суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ТЎРТИНЧИ БОБ. МАКТАБ ҚОРОВУЛИ

ГУМ! Эшик яна бир бор қарсиллади.
- Ким ўқ узди? - аҳмоқона савол берди ўтакаси ёрилиб кетган Дудли ўрнидан ирғиб туриб.
Орқа томондан қўлига милтиқ ушлаб, бесўнақай сакраб чиққан Вернон амакининг шовқини эшитилди. Ҳа, ана энди узун ясси қоғоз халтада нима бўлганлиги аён бўлди.
- Ким у? - бақирди амаки, - Огоҳлантириб қўяй, қуролланганман!
Орага бир оз сукунат чўкди. Сўнг бирдан ҚА-А-АРС-С!
Қаттиқ зарба берилган эшик ошиқ-мошиғидан узилиб, гумбурлаганча ерга тушди.
Остонада чигаллашиб кетган қалин ёли ва узун исқирт соқоли остидаги йирик башараси деярли кўринмаётган, бироқ бундай тартибсизлик орасида катта-ката кўзлари бир жуфт қора қўнғиздай ярқираётган девқомат киши пайдо бўлди.
Баҳайбат киши ичкарига анча букилиб кирган бўлса ҳам, сочи билан шифтдаги ўргимчак уяларини супуриб юборди. Девқомат ерда ётган эшикни ҳеч ҳам зўриқмай кўтариб, жойига ўрнатиб қўйганидан сўнг, денгиз бўронининг ғувуллаган товуши анча пасайди.
- Итдай чарчаганман, чой беринг, - илтимос қилди у, даҳшатдан эси чиқиб кетган Дудлига яқинлашиб, - Нари жил, бўрдоқи.
Дудли чийиллаганча қочиб қолиб, Вернон амакининг белига ёпишиб олган онасининг орқасига бекинди.
- Ҳа-а, мана Гарри! - хитоб қилди чақирилмаган меҳмон.
Гарри рўпарасидаги кишининг баджаҳл, ёввойи, қорайиб кетган юзига тикилиб, табассум ёғилиб турган қўнғиз кўзи атрофини ажин қамраб олганини пайқади.
- Мен сени мана бу-у-у-у-ундай бўлганингда кўрганман, - деди давангир бармоғини кўрсатиб, - Қаранг-а, отасининг худди ўзи-я, кўзи-чи, онасининг кўзига ўхшабди-қопди.
- Бу уйни зудлик билан тарк этишингизни талаб қиламан, сэр! - овоз берди Вернон амаки ғижирлаб нафас ютганча, - Сиз бостириб... зўрлик билан бузиб...
- Тинч қўй мени, ландавур, - қўл силтади давангир.
Кутилмаган меҳмон диван суянчиғи орқали энкайиб, Вернон амакининг қўлидаги милтиқни шартта тортиб олди-да, ундан осонликча тугун тугиб, кулба бурчагига улоқтирди. Амаки эса думи босиб олинган сичқондай чийиллаб қўйди.
- Қисқаси, Гарри, - деди давангир Дурслларга орқа ўгириб, - Туғилган кунинг билан табриклайман! Мана, сенга совға олиб келдим. Фақат, чамаси, йўл-йўлакай андак эзиб қўйганга ўхшайман. Ҳеч қиси йўқ, бари-бир жуда мазали.
У қора плашининг ички чўнтагидан бир оз эзилган қутини чиқариб, Гаррига узатди. Бола совуқдан қалтираётган бармоқлари билан қутини очиб, устига яшил шакар-қиём билан «Туғилган кунинг билан, Гарри!» сўзлари ёзилган катта шоколад тортни кўрди.
Болакай бошини орқага ташлаб, рўпарасидаги баҳайбат кишининг меҳр товланиб турган юзига қаради. Самимий миннатдорлик билдирмоқчи бўлди-ю, юрагидан чиққан сўзлар бўғзига келганда тиқилиб қолиб, «Раҳмат» ўрнига беихтиёр:
- Сиз кимсиз? - деб пичирлади.
Давангир қаҳқаҳлаб юборди.
- Ҳақиқатан ҳам ўзимни таништирганим йўқ, а, ҳали? Рубеус Хагрид, «Хогварц» қоровули ва хизматкори, - эълон қилди давангир.
У боланинг қўлини мисли кўрилмаган йирик кафти билан бутунлигича ўраб олиб, кучсиз силтаб қўйган бўлди.
