суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ЎН УЧИНЧИ БОБ. НИКОЛАС ФЛАМЕЛ

Профессор Дамблдор Кўнгилдаги орзулар кўзгусини қайта қидирмасликка ўқувчини кўндира олди. Мактаб директори билан тунда ўтган суҳбатдан сўнг, Гарри, кўринмас плашни батартиб тахлаганча, сандиғига жойлашга жойлаб қўйди-ю, кўзгуда кўрганларини ҳеч унута олмади. Кечалари босинқираб, тушида кўзни қамаштирадиган яшил чақмоқ ота-онасини ҳалок қилганини кўрадиган, кимнингдир кучли, этни жунжитадиган тарзда янграётган иблисона кулгисини эшитадиган бўлиб қолди.
Гарри алоғ-чалоғ тушлар кўраётганлигини дўстига айтиб берди.

- Демак, Дамблдор ҳақ экан, - хулоса чиқарди Рон, - Ўша кўзгу кишини чиндан ҳам ақлдан оздириб қўйиши ростга ўхшайди.
Семестр бошланишидан бир кун олдин етиб келган Гермиона эса болаларнинг таътил кунлари бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ҳикояларини эшитиб, дўстларининг хатти-ҳаракатларини қаттиқ танқид қилди.
- Филч сени тутиб олганида нима бўлар эди! - жаҳл қилган бўлди қизалоқ, Гаррининг уч кеча қаср йўлакларида дайдиб юрганини эшитиб.
Айни вақтда у, қулай имкониятдан фойдаланиб, Николас Фламел ким бўлганлигини аниқлаб олмаганлиги учун Гарридан хафа ҳам бўлди.
Гарчи Гарри, Николас Фламел ҳақида қаердадир ўқиганлигига комил ишонч билдирса-да, болаларда, ушбу исмни китоб саҳифаларида топишга шубҳа туғила бошланди. Шунга қарамай, учала дўст, семестр бошлаш билан бир вақтда, машғулотлар орасидаги 10 дақиқали танаффуслар давомида кутубхонага қатнашини қўймади. Бироқ Гарри, квидиш машқлари бошланганлиги боис, бундай тадқиқотларда нисбатан камроқ иштирок этди.
Древ сўнгги вақтда ўз жамоасидан бор кучни сарф этишни қатъий талаб қилиб қолди. Ҳатто қорбўрон ўрнига бошланган тинимсиз ёмғирлар ҳам унинг жанговар руҳини синдира олмади. Эгизак Уэслилар Древга савдойи думбул деган лақаб қўйишганча, нолишиб, ҳасрат қилишса, Гарри жамоа сардорига тарафдор бўлди. Ахир «Гриффиндор» жамоаси мактаб кубоги учун олиб борилаётган курашда «Хуффльпуфф» жамоасини енгса, сўнгги етти йил ичида биринчи маротаба «Слизерин» жамоасидан олдинга чиқиб олади-ку!
Ғалаба қозонишдек табиий истакдан ташқари, Гаррининг зўр бериб машқ қилишига яна бир сабаб бор, у ҳам бўлса: машқ қилиб ҳолдан тойган куни алоғ-чалоғ тушлар кўрмаслиги.
Жамоа жиққа ҳўл бўлиб, қулоғигача лойга беланган кунлардан бирида Древ нохуш хабар етказди. Эгизак Уэслилар Древнинг устига атайин, гўё супургиларидан тушиб кетишгандай, иккита бомба сингари бирин-кетин қулашди.
- Безорилик қилишни бас қилинг! - дод-вой солди жони оғриб, жаҳли чиққан жамоа сардори, - Айни шундай хулқингиз учун ҳам ютқазиб қўйишимиз мумкин! Билиб қўйинг, келаси ўйинга Снегг ҳакамлик қилади! Унга «Гриффиндор»дан балл айиришга зиғирдай сабаб бўлса бўлди. Ҳар нарсадан айб қидириб юришини яхши биласиз.
Древ узра яна муаллақ осилиб олган Жорж Уэсли бундай хабарни эшитиб, чиндан ҳам супургисидан қулаб тушди.
- Снегг ҳакамлик қилади?! - базўр эътироз билдирди у, оғзи лойга тўлиб, - Северус ўзининг зерикарли ҳаёти давомида бирон маротаба бўлсин квидиш ўйинига ҳакамлик қилганми? «Слизерин»дан устун келаётганимизни кўрса, унинг холисона ҳакамлик қилишига шубҳа қиламан.
