХОН УСТИДА ОЧМА!
Унда «Нимбус-2000» бор. Сенда учар супурги борлигини қолган болалар билишини хоҳламайман. Сабаби ўзингга аён, тенгқурларинг ҳам супургили бўлишни истаб қолишади. Оливер Древ сени бугун соат еттида, квидиш майдонида, биринчи машқ ўтказиш учун кутади.
Профессор Макгонагалл, - деб битилган ёзувни ўқиди.

Гарри, хатни Ронга узатар экан, хитоб қилиб қичқиришдан ўзини базўр тўхтатиб қолди.
- «Нимбус-2000»! - ҳасад-ла инграб юборди Рон, - Мен уни ҳатто ушлаб ҳам кўрмаганман!
Биринчи дарс бошлангунга қадар қутини очиб кўришга аҳд қилган дўстлар Катта Зални тарк этишга ошиқишди. Бироқ вестибюль ўртасида йўлни тўсиб олган Краббе билан Гойлга рўбару келишди. Малфой Гаррининг қўлидаги қутини чангаллаб олиб, пайпаслаб кўрди.
- Супурги-ку, - деди у, башарасида ҳасад билан ғазаб уйғунлашиб, - Поттер, биринчи синф ўқувчисига ман этилган супурги сенга жуда қимматга тушади, - қўшиб қўйди қутини Гаррининг қўлига тутқазиб.
- Эътибор қаратдинг-ми, Малфой, - писиллатиб гапирди ўзини тутиб тура олмаган Рон, - Пайпаслаб кўрганинг алмисоқдан қолган нарса эмас нақ «Нимбус-2000». Уйингда нима бор деган эдинг? «Комета-260»ми? - сўнг Гаррига юзланиб, - Унақа супургининг кўриниши чакки эмас, албатта. Бироқ сенинг супургинг ўша супургидан минг чандон аъло.
- Сен нимани ҳам билар эдинг, Уэсли, - кесатди Малфой, - Ота-онангнинг қурби ўша «Комета»нинг битта новдасини бўлсин, олиб беришга етмайди. Оилавий супургиларингни ўрмонда терилган ўтиндан ясаган бўлсаларинг керак.
Рон жавоб қайтариш учун эндигина оғиз жуфтлаган эди ҳам-ки, Малфойнинг ортида профессор Флитвик кўринди.
- Уришмаяпсизлар, деган умиддаман, болалар? - ингичка овози билан қизиқиб сўради у.
- Поттерга супурги юборишибди, сэр, - шу заҳоти чақимчилик қилди Малфой.
- Биламан, хабарим бор, - очиқ юз-ла жавоб қайтарди профессор, - Профессор Макгонагалл фавқулодда ҳолат ҳақида тушунтириш бериб ўтди. Хўш, Поттер, қайси русумли супурги экан?
- «Нимбус-2000», сэр, - жавоб қайтарди, профессорнинг сўзларидан Малфойнинг башараси касб этаётган умидсизлик қиёфасини кўриб, ўзини кулгидан базўр тўхтатиб қолган Гарри, - Агар Малфой бўлмаганда, бундай супургига эга бўлмас эдим.
Гарри билан Рон қаҳқаҳлаганча юқорига, ўз ётоқхоналарига равона бўлишди. Малфой эса гап замиридаги пичинг маъносини тушуниб етмаган бўлса-да, дарғазаб қолди.
- Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди-ку, - деди кулгидан базўр тўхтаган Гарри, мармар зинапоя охирига етгач, - Агар у Невиллнинг Эсга олини олиб қочмаганида, мени жамоага ҳеч ҳам қабул...
- Демак, фикрингча, қоидани бузганинг учун энди доим рағбатлантирилиб борилар экансан-да, - эшитилди орқадан, юқорига кўтарилиб, қути томон норози нигоҳ ташлаган Гермионанинг баджаҳл овози.
- Ие, Гермиона, сен биз билан гаплашмай қўйган эдинг шекилли? – эслатди Гарри.
- Тўғри қиласан, бошламаганинг маъқул, - насиҳат қилди Рон Гермионага, - Тинчроқ юрамиз.
Гермиона бошини баланд кўтарганча, болаларнинг ёнидан ўтиб кетди.
Шу кунги машғулотларда бола ўз хаёлини дарсга жамлай олмади. У жонсарак бўлиб, хаёлан дам каравоти остида янги супурги ётган ётоқхонага югурар, дам ўша супургиси билан биринчи машғулот ўтказиладиган квидиш майдони томон чопқилади. Гарри кечки овқатни апил-тапил еди-да, ҳозиргина нима еганини эслай олмай, Рон билан бирга, ниҳоят ётоқхонага «Нимбус-2000»нинг қутисини очишга ошиқди.
- Зўр-ку, - хитоб қилди Рон, Гаррининг адёлига юмалаб тушган супургини кўриб.