- Чой масаласи нима бўлди? - эслатди Хагрид, қўлини ишқалаб, - Ҳа айтгандай, ўткирроқ ичимлик бўлса, рад этмаган бўлар эдим.
Унинг нигоҳи чипсдан бўшаб, бужмайиб қолган қоғоз халталар ётган бўм-бўш каминга тушгач, мийиғида кулиб қўйиб, энгашди. Нима иш қилганини ҳеч ким кўрмади-ю, қаддини ростлаганида, камин панжараси ортида ловуллаб ёнаётган гулхан кўринди. Нам тортган совуқ кулба ичига жон бахшида илиқлик таралди. Гарри ўзини гўё иссиққина, хушбўй ваннада ётгандай ҳис этди.
Девқомат ялпайганча ўтириб олган бечора диван ғарчиллаб эгилиб. У катта плашининг чўнтакларидан мис чойнак, силлиқ қадоққа ўралган сосискалар, темир косов, чой дамлаш чойнаги, бир нечта сири кўчган кружка, каҳрабо ранг суюқлик қуйилган шиша каби ҳар хил нарсалар чиқарди. Кечки овқат тайёрлашга киришар экан, шишадаги суюқликни тез-тез сўриб борди. Тез орада кулбани чўғда тарс-тарс ёрила бошлаган сосискаларнинг мазали ҳиди қамраб олди. Хагрид камин қаршисида ивирсиб ўтирганида ҳеч ким овоз чиқармади. Темир косов устидан бир оз куйиб, иштаҳани қўзғатадиган хушбўй сосискаларнинг дастлабки олти донасини олиши билан Дудли сал қимирлаб қўйди.
Буни сезган Вернон амаки дарҳол ўғлини тўхтатди:
- Тўхта Дудли, уни қўлидан ҳеч нарса олма!
- Дурсль, сени кўпчиб пишган бақалоқ кулчагинангга баттар ёғ босишнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ, - деди меҳмон нафрат-ла кулимсираб, - Шундай экан, ортиқ чиранма.
Хагрид сосискалардан бирини Гаррига узатди. Бола ниҳоятда оч бўлиб, ҳаётида бундай мазали овқат емаган гўё. Кўзини девқоматдан узмай тановул қилди. Ҳеч ким ҳеч қандай тушунтириш бермагач, ўзи сўраб билишга аҳд қилди:
- Маъзур сананг-у, кимлигингизни бари-бир тушунмадим.
Девқомат кружкага қуйилган суюқликдан хўплаб олди-да, кафтининг орқа томони билан оғзини артиб:
- Мени эл қатори Хагрид деб чақиравер. Айтдим-ку сенга «Хогварц» қоровулиман деб. «Хогварц» ҳақида эшитгансан-ку, ахир.
- М-м-м... йўқ, - иқрор бўлди бола ва Хагриднинг руҳий ларзага келаётганини пайқаб, - Узр, - деб қўшиб қўйди.
- Узр? - бўкириб юборди Хагрид, шу топда ер тезроқ ютиб юборишини истаб қолган эр-хотин Дурсллар томон ўгирилиб, - Анави нусхалар узр сўрашлари керак! Хўп майли, хатлар сенга берилмади, лекин «Хогварц»дан бехабар бўлиб ўсишинг! Буниси энди ҳаддан ортиқ! Ўзинг-чи, ота-онанг ўз маҳоратларини қаерда ўқиб ўрганишганини ҳеч сўрамадинг-ми?
- Қандай маҳорат ҳақида гапиряпсиз? - сўради Гарри.
- ҚАНДАЙ МАҲОРАТ? - момақалдироқ гумбурлаган сингари ўкирди Хагрид, - Қани сен нари тур-чи!
Баджаҳл ҳолатда ирғиб турган давангир танаси билан кулбани тўлдирди-қўйди. Эр-хотин Дурсллар деворга ёпишиб олишди.
- Буни қандай тушуниш керак?! - бақирди Хагрид, - Мана бу болакай ҲЕЧ НАРСАДАН ХАБАРИ ЙЎҚМИ?!
Гарри бир оз ошириб-бўктириб юборгандай ҳис этди ўзини. Ҳар қалай у мактабда таҳсил кўрган, баҳолари ҳам ёмон эмас.
- Нега энди, - гапга аралашди у, - Мен санаш, ёзишни биламан.
- Мен ўз дунёмиз тўғрисида гапиряпман, - қўл силтади Хагрид, - Сенинг дунёнг. Менинг дунём. Ота-онанг дунёси ҳақида сўраяпман.