Жамоанинг қолган аъзолари ҳам Жоржнинг ёнига қўниб, сардорга эътироз билдира бошлашди.
- Нега менга бақирасиз? Мен тайинлабман-ми уни? Қўлимдан нима келади? - жавоб қайтарди Древ, ҳаммага баробар - Снегг бирон-бир айб топа олмаслиги учун беқусур ўйнашимиз керак, вассалом.
Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта, ўйлади Гарри. Бироқ Снегг нафақат ҳакамлик қилмаслиги, умуман ўйинга келмаслигини, айниқса Гарри ҳавога кўтарилганида ўйингоҳда бўлмаслигини жуда истар эди...
Машқ якунида жамоа аъзолари Древнинг нохуш хабарини унутиб, ҳар хил мавзуларда валдираб тарқалди. Гарри тўппа-тўғри коллежнинг умумий меҳмонхонасига йўл олди. Бу ерда Рон билан Гермиона тинчгина шахмат ўйнаб ўтиришибди.
Шахмат ўйини Гермионанинг ўзлаштириши қийин кечаётган ягона воқифлик бўлиб, тез-тез ютқазиб туриши қизалоқ учун жуда ҳам фойдали ҳаётий сабоқ бўлади, деб топишади Рон билан Гарри.
- Гапирмай, жим ўтир, - деди Рон, ёнига ўтирган Гаррига, - Мен ҳаёлимни навбатдаги юришга жамла... Тинчликми? Сенга нима қилди? - сўради у дўстининг ранг-рўйига эътибор қаратгач.
Гарри, бошқа ҳеч ким эшитиб қолмаслиги учун паст овозда гапиришга ҳаракат қилиб, Снеггнинг кутилмаганда квидиш ўйинида ҳакамлик қилишга аҳд қилганлиги ҳақида дўстларини хабардор қилди.
- Ўйинда иштирок этма, - дарҳол кўрсатма берди Гермиона.
- Касал бўлиб қолдим дегин, - деди Рон.
- Ўзингни оёғи синган кўйга солиб ол, - давом этди Гермиона.
- Йўқ, сен чиндан ҳам оёғингни синдир, - таклиф киритди Рон.
- Ундай қила олмайман, - деди Гарри бундай дўстона таклифларни рад этиб, - Жамоамизда захира Сайёд йўқ. Мен ўйнамайдиган бўлсам, «Гриффиндор» умуман майдонга чиқмайди.
Айни шу пайтда меҳмонхонага Семиз Холанинг портрети тўсиб турган туйнукдан боши билан пастга қулаб тушган Невилль кириб келди. Биринчи қарашдаёқ унинг оёғи Кишан қарғиши билан кишанбанд қилинганлиги аён бўлди. Бечора Лонгботтом «Гриффиндор» минорасининг кўп поғонали зинасидан қандай кўтарилганлиги жумбоқ бўлиб қолди. Қуёнга ўхшаб сакраб чиққан бўлса керак.
Табиийки, Невиллнинг аҳволини кўрган ўқувчилар баралла қаҳқаҳлаб кулиб юборишди. Фақат Гермионагина ёрдамга келиб, Кишан қарғишидан халос этувчи қарши афсун ўқигач, Невиллнинг оёғи, худди бир-бирига тортиб турган оралиқ пружина узилиб кетгандай, ажралиб кетди. Ниҳоят у, аъзои-бадани титраганча, оёққа тура олди.
- Хўш, гапир, нима бўлди? - сўради Гермиона, базўр ўрнидан туриб олган Лонгботтомга Рон билан Гаррининг ёнига ўтиришига кўмаклашиб.
- Малфойнинг навбатдаги қилиғи, - бошлади Невилль титроқ овоз билан, - У билан кутубхона ёнида рўбару бўлиб қолдим. Мени кўриб: «Келганинг яхши бўлди, Лонгботтом, менга тажриба қилинадиган қуён керак эди», - деди-да, афсун ўқиди.
- Профессор Макгонагаллнинг ҳузурига бориб, бўлган гаплардан хабардор қил! - кучаниб хитоб қилди Гермиона.
- Ортиқча кўнгилсизликлар бўлишини истамайман, - минғирлади Невилль бошини сарак-сарак чайқаб.