Ҳатто, супурги русумларининг фарқига бормайдиган Гарри ҳам қизил ёғочдан тайёрланган, ингичка сопи ялтироқ, дум қисмидаги говронлари битта-битта саралаб олинган «Нимбус-2000»ни кўргач, супургисининг тенги йўқлигини тушуниб етди.
Соат еттига яқин Гарри, қасрни тарк этиб, квидиш майдони томон йўл олди. Ушбу ўйингоҳга у бирор маротаба бўлсин, ҳали қадам ранжида қилмаган. Намойишгоҳлардаги томошабинлар ўтирадиган курсилар шу қадар баланд ўрнатилганки, у ерда ўтириб ҳавода кечаётган ўйинни бемалол кузатса бўлади. Ўйин майдонининг икки томонига учтадан, учи ҳалқали тилла тусли ходалар тик ўрнатилган. Ушбу ходалар, Гаррига, магл болалар совун пуфакларини шишириб учирадиган пластмасса таёқчаларни эслатди. Фақат фарқи шундаки, ўйингоҳдаги мана бу «таёқчалар»нинг ҳар бири кам деганда эллик метрдан келади.
Гарри учишни шу қадар истади-ки, Древни кутиб ўтирмай шартта супургисини эгарлади-да, ердан итарилди.
Парвоз! Нақадар ёқимли, завқли ҳиссиёт! У хода ҳалқалари орасидан бир неча бор учиб ўтиб, ўйингоҳ узра катта тезликда изғий бошлади. Супургиси унинг сал ҳаракатига итоат этиб, исталган томонга зудлик билан бурилмоқда.
- Эй, Поттер, туш пастга!
Гарри, катта саватни қўлтиқлаб келган Оливер Древнинг ёнига қўнди.
- Жуда соз, - мақтади Древ, кўзи яшнаб, - Профессор Макгонагалл нимани назарда тутганлигини энди тушуниб етдим. Сен ҳақиқатан ҳам туғма учувчи экансан. Ўйин қоидасини тушунтириб қўйсам бўлди, шундан сўнг, ҳафта давомида уч маротаба жамоа таркибида машқ қилишга киришамиз.
 Древ тўртта, катталиги ҳар хил тўп солинган саватни очди.
- Хўш, гап бундай, - бошлади у, - Квидиш қоидаси жуда содда, фақат ўйнаш осон эмас. Ўйинда иккита рақиб жамоа иштирок этади. Жамоаларнинг ҳар бири етти нафар ўйинчилардан иборат. Уларнинг уч нафари Овчилар деб аталади.
- Уч нафар Овчи, - такрорлади Гарри.
Древ эса саватдан ранги ярқироқ, катталиги шайбадай келадиган қизил тўпни чиқарди.
- Мана бу тўп Кваффл деб аталади, - тушунтиришга киришди Древ, - Овчилар уни бир-бирига улоқтириб, рақиб томондаги учта ҳалқадан ҳар қандай бирига гол уришга ҳаракат қилишади. Ҳар бир урилган гол учун ўн очкодан берилади. Ҳозирча тушунарлими?
- Ўн очко олиш учун Кваффл Овчилар томонидан ҳалқага улоқтирилади, такрорлади Гарри, - Бу ўйин супургиларда учиб ўйналадиган олти ҳалқали баскетбол эканда?
- Баскетбол деганинг қанақа ўйин?
- Аҳамияти йўқ, - шошиб жавоб қайтарди Гарри, Древнинг сеҳргарлар оиласидан келиб чиққанлигини тушуниб етиб.
- Давом этамиз. Ҳар бир жамоада бир нафардан Қўриқчи деб аталадиган ўйинчи бўлади. «Гриффиндор» жамоасининг Қўриқчиси мен бўламан. Зиммамдаги мажбурият – ҳалқаларимиз атрофида учиб юриб, рақиб жамоанинг гол уришига тўсқинлик қилишдир.
- Уч нафар Овчи, бир нафар Қўриқчи, - такрорлаб борди Гарри, ҳамма нарсани бирданига эслаб қолишга аҳд қилиб, - Уларнинг барчаси Кваффл билан ўйнайди. Эслаб қолдим. Мана бу тўплар нима учун керак? - сўради у, саватда қолган учта тўпни кўрсатиб.
- Ҳозир кўрсатаман, - деди Древ, - Мана буни ушла.
Древ Гаррига бейсбол клюшкасига ўхшаш таёқ узатди.
- Ҳозир сенга Тажовузкорларнинг ҳунарини кўрсатаман. Мана бу иккита тўп, - тушунтирди Древ, кўмирдай қоп-қора, қизил Кваффлдан бир оз кичикроқ тўпларни кўрсатиб, - Тажовузкорлар деб аталади.
Гаррининг назарида, махсус камарлар билан боғлаб қўйилган ушбу тўплар сават ичидан учиб чиқишга ошиқаётгандай кўринди.
- Нари тур, - огоҳлантирди Древ.