- Қанақанги дунё?
Хагрид портлаб кетгудай бўлгани аён кўриниб турар эди.
- Сени-ми, Дурсль! - гумбурлаб давом этди у.
Ранг-қути ўчиб, мурдадек оқариб қолган Вернон амаки минғир-минғир қилиб алланима пичирлаган бўлди. Хагрид изтироб ила Гаррига қараб қолди.
- Бу қанақаси! Ота-онанг ҳақида ҳеч нарса билмайсан-ми?! Ахир улар ном чиқарган! Ўзинг ҳам жуда машҳурсан!
- Нима? Ростдан ҳам мен... менинг... ота-онам машҳур-ми?
- Билмайди... ҳеч нарсани билмайди...
Хагрид қўлини сочига суқиб, бошини маҳкам сиқиб олганча, Гаррига чинакамига ачиниб тикилди ва узоқ танаффусдан сўнг:
- Сен ким эканлигингни сенга айтишмади-ми?
- Жим бўлинг! - талаб қилди кутилмаганда мардлиги тутиб қолган Вернон амаки, - Овозингизни ўчиринг, сэр! Болага гапиришни ман этаман!
Хагрид Вернон амакига шундай қараб қўйди-ки, ўзини Вернон Дурслдан ҳам мард деб билган ҳар қандай кишининг юраги, бундай нигоҳга рўбару бўлгач, товонига тушиб кетган бўлар эди.
- Сен унга бирор-бир нарсани сўзлаб бермабсан, - ҳар бир ҳарфи ғазабга тўлиб-тошган сўзлар ила жавоб қайтарди давангир, - Дамблдорнинг хатини болага ўқиб бермабсан! Бор гапни ундан сир тутиб юрибсан! Сўзларимнинг маъносини уқяпсан-ми, Дурсль?
- Нима сир тутилган? - ҳаяжонланиб сўради Гарри.
- ЖИМ! МАН ЭТАМАН! - ваҳимага ичра чинқириб юборди Вернон амаки.
Петунья хола даҳшатга тушганидан нафаси бўғилиб қолди.
- Ҳа, ҳозироқ овозимни ўчираман, аҳмоқлар! Гарри, сен – сеҳргарсан!
Кулбага сукунат чўкди. Фақат денгизнинг ўкираётгани ва шамолнинг чийиллаётгани эшитилмоқда.
- Мен, кимман? - сўради Гарри, оғзи ланг очилиб.
- Сеҳргарсан, тушундинг-ми? Сеҳргар! - деди давангир диванга, уни янада баттар эзиб жойлашиб, - Энг муҳими ниҳоятда зўр сеҳргарсан, машқ қилсанг, албатта. Ота-онаси зўр сеҳргар бўлган бола ёмон бўлармиди? Хўп, керакли гап гапирилди... Ана энди мана буни ўқийдиган фурсат етди, - деди Хагрид болага сарғиш конверт узатиб.

Денгиз, Қоядаги кулба, пол тахта.
Мистер Г. Поттерга

Гарри зориқиб юрган хатни қўлига олиб ўқиди:

«ХОГВАРЦ»
СЕҲРГАРЛИК ВА АФСУНГАРЛИК САНЪАТИ МАКТАБИ
Директор: Биринчи даражали Мерлин ордени соҳиби, Буюк Афсунгар, Бош Сеҳргар, Нуфузли Зот, Бутун жаҳон Сеҳр-жоду Конфедерацияси аъзоси АЛЬБУС ДАМБЛДОР

Ҳурматли мистер Поттер!
Сиз «Хогварц» Сеҳргарлик ва афсунгарлик санъати мактабига қабул қилингансиз. Сизни бу ҳақда хабардор қилиш бизга ниҳоятда катта қувонч бахш этади. Ўзингиз билан олиб келадиган зарурий адабиёт ва буюмлар рўйхати хатга илова қилинган.
Машғулотлар 1 сентябрь куни бошланади. Жавоб тариқасида йўллайдиган бойқушингизни 31 июлдан кечиктирмасликни сўраймиз.
Самимий эҳтиром ила,
директор ўринбосари
Минерва Макгонагалл

Гаррининг ҳаёлида лоп-лоп этиб ёрилган мушаклар каби ҳар хил саволлар туғила бошлади, бироқ уларни қай изчилликда беришга боши қотди. Бир оз ўйлангач, ниҳоят:
- «Жавоб тариқасида йўллайдиган бойқушингиз» деганини қандай тушуниш керак? - ғўлдиради у.