- Қарши чора кўришинг керак, Невилль! - гапга аралашди Рон, - Малфой одамлар бошида юришга одатланиб қолган, албатта. Бироқ унинг бундай юриши монеликсиз, янада осон кечиши учун бош эгиш керак эмас-ку, ахир.
- Менда гриффиндорчиларга хос мардлик етишмаётганлигини яна бир бор эслатиб ўтишга ҳожат йўқ. Буни ҳозиргина Малфой исбот қилгани етарли деб ўйлайман, - юракдан чиқариб, базўр айта олди Невилль.
Унинг қиёфасидан йиғлаб юборишига оз қолганлиги билиниб турибди. Гарри коржомасининг чўнтакларини титиб, Гермиона Рождествога юборган сўнгги шокобақани чиқарди-да, Невиллга узатди.
- Сен Малфойга ўхшаганларнинг ўн иккитасига бас кела оласан, - деди у, ўртоғига таскин беришга уриниб, - Сараловчи шляпа сени «Гриффиндор»га тайинлаганини унутма. Бу бежиз эмас-ку, ахир. Малфойни-чи? Аллақандай сассиқ «Слизерин»га йўллади.
Гаррининг сўзларидан енгил тортган Невилль кулимсираган бўлиб, лабини қийшайтириб қўйди.
- Раҳмат, Гарри... Мен бориб ётай. Сеҳргарнинг суратини ўзингга олиб қўярсан. Сен уларни йиғяпсан-ку, шундай эмасми?
Невилль ётоқхонага йўл олди, Гарри эса бу гал қайси машҳур сеҳргар сурати соҳиби бўлганлигини билиш мақсадида шокобақа ичидан чиққан суратни ёзиб кўрди.
- Яна Дамблдорнинг сурати. Бу сурат менга...
Бирдан Гарри хитоб қилиб, суратнинг орқа томонини ўгириб ўқиди. Сўнгра аста секин нигоҳини Рон билан Гермионага кўтариб:
- Топдим! - шивирлади у, - Фламелни топдим! Айтгандимку сизларга унинг исмини қаердадир ўқиганман деб! Поездда! «Хогварц»га келаётганимда ўқиганман! Мана эшитинглар:

«Дамблдор 1945 йили ёвуз сеҳргар Гриндельвальд устидан ғалаба қозонгани, аждар қонидан фойдаланишнинг ўн иккита усулини ихтиро қилгани, шунингдек, Николас Фламел билан биргаликда алкимё соҳасида олиб борган ишлари ила алоҳида шуҳрат қозонган»

Буни эшитган Гермиона ўрнидан сакраб туриб, алғов-далғов ҳаяжонланиб кетди. Уйга берилган илк вазифа учун баҳолар қўйилган дафтарлар биринчи синф ўқувчиларига қайтариб тарқатилган кундан буён у ҳали бу қадар ҳаяжонланмаган.
- Шу ерда, қимир этмай ўтиринг! - қичқирди у ва ётоқхонаси томон югуриб кетди.
Гарри билан Ронга фақат бир-бирига қизиқсиниб қараб қўйгани вақт етди холос. Гермиона қўлида улкан ва кўринишидан жуда қадимий китоб кўтарганча, қайтиб келишга улгурди.
- Хонамда ётган китобда қидириш кераклигини хаёлимга ҳам келтирмабман. Буни, уйқудан олдин ўқиладиган енгил мавзулар сифатида, кутубхонадан олганимга анча бўлган эди.
- Енгил мавзулар? - шубҳа қилди Рон.
Қизалоқ Ронга тинч ўтириши, керакли саҳифани қидириб топишга халал бермаслиги учун жим деган имо қилиб, алланима вайсаганча, китоб саҳифаларини ўта катта тезлик билан варақлашга киришиб кетди.
Ниҳоят у керакли саҳифани топди шекилли:
- Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим-а! Шундай деб ўйлагандим!
- Энди гапирсам бўладими ё ҳалиям жим ўтираверайми? - сўради Рон, заҳарли оҳанг билан.
Гермиона Роннинг пичингига эътибор ҳам қаратмади.
- Николас Фламел, - тантанавор ўқиб эшиттирди у, - Бугунги кунда Фалсафий тош яратган ягона муаллиф саналади!
Бироқ бу гап Гермиона кутган самара бермади.
- Нима? - баралла сўрашди Гарри билан Рон.
- Наҳотки хабарингиз бўлмаса? Қулоқ солинг. Йўқ, яхшиси ўзингиз ўқинг, мана, мана бу сатрларни ўқинг.