Ўзи эса танасини четга энгаштириб, Тажовузкорлардан бирини камар тутқунидан халос этди. Қора тўп шу заҳоти юқорига кўтарилиб, тўппа-тўғри Гарри томон пастлай бошлади. Гарри, бурнига зарб емаслиги учун, қўлидаги клюшка билан тўпни уриб юборди. Тўп илон изи йўналишда яна тепага кўтарилди ва болалар боши узра учиб ўтиб, Древ томон ўқдай қайтди. Древ эса ўзини тўпга улоқтириб, қорни билан ерга маҳкам босиб олди.
- Энди тушундинг-ми? - базўр сўради Древ, катта куч ишлатганча, тўпни сават ичидаги жойига боғлаб, - Тажовузкорлар ўйин давомида теварак-атрофда учиб юриб, супургилардаги ўйинчиларни уриб қулатишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳар бир жамоада икки нафардан Уриб қайтарувчилар бўлади. Жамоамизнинг Уриб қайтарувчилари ака-ука Уэслилар бўлади. Уларнинг вазифаси қолган ўйинчиларимизни Тажовузкорлардан ҳимоя қилиб, рақиб томон қайтаришдир. Хўш, ҳаммаси тушунарлими?
- Уч нафар Овчи Кваффл воситасида гол уришга уринишади, Қўриқчилар ўз ҳалқаларини ҳимоя қилишади, Уриб қайтарувчилар эса Тажовузкорларни ўз жамоаларидан нарида тутади, - ҳисобот берди Гарри.
- Жуда соз, - мақтаб қўйди Древ.
- М-м-м... Бир савол бор, - сўраб қолди Гарри, саволи аҳмоқона эшитилишига умид қилиб, - Тажовузкорлар қачондир кимнидир уриб ўлдирганми?
- «Хогварц»да ҳозирча бундай ҳодиса бўлмаган. Айрим ўйинчиларнинг жағи синишга синиб кетган-у, ундан баттар ҳолатлар ҳозирча юз бергани йўқ. Хўш, давом этамизми? Жамоанинг еттинчи ўйинчиси Сайёд бўлади. Яъни сен. Кваффл ҳам, Тажовузкорлар ҳам сени қизиқтирмаслиги даркор...
- Ҳа, агар улар бошимни уриб ёришмаса, албатта.
- Хавотир олма. Эгизак Уэслилар Тажовузкор тўплардан қолишмайди. Айтмоқчиман-ки, уларнинг ўзлари жонли Тажовузкорлардир.
Древ қўлини саватга суқиб, сўнгги, миттигина тўртинчи коптокчани чиқарди. Кваффл билан Тажовузкорларга нисбатан анча кичик, тилла тусли, икки ёнида кумуш қанотчалари ҳилпираётган ушбу ялтироқ тўпнинг катталиги ёнғоқдай келади.
- Бу тўпнинг номи Тилла чаққон, - тушунтирди Древ, - Энг асосий тўп. Уни тутиб олиш даркор-у, амри маҳол. Чунки у ҳаддан ташқари тез учиб, пайқаш ниҳоятда қийин кечади. Сайёднинг вазифаси мана шу тўпни топиб, тутиб олишдир. Сенга Овчилар, Уриб қайтарувчилар, Тажовузкорлар ва Кваффл орасида изғиб юриб, Тилла чаққонни рақиб жамоанинг Сайёдидан олдин тутиб олишга тўғри келади. Негаки, Сайёд Тилла чаққонни тутиб олиши билан, унинг жамоасига қўшимча бир юз эллик очко берилади ва бу жамоа, одатда, ғолиб чиқади. Шунинг учун ҳам доимо жамоа муваффақиятсизлигида Сайёдлар айбланади. Квидиш ўйини Тилла чаққон тутиб олинганидан сўнггина, якунига етади. Шу сабабли ўйин узоқ чўзилиб кетиши мумкин. Бу борадаги рекорд, адашмасам, бугунги кунга келиб, уч ойни ташкил этади. Ўйинчиларни, ухлаб олишлари учун, алмаштириб боришга тўғри келган. Мана, бор гап шу. Саволлар борми?
Гарри бошини силтади. Нима қилиш кераклигини тушуниб етди, фақат қандай қилиш кераклигини тушуниб олиш қолди холос.
- Биз ҳозир Тилла чаққон билан машқ қилмаймиз, - Древ қўлидаги коптокчани саватга солди, - Қоронғи тушиб қолди, уни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Мана булар билан машқ қилишга уриниб кўрамиз.
Древ чўнтагидан гольф коптокларини чиқарди. Бир неча дақиқадан сўнг, икковлон улар ҳавога кўтарилиб, машқ қила бошлади. Древ коптокларни битта-битта бор кучи билан имкон қадар узоққа улоқтирди, Гарри эса Древни завқлантирганча, бирорта бўлсин, копток ўтказиб юбормай, барини бехато тутиб олди.