- Э, ҳа, эсим қурсин, сал бўлса унутиб қўйибман-ку! - хитоб қилди Хагрид юк ортилган от аравани урса ағдариб юборгудай куч билан пешонасига бир уриб.
У чўнтагини титкилаб, ҳақиқий, тирик, ҳурпайиб кетган бойқуш, узун пат-қалам ва пергамент ўрамини чиқарди. Тиришганидан тилини чиқариб олганча, Гарри тескарисига ўқиб турган ажи-бужи хат ёзди:

Ҳурматли профессор Дамблдор!
Хатни Гаррига топширдим.
Эртага бозорга чиқамиз.
Об-ҳаво даҳшат.
Умид қиламан-ки, Сиз соғ-саломатсиз.
Хагрид.

Хагрид номани ўраб, бойқушга узатди ва ўрнидан туриб, эшик олдига яқинлашди-да, тумшуғига хат сиқиб олган қушни пўртанага қарата улоқтириб юборди. Шундан сўнг, худди даҳлизда турган телефон орқали ким биландир гаплашиб олган киши каби ортга, диванга қайтиб ўтирди.
Гарри эса Хагриднинг ҳаракатларига қараб оғзи катта очилиб қолганини пайқагач, ёпиб олди.
- Хўш, биз нима ҳақида гаплашиб турган эдик?
Хагрид энди гап бошлаган эди ҳам-ки, бўзарган юзига ҳалигача қон келмаган Вернон амаки жаҳл ила камин ёритиб турган жойга чиқиб овоз кўтаргандай бўлди:
- У бормайди.
Хагрид чангитиб сўкиниб олди-да, писанд қилмай:
- Ким тўсқинлик қилса ҳам, ҳар қалай сендай магл тўсқинлик қила олмайди.
- Ким? - қизиқиб сўради Гарри.
- Магл. Сеҳргар бўлмаган ҳар қандай кишини биз шундай деб атаймиз, - тушунтирган бўлди Хагрид, - Ҳа, дўстим, омадинг чопмади, магллар қўлида ўсдинг. Мана бунга ўхшаганларини эса кундуз куни чироқ ёқиб қидирсанг ҳам топа олмайсан.
- Уни оиламизга қабул қилиб олганимизда, бундай бемаънигарчиликка чек қўямиз, деб онт ичганмиз. Қаранг-а, сеҳргар эмиш!
- Билардингиз-ми? - ҳайрон бўлиб сўради бола, - Сеҳргарлигимни билардингиз-ми?
- Билардингиз-ми?! - кутилмаганда чийиллаб қолди Петунья хола, - Билмай бўладими! Албатта, билардик! Уч карра лаънати сингилчам туққан сендай бола ким ҳам бўлар эди! У ҳам, бир вақтлар шундай хат олиб, ўша мактабга йўл олган. Уйга фақат таътилга келиб юрган! Доимо чўнтагида бақанинг увулдириғини олиб юрар, чашкаларимиз ҳамиша каламушга айланиб қолар эди! Уни қандайдир... телба эканлигини фақат менгина билар эдим! Ота-онамиз-чи, мафтун! Лилимиз ундай, Лилимиз бундай. Оилада, қаранг-ки, жодугар туғилибди!
Хола бир оз нафасини ростлаб олиб, давом этди. Кўп йиллардан буён гапириб, ичини бўшатиб олиш истагида юргани аён сезилиб турибди.
- Вақт ўтиб, анави мудҳиш Поттер билан танишиб олди-да, гум бўлди. Турмуш қуришди. Ҳеч қанча ўтмай сен туғилдинг. Бирор-бир шубҳа йўқ-ки, сен ҳам худди... ўшаларга ўхшаб... ғалати... телба бўлиб ўсасан. Кейин-чи, марҳамат, сингилчам ўзини ўлдиришларига йўл қўйиб ўтирибди. Бизга эса олинг-марҳамат – сеҳргарча!
- Ўлдиришларига йўл қўйди? - ўзини базўр қўлга олди ранги оқарган Гарри, - Сиз уларни автомобиль ҳалокатига дучор бўлишган, деган эдингиз-ку?!
 - АВТОМОБИЛЬ ҲАЛОКАТИ?!