Гермиона китобни яқинроқ суриб, бармоқчаси билан керакли хатбошини кўрсатгач, болалар қуйидагиларни ўқишди:

Алкимё соҳасида олиб борилган ўрта аср тадқиқотларининг мавзуси, асосан, ажойиб сеҳрли кучга эга, Фалсафий тош деб ном олган афсонавий модда яратишга бағишланган. Эътироф этилишича, бундай тош ҳар қандай металлни соф олтинга айлантириш қобилиятига эга эмиш. Шунингдек, ушбу модда воситасида Оби-Ҳаёт, яъни уни ичган одамга боқий умр ато этадиган ичимлик яратиш мумкин деган тахминлар бор.
Ўтган асрлар давомида Фалсафий тош яратилганлигига доир хабарлар бисёр маротаба эълон қилинган. Амалда эса бундай тошнинг ҳозирча танҳо соҳиби машҳур алкимёгар, опера ашуласининг заршуноси мистер Николас Фламел саналади.
Ўтган йили олти юз олтмиш бешинчи баҳорини қарши олган мистер Фламел айни вақтда Девонда, ўзининг олти юз эллик саккиз ёшли рафиқаси Перенелла билан хилватда умргузаронлик қилмоқда.

- Энди тушундинглар-ми? - ниҳоят хитоб қилди Гермиона, болалар мутолаани ниҳоясига етказишларига қадар базўр сабр қилиб, - Ўша уч бошли ит Фламелнинг Фалсафий тошини қўриқлаб ётибди! Бундай чора кўрилишини шубҳа йўқ-ки, Фламел Дамблдордан илтимос қилган! Ахир улар дўст-ку! Тош кетига кимдир тушиб қолганлигини Николас сезган ва шунинг учун ҳам уни «Гринготтс»дан олиб чиқишга аҳд қилган.
- Олтин ясаб, кишининг ажалини нари қувадиган тош. Снеггнинг орзу-ҳавасларини тушунса бўлади. Бундай тошга ким ҳам эга бўлишни истамайди дейсиз? - хулоса чиқарди Гарри.
- Фламелнинг исмини «Замонавий афсунгарликнинг энг муҳим кашфиётлари»да топа олмаганимиз ҳам бежиз эмас эканда, - деди Рон, - Ўзи қадимий бўлган мана бу китобда ёзилишича «… ўтган йили олти юз олтмиш бешинчи баҳорини қарши олган»идан кейин, Николас амакининг замонавийлиги қоладими.
Туни билан муҳокама қилишгани камлик қилгандай, эртасига эрталаб, ёвузлик кучидан ҳимоя дарсида, афсун билан бошқа тусга кирган одам тишлаб олган ҳолатда даволаниш усулларини синф тахтасидан кўчириб ўтирган Гарри билан Рон ҳалигача кечаги масалани: агар Фалсафий тош соҳиби бўлишганда қандай иш тутишган бўлишларини муҳокама қилиб ўтиришди. Рон хусусий квидиш командасини харид қилиб олардим дегунга қадар Гарри Снеггни ҳам, навбатдаги ўйинни ҳам эсига олмаган эди.
- Мен ўйнашга аҳд қилдим, - қатъий эълон қилди Гарри дўстлари Рон билан Гермионага, - Агар мен майдонга чиқмасам, слизеринчилар мени номард деб эълон қилиб, Снеггдан қўрққанимни масхара қилишади. Агар ғолиб чиқсак башараларидаги мурдор тиржайишлари йўқолади!
- Иш қилиб сени йўқотиб қўймасак гўрга эди, - деди Гермиона.

***
Ўйин бошланишига саноқли кунлар қолди. Гарри, дўстларига нималар деган бўлишидан қатъи назар, борган сари асабийлаша борди. Жамоанинг қолган аъзолари ҳам ташвишда. «Слизерин» жамоаси устидан ғалаба қозониш ҳақидаги ўй ҳаммани ҳайратга солади, албатта. Нима қилганда ҳам етти йилдан буён бу иш ҳеч қайси жамоанинг қўлидан келмаган. Бироқ бу гал, айниқса мана бундай нохолис ҳакам билан, «Гриффиндор» жамоаси ғолибликни қўлга кирита олармикан?