Ярим соатдан сўнг қош қорайиб, атроф кўринмай қолгач, биринчи машқ ниҳоясига етди.
- Бу йилги Квидиш кубогида исмларимиз ўйиб ёзилади, - қувонч-ла ишонч билдирди Древ, қаср томон йўл олиб, - Агар сен Чарли Уэслидан ҳам зўр ўйнасанг, ҳеч ҳайрон бўлмайман. У эса аждар овлагани тупкани тагига кетиб қолмаганида, Англия терма жамоаси таркибида ўйнаши мумкин эди.
Эҳтимол, ниҳоятда банд бўлганидан бўлса керак, Гарри, «Хогварц»га ўқишга кирган вақтдан буён икки ой ўтиб кетганини сезмай қолди. Ҳар қалай у ҳар ҳафта уч маротаба машқ қилади. Бундан ташқари, уйга берилган бир дунё вазифаларни бажаради. «Хогварц» қасри болага Литтл Уингинг шаҳарчасида жойлашган Одамовилар кўчасидаги 4- уйдан кўра анча қадрли бўлиб қолди. Маҳорат асосларини тасарруф этар экан, машғулотлар ҳам қизиқ ўтадиган бўлди.
Вақт тез ўтиб, Хэллоуин[2] ҳам етиб келди. Эрталаб уйғонган болалар тобланаётган ошқовоқ ҳиди қаср йўлакларига таралиб кетганлигини ҳис этишди. Шу бугунги афсун ўқиш дарсида, профессор Флитвик эълон қилган фикр болаларга янада хуш келди. У синф ўқувчилари айрим жисмларни ҳавода учирганча, бир жойдан бошқа жойга кўчиб ўтишга мажбур қилиш маҳоратини тасарруф этишга тайёр бўлишганини айтиб ўтди. Болалар бу кунни анчадан буён, хусусан, профессор ўз қўлини сезилар-сезилмас силтаб қўйганча, Невиллнинг қурбақасини синф хонасининг шифти остида ракета каби гир айлантирган кундан буён орзиқиб кутишади. Амалий машғулот ўтказиш учун профессор Флитвик синф ўқувчиларини жуфтларга бўлди. Гарри Симус Финниган билан шерик бўлди. У Невиллнинг нигоҳига эътибор қаратмасликка уринди. Ронга эса Гермиона билан шерик бўлиш насиб этди. Бундай ҳолатдан Рон кўпроқ норози бўлди-ми ёки Грэнжерми, айтиш қийин. Негаки, Гермиона болалар билан Гаррига супурги совға қилинган кундан эътиборан мутлақо гаплашмай қўйган эди.
- Билакни, муқаддам машқ қилганимиздай, назокат-ла букишни ёдингиздан чиқарманг! - чийиллади китоб дасталари устига чиқиб олган профессор Флитвик, - Кескин қулоч отиб, енгилгина туширинг, эслаб қолдингиз-ми? Қулоч отиб, енгил туширинг. Бундан ташқари, сеҳрли сўзларни тўғри талаффуз этиш ниҳоятда муҳим. «Н» ўрнига «В» деб юборгани учун бошига сигир келиб тушган сеҳргар Баруффьони эсга олинг.
Аён бўлишича, вазифа ижроси ниҳоятда қийин экан. Гарри билан Симус кескин қулоч отишиб, қўлларини аста силташди, бироқ осмон-у фалакка учиб кетиши керак бўлган пат стол устида қилт этмай ётганча қолди. Ниҳоят Симус бесабрлик қилиб, сеҳрли таёқчаси билан туртиб юборган пат ўт олиб кетди. Гаррига эса ёнғин ўчириш учун шляпасини ишга солишга тўғри келди.
Қўшни столда ўтирган Рон ҳам муваффақият қозона олмади.
- Вингардиум Левиоза! - қичқирди у, узун қўлини шамол тегирмонининг парракларидай айлантириб.
- Сен нотўғри талаффуз этяпсан, - койиб берди Гермиона, - «Вин - гар - диум Леви - о - за», дейиш керак, «гар» бўғини узоқ ва гулдураб эшитилиши лозим.
- Шунчалик ақлли экансан, ўзинг айтавер, - жаҳли қилди Рон.
- Вингардиум Левиоза! - деди кўйлагининг узун енгини шимариб олган Гермиона, сеҳрли таёқчаси билан абжир ҳаракат қилиб.
Пат столдан тўрт футга кўтарилиб, ҳавода, болалар боши узра ҳилпираб уча бошлади.
- Жуда соз! - чийиллаб юборди митти қўллари билан қарсак чалган профессор Флитвик хурсанд бўлиб, - Болалар, эътибор қаратинг, мисс Грэнжер вазифани уддалади.
Дарс ниҳоясида Роннинг кайфияти батамом расво бўлди.
- Ҳамма уни кўрарга кўзи йўқ эканлигидан ҳеч ҳайрон бўлмайман, - деди Рон, одам тўла йўлак бўйлаб Гаррининг ёнида борар экан, - Қиз эмас даҳшат, чин сўзим.