Ғазабининг чеки кўринмаётган Хагриднинг нафрати шундоқ ҳам ўтакаси ёрилар даражага келиб қолган Дурслларни кулба бурчагига биқиниб олишга мажбур қилди.
- Лили билан Жеймсни қанақанги автомобиль ҳалокати ўлдира олишини билишни истар эдим! Қандай аблаҳлик! Бемазагарчилик! Гарри Поттер ўзи ҳақида ўзи билмаса-я! Ахир бизда эндигина тухумдан чиққан ҳар қандай болакай унинг тарихини ёддан айтиб бера олади-ку!
- Нима?... Қаердан?... Нега? - сўрай бошлади Гарри.
Оғзидан чиқиб кетган гапидан хижолат чеккан Хагриднинг юзидаги ғазабдан асар ҳам қолмай, безовталана бошлади.
- Бунақа бўлишини кутмаган эдим, - деди у паст овоз билан, нима қилишини билмай боши қотиб, - Дамблдор огоҳлантирган эди-я мени... сен билан мулоқот... бир оз қийин кечишини. Ҳақиқатан ҳам ҳеч нарса билмас экансан-ку. Эҳ Гарри, Гарри... Нима қилишни ҳам билмай қолдим. Сенга бор гапни айтиб бериб, яхши иш қилган бўламанми, ёмонлик қилиб қўяман-ми, бошим қотди. Кимдир айтиб бериши керак-ку сенга. Ахир «Хогварц»га дунё бехабар сўтакка ўхшаб бормайсан-ку, ҳар қалай.
У Дурсллар томон ниҳоятда хунук қараб қўйди.
- Сизлар ҳам эшитиб қўйсаларинг фойдадан холи бўлмайди... Тўғрисини айтганда ўзим ҳам бор гапнинг ҳаммасини билмайман. Жуда қоронғи ҳикоя...
У ўтириб олди-да, гулханга тикилиб қолди, сўнгра:
- Чамаси гапни исми... ҳа, йўқ... сизлар бундай исмни ҳаётда эшитмагансизлар-ку, даҳшат, бизда эса ҳамма билади...
- Кимни?
- Э... исмини тилга олишни истамайман. Ҳеч ким истамайди.
- Нега?
- Балога, нега бўларди! Турқи хунук махлуққа ўхшаш эди. Қўрқишади ундан, ўшанга! Ҳозиргача қўрқишади. Жин урсин уни, қийин... Эшит Гарри, қачонлардир бир сеҳргар бўлган. Хуллас у ёмон... ёвуз бўлган. Шундай ёвуз бўлганки, ундан ўтадигани бўлмаган. Унинг исми... - Хагрид ютиниб қўйди, исмни айтишга тили айланмади.
- Балки ёзиб берарсиз? - таклиф киритди Гарри.
- Йўғе, ёзсанг янада ёмон бўлади. Хўп, майли, Вольдеморт, - Хагрид сесканиб кетди, - Бўлди бу исмни такрорлашга мажбур қилма мени... Хуллас, ана ўша... сеҳргар, тахминан йигирма йил муқаддам ўз атрофига тарафдор ўқувчиларни тўплай бошлаган. Топиб тўплаган ҳам. Баъзи ўқувчилар қўрқишганидан тарафдор бўлса, айримлари унинг ҳукми зўрлигидан суйкалишган. Ҳукми эса етарлича қудратли бўлган. Ола-ғовур давр эди, Гарри. Ким кимга ишониши кераклигини ҳеч ким билмайди. Мусофирлар билан дўст тутинишга ҳеч кимнинг юраги бетламайди... Ҳар хил қўрқинчли воқеалар бўлиб турар эди. Аста-секин унинг қўли баланд келиб, ғалаба кетидан ғалаба қозона бошлади. Шуниси аёнки, ким унга қаршилик кўрсатса ёки бош кўтаришга уринса, ўлдирар эди. Ўлдирганда ҳам, жуда мудҳиш ўлдирар эди. Ҳукми ўтмайдиган биттагина хавфсиз жой қолган, у ҳам бўлса, «Хогварц». Чамаси, Ўзингиз-Биласиз-Ким фақат Дамблдордан қўрқар эди. Мактабни забт этишга, жилла бўлмаса ўша даврда, журъати етмади.