Бундан ташқари, Гаррининг назарида, бунга тўла-тўкис амин бўлмаса ҳам, Снегг уни ҳар қадамда таъқиб қилиб юрганга ўхшайди. Болани ғафлатда қолдиришга умид қилса керак-да у? Снеггнинг Гаррига нисбатан қаҳри шу қадар кучли эдики, Северуснинг сеҳрли дамламалар тайёрлаш фани бола учун ҳар ҳафтада бир ўтказиладиган қийноқларга ўхшаб кетади. Эҳтимол профессор Снегг Гаррининг Фалсафий тошдан воқиф бўлиб қолганлигини фаҳмлаб қолгандир? Лекин, қандай қилиб... Баъзан, Снегг кишининг хаёлларини ўқий олса керак деган фикр келади Гаррининг миясига.
Мана ниҳоят кутилган кун етди. Гарри уствошхона эшиги ёнида омад тилаб қолган дўстларининг юзларида «Ишқилиб шу билан яна эсон-омон учрашамизми?» деган савол уқиб олди. Бундай ўй-ю хаёл билан кийимини алмаштириб, ўзининг машҳур «Нимбус-2000»ни қўлга олган боланинг қулоғига Древ вайсаган бирор-бир сўз кирмади.
Рон билан Гермиона намойишгоҳда, Невиллнинг ёнидан жой топишди. Невилль эса нима учун синфдошларининг қовоқларидан қор ёғаётгани ва нима сабабдан улар ўйин томошасига ўзлари билан сеҳрли таёқчаларини ҳам олиб келишганини тушунмай боши қотди. Рон билан Гермиона анчадан буён Кишан қарғишини зимдан машқ қилиб юришганидан Гарри бехабар. Ушбу ғоя Невиллнинг оёғини кишанлаб қўйган Малфойнинг қилиғидан олинган бўлиб, Гаррига зиғирдай зарар етказишга уринадиган Северусга қарши қаратилган.
- Ёдингдан чиқмасин, Локомотор Мортис, - шивирлади Гермиона, енгига таёқчасини яшираётган Роннинг қулоғига.
- Э, эсимда, - жеркиб берди Рон, - Минғир-минғир қилавермасан-чи.
- Мен сенга тазйиқ ўтказмоқчи эмасман-у, Поттер, - деди Древ Гаррини уствошхонанинг бир четига тортиб, - Бироқ Тилла чаққонни тезроқ тутиб олиш кераклиги ҳали шу вақтга қадар муҳим бўлмаган. Снегг «Хуффльпуфф»га ҳаддан ортиқ ён босиб юборишидан олдин, ўйинни ниҳоясига етказиш даркор.
- Жамоат жам. Жамики мактаб шу ерда, - қичқириб юборди Фред Уэсли эшикдан бош чиқариб, - Ҳатто, маъзур сананг-у, қария Дамблдор ҳам бир илож қилиб ўрмалаб кела олибди!
Бу гапдан Гаррининг юраги кўкрак қафасида сальто-мортале[1] ҳаракатини ижро этиб юборди.
- Дамблдор? - сўради Гарри.
У Фред ҳазил қилмаганлигига ишонч ҳосил қилиш учун эшикка отилди. Дамблдорнинг кумуш соқолини кўрмай қолиш мумкин эмас. У ҳақиқатан ҳам томошабинлар орасида ўтирибди.
Гарри ўзини ниҳоятда енгил ҳис этиб, хандон отиб юборишига сал қолди. Ана энди у ўзини хавфсиз деб билса бўлади. Дамблдор шу ерда экан, Снегг Гаррига тажовуз қилишга журъат эта олмайди.
Эҳтимол шу сабабли бўлса керак, жамоалар саф тортган фурсатда Снеггнинг совуқ турқи ниҳоятда жаҳлдор қиёфа касб этди. Буни Рон ҳам пайқади.
- Снеггни бу қадар қўрқинчли қиёфада кўрмаган эдим, - шивирлади у Гермионага, - Қара, жамоалар ҳавога кўтарилишди. Вой!
Орқа томондан кимдир Роннинг бошига туширди. Рон ўгирилиб ортида турган Малфойнинг башарасини кўрди.
- Э, сен-ми, Уэсли, кечир сезмай қолибман. Қизиқ, бу гал Поттер қанча вақт супургисига осилиб тура олар экан? - сўради Малфой иршайганча улфатлари Краббе билан Гойлга қараб, - Гаров боғлашамизми? Сен-чи, Уэсли, гаров ўйнайсан-ми?
Рон жавоб қайтармади.