Шу пайт кимдир Гаррини туртиб ўтди. Болалар ўгирилиб, кўзига ёш олган Гермионани кўришди.
- Сўзларингни эшитиб қолганга ўхшайди, - деди Гарри.
- Эшитган бўлса нима қилибди? - жавоб қайтарди Рон, Гарри каби саросимага тушиб қолган бўлса ҳам, гердайиб, - Дўст орттирмаганлигини ўзи ҳам сезаётган бўлса керак, ҳар қалай.
Гермиона кейинги дарсда ҳам, куннинг иккинчи ярмида ҳам кўринмади. Хэллоуинни нишонлаш учун Катта Зал томон йўл олишган Рон билан Гарри Парватти Патилнинг дугонаси Лавандага Гермиона ҳожатхонага кириб олиб йиғлаётганлиги ва ўз холига қўйишларини сўраётганлиги ҳақида тўлқинланиб айтган сўзларини эшитиб қолишди. Буни эшитган Рон баттар хижолат чекди, бироқ бир дақиқадан сўнг, икковлон, Катта Залнинг байрамона безатилганлигини кўргач, Гермионани унутди.
Шифт-у, деворларда маржондек тизилган, столлар устида кичик булутлар ҳосил қилганча, ҳавода муаллақ турган минглаб кўршапалаклар қанот қоқиб, ошқовоқлар ичига киритилган шамлар оловини пирпиратмоқда. Натижада Катта Зал сирли қалқима нурга тўлиб кўринмоқда.
Кутилмаганда, ўқув йили бошланганлиги муносабати билан ўтказилган тантанали зиёфатда рўй бергани каби, стол устидаги тилла идишлар афсонавий таомларга боз тўлиб-тошди.
Гарри оғзини қўрда пиширилган картошка билан энди тўлдириб олган эди ҳам-ки, Катта Залга бошидаги салласи чаккасига тушиб, қўрққанидан башараси қийшайиб кетган профессор Белка югуриб кирди.
Катта Залга йиғилганлар Белканинг профессор Дамблдор ўтирган кресло ёнига югуриб бориб, кучсиз ҳолатда столга суяниб қолганлиги ва базўр:
- Қаср ертўласига тролль кириб олибди, Сиз бохабар бўлишингиз керак деб елиб келдим, - деганча, хушини йўқотиб, стол остига сирпаниб тушганини кузатиб туришди.
Ваҳима кўтарилди. Катта Залда жимлик қарор топиши учун профессор Дамблдор сеҳрли таёқчаси билан бир неча бор қизил мушак отишга мажбур бўлди.
- Синфбошилар! - гуриллаб ҳайқирди у, - Коллежингиз ўқувчиларини ётоқхоналарга тарқатинг! Тез бўлинг!
Перси учун ўз ваколатини тўла-тўкис ишга солишга имконият туғилди.
- Ортимдан! Биринчи синф ўқувчилари жипслашинг! Менга қулоқ тутсангиз ҳеч қандай тролль қўрқинчли бўлмайди! Орқамга бекиниб, ортда қолмай юринг! Қани, биринчи синф ўқувчиларини олдинга ўтказиб юборинглар-чи! Ўтказиб юборинг, мен синфбошиман!
- Тролль мактабга қандай кириб қолиши мумкин? - сўради Гарри зинапоядан кўтарилаётиб.
- Мен қаердан биламан! Умуман айтганда, троллар ўлгудай аҳмоқ бўлади. Ҳар ҳолда улар шундай эътироф этилади. Эҳтимол, байрам шарофати билан Дрюзг киритгандир уни?
Уларнинг ёнидан турли йўналишлар бўйлаб ўқувчиларнинг катта-кичик тўдалари ўтиб бормоқда. Адашиб, саросимага тушиб қолган хуффльпуффчилар гуруҳи орасидан ўтишар экан, Гарри бирдан Роннинг қўлидан тутиб олди.
- Менга қара, Гермиона эсимга тушиб қолди.
- Гермионага нима қилибди?
- У тролль ҳақидаги гапдан бехабар-ку.
Рон лабини тишлаб олди.
- Э, нима бўлса бўлди! - қарор қилди у, - Бироқ Перси йўқолиб қолганимизни пайқаб қолмагани маъқул.
Ўрдак сувга шўнғигани каби, икковлон, қарши йўналиш томон ошиқиб бораётган хуффльпуффчилар тўдасига қўшилиб кетди ва йўлакнинг бўш томонига ўтиб олиб, «қизлар хонаси» томон югурди. Муюлишга бурилишлари билан орқадан кимдир келаётганини эшитиб қолишди.
- Перси! - қўрқиб шивирлади Рон, Гаррини тошдан ясалган грифон[3] ортига тортиб.