- Хўш... энди ота-онанг ҳақида... Ота-онанг мен билган энг зўр сеҳргар ва афсунгарлар сирасига киради. Улар «Хогварц»нинг сара ўқувчилари бўлишган. Нима учун Ўзингиз-Биласиз-Ким уларни бирор маротаба бўлсин, ўз томонига оғдиришга уриниб кўрмаган?... Чамаси у, ота-онанг ёвуз кучлар томонга ўтишмаслигини фаҳмлаган. Ота-онанг Дамблдор тарафдорлари бўлишган, тушуняпсан-ми? Эҳтимол ўша сафар уларни кўндирмоқчи... балки... йўлидаги ғов сифатида бартараф этмоқчи бўлгандир, ким билади... Ўн йил олдин, Хэллоуин куни, ўша аблаҳ сизлар яшаган қишлоққа қадам ранжида қилган. Сен эндигина бир ёшга тўлган увоққина гўдак эдинг. У уйларингга кирди-да...
Бирдан Хагриднинг дами ичига тушиб кетди. Чўнтагидан кир дастрўмол чиқариб, қувурдан чиққан товуш каби товуш чиқариб, бурун қоқди.
- Маъзур сананг, - деди манқаланиб, - Ҳалигача ғам-андуҳ чекаман. Ота-онангни жуда яхши кўрар эдим. Уларни жуда хушхулқ кишилар бўлишган. Ўша мараз, Ўзинг-Биласан-Ким ота-онангни нобуд қилди. Кейин эса эҳтимол гувоҳ қолмаслиги учундир, балки одам ўлдириш унга ёқиб қолгани учунми, сени ҳам ўлдирмоқчи бўлди, аблаҳ. Масаланинг жумбоқлиги ҳам шундаки, сени ўлдириш қўлидан келмади! Пешонангдаги чандиқ нима сабабдан пайдо бўлганини биласанми? Бу қандайдир арзимас яра эмас. Бундай чандиқ кучли ёвуз афсун текканларда қолади. Афсун кучи шу қадар қудратли эдики, на ота-онанг, на уйларинг омон қолди. Сенга эса бундай кучли афсун кор қилмади. Айни шунинг учун ҳам жуда машҳурсан, Гарри. У кимга қасд қилган бўлса, омон қолмаган. Ахир, ўша даврдаги қудрати Маккинлар, Боунслар, Преветлар каби энг сара сеҳргар ва афсунгарларни ўлдириб юборишга етди. Сен эса истисно, улардан фарқли ўлароқ, омон қолдинг.
Гаррининг ҳаёлида оғриқ билан кечган қандайдир хотира тикланиб ўтди. Хагрид ҳикоясини тамомлар экан, боланинг кўз ўнгида яшил рангли, кўзни қамаштирадиган чақмоқ олдингидан ҳам аниқ кўринди ва ҳаётида илк бор кучли, этни жунжитган тарзда янграган шафқатсиз кулги эшитганини эслади.
- Сени вайрона уйдан шахсан ўзим олиб чиқиб, мана буларникига олиб келганман, - деди Хагрид, маъюс термилиб.
- Бари беҳуда гап! - хитоб қилди Вернон амаки.
Унинг овозини эшитган Гарри сесканиб кетди. Дурслларнинг шу ерда эканлигини у умуман унутиб қўйган экан. Вернон амакининг одатий манманлиги қайтган шекилли, Хагридга таҳдид солгандай қўлини мушт қилиб олди.
- Энди гапларимга қулоқ сол, йигитча, - ғазаб-ла гап бошлади Вернон амаки, - Табиатингда қандайдир ғайриоддийлик борлигини яхши биламан. Яна шуни биламан-ки, яхшигина таёқ есанг, буларнинг барини жуда тез унутасан. Ота-онанг масаласига келсак, улар савдойи бўлганликлари аниқ. Фикримча, уларсиз бу ҳаёт енгил ўтади. Ота-онанг ўз қилмишларига яраша жазо олишди. Улар апоқ-чапоқ бўлиб олишган жамики жодугарлардан нимани ҳам кутиш мумкин. Огоҳлантирган эдим, уларни. Эртами-кечми, шу кўйга тушишларини айтган эдим. Ажаб иш бўлибди...
Вернон амакининг сўнгги сўзларини эшитган Хагрид бардош бера олмай, ўрнидан ирғиб турди. Плаши остидан эскириб кетган пушти соябонини қўлига олди-да, Вернон амакига ўқтаганча дона-дона қилиб:
- Огоҳлантириб қўяй, Дурсль, огоҳлантириб қўяй, яна бир оғиз ортиқча сўз айтадиган бўлсанг...