Айни фурсатда Жорж Уэсли уриб қайтарган Тажовузкор ҳакамнинг елкасига келиб солди. Бунинг учун Снегг «Хуффльпуфф»га жарима тўпини улоқтириш ҳуқуқини ҳавола этди.
Кўзини қисиб олган Гермиона, бармоқларини ғайриоддий ҳолатда кесиштириб, ўйинчилар узра Тилла чаққонни қидирганча, қирғий каби гир айланиб учаётган Гаррини кузатиб турди.
Бир оз вақт ўтгач, Снегг, бирор-бир сабабсиз «Хуффльпуфф» жамоасига жарима тўпини улоқтириш ҳуқуқини такрор ҳавола этди.
- «Гриффиндор» ўйинчилари қайси тамойилларга асосан саралаб олинади биласизлар-ми? - баланд овозда сўраб қолди Малфой, - Назаримда, ушбу жамоага қисмати ачинарли кишилар олинади. Мана масалан, Поттерни олайлик, у деярли ҳеч кими йўқ, ғирт етим бола. Энди Уэслиларга эътибор қаратинг. Улар фақир, сариқ чаққаси ҳам йўқ оила. Лонгботтом, ҳа демай сени ҳам жамоага қабул қилишади. Негаки сен аҳмоқ, зиғирдай мияси йўқ тентаксан.
- Малфой, мен сенга ўхшаганларнинг ўн иккитасига бас келаман, - деди Невилль, ранги қизариб кетганига қарамай дудуқланганча Дракога тикка юзланиб.
Малфой улфатлари Краббе ва Гойл билан роса кулиб, кучанганидан сийиб қўйишига сал қолди.
- Бопла уларни Невилль, бопла, - далда берди Рон, ўйиндан кўзини узмай.
- Қулоқ сол, Лонгботтом, - деди Драко кулги орасида, - Агар киши мияси олтиндан бўлганда эди, сен Уэслилардан ҳам баттар қашшоқ бўлар эдинг... Яна сал аяб гапиряпман...
Гарри учун ташвиш чекиб турган Роннинг асаблари шундоқ ҳам таранг.
- Малфой, яна бир оғиз гапирадиган бўлсанг...
- Рон! - кутилмаганда қичқириб юборди Гермиона, - Гарри!
- Қани? Нима қилди унга?
Гарри бирдан тикка пастга шўнғиб, томошабинларнинг оҳ-воҳи-ю, хитобларини қўзғатиб юборди. Гермиона ўрнидан туриб, кесиштириб олган бармоқларини тишлаб олдида, ерга қараб ўқдай пастлаб келаётган Гаррига мафтун бўлиб қараб қолди.
- Уэсли, хурсанд бўлсанг-чи, Поттер сенга танга топиб берди, - деди Драко таҳқирона оҳангда.
Рон турган жойида бир сакради. Малфой нима бўлаётганини идрок этмай, ерда ётгани-ю, устида Рон ўтириб олиб, жонини оғритганча қўлини орқага қайираётганини сезди. Невилль бир оз иккиланиб тургач, ўз курсисининг суянчиғидан сакраб ўтиб, Ронга мадад бергани етиб борди.
- Бўш келма, Гарри! - қичқирди Гермиона.
Қизалоқ орқа томонида нималар бўлаётганидан хабари йўқ. Ерда ётган Малфой билан Ронни ҳам, Невилль, Краббе ва Гойлдан иборат тўпни, ушбу тўп ичидан чиқаётган инграшлар-у, дод-войларни ҳам эшитмади. Унинг жамики диққат-эътибори тикка Снегг томон ўқдай кўтарилиб бораётган Гаррига қаратилган.
Айни фурсатда осмондаги Снегг супургисини эндигина айлантириб, ёнидан учиб ўтган бинафша ранг шарпани аранг сезиб қолди. Кейинги фурсатда эса Гарри Тилла чаққонни ушлаб олган қўлини ғолибларга хос тарзда юқорига кўтарди.
Намойишгоҳлардаги жамики томошабинлар гулдурос олқишлар билан ўринларидан баралла қалқиб туриб, айюҳаннос солиб юборишди. Рекорд! Гарри квидиш ўйинида жаҳон рекордини қўйди! Тилла чаққон бу қадар тез тутиб олинганлигини ҳеч ким эслай олмайди.
- Рон! Қаердасан Рон! Ўйин тугади! Гарри зафар қозонди! Биз ютдик! Музаффарият! «Гриффиндор» ғалаба қозонди! - чийиллади Гермиона.