 Бироқ ҳайкал ортидан эҳтиёткорона бош чиқарган болалар Персини эмас профессор Снеггни кўриб қолишди. Профессор йўлак бўйлаб бориб, кўздан ғойиб бўлди.
- Бу ерда нима қилиб юрибди? - деярли овоз чиқармай шивирлади Гарри, - Нима учун қолган ўқитувчилар билан бирга ертўлага йўл олмади?
- Осонроқ савол берсанг-чи, мен қаердан билай.
Болалар имкон қадар эҳтиётлик билан профессорнинг сўниб бораётган қадам товуши томон йўл олишди.
- Учинчи қаватга кўтариляпти, - деди Гарри.
- Ғалати ҳид чиқди. Сезяпсан-ми?
Гарри чуқурроқ нафас олиб қўланса, анчадан буён ювилмаган пайпоқ ёки тозаланмаган умумий ҳожатхонадан чиқадиган ҳидга ўхшаб кетаётган ҳид сезди.
Дафъатан паст наъра ва товонлар шарақлаганча, бир-бирига урилиб босилаётган қадам товуши эшитилди. Гапириш қобилиятини йўқотган Рон кўрсаткич бармоғини йўлакнинг нариги бошига, мисли кўрилмаган даҳшатли махлуқ келаётган томонга ўқтади. Болалар деворга қапишиб, ёруғликка чиқиб келаётган махлуққа қараб қолишди. Кишининг вужудини даҳшатга соладиган манзара!
Мудҳиш тери қопламаси кул ранг-мармар тусли, бўйи ўн икки фут келадиган троллнинг танаси, устига кокос ёнғоғидай келадиган кичкинагина кал калла ўрнатилган йирик қавариқ харсангни эслатди. Ҳар бирининг йўғонлиги дарахт танасидай келадиган калта оёғи ва узун тирноқли панжалари яққол кўринаётган, ниҳоятда узун қўлига йирик сўйилни ушлаб, ерда судраб келаётган махлуқдан уфурилаётган қўланса ҳидга бардош бериб бўлмайди.
Тролль қандайдир хона эшиги ёнида тўхтаб, ичкарига қаради. У узун қулоқларини қимирлатиб, ҳажми кичик миясини ўйлаб иш тутишга мажбур қилаётгани сезилди. Бир оздан сўнг, остона хатлаб ичкарига кирди.
- Калит қулфда экан, - шивирларди Гарри, - Уни ўша хонага қамаб қўйишимиз мумкин.
- Яхши фикр, - мақтаб қўйди асабийлашган Рон.
Уларнинг оғзилари даҳшатдан қуриб қолган бўлиб, тролль, айни шу фурсатда хонадан чиқиб қолмаслигини Худодан ёлвориб сўрашганча, девор бўйлаб очиқ эшикка яқин боришди. Гарри бир сакради-да эшикни ёпиб қулфлаб қўйди.
- Бўлди!
Болалар ғалаба қозонилганига тўлиқ ишонч билан йўлак бўйлаб нари югура кетишди. Бироқ муюлишга етиб бормасдан, ҳозиргина қулфлаб қўйилган хонадан шундай қаттиқ чинқириқ эшитилди-ки, иккаласининг юраги тўхтаб қолишига бир бахя қолди.
- О, йўқ! - сесканиб кетди Рон, ранги Қонхўр Барон рангидай оқариб.
- Ҳожатхона эди-ку! - идрок этди Гарри.
- Гермиона! - баралла қичқириб юборди икковлон.
Бошқа вазиятда бу ишни ҳаётда қилишмас эди, бироқ иложи йўқ. Болалар шартта орқага бурилиб, эшик томон югуришди. Даҳшат-у, ваҳимага қарши курашганча, эшик қулфини очиб ичкарига киришди.
Хушини йўқотишига оз қолган Гермиона деворга ёпишиб олганча, троллдан нари қочишга беҳуда уринмоқда. Махлуқ эса деворга маҳкамланган қўл ювиш чиғаноқларини қўлидаги сўйил билан бир четдан уриб мажақлаганча, қизалоқ томон илгариламоқда.
- Уни чалғитиш керак! - қичқирди сув тўсиш тиқинини қўлига олиб, деворга ура бошлаган Гарри.
Гермионага бир неча метр қолганда тўхтаб қолган тролль қўпол бурилди-да, шовқин қаердан эшитилаётганини идрок этиш учун бўлса керак, бесўнақай жовдираб атрофга аланглади. Ниҳоят махлуқнинг баджаҳл нигоҳи Гаррига тақалди. Тролль бир оз ўйланиб қолди-да, сўйилини кўтариб бола томон ҳаракат бошлади.
- Ҳой, бадбашара! - қичқирди Рон, хонанинг бошқа бурчагидан.
Рон қўлидаги металл қувурни троллга қарата улоқтирди. Қувур елкасига теккан бўлса ҳам, зарбани сезмаган троллнинг эътиборини Роннинг қичқириғи чалғитди. У яна бир дам ўйлангач, жирканч башарасини Рон томон ўгирди. Фурсатдан фойдаланган Гарри унинг орқасига ўтиб олишга муваффақ бўлди.