Соябон тиғига кийдириб қўйилиш хавфи билан юзма-юз келган Вернон амакининг мардлиги шу заҳоти барҳам топди. У аста секин деворга қапишиб олиб, унини ўчирди.
- Шундоқ бўлсин, - деганча, оғир нафас олган Хагрид диванга қайтиб ўтирди. Бу сафар бечора диван ергача эгилиб кетди.
Гарри эса янги ва янги саволларни тайёрлаб қўйган.
- Вольде... яъни Ўзингиз-Биласиз-Кимга нима қилди?
- Яхши савол бўлди-ю, Гарри, бироқ жавоби қийин. Унга нима бўлганлигини билмайман. Гум бўлди. Сени ўлдиришга уринган ўша кечанинг ўзида ер ютгандай йўқ бўлиб кетди. Айни шу сабабли ҳам сен янада машҳур бўлиб кетдинг. Уқдинг-ми, жумбоқлар ичра жумбоқ айни шунда... Ахир у ўша кезларда борган сари қудратли бўлиб, ҳукми зўрайиб бораётган эди. Нега энди шундай пайтда йўқолиб қолиши керак?
Хагрид бир оз ўйланиб қолди.
- Баъзилар уни ўлганга чиқаришган, - давом этди у, - Бўлмағур гап! Киши ўлиши учун кам деганда одам бўлиши керак. У эса одам-подам эмас эди. Айримлар уни шу атрофда кезиб, қандайдир пайт пойлаб юрибди, дейишади. Бундай миш-миш гапларга ҳам бовар қилмайман. Унинг собиқ тарафдорлари орамизга қайтишди. Эмишки, ақл-хушлари хиралашиб қолибди. Агар унинг ҳаётга қайтишини аниқ билишганларида, бундай каслар орамизга қайтмаган бўлар эдилар.
- Фикримча, у тирик, қаергадир бекиниб олган. Сеҳри барҳам топган бўлиб, кураша олмайдиган жуда заиф ҳолатга тушиб қолган... Сенда нимадир борки, Гарри, уни яксон қилиб юборгансан. Ўша тунда, ким билади дейсан, умуман кутилмаган ҳодиса содир бўлган-у, табиатингдаги аллақандай тилсим уни янчиб ташлаган.
Хагрид Гаррига ўзгача илиқлик ва эҳтиром ила қараб қўйди. Гарри эса ўзини мамнун ҳис этиш ўрнига, мана бу ҳолат, эшитаётган сўзлари қандайдир даҳшатли англашилмовчилик эканлигига ишонч ҳосил қила бошлади. У сеҳргар?! Бўлиши мумкин эмас! Дудли уни бир умр қийнаб келган, холаси билан амакиси эса зулм ўтказишини қўймаган бўлса, қанақа сеҳргар бўлсин? Агар сеҳргар бўлса, нега ҳар сафар буфетга қамаб қўйишган Дурслларни қурбақага айлантириб қўймади? Агар у қачонлардир жаҳондаги энг қудратли сеҳргарни енгишга муваффақ бўла олган бўлса, нега унда Дудли уни футбол коптоги сингари ҳанузгача тепиб юради?
- Хагрид, - ниҳоят гап бошлади у, - Менимча Сиз янглишяпсиз. Мен сеҳргар эмасман.
- Сеҳргар эмасман дегин? - ҳиринглаб қўйди Хагрид, Гаррини ҳайрон қолдириб, - Сени истакинг билан, айтайлик жаҳлинг чиққан ёки қаттиқ чўчиганингда, ҳеч нарса рўй бермаган демоқчимисан?
Гарри каминда ёнаётган оловга қаради. Қизиқ савол... Ҳақиқатан ҳам барча ғалати ҳодисалар айнан нимадандир хафа бўлган ёки жаҳли чиққан ҳолларда рўй берган эди-ку... Дудлининг оғайнилари қувиб, таъқиб қилишганда киши етмас жойда пайдо бўлиб қолиши-чи... Даҳшатли қиёфага келиб қолган даражада олиб ташланган сочи шу заҳоти ўсиб, ўз ҳолатига келиб қолган эмас-ми. Сўнгги воқеани олайлик. Ҳайвонот боғида жонини оғритиб урган Дудлидан шу оннинг ўзида қасос олмади-ми? Ойна девор ортидаги боа-констрикторни Гаррининг ўзи, нима қилаётганини идрок этмаган ҳолда чиқариб юборган эмас-ми?
Гарри Хагридга қараб, қувончдан яшнаб кетаётганини кўрди.