У хурсандлигидан курсига сакрар, ундан яна ирғиб тушар, рақс ҳаракатларини бажарар ва олдинги қаторда турган дугонаси Парватти Патилни қучиб оларди.
Ерга бир фут қолганида Гарри супургисидан сакраб тушди. У ўзи бош иштирокчи бўлган ҳодисага ҳалигача ишонмайди. У ғалаба қозонди. Беш дақиқадан сал узоқ давом этган ўйин тугади. «Гриффиндор» жамоасининг аъзолари бирин-кетин майдонга қўнди. Сал нарида ранги оқариб, лабини тишлаб олган Снегг ҳам ерга қўнгани кўринди. Гарри елкасида кимнингдир қўлини сезиб, бошини кўтарди ва кулиб турган Дамблдорнинг нигоҳини кўрди.
- Жуда яхши, - деди Дамблдор, ҳеч кимга эшиттирмасдан, - Кўнгилдаги орзулар кўзгусини қидирмай, фойдали иш билан машғул бўлганинг менга ёқди... Баракалла ўғлим...
Снегг ғазаб билан ерга тупуриб, нари кетди.

***
Маълум вақт ўтгач, Гарри «Нимбус-2000» ни саройга олиб бориш учун уствошхонадан ёлғиз ўзи чиқди. Бола анчадан буён ўзини ҳозиргидек бахтиёр ҳис этмаган. Бугун у шундай бир иш қилдики, чиндан ҳам фахрланса арзийди. Гарри Поттер энди нафақат ўз номи, балки бугунги рекорди билан ҳам машҳур бўлиб кетди. Оқшом шамоли ҳали ҳеч қачон бу қадар ёқимли ва лаззатбахш эсмаган. Гарри нам майса устида шошилмай юрар экан, бир соат олдин бўлиб ўтган ҳодисаларни хаёлан тиклаб, завқланди. Майдондан елкаларида кўтариб чиқиш учун намойишгоҳлардан югуриб келган гриффиндорчиларни, ундан сал нарида сакраб-сакраб борган Рон билан Гермионани, бурнидан қон келаётганига қарамай Роннинг «Ура! Ура!»сини эслади.
Гарри сарой ёнига келиб, ёғоч эшикка суяниб олганча, «Хогварц» қасрини, унинг кун ботаётганда қизариб кўринаётган ойналарини бир оз томоша қилиб турди. «Гриффиндор» ютди. Гарри ғалаба қозонди, нимага қодир эканлигини анави Северусга кўрсатиб қўйди...
Айтгандай, Северус Снегг...
Эгнига плаш ташлаб, бошини қайтарма қалпоқ билан бекитиб олган аллақандай бир киши зинапоядан тез-тез одимлаганча, қасрни тарк этди. Ман этилган ўрмон томон йўл олганча, қаср ҳовлисини имкон қадар тезроқ кесиб ўтишга ошиқаётган киши хатти-ҳаракатларидан биров пайқаб қолишини истамаётганлиги яққол сезилиб турибди.
Музаффарият туйғуси Гаррининг вужудини бир зумда тарк этди. Ҳамма кечки овқат дастурхони атрофида тўпланиб ўтирган пайтда Ман этилган ўрмон томон бораётган ушбу ўғринча қадам соҳиби Снеггни таниб қолди.
Гарри, узоқ ўйланиб ўтирмасдан шартта супургисини эгарлади-да, ҳавога кўтарилди. Шовқин солмай парвоз этиб, Ман этилган ўрмонга кириб кетган Снеггнинг ортидан кузатиб борди.
Дарахтлар тепасидаги қалин шох-барглар Снегг кетаётган йўналишни тўсиб қўйган. Гарри борган сари пастлаб, одам овози эшитилгунга қадар атрофда гир айланиб учди. Овоз эшитилган жой яқинида ўсган оқ қайин учига аста қўниб, супургисини қўлига олди-да, ерда нима бўлаётганини кўриш мақсадида дарахт шохларидан шошилмай пастроқ тушди.
Бола ўрмон ичидаги қоронғи ялангликда Снегг билан профессор Белка турганини кўриб қолди. Гарри Белкани юзини кўрмаса-да, одатдагидан ҳам баттар дудуқланаётганидан таниди. Иккала профессорнинг бирон оғиз сўзини ўтказиб юбормаслик учун бола бор вужудини қулоққа айлантиришга зўр берди.