- Бўл, тезроқ қоч! - қичқирди Гарри Гермионага.
Гарри Гермионани эшик томон судрашга ҳарчанд уринмасин, жойидан қўзғалишга мадори қолмаган қизалоқ, даҳшатдан оғзи очилганча, девордан узилмай турди.
Ҳар томонда эшитилаётган қичқириқлар ва бунинг натижасида хонада ҳосил бўлган акс садо троллни батамом ақлдан оздириб юборди. У янада баланд ўкириб, ўзига яқин турган, қочиб қолиш имкони бўлмаган Рон томон ташланди.
Юзага келган бундай ҳолатда Гарри мардона, бироқ жуда ғўр иш тутди. У югурганча, троллнинг орқа томонига сакраб чиқиб олдида, бўйнидан маҳкам тутиб олиб, кўп ўйланмасдан қўлидаги сеҳрли таёқчани троллнинг бурнига жон-жаҳд билан тиқиб юборди. Харсанг-махлуқ бўйнига кимдир осилиб олганини пайқамади-ю, бурнига қандайдир узун нарса тиқиб ташлашганини жуда яхши сезди.
Оғриққа бардош бера олмаган тролль гир-гир айланиб, қўлидаги сўйилни ҳар томон уриб силкитар, бўйнидаги Гарри эса ҳаёт учун курашар эди. Теварак-атрофидаги нарсаларни уриб мажақлаётган тролль ҳар қандай фурсатда Гаррини ўз устидан учириб юбориши ва қўлидаги сўйил билан бир уриб ўлдириб қўйиши мумкин.
Қўрқиб, адойи тамом бўлган Гермиона ниҳоят полга юз тубан ағанаб тушди. Рон эса сеҳрли таёқчасини қўлига олиб, нима қилмоқчи бўлганини ўзи тушунмай, миясига келган биринчи афсунни қичқириб юборди:
- Вингардиум Левиоза!
Шу пайт сўйил махлуқнинг қўлидан отилиб чиқиб, тикка юқорига кўтарилганча, аста-секин айланди ва ўз соҳибининг бошига чунонам қарсиллаб тушдики, тролль турган жойида тебраниб, башараси билан ерга гурсиллаб тушди. Зарбдан пол ҳам, хона деразалари ҳам зириллаб кетди.
Гарри титраб, ҳансираганча базўр оёққа турди. Ҳалигача сеҳрли таёқчасини баланд кўтариб олган Рон эса кўзини катта очиб, қилмишининг ҳосиласига қараб турибди.
- Ўлди-ми? - орага чўмган сукунатни бузди биринчи бўлиб тилга кирган Гермиона.
- Менимча, йўқ, - жавоб қайтарди Гарри, - Карахт бўлиб қолди десак, аниқроқ бўлади.
У эгилиб, тролль бурнидан серкесак кул ранг елимга ўхшаш моддага беланиб кетган сеҳрли таёқчасини суғуриб олди.
- Эқ, тролль мишириғи, - деди у, таёқчани махлуқнинг иштонига яхшилаб артиб тозалаб.
Кутилмаганда йўлакда қадам товуши эшитилди. Троллни айюҳаннос солиб, зарбалар кетидан зарбалар беришга мажбур қилган болалар қасрда қандай тўполон кўтариб юборишганларини ўзлари билишмайди. Фурсат ўтгач, эшик қарсиллаб очилиб, ҳожатхонага профессор Макгонагалл, унинг изидан Снегг билан Белка кириб келди. Тролль томон бир бор қараб қўйган Белка унитазга ўтириб олиб, юрагини чангаллаб қолди.
Снегг троллнинг ёнига яқин келиб, устига энгашиб қаради. Профессор Макгонагалл эса Гарри билан Ронга сукут сақлаб тикилиб турди. Гарри профессорнинг ҳали бу қадар баджаҳл қиёфасини кўрмаган. Бундай нигоҳдан сўнг, Гаррининг, кўрсатилган қаҳрамонлик учун «Гриффиндор»га нақ 50 балл келтириш умиди пучга чиқди.
- Ақл-фаросатларинг борми? - сўради ниҳоят профессор Макгонагалл босиқ ғазаб билан.
Гарри ҳалигача қўлини баланд кўтариб турган Рон томон қараб қўйди.
- Хайриятки, ўлдириб қўймабди. Нима учун эл қатори меҳмонхонага бормадингиз?
Снегг Гаррига еб юбогудай ўқрайди. Қани энди Рон қўлини туширса, хаёлдан ўтказди Гарри ерга қараб.
- Илтимос, профессор Макгонагалл, - эшитилди ним қоронғи бурчакдан, Болаларни сўкманг, улар мени қидириб келишган.
- Мисс Грэнжер?!