- Хўш? Энди ҳис этдинг-ми? - деди кўзини қисиб қўйган Хагрид, - Гарри Поттер сеҳргар эмас эмиш! Ҳа! Шошмай тур, сен ҳали «Хогварц»нинг фахрига айланасан.
Бироқ Вернон амаки осонликча таслим бўладиганлардан эмас.
- «Хогварц»га бормайди дедим шекилли? - вишиллади у, - Бола «Бетон деворлар»га боради ва бунинг учун вақти келиб мендан миннатдор ҳам бўлади. Ўқиганман хатларингни. Буни қаранг-а, унга аллақандай афсунлар китобими, сеҳрли таёқча керак эканми-ей, яна...
- Агар унга бирор нарса керак бўлса, сенга ўхшаш магл нусха халал бера олмаслиги муқаррар, - ҳайқирди Хагрид, - Лили билан Жеймс Поттерларнинг ўғлини «Хогварц»га юбормас эмиш! Ақлингни еб қўйибсан Дурсль. Ахир бу бола туғилиши билан мактаб ўқувчиларининг рўйхатига киритиб қўйилган-ку, тентак. У дунёдаги сеҳргарлик ва афсунгарлик санъати мактаблари орасидаги энг сара мактабга боради. Етти йилдан сўнг ўзини ўзи танимай қолади. Ўзига ўхшаган болалар билан таҳсил кўради. Энг машҳур сеҳргарнинг қўлида, кимсан – Альбус Дамбл...
- АЛЛАҚАНДАЙ МИЯСИНИ ЕГАН ҚАРИ АҲМОҚ ҲАР ҚАНДАЙ БЕМАЪНИ ЖОДУГАРЛИК ҚИЛИҚЛАРИГА ЎҚИТИШИ УЧУН МЕН БИР ТИЙИН БЎЛСИН, ТЎЛАМАЙМАН! - ҳанграб юборди Вернон амаки.
Бироқ у ҳаддан ошириб юборди. Хагрид соябонини қўлига олиб, унинг боши узра айлантира кетди.
- МЕНИ ОЛДИМДА АЛЬБУС ДАМБЛДОРНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛИШГА ҚАНДАЙ ЖУРЪАТ ЭТДИНГ?
Хагрид қулочкашлаганча соябонини қуйи солиб, учини Дудлига қаратган эди ҳам-ки, лоп этиб бинафша ёғду кўринди. Шундан сўнг, портлаган мушак билан металлнинг ғижирлаши аралаш товуш эшитилиб, бир сония ўтгач, Дудли, жони оғриганидан, қўлини ёғ босган йўғон думбасига сиқиб олганича, турган жойида сакрай кетди. Орқа ўгирганида иштонининг йиртиғидан бўртиб чиққан чўчқа думининг гажаги кўринди.
Вернон амаки додлаб юборди. У Петунья хола билан Дудлини бошқа хонага судраб, Хагридга ўқрайганча, эшикни ичкаридан ёпиб қўйди.
Хагрид соябонга қараб, соқолини силади.
- Ўзимни қўлга олишим керак, - тўнғиллаб қўйди у, макрли қиёфа ясаб, - Э, бари-бир иш бермади. Чўчқага айлантириб қўймоқчи эдим уни, бироқ шундоқ ҳам чўчқа экан, ортиқча уринишга ҳожат бўлмади. Бу ҳақда «Хогварц»да гапириб юрмагин, хўпми, - шунчаки айтиб қўйгандай бўлди у, пахмоқ қошлари остидан Гаррига қараб, - Мен... менга... нима десам бўлар экан... Сеҳр-жоду билан шуғулланиш мумкин эмас, тушуняпсан-ми. Тўғри, сени қидириб топиш, хабар етказиш каби баъзи ишлар учун айрим нарсаларга рухсат берилган, бироқ... Бир оз қизишиб кетдим шекилли...
- Нима учун сизга сеҳр-жоду билан шуғулланиш мумкин эмас?


- Сен сўрама, мен айтмай. Мен ҳам бир вақтлар «Хогварц»да ўқиганман, аммо ростини айтсам мени... Мени учинчи синфда ўқиётганимда мактаб ўқувчиларининг рўйхатидан четлатишган. Сеҳрли таёқчамни эса икки бўлиб юборишган. Хуллас, ишлар жойида.


МУНДАРИЖА


Комментариев нет:

Отправить комментарий