- Н-н-нима уч-ч-чун учр-р-р-рашувни айн-н-нан шу ер-р-рга т-т-тайинлаганингизни т-т-тушунмайман, п-п-профессор.
- Бор гапни сир сақлаш чорасини кўрдим, - жавоб қайтарди Снегг, совуқ оҳангда, - Ўқувчилар Фалсафий тош ҳақида ҳеч нарсани билмасликлари шарт.
Гарри олдинга эгилди. Белка алланима дегандай бўлди-ю, Снегг унинг гапини бўлди.
- Хагриднинг ҳайвони олдидан ўтиш йўлини аниқладингиз-ми?
- Сев-в-верус, м-м-мен...
- Қулоқ солинг, Белка. Агар мен душманингизга айланиб қоладиган бўлсам, бу сизга хуш келишига шубҳа қиламан, - деди Снегг, суҳбатдоши томон қадам қўйиб.
- Б-б-билмадим, сиз н-н-нимани...
- Нимани назарда тутаётганимни жуда яхши биласиз.
Ёнида ўтирган бойқуш кутилмаганда баланд гурсиллаб юборганидан қўрқиб кетган Гарри дарахтдан қулаб тушишига бир бахя қолди. У мувозанатини базўр сақлаб қолиб, Снеггнинг чала-ярим гапини эшитиб қолди
- ... сизнинг фокус-покусингиз. Кутяпман.
- Б-б- бироқ б-б-бил...
- Жуда яхши, - шартта бўлди Снегг, - Яқин орада яна суҳбатлашиш имкони бўлади. Унга қадар пухта ўйлаб олинг-да, ким томонда эканлигингизни узил-кесил ҳал қилинг.
Снегг қайтарма қалпоғини бошига ташлаб олди-да, шиддат билан нари кетди. Қоронғи тушиб қолган бўлса ҳам, Гарри, профессор Белканинг турган жойида тошдай қотиб қолганлигини яққол кўрди.

***
- Қаёққа йўқолиб қолдинг, Гарри? - қулоқни тешиб юборгудай чинқирди Гермиона.
- Биз ютдик! Ютдик! Сен зафар қозондинг! - бақирди Рон, Гаррининг белига муштлаб, - Мен эса Малфойни мўматалоқ қилиб ташладим. Невилль бир ўзи Краббе билан Гойлга бас кела олди! У ҳали ҳам касалхонада. Бироқ Помфри хонимнинг айтишича, у жиддий жароҳатланмаган. Невилль эса слизеринчиларга онасини учқўрғонда кўрсатиб қўяман деган гапини ҳеч қўймаяпти. Ҳамма сени меҳмонхонада кутяпти. Музаффариятимиз шарафига зиёфат уюштирдик! Фред билан Жорж ошхонадан пирожний ва яна аллақандай егуликлар ўғирлаб чиқишди.
- Ҳозир зиёфатнинг мавриди эмас, - деди Гарри, деярли овоз чиқармай, - Юринглар, бирор-бир бўш хона топайлик. Мен сизларга шунақа нарсалар айтиб бераман-ки...
Яқин орада топилган хонада Дрюзг йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, Гарри эшикни маҳкам ёпиб, дўстларига ҳозиргина кўрган ва эшитганларини батафсил айтиб берди.
- Биз ҳақ бўлиб чиқдик. Ит қўриқлаётган нарса чиндан ҳам Фалсафий тош экан. Снегг Белкани ўз томонига оғдирмоқчи. Снегг ундан Момиқвойнинг ҳамласини четлаб ўтиш усулини ва яна аллақандай фокус-покус тўғрисида сўради. Тош нафақат кўппак томонидан, балки аллақандай қарғиш ёки кўп қарғишлар кучи билан ҳам қўриқланмоқда. Эҳтимол ушбу қарғишлар орасида Белканинг ёвуз кучлардан сақлайдиган қарғиши ҳам бўлиб, Снегг уни енгиб ўтишга кўзи етмаётган бўлса керак...
- Айтмоқчисан-ки, Белка ўз қарғишининг сирини айтишга мажбур бўлгач, тошнинг хавфсизлиги барҳам топади, шундайми? - хижолат чекиб сўради Гермиона.
- Демак, келаси сешанба кунига қолмай тош йўқолади! - қатъий оҳангда баёнот қилди Рон.





Комментариев нет:

Отправить комментарий