- Мен троллни қидириб келган эдим... - ниҳоят ўрнидан турди Гермиона, - Мен... мен ўйлабман-ки... мен ўзим бир ёғлик қиламан уни... тушуняпсиз-ми... Троллар ҳақида кўп ўқиган эдим...
Бу гапни эшитган Рон қўлидаги таёқчасини тушириб юборди. Гермиона Грэнжер бўлса-ю, ўқитувчига очиқдан-очиқ ёлғон гапирса-я!
- Агар улар мени қидириб топишмаганида ҳалок бўлишим муқаррар эди, - давом этди Гермиона, - Иккаласи ҳам ёрдам чақиргани улгуришмас эди. Гарри таёқчасини троллнинг бурнига тиқиб ташлади. Рон эса сўйил билан троллни карахт қилди. Болалар кириб келишганида тролль мени тинчитишга шай бўлиб турган эди.
Гарри билан Рон Гермиона айтиб бераётган ҳикоя улар учун янгилик эмаслигини ифода қилишга уриниб туришди.
- Хўш... ундай бўлса... - деди профессор Макгонагалл учала болага диққат билан қараб, - Мисс Грэнжер, тоғ тролли билан якка олишишга қандай журъат этдингиз, тентак қиз?
Гермиона бошини ҳам қилиб олди. Мактабда жорий этилган қоидаларни ҳеч қачон бузмайдиган Гермиона, болаларни қутқариш учун ҳамма айбни ўз бўйнига олиб, қоидани бузганлигига иқрор бўлиб турибди-я. Бу гапларни эшитган Гаррининг тили айланмай қолди. Бу «Снегг меҳрибон бўлиб қолиб, ҳаммага ширинлик улашиб чиқибди» деган гап билан теппа-тенг-ку, ахир.
- Мисс Грэнжер, қилмишингиз учун «Гриффиндор»дан беш балл айирилади, - ҳукм чиқарди профессор Макгонагалл, - Сиздан ҳафсалам пир бўлди. Мабодо жабр кўрмаган бўлсангиз, «Гриффиндор» минорасига боринг. Ўқувчилар ўз биноларида байрам зиёфатини тамомламоқдалар.
Гермиона хонадан чиқиб кетди.
Профессор Макгонагалл Гарри билан Рон томон юзланди.
- Хўш. Энди сизларга келсак. Мен ҳанузгача сизларга шунчаки, мисли кўрилмаган омад кулиб боққан деган фикрдаман. Бироқ ҳар қандай биринчи синф ўқувчиси балоғатга етган тоғ троллига қарши чиқишга журъат эта олмаслиги аниқ. Шу боис ҳам, ҳар бирингиз ўз коллежингизга беш баллдан келтирдингиз. Мен бу ҳақда профессор Дамблдорга билдирув бераман. Боришингиз мумкин.
Болалар ҳожатхонани тез тарк этиб, икки қават юқорига чиққунга қадар бирон оғиз сўз гапиришмади. Троллнинг қўланса ҳидидан узоқлашиш бирам яхши эдики, қолган гапларни эса қўяверасиз.
- Умуман айтганда, биз ўн баллдан кўпроқ баллга яраша хизмат кўрсатдик, - вайсади Рон.
- Беш баллдан. Гермиона жазоланди-ку.
- Яхши қиз экан, қутқариб қолди бизни, - иқрор бўлди Рон, - Лекин, ҳақиқатан ҳам, биз унинг ҳаётини сақлаб қолдик.
- Агар троллни Гермионага қўшиб қамаб қўймаганимизда, балки қутқаришга тўғри келмас эди, - эслатиб қўйди Гарри.
Икковлон Семиз Хола портретининг қаршисига келиб, минорага кириш паролини баралла талаффуз этди:
- Чўчқа тумшуғи.
Шовқин-сурон ҳукм сураётган меҳмонхона одамга тўлиб-тошган. Ҳамма юқорига чиқарилган мазали таомлар билан овора. Гермиона эса эшик ёнида, болаларнинг қайтишини кутиб, ёлғиз турибди. Улар орасида ноқулай сукут сақлангач, бир-бирига қиё боқмаган ҳолда «раҳмат» деб қўйишди-да, тоза ликоплар турган томон ошиқишди.
Нима қилган тақдирда ҳам айни шу фурсатдан эътиборан Гермиона Грэнжер болалар учун чин дўстга айланиб қолди. Ҳаётда шундай дақиқалар бўладики, уларни ҳақиқий дўстларсиз бошдан кечириш ниҳоятда мушкул кечади. Ўн икки фут келадиган тоғ тролли устидан қозонилган ғалаба – айни шундай фурсатлар сирасига киради.





[1] Эслатма: 1 дюйм 2,54 сантиметрга тенг
[2] Хэллоуин – ҳозирги Буюк Британия ва шимолий Франция ҳудудида яшаб ўтган қадимий кельт қабиласининг байрами. Муқаддас авлиёлар куни арафаси саналади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий